01:13 msk, 19 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Самарқандлик тадбиркор йигирма йилдан бери расмийлар томонидан ноқонуний равишда тортиб олинган мулкини қайтариб олишга ҳаракат қилмоқда

22.12.2015 17:18 msk

Фарғона

Расмда – Ўзбекистон Бош прокуратураси биноси

Самарқандлик тадбиркор Омон Қозиев ундан ва “Мароқанд” жамиятининг бошқа акционерларидан расмийлар томонидан ноқонуний равишда тортиб олинган мулкни қайтариб олишга йигирма йилдан бери ҳаракат қилмоқда. Бунгача унга туҳмат ҳам қилинди, қамоққа ҳукм қилинди, аммо кейинроқ барибир оқланди. Энди у адолатни қарор топтириш учун турли идоралар, жумладан прокуратура остонасига бош уриб юрибди, аммо ҳозирча уринишлари самара бергани йўқ. Омон Қозиев “Фарғона” таҳририятига хат йўллаб, уни қандай хонавайрон қилишгани, энди эса шикоятларига жавоб ололмаётгани ҳақида сўзлаб берди.

* * *

“Мен самарқандлик тадбиркор Омон Қозиевман, йигирма йилдан бери турли идораларга мурожаат қилиб, ҳақиқат излаяпман. Аммо касбидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда қонун ижросини таъминлашга масъул шахсларнинг лоқайдлиги, қонунга риоя қилмаслик ҳолатларига дуч келмоқдаман.

Яқинда, конституция кунига бағишланган тантанали йиғилишда чиқиш қилган президент Ислом Каримовпрокуратура органларини кескин танқид қилганидан сўнг, менинг тақдиримда ижобий ўзгаришлар бўлишига умид пайдо бўлди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, биринчи навбатда прокуратура менинг ишимни объектив равишда кўриб чиқишига ишонгим келади.

Мен иккита олий маълумотга эгаман – иқтисодий ва юридик, совет даврида Самарқанддаги “Горхозкультторг”га раҳбар бўлганман. Ўзбекистон мустақиллигининг даастлабки йилларида, бозор иқтисодиётига ўтиш ҳақида гапирила бошланганидаёқ бу корхоналарни давлатнинг савдо-сотиқ тизимидан ажратиб чиқарганман. Аввалига ижара тартибида ишлашни бошлаган жамоамиз 1993 йилнинг декабр ойида “Мароқанд” ёпиқ турдаги акционерлик жамиятига, кейинги йилнинг июнь ойида эса шу номли очиқ турдаги акционерлик жамиятига айланди. Мен АЖ раҳбари этиб сайландим.

Қисқа вақт ичида “Мароқанд” АЖ кўплаб ютуқларга эришди: иккита мебел ишлаб чиқариш цехи, кулолчилик цехи, иккита кичик корхона ва асаларичилик билан шуғулланувчи ёрдамчи хўжалик ташкил этилди. Биз маҳаллий хомашёни қайта ишлаш бўйича қўшма корхона ташкил қилишни режалаштириб, хорижий ҳамкор билан бошланғич протокол ҳам имзолаган эдик. Бизнинг корхонамиз тез орада вилоятдаги энг ривожланган корхоналардан бирига айланишига акционерлар амин эди.

Аммо 1995 йилнинг 17 мартида Вазирлар Маҳкамаси “Мароқанд” АЖни тугатиш ҳақида фармойиш чиқарди. Бу ҳужжатни бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков имзолаган эди. Исмоил Жўрабеков меҳнат фаолиятини Самарқандда бошлаган ва маҳаллий элита билан алоқаси мавжуд.

Бу фармойиш акционерлар учун томдан тараша тушгандек кутилмаган бўлди. Вазирлар Маҳкамаси фармойиши асос бўлган “жиддий қонун бузилишлари” нимани билдиришини ҳеч ким тушунмади. Қайси қонун асосида, қайси айбига кўра АЖни тугатишга қарор қилишди – сабабини ҳалигача ҳеч ким билмайди, чунки “Мароқанд”нинг фаолияти ҳеч қандай текширув ёки тафтишдан ўтказилмаган эди. Вазирлар Маҳкамасига йўлланган кўплаб мурожаатларимиз жавобсиз қолди.

Барча мулки акционерларга тегишли бўлган жамиятни тугатиш қарорини чиқаришда кўплаб қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилди. АЖ низомига кўра, уни фақат арбитраж суди ёки таъсисчилар мажлиси қарорига кўра тугатиш мумкин эди.

Бу меъёрий актга озгина бўлса ҳам қонуний тус бериш мақсадида душманларим бундан баттар қонунбузарликка йўл қўйишди: менга туҳмат қилишди, натижада мен Самарқанд вилояти суди томонидан қамоққа ҳукм қилиниб, 1995 йил 7 мартидан 1996 йил 28 январигача турмада ўтирдим. Аммо кейинчалик Олий Суд томонидан ҳаракатларимда жиноят аломатлари йўқлиги сабабли оқландим.

Орадан бир оз вақт ўтгач, гуллаб-яшнаётган корхонага қарши чиққанларнинг асл мақсади аён бўлди: улар шу ифлос йўл билан бизнинг мулкимиз – маъмурий бинолар, ишлаб чиқариш цехлари ва омборхоналарга кўз олайтирган эди. Буни қуйидаги фактларда кўриш мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси фармойиши билан тугатиш комиссияси тузилди, бу комиссия шошилинч равишда “Мароқанд” АЖ мулкларини сота бошлади. Мулкларнинг асосий қисми тугатиш комиссияси раисининг ўринбосари Шавкат Мустафоев, унинг яқинлари ва қариндошларига берилди. Бу иш жараёнида шаҳар ва тугатиш комиссияси раҳбарлари томонидан жиддий қонунбузарликларга йўл қўйилган, бу ҳақда мен органларга мурожаат қилганда батафсил ёзганман. Моҳиятан олиб қараганда, бу бировнинг мулкини талон-тарож қилиш эди.

Бу қонунбузарликларга битта мисол. “Мароқанд” АЖ маъмурий биноси “Уздунробита” уяли алоқа операторига сотилган (Россиянинг МТС телекоммуникацион компаниясига қарашли шўъба корхонаси, 2013 йилда тугатилган. – “Фарғона” изоҳи). Вазирлар Маҳкамасининг фармойишида мулкни аукцион орқали сотиш белгилаб қўйилган. Аммо “бинони тезроқ сотиб олиш мақсадида” “Ўздунробита” Самарқанд филиали раҳбарияти бинони аукцион орқали эмас, биржа орқали сотишни сўрайди. Шу билан маъмурий бино ва айрим савдо нуқталари мавжуд тартиб-қоида ва ҳукумат талабига хилоф равишда биржа орқали сотилади.


Ноқонуний тортиб олинган ва “Ўздунробита”га сотилган маъмурий бино. Бир неча йилдан бери бўш ётибди

Бундан ҳам қизиқроқ ҳолатлар мавжуд. Самарқанд шаҳрининг собиқ ҳокими қарори билан АЖ дўконларидан бири хусусий фирмага берилган. Бу қарор ҳокимият юристи томонидан ҳам, мулк эгаси – мен томонимдан ҳам имзоланмаган. Бу ерда ҳам қонун бузилмоқда.

Яна битта тушунарсиз ҳолат – тугатиш комиссиясининг якуний хулосаси, яъни тугатиш баланси ва якуний ҳисобот йўқ, корхонанинг думалоқ муҳри ва штампи тегишли органларга топширилмаган. Тугатиш комиссияси раҳбарлари муҳр ва штампни қасддан йўқ қилишган.

Ажабланарлиси, Вазирлар Маҳкамаси фармойиши ҳалигача бажарилмаган. Корхона де-факто тугатилган, де-юре тугатилмаган. Менинг “дўст”ларимга жамият мулклари кераклигининг яна битта исботи бу. Улар мулкларни олиб бўлгач, ишни тўхтатган.

Қонун ҳаммага баравар дейишади. Унда нега қонун менга нисбатан ишламаяпти? Нега барча ташкилотлар, жумладан, Конституциянинг 118-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни” амалга ошириши керак бўлган прокуратура ҳам менинг мурожаатларимга эътибор бермаяпти? Нега менинг ишим прокуратура томонидан ҳуқуқий назорат остига олинмаган? Одам етишмаяптими? Аммо Самарқанд вилояти прокуратурасининг назорат бўлимида ўнтача ходим ишлайди.

Шикоятлар бўлими ходимининг мурожаат қилувчиларга муносабатидан ҳайрон қолдим. Деярли уч ой давомида Самарқанд вилояти прокуратураси раҳбарларининг қабулига кира олмадим. Ҳар куни мурожаат қилишим бу ходимнинг жонига шунчалик тегдики, бир куни менга “Ишлашга қўясизми, йўқми?!” деб бақириб берди. Мен эса қонуний ҳуқуқларим тикланишини истайман холос. Ахир мен Олий Суд томонидан оқланганманку! Бироқ ҳозиргача иш жойимни ҳам, мулкларимни ҳам қайтариб ололмаяпман.

Ўтган йигирма йил ичида мен Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис қошидаги Омбудсмен, Сенат, Бош прокуратурага ўн марталаб мурожаат қилдим. Ҳар сафар менинг аризам Самарқанд вилояти прокуратурасига туширилади, у ердан эса қуруқ расмиятчилик учун ёзилган жавоб хати юборилади. Вилоят прокурорининг фуқароларни қабул қилиш расмий жадвали бор бўлса ҳам, шунча вақтдан бери бирон марта ҳам вилоят прокурори қабулига кира олмадим. Қоида бўйича, қабул кунлари ташриф буюрганларни раҳбар эмас, шикоятлар бўлимининг оддий ходими қабул қилади. Бу бўлимнинг ходимлари фуқароларнинг аризаларини диққат билан ўқишига шубҳам бор. Навбатдаги расмий жавоб хатини прокуратура ходимидан олгач, мен унга Вазирлар Маҳкамаси фармойишига эътибор беришини сўрадим, у ерда мулкларни биржа эмас, балки аукцион орқали сотиш талаби қўйилган. У ҳайрон қолди, гап нимадалигини ҳам тушунгани йўқ...

Охирги аризаларимдан бирини вилоят прокуратураси шаҳар прокуратурасига жўнатди. У ердан аризам 2015 йил 1 августида шаҳар солиқ инспекциясига жўнатилгани ҳақида билдиришнома келди. Мурожаатимнинг солиқчиларга умуман алоқаси бўлмаса ҳам, кутишга қарор қилдим. Мурожаат кўриб чиқилиши учун қонунда белгиланган муддат ўтганидан кейин ҳам менга ҳеч қандай жавоб келмаганидан сўнг солиқ инспекциясига бордим. Бу ерга менинг мурожаатим бўйича ҳеч қандай ҳужжат келмаганини билиб, ҳайратдан ёқа ушладим!..

Конституция судига жўнатган мурожаатларимдан бирига 2014 йил 25 декабр куни судья Г.Пиржанов имзолаган жавобни олдим. Унда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 17 мартдаги №72-ф фармойишининг Ўзбекистон Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш Конституцион суд ваколатига кирмаслиги” айтилган эди. Адлия вазирлиги ва Давлат мулки қўмитасидан жавоб беришдики, Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 17 мартдаги фармойишини бекор қилиш учун Ўзбекистон ҳукумати махсус қарор чиқариши керак экан.

Шу йилнинг августида Бош прокуратурага навбатдаги хатни жўнатдим, унда мамлакатнинг бош назорат органи билан ҳукуматнинг масъул ходимлари бир жойга йиғилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 17 мартдаги фармойишини кўриб чиқиш ва Ўзбекистон конституцияси ва қонунларига зид бўлгани учун бекор қилиш таклифи билан чиқдим. Бунда мен президентнинг тадбиркорлик ва хусусий бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган сўнгги қарори ва қабул қилинган қонунларга ҳавола бердим. Масалан, хусусий мулк ва тадбиркорлик субъектларининг ҳимоясини кучайтириш мақсадида тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ва ноқонуний аралашиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Маҳаллий матбуотда хабар берилишича, август ва сентябр ойларида бу тузатишлар мамлакатда қизғин муҳокама қилинди. Айрим маҳаллий интернет-нашрларнинг хабарига кўра, бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев конференциялардан бирида чиқиш пайтида тадбиркорларнинг биронта ҳам мурожаати эътиборсиз қолмаслигини айтган.

Бу аризани жўнатганимга уч ой бўлди, аммо ишимда ҳеч қандай силжиш сезмадим.

Илгари фуқароларнинг ҳар қандай мурожаатини расмийлар назорат остига олишар эди, муаммо ҳам бўлгандан кейингина бу назорат олиб ташланар эди. Агар муаммони ечиб бўлмаса, асосли жавоб берилар эди. Ҳозирги пайтда назорат қани?

Ишончим комилки, агар Бош прокуратура бошиданоқ менинг ишимни назорат остига олганида, менга нисбатан бундай қонунбузарлик бўлмас эди, мен йигирма йилдан бери турли ташкилотлар остонасига бош уриб юрмаган бўлар эдим.

Омон Қозиев