03:56 msk, 21 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

CPJ: Марказий Осиёда журналистларнинг таъқиб қилиниши, расмийларнинг сўз эркинлигига ҳужуми ва антирекордлар хусусида

18.12.2015 15:01 msk

Фарғона

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists, CPJ, Нью-Йорк) 2015 йил 15 декабрда дунёнинг турли мамлакатларидаги қамалган матбуот вакиллари миқдорига оид йиллик ҳисоботини эълон қилди. Журналист-маҳбуслар рўйхатидан бу йили айрим Марказий Осиё давлатлари ва уларнинг қўшнилари ҳам ўрин олган.

Қаторасига икки йилдан бери матбуотнинг дунёдаги бош “жаллоди” сифатида Хитой тан олинмоқда, чунки бутун дунё бўйлаб қамалган журналистларнинг чорак қисми, 199 кишидан 49 таси Хитойга тўғри келади. Қамоқда ўтирган ҳамкасбларимиз сони 2015 йилда бу мамлакат учун рекорд сонга етган. Эронда бу йили журналист-маҳбуслар сони 19 тагача камайган (2014 йилда 30 тадан). Туркияда эса аксинча, бир йил ичида икки баравар ошган. Илгари икки марта журналистларнинг бош “қамоқчиси” деб тан олинган бу мамлакатда 14 та журналист қамоқда ётибди. Икки турда бўлиб ўтган парламент сайловлари ва тақиқланган Курдистон ишчи партияси (КИП) билан тузилган сулҳ тугаганидан сўнг янги ҳибсга олишлар бошланиб кетди, шу туфайли Туркия матбуотнинг энг ашаддий душманлари бешлигига кирди.

Марказий Осиёда энг кўп журналист-маҳбуслар Ўзбекистонда – тўртта, Қирғизистон ва Туркманистонда эса биттадан. Қозоғистон ва Тожикистон жорий йилда журналистларни озодликдан маҳрум қилувчи мамлакатлар рўйхатига кирмади.

CPJ маълумотларига кўра, 2014 йилда 221 та журналист озодликдан маҳрум қилиш муассасаларида жазони ўтаётган ёки тергов остида бўлган бўлса, 2015 йилда бу рақам 199 тани ташкил этмоқда. Матбуот ходимлари 28 та мамлакатда таъқиб қилинади. Эътиборга лойиқ томони, бу мамлакатларнинг айримларида танқидни бўғиш воситаси сифатида қамоққа олиш системали тус олган. Қамоқдаги журналистлар сони бўйича мамлакатлар қўйидаги тартибда жойлашган: Хитой – 49; Миср – 23; Эрон – 19; Эритрея – 17; Туркия – 14; Эфиопия – 10; Озарбайжон – 8; Саудия Арабистони, Сурия – 7; Вьетнам – 6; Ҳиндистон, Ўзбекистон – 4; Баҳрайн, Бангладеш, Мьянма – 5; Гамбия, Сомали, Таиланд – 2; Исроил, Камерун, Конго, Қувайт, Қирғизистон, Мавритания, Марокко, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Туркманистон – 1.

Доклад муаллифларига кўра, журналистларни панжара ортига жўнатишда энг кўп ишлатиладиган баҳона - давлатга қарши фаолият юритиш бўлиб келмоқда (55 фоиз ҳолатда). Матбуот вакилларига нисбатан қўзғатилган ишларнинг деярли чорак қисми наркотик моддаларни сақлаш ва зўравонлик каби мантиқсиз ва уйдирма айбловларга асосланиб тўқилган. Шу сингари сохта айбловлар қурбони сифатида Қирғизистонлик журналист, ҳуқуқ ҳимоячи Азимжон Асқаровни келтириш мумкин, у полиция ва прокуратура ходимлари томонидан қонунбузарлик фактларини эълон қилгани учун қасос олиш мақсадида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Кейинги пайтдаги яна бир салбий тренд –журналистларни террористларга ёрдам беришда айблаш. Туркияда айнан шу айблов бўйича бир нечта журналист панжара ортига ташланган. Сўнгги ҳоллардан бири – турк ҳукумати томонидан Сурияга қурол етказиб берилганига оид фактларни эълон қилгани учун “Жумҳурият” мустақил газетаси раҳбарлари Жан Дюндар ва Эрдем Гулнинг ҳибсга олиниши.

Музаффар Сулейманов
Суратда Музаффар Сулейманов. © CIHAN ахборот агентлиги

CPJ дастурининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича тадқиқотчиси Музаффар Сулеймановдан ҳуқуқ ҳимоячиларининг айрим хулосаларини шарҳлаб беришини сўрадик.

- Туркияга қараганда Марказий Осиё мамлакатларидаги аҳвол яхшироқдай кўринади, аммо бу ҳақиқатдан йироқ, шартли бир тавсиф холос. Маърузадан келиб чиққан ҳолда, журналистларнинг аҳволи бўйича энг янчли ҳолат Ўзбекистонда кузатилмоқда деб айтиш мумкин…

- Агар мамлакатда ўз ишини бажаргани учун ақалли битта журналист таъқиб қилинса, бу мамлакатни матбуотга нисбатан дўстона ва хайрихоҳ деб атаб бўлмайди. Умуман олганда, Ўзбекистонда сўз эркинлиги масаласи кўп йиллардан бери аянчли ҳолатда. Республикада мустақил оммавий ахборот воситалари йўқ, халқаро журналистлар мамлакатга қўйилмайди. Журналистлик фаолияти учун тўртта журналист жазо муддатини ўтамоқда. Бу соҳада Ўзбекистон дунёда антирекорд ўрнатди – у ерда “Эрк” газетаси журналистлари Муҳаммад Бекжон ва Юсуф Рўзимуродов 1999 йилдан бери қамоқда сақланмоқда. Улар қамоқда ўтирганига 16 йилдан ошди – бу муддат дунёдаги ҳар қандай журналистга берилганидан узоқ қамоқ муддатидир. Кейинчалик яна икки журналист – Солижон Абдураҳмонов ва Дилмурод Саидов қамоққа олинди. Эътиборга лойиқ томони шуки, бу йиллар давомида бир неча марта амнистия эълон қилинди, аммо қамоқдаги журналистлар амнистияга тушмади. Улар қаерда сақланаётганидан, уларнинг соғлиғи қанақалигидан бехабармиз. Улар ҳақида маълумотни мисқоллаб йиғамиз – мамлакатдан чиқиб кетган, аммо Ўзбекистондаги ҳамкасблари билан алоқада қолган журналистлардан, маҳаллий журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиларидан оламиз.

- Рўйхатингизда “Ҳидоят” газетаси мухбири Ғайрат Михлибоев йўқ. Бошқа ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари, масалан, Human Rights Watch, уни жазо ўтаётган журналистлар қаторига қўшади.

- Ғайратни бир неча йил олдин озод қилишлари керак эди, ўша пайтгача у бизнинг рўйхатларимизда бўлган. Ўшандан кейин у ҳақида ҳеч қандай маълумот олмадик, унинг муддати узайтирилгани, қамоқда қолганини ҳам тасдиқлай олмадик. Яъни, ҳозирги пайтда унинг қамоқдалигини ҳам, озодликда эканлигини ҳам тасдиқлай олмаймиз. Агар унинг ҳали ҳам қамоқдалиги ҳақида кимдадир маълумот бор бўлса, биз уни албатта маҳбуслар рўйхатига қўшамиз.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, биз ҳар йили Ўзбекистон расмийларидан қамоқдаги журналистлар ҳақида маълумот беришини сўраймиз, лекин ўзбек расмийлари ҳеч қачон жавоб бермаган – улар бизнинг сўровларимизга эътибор беришмайди.

- Маърузада Қирғизистон ва Туркманистонда ҳам биттадан журналист-маҳбус кўрсатилган. Мавриди келганда айтиш керак, қамоқдаги журналист Азимжон Асқаров ишининг оммага маълум қилинишига Қирғизистон расмийларининг ўзлари шароит яратишди. Шу йил ёзда АҚШ давлат департаменти томонидан Асқаровга “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” мукофоти берилгани туфайли Қирғизистон ва АҚШ ўртасидаги чиққан дипломатик жанжалдан сўнг кўпчилик Азимжон Асқаров ҳақида хабар топди.

- Азимжон Асқаров иши – яна битта антирекорд бўлиб, буниси қирғиз расмийлари томонидан ўрнатилди. Европа ва Марказий Осиёнинг ҳеч қаерида журналист-ҳуқуқ ҳимоячи умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинмаган эди. Журналистни умрбод қамоққа тиқадиган мамлакатни демократик деб бўлмайди. Бизга маълумки, Қирғизистон жанубида 2010 йилдаги этник зиддиятдан сўнг Асқаровни милиционерни ўлдирганликда айблашди, бу мутлақ тўқима, сохта айблов бўлган – Асқаров бу қотиллик юз берган жойда бўлмаган ҳам. Суд бир томонлама, нохолис бўлган – унда айбловчи томон гувоҳлари иштирок этган, аммо ҳимоя томони гувоҳлари бўлмаган, уларни қўрқитиб қўйишган. Бунинг устига, айбловчи томон гувоҳлари сифатида Асқаров танқид қилган милиционерлар қатнашган. Мен АҚШдаги Қирғизистон элчиси, собиқ бош вазир билан шахсан учрашиб, Асқаров ишини муҳокама қилганман. Бизнинг сўровларимизга жавобан расмийлар Асқаровнинг айбдорлиги ҳақида қатъий позицияда бўлишган. Умид қиламизки, расмийлар бу позицияни ўзгартирадиган вақт келади. Асқаров қамоқдалик пайтида эса, биз ҳар қандай имкон туғилганда, ҳалқаро майдонларда Қирғизистон журналист-ҳуқуқ ҳимоячини қамоқда сақлаётгани ҳақида эслатишда давом этамиз. Агар Қирғизистон демократик давлатлар қаторида қолмоқчи бўлса, Асқаров озодликка чиқарилиши керак.

- Бирорта мамлакатдаги алоҳида ҳолат ёки умумий вазиятни ўзгартиришга Қўмитада қандай воситалар бор?

- Мен муайян мамлакатда вазиятни ўзгартиришга қандай таъсир қилмоқчилигимизни Туркия мисолида айтиб ўтдим. Биз баёнот берамиз, бу ҳам анча аҳамиятга эга. Бизнинг баёнотлар, ҳисобот ва докладларни матбуот воситалари тарқатиб, мустақил нашриётлар кенг ўқувчилар доирасига етказса, аҳамияти ошади. Биз кўтарган муаммолар ҳаммага ошкор қилинса, резонансли мавзуларга расмийлар муносабат билдиришга мажбур бўлади. Матбуот воситалари жим бўлса, оммавий жамиятнинг сукути ортидан ҳукуматнинг инсон ҳуқуқларига қарши фаолиятига жавобгар бўлмаслиги ҳақида ишончи ортиб боради. Мен масалан, Ўзбекистон расмийлари CPJ сайтини ҳар куни кўздан кечиришларига ишонмайман, аммо улар “Фарғона” сайтини ўқишса керак. Шунинг учун биз ҳар доим журналистлардан бирдам бўлишни, биронта мамлакатда ҳамкасблари жазолангани ёки ўлдирилгани, уларга таҳдид қилингани ҳақида ёзишларини сўраймиз. Бундан ташқари, журналистлар ҳуқуқи бузилса, биз расмийлар ва прокурорларга мурожаат қиламиз, АҚШ ва Европа мамлакатлари ҳукуматларидан бу минтақага ташриф чоғида шу масалалардан сўз очишни, бузғунчи давлат расмийларига дипломатик каналлар орқали босим ўтказишни сўраймиз. Биз халқаро учрашувлар ва форумларда матбуот эркинлиги масаласини кўтарамиз. Журналистларни қўрқитиш ҳолатларини кузатиб борамиз. Бундай ҳолатлар деярли ҳар куни кўплаб мамлакатларда, шу жумладан, Марказий Осиёда ҳам рўй беради. Ҳамма таҳдидларни кузатиб бориш имкони йўқ, кўпчилик журналистлар ошкор қилгиси ҳам келмайди. Шундай бўлса ҳам, биз бу маълумотларни тўплаймиз, агар қандайдир тенденцияни сезсак, баёнот билан чиқиш қиламиз.

- Айтиб ўтдингизки, терроризм билан курашиш ниқоби остида ҳукуматлар сўз эркинлигини қатъий чеклаб қўймоқда. Шу туфайли кўплаб мамлакатларда – айниқса Марказий Осиёда – оммавий ахборот воситаларининг ўз-ўзини цензура қилиш даражаси ошиб, журналистлик фаолиятининг ҳуқуқ ҳимояси соҳаси заифлашди, деб ўйламайсизми?

- Тўрра-тўғри. Расмий нуқтаи-назардан фарқли фикрни нашр қилиш туфайли журналистларнинг ўзлари экстремизмда айбланиш таҳликаси мавжуд. Ўзбекистонда бу нарса 90-йиллар бошидан бери қўлланиб келмоқда, ўша пайтларда Каримов ҳаммани “Толибон” жангарилари ва “Ўзбекистон Ислом Ҳаракати” билан қўрқитар эди. Ўша даврдаёқ мухолифатчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларни таъқиб қилиш бошланган. 1999 йилда Тошкентдаги портлашлардан сўнг вазият ёмонлашди. Андижон воқеасидан кейин эса, ҳамма нарса иложи борича сиқиб ташланди. Европа мамлакатлари Ўзбекистонга қарши киритилган санкцияларни бекор қилгач, минтақадаги бошқа давлат расмийлари ҳам ўзини шундай тутиши мумкинлигини тушунишди. Энди шуни қўшни давлатлар мисолида кўриб турибмиз. Яқинда Тожикистонда фавқулодда вазиятларда электрон ресурсларни давлат органлари тўсиб қўйишига имкон берувчи қонун қабул қилинди, Қозоғистонда ОАВ устидан назорат босқичма-босқич кучайтирилмоқда. Бу жуда ёмон тенденция. Бизнинг ташкилотимиз шундай тамойилга амал қиладики, муайян воқеалар юз бераётган пайтда ОАВ эркинлигига босим ўтказиб бўлмайди – фуқаролар мамлакатда нималар содир бўлаётгани ҳақида билишга ҳаққи бор.

Матбуот эркинлиги чекланса, тескари таъсирга эришилади холос – бу хаёлий эмас, ҳақиқий террорист ва экстремистларга қўл келади, улар халқ ҳуқуқларини ҳукумат поймол қилаётганини, ўз фуқароларини таъқиб қилаётганини кўрсатишга ҳаракат қилишади. Ҳукумат эса, ўз амаллари билан душманларига ёрдам бериб қўяди. Ҳозирда ҳукумат, масалан, коррупцияга қарши кураш ҳақида эълон қилмоқда, аммо журналистлар коррупция ҳолатлари ҳақида ёзса, коррупционерларни эмас, журналистларни қамоққа тиқмоқда. Журналистлар ҳар доим ҳам ҳукумат хоҳлайдиган нарсаларни ёзмайди, аммо матбуот керакли эканлигини, ҳукуматга душман эмас, балки ҳамкор эканини расмийлар тушуниб етишлари керак.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама