01:13 msk, 19 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Президентнинг назари тушганда кўнгли яйраши учун Тошкент марказидаги кўп қаватли уй хонадонларининг эгаларини дераза ромларини алмаштиришга мажбурлашмоқда

18.12.2015 13:55 msk

Ўз мухбиримиз

Нукус ва Бобур кўчалари чорраҳасида жойлашган, Яккасарой туман халқ суди ёнидаги ўн олти қаватли уйнинг очиқ деразалари қорайиб кўринади, айримларига шамол ва ёмғирга қарши плёнка тортиб қўйилган. Тошкентнинг қоқ марказидаги бу шўри қуриган уйда декабрнинг совуқ кунларида қизғин муҳокамалар авжига чиққан: совуқдан зада бўлган одамлар юқори органларга жавобсиз ариза ва шикоятларни қалаштириб ташлашмоқда. Аризалар, жумладан, Яккасарой тумани ҳокимлигига юборилмоқда, чунки худди шу идоранинг фармойишига биноан, 256 та хонадондан 143 тасида балконга чиққан деразалар қўпориб ташланган. Ҳозирги пайтга келиб, бор-йўғи ўнтача хонадонга кўнгилдагидек қилиб дераза ўрнатилган. Аммо ҳокимият “хизматлар” бепул бажарилишини айтган бўлса ҳам, хонадон эгалари “эски” ойналарни олиб ташлаб, ўз ҳисобидан янгиларини ўрнатишган.

Расмийлар Нукус кўчасидаги 2-уйнинг барча деразалари бир хил турда, жигарранг бўлиши кераклигини талаб қилишмоқда: бу уй аэропортга борадиган марказий трасса бўйида жойлашган.

Бунинг натижасида, олдинги ойналарни йўқотиш вазифаси топширилган қурувчилар айрим хонадонлардаги янги, қиммат турадиган деразаларни оқ рангли бўлгани учунгина яроқсизга чиқаришди. Айрим хонадон соҳиблари уддабуронлик қилиб, ромларга жигарранг скотч ёпиштириб чиқишди, натижада совуқ қотишдан қутулиб қолишди: деразалар “суғуриб” олинмади.

Коммунал-қурилиш соҳасидаги бу бошбошдоқлик шу ёздан бери давом этиб келмоқда, ҳолбуки бу уйдаги ободонлаштириш ишлари сентябргача – мустақиллик байрами арафасида ниҳоясига етказилиши керак эди.

Дастлаб туман раҳбарияти мавжуд деразаларни жигарранг пластикка “деярли бепул” алмаштиришга қарор қилди, аммо кейинчалик бу лойиҳани амалга оширишга қанча харажат кетишини англаб етиб, фикридан қайтди ва “алюминий” ойналар ҳам ёмон эмас, шунақасидан қўямиз деб эълон қилишди.

Айни пайтда ҳокимиятдаги манбанинг таъкидлашича, расмийлар бу уйнинг дераза муаммосини кейинги йилнинг март-апрель ойларига ҳал қилишади. Сабаби оддий – маблағ йўқ. Туман ҳокимлиги томонидан ёлланган қурувчи компания “ўз чўнтагидан тўлаш нияти йўқлигини” билдирди.

Пойтахтда бунақанги найранглар доим иш бериб келган. Мансабдорларнинг баландпарвоз ваъдаларидан чарчаган хонадон эгалари ташаббусни ўз қўлига олиб, вайрон қилинган бинони тартибга келтиришга мажбур бўладилар. Ўз маблағларини, асаб ва вақтларини сарфлашади. Бошқа иложи йўқ – акс ҳолда, зах уйда совуқдан қалтираб яшашга тўғри келади…


Бу уйда яшовчи одамларнинг фикрича, барча кўнгилсизликларнинг сабаби – уларнинг уйи “намунавий” бўлиши шартлигида, чунки президент аэропортга кетаётганида “унга назари тушар” эмиш. Ҳар ҳолда, туман мутасаддилари шикоятчиларга шунақа оғзаки жавоб беришган. Бундан ташқари, расмийларнинг айтишича, келгуси йилда Тошкентда ШҲТ саммити бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда, шунга “уялиб қолмаслигимиз керак”.

“Таъмирлаш ва реконструкция маблағларининг “откат” ва “арра” қилиш мақсадида ҳамма нарсага назари тушадиган президент ҳақидаги чўпчакни ўйлаб чиқаришгани шундоқ ҳам тушунарли, - дея ҳасрат қиладилар хонадон соҳиблари. – Унинг кортежи кўчадан шунақанги “реактив” тезликда ўтадики, унинг назари дераза ромларининг ранги қанақалигини англай олмаслиги ҳақиқатга яқинроқ, боз устига, машина деразаларининг ойналари қорайтириб ташланган. Хўш, мансабдорларнинг ўзлари президент дераза ромлари суғуриб олинган, турқи совуқ уйни кўриб қолишидан қўрқмайдиларми?!”

Бу кўп қаватли уйда истиқомат қилаётган одамлар дуч келган ноқулайликларга яна биттаси қўшилди: уйнинг олди тарафидан ўтган теле-кабелларни мажбурий тарзда алмаштириш. Энди “намунавий уй”нинг қиёфасини бузмаслиги учун уларни подъезд ичига яширишмоқчи.

“Кабелни томдан девордаги тарқатиш қутисига тортиш учун подъездлар томида тешик очиш ҳар бир хонадон соҳибига 5 минг сўмдан тушди, кабель тортиш эса, масофаси ва хонадон метражига қараб, 55-80 мингдан тўғри келмоқда», - дейшади “Фарғона” суҳбатдошлари, бунақанги очиқдан-очиқ юлғичликдан саросимага тушганини яширмай.

Нукус ва Бобур кўчалари кесишмасида жойлашган бу жафокаш уй бунақа жанжалларни биринчи марта кўраётгани йўқ, илгари ҳам туман раҳбарияти бу уйда яшовчиларга тушунарсиз лойиҳаларни тиқиштирган.

Масалан, 2010 йилда собиқ ҳоким Валижон Муллажонов туман коммунал таъмирлаш, авария-тиклаш хизмати бошлиғи Абдуваҳоб Сатторов билан ҳамкорликда бу 16 қаватли уйдаги иссиқ ва совуқ сув қувурларини пластик қувурларга алмаштириш бўйича капитал таъмирлаш ишларини бошлаб юборгани билан машҳур. Ўшанда нимадир амалга ошмай қолиб, уйда истиқомат қилувчиларнинг ярми қишни экстремал шароитда, иситиш манбаисиз ва иссиқ сувсиз ўтказган.

Баъзиларга “пластик” етмаган, қувурни ўзлари сотиб олишга мажбур бўлишган. Совет даврида ишлаб чиқарилган қалин деворли “абадий” қувурлар қаёққа кетганини Худо билади.

Келгуси йили Муллажоновни ишдан бўшатишди: у уй атрофидаги ҳудудда дўкон қурилиши ишларини амалга ошира олмаган. Бу дўкон фермер хўжаликлари етиштирган “арзон” мева-сабзавот маҳсулотлари сотишга мўлжалланган эди. Аммо бир оз вақт ўтгандан сўнг дўкон қурилиши учун ажратилган пул тўсатдан тугаб қолиб, пойдевор бузиб ташланди, кредит олишга мажбурланган фермерлар эса хонавайрон бўлдилар. Пировардида, ҳокимни ишдан бўшатишди.


Муллажонов лавозимдан олинганидан сўнг туманда уч марта ҳоким алмашди. Аммо Нукус-Бобур кўчасидаги кўп қаватли уй туман “экспериментчилари” учун тажриба майдони бўлиб қолаверди. Ҳар доимгидек, бу ерда яшовчи одамларнинг фикрини ҳеч ким инобатга олмади.

Ҳозирги пайтда туман раҳбарининг курсиси бўш: собиқ ҳоким Акром Солиҳов ҳам кўпга бормади.

“Ҳаммаёқни расво қилишади-ю, жавобгар одамнинг ўзи йўқ. Қишда деразасиз қандай яшаш мумкин? Дераза харажатларига “ортиқча” 500-700 минг сўм пул ҳаммада ҳам бор эмас! Аввал қаватлар оралиғига панжара ўрнатишса бўларди: одамлар тепадан тушиб кетган ҳолатлари ҳам бўлган, болалардан жуда хавотирда бўламиз. Бундан ташқари, лифтни алмаштириш керак – бизникига нақ ярим аср бўлган. Аммо бу муаммолар билан ҳеч ким шуғулланмайди. Одамлар ишда бўлганида уйларини муҳрлаб қўйишни қойил қилишади. Ўз уйингнинг муҳрини рухсатсиз очиб кирганинг учун жазолашни ҳам ўрнига қўйишади …» - дея суҳбатни якунлайди уйда яшовчилар.

Эслатиб ўтамиз, ўнинчи ноябрдан бошлаб Тошкентнинг жами 475 та маҳалласининг ҳаммасида тураржой ва бошқа бинолар инвентаризацияси ўтказилмоқда: махсус ишчи гуруҳлар рейд ўтказиб, ижарага берилган ва бўш турган хонадонларни аниқлаб, ижарачиларнинг шахсини аниқламоқда. Туман ички ишлар бўлимлари ижарага берувчи ва ижарачиларнинг электрон маълумотлар базасини тузмоқда.


Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги