20:53 msk, 24 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Пахта-2015. ХМТ ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигидаги мониторинг қандай ўтказилди

09.12.2015 06:54 msk

Умида Ниязова

Ноябрь ойи охирида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Жаҳон банки билан биргаликда Ўзбекистонда 2015 йилги пахта терими пайтида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш мониторинги натижаларини эълон қилди. Ҳисоботда айтилишича, ХМТ экспертлари “2015 йилги пахта терими даврида болалар меҳнати ёки мажбурий меҳнатдан фойдаланилгани тўғрисида аниқ далил-исбот топмаган”.

Шу билан бирга, ҳисоботда кўрсатиб ўтилганидек, “пахта теримига катталарни оммавий жалб қилиш орқали мажбурий меҳнатдан фойдаланганлик эҳтимоли бор”.

Бу натижаларни кўрган одам, шу мониторингни ўтказиб, шундай хулосаларга келганларнинг ростгўйлиги ва касбий ҳалоллигини шубҳа остига олиши ҳеч гапмас.

Расмийлар нега ХМТ вакилларини пахта далаларига қўйишди

2015 йил бошида Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, модернизация ва диверсификация қилишга йўналтирилган, жами 500 млн доллар миқдорида кредит ажратишини тасдиқлади.

Ҳуқуқ ҳимоя қилувчи ташкилотлар, айниқса таркибида ўттиздан зиёд халқаро ташкилотлар, касаба уюшмалари ва тадбиркорларни бирлаштирган “Пахта кампанияси” коалицияси Жаҳон банкига шундай талаб қўйишди: банк лойиҳалари амалга ошириладиган ҳудудларда мажбурий меҳнатдан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги керак. Банк ҳуқуқ ҳимоячилар босими остида мустақил аудитор ташкилотини таклиф қилишга рози бўлди, бу ташкилот Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги секторида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш мавжудлиги борасида текширув ўтказиб ўз хулосасини бериши керак эди. Аммо ЖБ аудит текширувини ўтказиш учун чинакамига мустақил бўлган учинчи томонни таклиф қилмай, Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан шартнома тузди. Бу ташкилот эса БМТ органи ҳисобланиб, у фақат ҳукумат билан ҳамкорликда ишлаши мумкин.

Шу тариқа, Ўзбекистон ҳукумати ХМТ билан ҳамкорликда мониторинг ўтказишга “ошиқона” келишув тузди. Бу ҳолатда “ҳамкорликда” сўзи ушбу тадбирнинг “мустақиллик” даражасини белгилаб берди.

Ўзбекистон ХМТ экспертларига 2015 йилги пахта терими пайтида далаларни кезиш, турли муассасаларга бориш ва одамлар орасида сўровнома ўтказишга рухсат берди. Бу ҳолатни ижобий қабул қилиш мумкин эди, аммо бунинг асосидаги тушунчалар аслидан анча йироқ. Ўзбекистонда мажбурий меҳнат бош вазир Шавкат Мирзиёев кўрсатмасига мувофиқ, маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ташкиллаштирилган, демак, худди шу ҳокимиятлар вакилларининг ўзлари иккинчи текширувчи томон сифатида қатнашган мониторингни асло мустақил деб бўлмайди.


Андижон шаҳар ер кадастри муассасасидаги эълон. 2015 йил октябрь ойининг бошида олинган сурат

Бунақа ҳолатда ХМТ экспертлари ҳокимият вакилларининг иштирокисиз на теримчилардан ва на бошқалардан аноним интервью олишнинг имконияти бор эди. Ҳар бир текширувчи гуруҳ таркибига биттадан ХМТ эксперти ва уч-тўрттадан маҳаллий мансабдор киритилган эди. Маърузада кўрсатилишича, 10 мингтадан ортиқ интервью олинган. Аммо мансабдорлар иштирокидаги интервьюдан маъно йўқ, чунки бу - Ўзбекистон. Бу мамлакатда раҳбар олдидаги қўрқув ҳамма нарсадан устун туради.

Шуниси кундек равшанки, ишдан ҳайдалишдан қўрқиб, пахта теришга чиққан ўқитувчи ёки ҳамшира бу ҳақда мансабдорларнинг олдида гапирмайди, чунки ишдан ҳайдалишдан қўрқади.

ХМТ ёки Жаҳон банкига бундай мониторинг нимага керак?

Менимча, ХМТ ёки Жаҳон банкининг муттасил мажбурий меҳнатни тан олгиси келмаслигининг сабаби шуки, улар нима қилиб бўлса ҳам Ўзбекистонда қолишни исташади. Агар ХМТ Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатда фойдаланишини айтиб, ҳақиқатни эълон қилса, Жаҳон банки лойиҳаларни молиялаштиришни тўхтатиши керак бўлади. Бу ҳолда бу ташкилотлар зудлик билан мамлакатдан чиқариб юборилади. Шу тариқа, ХМТ ва Жаҳон банки “меҳрибон полициячи” ролини ўйнаб, ўзбек ҳукуматини ҳийла билан енгмоқчи бўлади. Улар юмшоқ усуллар билан, яъни узлуксиз равишда ўзни “маданиятли” тутиш кераклигини уқтириш орқали шароитни ўзгартиришга умид қилади.

“Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури” деб номланган дастурни амалга ошириш учун ХМТ Жаҳон банкидан 10 млн доллар олган, шу сабабли бу ташкилотнинг ўзига-ўзи муаммо туғдиришидан фойда йўқ, акс ҳолда бу дастур ёпилиши мумкин. Ўзбекистонда БМТнинг бошқа тузилмалари – UNICEF, UNDP ҳам шунга ўхшаш шартлар асосида ишлайди. Бу ташкилотлар амалга ошираётган лойиҳалар мамлакат учун фойдали бўлса керак, аммо юқорида кўрсатиб ўтилганидек, айнан бу ҳолатда “мустақиллик” деган тушунчага амал қилинмаётганини кўриб турибмиз.


Пенсионерлар ҳам, болали оналар ҳам пахтада. 2015 йил октябрь ойининг бошида олинган сурат

Бу уларнинг ташвиши эмас

Бу йил Ўзбекистонда пахта теримига сафарбарлик ҳаддан ташқари сурбетлик билан амалга оширилди. Расмийлар олдида мушкул вазифа турарди: икки миллион одамни мажбуран теримга жўнатиш, шу билан бирга, ХМТ билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат “мониторинг”ини ўтказиш. Яъни, авввал одамларни пахтага ҳайдаш, кейин бўлса ўзини-ўзи текшириш.

Бунақа иккиюзламачи сиёсат муваффақиятининг асосий таянчи – одамларнинг овозини ўчирадиган қўрқув эди. ХМТ экспертларини киритиш ёки киритмасликни ҳал қиладиганлар, менимча, халқнинг танқид қилишга журъати етмаслигига амин бўлган. Қойил қолиш керак, улар адашмади.

Мажбурий сафарбарлик билан бир вақтда пахта теримида Ватанга ёрдамлашиш кераклиги ҳақидаги тарғибот-ташвиқот ҳам кучайтирилди. Камолот ёшлар ҳаракати (Комсомолнинг замонавий талқини), ”Нуроний”, “Маҳалла» жамғармалари, Аёллар қўмитаси сингари турли маҳаллий ташкилотлар халқни теримга чиқишга чақирадиган варақалар чиқарди. Бу варақалардаги баландпарвозлик шу даражадаки, гап нимадалигини билмаган одам, бу мамлакатнинг келажаги пахта теримига боғлиқ деб ўйлайди.


Бу плакат фуқароларни Гулистонда пахта теришга чақирмоқда. Ҳаёт нақадар гўзал! 2015 йил октябрь ойининг бошида олинган сурат

Бу масала талабалар ва давлат ишида ишлайдиганлар оммавий тарзда имзолаган, пахта теримига чиқиш ҳақидаги тилхатларга ҳам тааллуқли. Бунақа тилхатлар ҳам айнан ХМТ экспертлари учун ўйлаб чиқарилган, булар пахта теримида ҳамма ўз хоҳиши билан қатнашаётганига исбот бўлади.

Шу билан бирга, расмийлар мажбурий меҳнат тақиқлангани ҳақида баннерлар чиқариб, ҳамма жойга илиб ташладилар. Баннерларда шикоят қилиш учун “ишонч телефони” рақамларини ҳам кўрсатишди.

Бу ишонч рақамлари ёзилган баннерлар халқ учун эмас, балки бошқа кимлардир учун чиқарилганини зийрак ўзбек халқи тушуниб етди. Бир ўқитувчи айтганидек, “бу қип-қизил жиннилик”. “Ҳоким билан маҳаллий милиция ва прокуратура пахта теришга мажбурлаб турган бўлса, шикоят қилишдан нима фойда”. Шу тариқа, кимгадир шикоят қилиш имконияти – халқаро ташкилотлар томонидан ўйлаб чиқарилган хомхаёллигича қолди.


Плакатда фермер хўжалигида теримга қатнашишга таклиф қилинган, терилган ҳар бир килограмм пахта учун 239,20 сўм ва алоқа учун манзил кўрсатилган. 2015 йил октябрь ойининг бошида олинган сурат

Аслини олганда, Ўзбекистон учун бу оддий ҳолат – гап бошқа-ю, иш бошқа. Халқ советлар давридаёқ расмийларнинг иккиюзламачилигига кўниккан. Аммо ХМТ кузатувчилари бунинг фарқига бормади, шу йўсинда ўзларининг нопрофессионаллигини кўрсатиб қўйди.

Қўрқувга, таъмагирликка ва мажбурлашга асосланган бемаъни пахтачилик тизими Ўзбекистонда ҳамон сақланиб қолмоқда. Бу тизимни халқаро ташкилотлар талаб қилаётгани учун эмас, балки халқни қулликдан озод қилиш учун ўзгартириш керак. Бу қуллик жамиятни емириб, унинг келажагини ўғирламоқда. Расмийлар халқаро ташкилотларни ҳам, ўз-ўзларини ҳам алдашга мажбур, шу мажбуриятни йўқотиш учун ҳам тизимни ўзгартириш зарур.

Умида Ниязова

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама