08:17 msk, 23 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Президент Ислом Каримов яна бир бор милиция тўғрисида қонун қабул қилишни талаб қилди. Пўлат Охунов қабул қилинадиган қонуннинг қандай бўлиши кераклиги ҳақида шарҳ берди

08.12.2015 20:27 msk

Фарғона

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мамлакат Конституцияси кунига бағишлаб 5 декабрь куни ўтказилган тантанали йиғилишда “бугунги кунгача ички ишлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини тартибга соладиган қонуннинг йўқлигини ҳам нормал ҳолат, деб бўлмайди”, дея қайд этиб ўтди.

Давлат раҳбарига кўра, Ўзбекистонда “қонунга риоя қилмаслик, қонун ва қонунийликнинг, адолат мезонларининг амалда қўпол равишда бузилиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан ўз бурчига совуққонлик билан қараш қонунбузарликка олиб келиши билан боғлиқ ҳолатлар кам эмаслигини тан олиш керак. Бу – ҳақиқат ва ундан кўз юмиб бўлмайди”.

Каримовнинг маълум қилишича, “жорий йилнинг тўққиз ойи давомида фуқаролардан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг мансабдор шахслари устидан келиб тушган 500 га яқин шикоятнинг бештадан биттаси ички ишлар органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига тегишли бўлган. “Ишонч телефон”лари орқали адлия идораларига қилинган мурожаатларнинг 96 фоизи қаноатлантирилган, аризаларнинг 4 фоизини қаноатлантириш рад этилган. Бу рақамлар шикоят билан мурожаат қилган одамларнинг у ёки бу давлат органлари қарорларидан норози бўлишга тўла ҳақли эканидан далолат беради”.

Президент ўз мурожаатида айтишича, одамлар “ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ноқонуний қарорлар қабул қилаётганидан, бу идораларнинг мансабдор шахслари қўпол муомалада бўлаётганидан, аҳоли мурожаатлари улар томонидан тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқилмаётганидан шикоят қилмоқда. Фуқаролар тергов органлари томонидан тергов ҳаракатларини амалга оширишда процессуал қонунчиликни қўпол равишда бузиш билан боғлиқ фактлар борлигини кўрсатмоқда. Тадбиркорлик фаолияти бўйича асоссиз текширувлар ўтказилишига йўл қўймасликка қаратилган кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинганига қарамасдан, ана шу соҳа вакиллари бундай ҳолатлар ва бошқа қонунбузарликлар давом этаётганидан шикоят қилмоқда”.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўзларининг асосий вазифаси, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, қонун ҳужжатларининг талаб ва нормаларига сўзсиз риоя этиш эканини теран англаб олиши керак, дея таъкидлаб ўтди Каримов.

Шундан кейин президент “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назорат қилиш (Конституциянинг 118-моддаси) бўйича зиммасига юклатилган конституциявий вазифани қай даражада ва қанчалик самарали бажармоқда”, дея Бош прокуратурага таъна қила бошлади.

Президент маълум қилишича, 2015 йил 9 ой давомида “Бош прокуратурага фуқаролардан прокуратура ходимлари устидан 426 та шикоят келиб тушган. Мазкур шикоятларни кўриб чиқиш натижалари бўйича 45 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган, 22 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган, 33 нафар ходим прокуратура органларидан бўшатилган”.

“Ўз-ўзидан равшанки, ана шу рақамлар ва прокуратура тизимидаги аҳвол бизни қониқтирмайди”, дея қайд этиб ўтди президент ҳамда Олий Мажлис Сенатига қисқа муддатда прокуратура фаолияти устидан назоратни кучайтириш ва унинг фаолияти қонунийлиги масаласини кўриб чиқиш вазифасини қўйди. Шунингдек, у ҳуқуқ-тартибот органларининг, “биринчи навбатда, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги мақоми, фаолият шакли ва усулларини аниқлаштириш ҳамда уларга тузатишлар киритиш” зарурлигини билдирди.

“Ҳаммамиз шуни тан олишимиз керак, жамиятда қонунийлик, қонун устуворлигини тўлиқ таъминлашнинг энг муҳим шартларидан бири – бу одамларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларни шу руҳда камол топтириш, фуқароларнинг қонунни пухта билиши, юксак ҳуқуқий онг ва маданиятга эга бўлишидан иборат”, - деди президент ва “демократия йўлига кириш учун аввало аҳолининг онгу савиясини ўзгартиришни, тоталитар, зўравонлик тизимидан мерос бўлиб қолган қолдиқлар ва қолиплардан воз кечишни сўзда эмас, кундалик ҳаётда тасдиқлаш зарурлигини” тушунтирди.

“Тоталитар” тузум деганда Илом Каримов СССР сиёсий тузумини назарда тутган бўлса керак.

Қайд этамиз, “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари тўғрисида” қонун лойиҳаси 2012 йилнинг охирида ишлаб чиқилган. Шунақанги норматив ҳужжат қабул қилиш зарурати тўғрисида Ислом Каримов 2010 йил 12 ноябрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма йиғилишида билдирганди. Анонс.Uz маълумотига кўра, президентнинг 2011 йил 14 январь куни чиқарган фармойиши билан суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш соҳасида норматив ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш бўйича комиссия тузилиб, унга “Ички ишлар органлари тўғрисида” қонун лойиҳасини ишлаб чиқариш вазифаси юклатилганди. Лойиҳа эксперт гуруҳи томонидан тайёрланган, манфаатдор вазирликлар ва маҳкамалар томонидан ишлаб чиқилган, Комиссия томонидан маъқулланган ва тегишли тартибда Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон парламентига киритилганди. Шу билан қонун лойиҳасининг излари йўқолди. Айни пайтда муҳжирликка юз тутган сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевга кўра, ҳуқуқ ҳимоячилар ва журналистларнинг қонун лойиҳасининг нусхасини топишга бўлган барча уринишлари зое кетди: ҳужжат маҳфийлик мақоми билан мустаҳкамланиб, ёт кўзлардан яширилди.

Шу вақтнинг ўзида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари 1991 йил октябрдан бери “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тўғрисидаги низом” ҳамда бир қатор қонуности норматив-ҳуқуқ ҳужжатлари доирасида фаолият юритмоқдалар. Шу чоққача жисмоний куч, ўқотар қурол ва махсус воситалар қўллаш тартиби ва шартлари қонунчилик даражасида белгиланмаган, бу эса инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг поймол бўлишига, ҳуқуқбузарлик ва суистеъмолларнинг келиб чиқишига олиб келмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилар бир неча бор милиция фаолиятини тартибга солувчи қонунни қабул қилиш зарурати ҳақида гапириб келганлар.

Швецияда рўйхатга олинган Марказий Осиё Жамияти (Association Central Asia) раиси, мухолифатдаги сиёсатчи Пўлат Охунов нашримизга давлат раҳбарининг нутқини шарҳлаб берди.

- Ислом Каримов нега энди айнан ҳозир, мустақилликнинг йигирма олтинчи йилида бу қонун ҳақида гапира бошлади?

- Шубҳасиз, мамлакатда милиция бошбошдоқлигини фош қилаётган ўзбек зиёлилари вакилларининг ижтимоий тармоқларда фаоллашуви, шунингдек, хорижда содир бўлаётган воқеалар Ўзбекистондаги ҳукмдор элитани сергаклантириб қўйди. Хусусан, жадал суратларда янгиланаётган Украина ўзиниг ҳуқуқ-тартибот органларига нисбатан тутган қатъий сиёсати, полициянинг кундалик фаолиятидаги коррупцияни илдизи билан қуритган Грузия тажрибасининг тез-тез тилга олиниши ўз мамлакати милицияси фаолиятига танқидий назар билан қарашга мажбур қилмоқда.

Менимча, мамлакат бошқаруви учун масъул одамларнинг маълум бир қисмида ҳуқуқ-тартибот тизимининг фаолияти ҳамда ҳокимият органларининг барча поғоналарида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари сонининг ўсиб бораётгани борасида ташвиш пайдо бўлган. Кўпчилик туман ва вилоятлар ҳокимликларида ва ҳатто мамлакат президенти Девонхонасида ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан чиққан мутасаддилар чексиз таъсирга эга бўлиб бормоқдалар.

Агар ҳозирги ҳуқуқ-тартибот тизимининг қайғули аҳволга тушиб қолганини англаётган бўлсалар, демак бу маърузани тайёрлаш билан ИИВдан чиққан одамлар эмас, балки уларнинг иш услубларига танқидий назар билан қарайдиганлар шуғулланганлар. Афтидан, президент аппаратида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини нафақат маъмурий йўллар билан, балки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг фаолиятини, ҳуқуқларини, мажбуриятларини белгилаб берадиган махсус қонунни қабул қилиш йўли билан назорат қилиш зарур деб ҳисоблайдиган кучлар пайдо бўлганга ўхшаяпти. Ҳукуматнинг бу қарорини тўғри деб ҳисоблайман ва уни фақат табриклаш лозим.


Мухолифат ва ҳуқуқ ҳимоячилар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини турли қонунбузарлик ва жиноятларда, шу жумладан, тергов пайтида қийноқлар қўллашда айблаб келадилар. Бунақанги “ҳуқуқ муҳофазачилар”ни жазога тортишнинг йўллари кўп. Бироқ суд ва прокуратура кўп ҳолларда “қарға қарғанинг кўзини чўқимайди” тамойилига амал қилиб, фуқароларнинг шикоятларини беэътибор қолдиради. Ўзбекистон қонунчилиги мунтазам равишда такомиллашиб бормоқда ва айни пайтда “инсонпарварлиги” жиҳатидан Европа стандартларига анча яқинлашиб қолган. Бироқ қонунларнинг ижроси борасида анча орқада.

- Қонун чинакамига ишлайдими? Ҳар ҳолда, Ўзбекистонда кўплаб яхши қонунлар қабул қилинганку? Агар қонун ижроси кўнгилдагидек бўлса, унга сизнингча, қандай муҳим бандларни киритиш лозим?

- Ўйлашимча, бугунги кунда Ўзбекистонда бу қонун чинакамига ишлаб кетиши осон эмас, бироқ бу ерда эътибор берадиган алоҳида жиҳати мавжуд: бу масаланинг муҳокамаси жамоатчиликнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятига эътиборини жалб этади ва қонун қабул қилинганидан сўнг фуқароларда агар милиция ўз ваколатини суистеъмол қиладиган бўлса, қонуннинг турли моддаларига мурожаат қилиш имконияти пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам қонунда милиция ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгилаб бериш зарур. Бу жуда муҳим, чунки бугунги кунда милиция ходимларининг барча ҳаракатлари уларнинг ички йўриқномалари билан тартибга солинган. Қонунда, шунингдек, милициянинг ҳамма иши ушбу қонунга асосланиб амалга оширилиши ва тартибга солиниши лозимлиги мустаҳкам белгиланиши керак. Ҳар қандай ҳолатда, ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаётида бу каби муҳим қонун аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ўсишига кўмак беради.

- Бошқа мамлакатлар, мисол учун, Россия, АҚШ, Хитой каби мамлакатларнинг тажрибаси ҳақида нималарни биласиз? Уларда ҳам шунақа қонунлар борми? Бор бўлса, қанақа қилиб ишлаяпти?

Пўлат Охунов

- Ҳуқуқни муҳофаза қлиш органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунлар дунёнинг кўплаб мамлакатларида бор. Мен шахсан ўзим СССР Олий Советида ишлаб юрган чоғимда “Милиция тўғрисида” СССР қонунини ишлаб чиқариш ишида қатнашганман. Россия Федерациясида ҳам шундай қонун бор. АҚШда полиция ишини штатларнинг қонунчилик ҳужжатлари тартибга солади, бироқ полиция томонидан бузилишига йўл қўйилмайдиган асосий ҳуқуқ ва эркинликлар Федерал Конституция томонидан мустаҳкамлаб қўйилган. Милиция ёки полиция ишини тартибга солувчи қонуннинг мавжудлиги нафақат фуқароларга, балки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ўзлари учун ҳам муҳим, чунки қонун фуқароларни бошбошдоқолик ва қонун бузилишларидан, милиция ва полиция ходимларини эса улардан ноқонуний тарзда фойдаланиш ҳолатларидан ҳимоя қилади.

- Нима, милиционерлар бошқаларда фарқ қиладиган ғайриддий фуқароларми, нега энди уларга алоҳида қонун керак бўлиб қолди?

- Милиция – давлат томонидан мамлакат фуқароларига нисбатан зўравонлик ишлатиш ваколатини олган ташкилот. Айнан шу ҳолат унинг ходимларини фавқулодда профессионал гуруҳга айлантириб қўяди ва унинг иши махсус қонун билан тартибга солиниши шарт. Акс ҳолда, зўравонлик қилиш ҳуқуқини мамлакат фуқаролари ва жамияти манфаатларига зид равишда кимларнингдир манфаати учун ишлатишлари мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама