15:25 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Сурат Икромов хотиралари: Жаҳон чемпионини “ваҳҳобийликда” айбладилар

08.12.2015 10:05 msk

Фарғона

Сурат Икромов Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳини (ЎМҲҲТГ) 13 йил олдин ташкил қилиб, шу вақтдан бери уни бошқариб келмоқда. Бу давр ичида ЎМҲҲТГ юзлаб суд жараёнларини мониторинг қилди, минглаб одамларга ёрдам берди. Инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари тўғрисида ахборот агентликлари, элчихоналар, халқаро ва республика доирасидаги ташкилотларга юборилган информацион хабарларнинг ўзи бир минг саккиз юзтадан ошади. Худди шу хабарлар китобнинг асосини ташкил этади ва ҳуқуқ ҳимоячининг режаси бўйича, сўнгги ўн йиллик давомида Ўзбекистонда бажарилган ишлар ва бўлиб ўтган жараёнларнинг ҳужжатли исботи бўлади.

Ҳозирча “Ўзбек ҳуқуқ ҳимоячисининг қайдлари” деб номланаётган бу китобни ЎМҲҲТГ раҳбари ҳамкасбларининг маслаҳатига кўра нашрдан чиқаришга қарор қилди. Бу китоб ҳуқуқ ҳимояси мавзуларидаги ўндан ортиқ бўлимдан иборат бўлади. Икромов “Қайдлар”да иккита услубни бирлаштирмоқчи – бир қисмини хотиралар шаклида, бошқа қисмини эса турли йиллар давомида йиғилган информацион хабарлар шаклида тақдим қилмоқчи. Бунинг учун уларнинг энг қизиқ ва муҳимларини танлаб олмоқда.

- Албатта, ҳаммасини китоб боблари шаклида ёзиш, хабарлардаги қаҳрамонлар тақдирини кузатиш маъқул бўларди, - дейди Сурат ака. – Аммо вақт кам. Ҳуқуқ ҳимоячининг иши кўп. Буниси ҳам майлику-я, аммо ёшим ҳам етмишдан ошди, хасталиклар қийнаяпти, қанча умрим қолгани ҳам номаълум. Шунинг учун шошилиш керак.

Сурат Икромов болалигиданоқ журналистлика билан шуғулланишни бошлаган – совет давридаги газеталарда унинг кўплаб мақола ва хабарлари чиқарилган. ЎМҲҲТГ берган информацион хабарлар матнининг равонлиги ва қисқалигини профессионаллар ҳам тилга олишади. Шу сабабли ҳам китобнинг ўқувчилар орасида катта қизиқиш уйғотиши билан бирга, кўп ўқиладиган китоб бўлишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Бугун Сурат Икромов 2005 йилнинг январь ва февраль ойларида тарқатган иккита хабарга асосланиб ёзилган, “Ўзбек ҳуқуқ ҳимоячисининг қайдлари” китобидан “анъанавий” бобларининг бирини ўқувчиларимизга тақдим этамиз.


Сурат Икромов 1945 йилнинг 10 апрелида Тошкентда, таниқли журналист Ҳотам Икромов оиласида туғилган. Болалик пайтиданоқ сураткашлик ва журналистликка қизиққан. Унинг штатдан ташқари фотомухбир сифатидаги биринчи иши 1956 йилда пионерлар газетасида чиққан. Совет даврининг ўзида Икромовнинг олти мингтача иши: фотосуратлар, фоторепортажлар ва оддий мақолалари нашрларда чоп этилган.

Иш фаолиятини ўн беш ёшида бошлаган – аввал босмахонада шогирд, кейин мутахассис бўлган. Бир вақтнинг ўзида кечки мактабни тугатган. Тошкент электротехника алоқа институтига кирган, “Ўқишдаги муваффақиятлари учун” дипломини олганидан сўнг институтда электротехника лабораторияси мудири бўлиб ишлай бошлаган. Кейинчалик Тошкент алоқа политехникумида ўқитувчилик қилган.

80-йилларда Геология вазирлиги қошида «Лаъл» кооперативини очди, бу ерда халқ таълими учун ўша пайтларда камёб бўлган ўқув қуроллари ишлаб чиқарилган. Кейинчалик кооператив “Суратбек” фирмасига айланди. 90-йилларнинг ўртасида маҳсулот етказиб берувчилар бу гуллаб-яшнаган корхонани хонавайрон қилгач, адолатни тиклашга ҳаракат қилди, аммо мутасаддиларнинг қонунларга риоя қилмаслиги бунга тўсиқ бўлди. Бу воқеадан сўнг у ҳуқуқ ҳимоячи бўлишга ҳамда одамларни расмийларнинг ўзбошимчалигидан ҳимоя қилишга қарор қилди.

2002 йилнинг февралида Икромов ЎМҲҲТГни тузди. Бу ташкилотнинг ўзига хос хусусияти – Икромов ҳам, унинг ҳамкасблари ҳам ҳеч қандай сиёсий партияга аъзо бўлмаганида. Гуруҳ раҳбарининг ўз аъзоларига қўядиган асосий талаби – сиёсатга аралашмаслик, фақат мансабдорларнинг ўзбошимчалигидан жабрланганларни ҳимоя остига олиш.

Чемпион учун тузоқ

Элмурод Нурохунов 2000-йиллар бошида

Мен кўплаб буюрма жараёнларни мониторинг қилганман, аммо тҳеквондо бўйича жаҳон чемпиони Элмурод Нурохунов устидан ўтказилган суд жараёни ҳеч эсимдан чиқмайди.

Бу 2005 йилнинг бошида рўй берди. Январь ойида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Яккасарой тумани судида машҳур чемпион суд қилинаётгани, унга унча-мунча эмас, нақ диний экстремизм бўйича айблов қўйилаётганини эшитиб, ҳайрон қолдим. Бу одам машҳур ва бадавлат бўлса, қандай қилиб бунақа шубҳали ишларга аралашиб юрибди? Ёки милиция унга иш “тўқиш”дан нима фойда кўради?

Нурохунов спортчи сифатида нималарга эришганини сўраб-суриштирдим. У тҳеквондо бўйича халқаро мусобақаларда кўплаб мукофот ва совринларга сазавор бўлган, юксак мақомларга эришган экан. 1994 йилда Белгияда олтин медални қўлга киритган, 1995 йилда Польшада кумуш медал, 1996 йилда Чехияда жаҳон чемпиони унвони, 1997-98 йилларда Осиё ва Европа чемпиони, 1999 йилда Аргентинада яна жаҳон чемпиони, 2001 йилда Кипрдаги Евросиё чемпионати совриндори.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам шахсан ўзи чемпионни бир неча марта табриклаган. Нурохуновга ғалаба учун ҳар гал 10 минг доллардан пул мукофоти берилган. 90-йилларда бу катта пул эди. Ҳозирги кунда 10 мингга бир хонали уй ҳам бермайди. Ўша пайтларда эса 10 мингга уч хонали уйдан бештасини олса бўларди.

Бир сўз билан айтганда, ҳайратга чўмиб, суд мониторингига йўл олдим. Йўл-йўлакай таниш адвокат Хуршид Азимовнинг гаплари мени баттар ажаблантирди:

- Бу иш ҳайратда қолаадиган даражада сохталаштирилган. Айбловларнинг ҳеч қанақа далил-исботлари йўқ, қалбакилиги шундоқ кўзга ташланиб турибди, терговда адвокат ҳам қатнашмаган. Қаранг, судланувчиларни ваҳҳобийлик билан бирга “Ҳизб-ут-Таҳрир”га аъзоликда ҳам айблашмоқда, бу иккала оқим бир-бирига қарама-қарши бўлса!

Суд жараёнидаги жумбоқлар

Судланувчилар уч киши эди. 27 ёшли чемпиондан ташқари, 35 ёшли Фарҳоджон Алибоев ва 40 ёшли Абдуғафур Жалилов. Бу иккаласи ким бўлиб ишлагани эсимда йўқ. Аммо битта нарса аниқ эсимда, бу айбланувчилар илгари оғайни бўлиш у ёқда турсин, ҳибсга олинишдан олдин бир-бирини умуман танимаган. Бу нарса уларнинг ўзини тутишидан ҳам маълум эди, бундан ташқари ҳимояловчи томон ҳам бунга далил-исбот келтирган эди.

Уларнинг уччови ҳам судланаётганидан қаттиқ ғазабда эдилар. Тергов пайтида ўзларини шавқатсиз қийноққа солингани очиқ-ойдин айтишди. Чемпион Нурохунов бу қийноқлар ҳақида гапира туриб, Саидакбар исмли ИИВ ходимини “жаллод” деб атади.

Мажлисдан сўнг айблов хулосаси билан обдон танишиб чиқдим. У “20/04-2780-рақамли жиноий ишга асосланиб тузилган, ЎР ИИВ Тергов Бош Бошқармаси терговчиси, милиция майори Н.К.Бегманов томонидан судга оширилган, ЎР ИИВ ТББ бошлиғи полковник У.А.Қаршибоев томонидан “маъқулланган”, Тошкент шаҳар прокурори Б.Б.Валиев томонидан “тасдиқланган” эди”.

Ушбу хулосада айтилишича, “тҳэквандо спортчиси Абдуқаюм Акрамов 2002 йилнинг ёзида Нурохунов Элмуродга диний билим олиш ва намоз ўқишни таклиф қилади”. 2004 йил 17 сентябрида эса Нурохунов ИИВ тезкор ходимлари томонидан қўлга олиниб, “Ҳизб-ут-Таҳрир” партияси ва “Ваҳҳобийлик” ҳаракатига алоқадорликда айбланади. Қолган иккита судланувчига қўйилган айблар бундан ҳам бемаъни ва мужмал эди.

Судланувчилар айбсиз!

Илк суд мажлисларида одам кам, асосан судланувчиларнинг яқинлари ва қариндошлари қатнашган эдилар. Кейинчалик бизнинг гуруҳимиз жаҳон чемпионига нисбатан ноҳақлик қилинаётгани ҳақида хабар бергач, суд мажлисларида хорижий элчихоналар вакиллари, Би-Би-Си, Озодлик ва бошқа хорижий ахборот агентликларининг вакиллари қатнаша бошлади. Бундай нуфузли қўллаб-қувватловчилар бор жойда ноҳақликка йўл қўйилмаслигига, айбловлар олиб ташланишига умид пайдо бўлди.

Адвокат Хуршид Азимовнинг ҳаракатлари ҳам умид уйғотарди. Кичкина, дўмбалоқ бўлгани боис, аввалига уни назарга илмасликлари мумкин эди, аммо судда жиноят ишини сохталаштирган терговчиларни қаҳр ила қоралаб нутқ сўзлаётганида, суд залини сукунат қоплар ва ўтирганлар уни бор вужуди билан тинглашар эди.

Судни олиб бораётган судья Ахат Масодиқов адвокат Азимовга ҳам, судланувчиларга нисбатан ҳам хайрихоҳлик билан қараётгандек эди. Бир тарафдан, у айбланувчиларнинг қийноқ ҳақидаги гапларига эътибор бермади, аслида қонун бўйича судни тўхтатиб, вазиятни аниқлаштириш учун терговчиларни чақириши керак эди. Бошқа тарафдан эса, ишни объектив нуқтаи-назардан кўриб чиқди. Бу объективлик натижасида ҳар мажлисдан сўнг судланувчиларнинг бутунлай айбсизлигига иштирокчилар ҳам, судьянинг ўзи ҳам амин бўлаётган эди.

Айбсиз одамлар ўзини қандай ҳис қилса, айбланувчилар ҳам шундай ҳис қилаётган эди. Чемпион Нурохуновнинг сўнгги сўзлари ёдда қолди:

- Менинг ёшим йигирма еттида, шунинг йигирма йилини тхэквондо спортига бағишлаганман, менда ҳеч қачон тақиқланган диний ташкилотлар билан шуғулланиш ёки уларда иштирок этишга вақт бўлмаган, менга тергов ходимлари томонидан қўйилган барча айбловлар туҳмат, улар менга нисбатан қийноқ қўллашган…

Буюртма қилинган суд сири

Мен ва ташкилотим аъзолари жаҳон чемпиони устидан ўтказилган бешта суд мажлисида қатнашдик. Шулардан бири ўтгандан сўнг, Нурохуновнинг қариндошлари билан бўлган суҳбатда чемпионни Жиноят кодексининг бу даҳшатли моддаси, 244-2 “Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш” моддаси бўйича иш қўзғатилгани сабабини тушундик.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон президенти бир неча маротаба тақдирлаган 10 минг долларлик мукофот Нурохуновгача етиб келмаган. У бу пулларнинг тўланишини талаб қилиши давлат спорт қўмитаси ва “Тэквандо” федерацияси раҳбарларининг аччиғини чиқарган.

Бу мансабдор шахсларнинг судда бирон марта ҳам қатнашмагани тасодиф эмас. Худди уларнинг васийлигидаги шахс – кўп маротаба жаҳон чемпиони умуман йўқдек тутишди ўзларини. Буюртманинг сабаби шу қадар аёнлашдики, одамнинг нафрати қўзғайди. Президентнинг чемпионга берган долларларни ўзлаштиришди, чемпионни эса, жим бўлиши учун қамоққа тиқишди.

Судьялар ишдан бўшаганида…

Ҳукм ўқилиши 2005 йил 18 февраль куни эрталаб соат 10 га белгиланган эди. Шу куни Яккасарой тумани суд залида чет эллик журналистлар, АҚШ, Буюк Британия ва Германия элчихонаси, Хьюман Райтс Вотч ва Фридом Хаус халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари вакиллари ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилар ҳозир бўлиб, кузатувчи сифатида иштирок этдилар.

Оқлаш ҳақида ҳукм чиқарилишига ҳеч ким шубҳа қилмаётган эди. Ҳукмнинг ўқилиши чўзилиб кетаётганидан иштирокчилар норози бўла бошладилар – вақт ўтиб боряпти, судья эса ҳалиям кўринмайди.

Шу пайтда судья Масадиқовнинг аҳволини билганимизда эди! Ўша пайтда унинг кабинетида нималар бўлганини мен кейинчалик билиб қолдим. Ўша куни у судланувчиларнинг уччовини ҳам оқлаш тўғрисида ҳукм матнини тайёрлаб қўйганди. Аммо ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг бир неча ходимлари унинг хонасига кириб олиб, ундан ҳар бир айбланувчини олти йилга қамайсан, деб туриб олган.

Бунга жавобан судья ўз ихтиёри билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган. Аммо ариза қабул қилинмаган. Масадиқовга қатъий шарт қўйилган: аввал ҳукмни ўқийсан, кейин бўшаб кетаверасан.

Бунинг натижасида судья залга бир ярим соат кечикиб кирди. Ҳукмни ҳиссиз овоз билан ўқиди, ҳукмни эшитганлар шокка тушиб қолдилар. Сўзининг охирида эса шундай деди:

- Судланувчиларнинг айбсизлигига ишонаман, мен қўлимдан келганини қилдим…

Кўзида ёш кўринди…

Бугунги кунда халқаро тоифадаги спорт устаси Элмурод Нурохунов Олма-Отада (Қозоғистон) яшайди, аралаш жанг санъатидан дарс беради

Онанинг кўз ёшлари

Ҳа ўша пайтларда Ўзбекистон суд тизимида буюртма ишлар билан очиқдан-очиқ кураш олиб боришга ҳаракат қиладиган инсонлар ҳам бўлган! Судья Масадиқовнинг кейинги тақдиридан хабарим бўлмади. Аммо ўша судда ҳаммани тўлқинлантирадиган нутқлар ўқиган адвокат Хуршид Азимовнинг тақдирини мисол қилиб келтириш мумкин.

Хуршид яхши йигит эди. Дадил, виждонли, жўшқин, қонун ва адолат йўлида охиригача курашишга тайёр эди. Адолатсизликни кўтара олмасди, аччиғи чиққанида суд танаффуси пайтида кўчага чиқиб, асабни тинчлантириш учун юз грамм ичиб олиши ҳам мумкин эди. Аммо ўша суддан бир неча йил ўтгач, вафот этди.

Ҳамкасбим Васила Иноятова уни заҳарлашганини айтгандай бўлувди. Бўлиши мумкин. Аммо менинг фикримча, унинг юраги кўтара олмаган. Хуршид судларда дуч келадиган қонунни менсимаслик ва ноҳақликларни кўтара олмаган.

Бундай одамлар ҳақида яхши хотиралар қолади. Ғаразли манфаатлари йўлида қонунни менсимайдиганлардан фарқли ўлароқ. Бу ўринда тҳэквондо чемпионини айблашга ҳисса қўшганларнинг ҳам тақдиридан хулоса чиқариш мумкин. Шахсан билишимча, айблов ҳукмини имзолаганларнинг ҳаммасини турли усулларда жазолашган. Чемпион устидан ўтказилган буюртма иш бўйича эмас, бошқа ишлар доирасида. Қай усулдалигини аниқ билмайман, аммо аниқ жазолашган. Айблов ҳукмини тасдиқлаган прокурор Валиевни 2012 йилда пора учун қамоққа тиқишди, бундан ҳамманинг хабари бор. Хуллас, дунёда адолат бор.

Чемпион Нурохуновга келсак, икки йилдан сўнг мен немис журналистлари билан унинг Тошкент биқинидаги Назарбек посёлкасидаги уйига борганман. У пайтда чемпион ҳали озодликка чиқмаган эди, журналистлар унинг онаси, эллик ёшлардаги истараси иссиқ аёл билан суҳбатлашишди. У ўғли ҳақида ифтихор билан гапирарди, унинг намланган кўзларини кўрибгина, ҳис-туйғуларини жиловлаб турганини билиш мумкин эди. Мен эса буларнинг ҳаммасига қараб туриб, ўйлардим. Бизнинг Ўзбекистонимизда пул учун ҳар қандай одам, ҳаттоки икки марта жаҳон чемпионининг оиласи тақдирини ҳам пароканда қилиб юбориш қанчалик осонлиги ҳақида ўйлардим.

Сурат Икромов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама