22:58 msk, 24 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: “Экстремист имом» Рашод Камолов сиёсий буюртма қурбоними?

07.12.2015 10:14 msk

Шохрух Соипов

Фото и видео материаллар © “Фарғона” агентлигига тегишли

Қирғизистоннинг жанубидаги Қорасув шаҳарчасининг “Ас-Сарахсий” мачити собиқ имоми Рашод Камолов ўн ойдан ошдики, тергов изоляторида ўтирибди. Бир неча кун олдин иккинчи босқичдаги Ўш вилояти суди уни диний адоват қўзғагатиш ҳамда экстремистик материалларни сақлаш ва тарқатишда айбдор деб топиб, 10 йиллик қамоққа ҳукм қилди. Жанубий Қирғизистондаги таниқли дин пешвоси устидан ўтказилган суд мустақил диндорларни таъқиб қилиш жараёнининг муҳим босқичи бўлди.

Ёруғлик етишмади

Суд мажлиси мобайнида Ўш вилоят судининг зали деярли қоронғи эди: жараён тушдан сўнг, соат 17 ларда бошланиб, хонани ёритадиган саккизта лампочкадан фақат иккитаси ёниб турди. Судьяларга бунинг аҳамияти йўқ эди шекилли, ёки бу масала билан шуғулланишга вақтлари етмаган. Бошқа томондан олиб қараганда, давлат лампочка билан таъминламаган бўлса, ҳеч бўлмаса иш шароитини яхшилаш учун ҳам лампочкани ўз пулига сотиб оладиган даражада бой бўлмасалар керак.


Рашод Камоловнинг миллати ўзбек, у таниқли дин арбоби Муҳаммадрафиқ (Рафиқ қори) Камоловнинг ўғлидир. Нуфузли француз исломшуноси, профессор Стефан Дюдуаньоннинг фикрича, Рафиқ Камолов ва унинг дом-дараксиз йўқолган қариндоши Абдували қори Мирзаевлар (йўқ қилинмасидан олдин) иттифоқдан кейинги даврда Марказий Осиёдаги “ислоҳотчи ислом” соҳасида етакчи шахслар бўлишган. Рашоднинг отасини 2006 йил бошларида террористларга кўмак беришда шубҳа қилиб, сўроққа чақиришган, аммо ҳибсга олишга етарли асос бўлмагани учун қўйиб юборишган. 2006 йилнинг августида Муҳаммадрафиқ Камолов ҳарбий блокпостдан ўтаётган пайтида милиция махсус кучлари томонидан отиб ташланган. Кейинчалик расмийларнинг маълум қилишича, бу қотиллик ўзбек ва қирғиз махсус хизматларининг Ўш вилоятида бўлиб ўтаётган террористларга қарши махсус амалиёти пайтида амалга оширилган.

Кўрганларнинг гувоҳлик беришича, Рашод Камолов ҳам отасига ўхшаб, турли ислом партиялари, жумладан, “Ҳизб-ут-Таҳрир” аъзоларининг ўз мачитида ибодат қилишига рухсат берган, аммо бу ташкилотга алоқаси йўқлиги ва унинг ислом халифалиги тузиш мақсадини қўллаб-қувватламаслигини очиқ эълон қилган.

Суд жараёни пайтида, вилоят суди коллегиясининг панжара ортидаги инсоннинг тақдирига умуман лоқайдлиги яққол кўриниб турди. Шундай тасаввур уйғонардики, худди ҳукм олдиндан тайёрлаб қўйилган, судья бирпасдан кейин ҳукмни ўқиб эшиттирмоқчи бўлгандек эди.

Давлат қораловчиси сифатида қатнашаётган прокурор Гулнора Эркинбоева суд пайтида нуқул телефонда гаплашиб ўтирди. Унга биронта ҳам судья танбеҳ бергани йўқ. У ўзининг шахсий ишлари юзасидан тезроқ кетишни истаб тургани билиниб турарди. Бу аёл ҳукм ўқилишини ҳам кутиб ўтирмади – балки қанақа ҳукм чиқишини ҳам олдиндан билгандир.

Биринчи интстанция суди уч ойга чўзилди. Деярли барча гувоҳлар Камоловни ҳимоя қилиб кўрсатма бердилар. Аммо Ўш вилоятининг собиқ қозиси Ниязали Арипов ва диний ишлар бўйича давлат бошқармаси мутахассиси Абдираим Канатов қарши кўрсатма беришди. Иккаласи ҳам қуйидаги гапни Камолов айтган дея деярли сўзма-сўз тасдиқлашди: “Халифалик бўлмайди деб даъво қилувчилар кофир бўлади. Халифаликни тузганларга таъзим қилишимиз керак”.

Деярли барча гувоҳларнинг кўрсатмасига кўра, амри-маъруфларда имом халифалик тузишга чақирмаган ва “конституцияга қарши” сўзларни айтмаган. Аксинча, Камолов “радикализмнинг таъсирини камайтириш йўлида катта ишлар қилган”, - деб тасдиқлашди.

Адвокат Ҳусанбой Салиев билан унинг икки ҳамкасби прокуратурага кучли зарба бериш мақсадида судга бир нечта экспертнинг ёзма кўрсатмаларини тақдим этди. Қирғизистон мусулмонлари диний идораси тақдим қилган ҳужжатда “халифалик” тушунчасига таъриф берилган эди. Бошқа бир ҳужжатда прокуратура томонидан жалб қилинган, Дин ишлари бўйича давлат қўмитаси экспертининг баённомасига диний масалалар бўйича бишкеклик бир эксперт баҳо берган эди. Учинчи ҳужжатда москвалик ҳуқуқ ҳимоячи Виталий Пономаревнинг Қирғизистон президенти маъмурияти учун тайёрлаган тавсиялари келтирилган эди.

Нима бўлганда ҳам, бишкеклик экспертларнинг кўрсатмалари судьяларга таъсир қилмади, Виталий Пономаревга эса судда сўзлашга рухсат берилмади: айбловчи томон Қирғизистонда ҳам мутахассислар етарли эканини айтиб, хориждан гувоҳ жалб қилинишига қаршилигини билдирди. Суд бу фикрга қўшилди.


Рашод Камалов

Ўзбекистоннинг таъсири борми?

Сўнгги сўз берилганида Рашод Камолов Қорасув шаҳри ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қўлга олинган ёлланма қотил ҳақида гапирди. “Ўтган йили ёзда Азиз исмли киллер Қорасувга келган. Кейинчалик у расмий Тошкентнинг буюртмаси билан мени жисмонан йўқ қилишга келганини тан олган. Азизнинг ўзи илгари Ўзбекистон махсус хизматларида ишлаганини айтиб берган”, - дея сўзлаб берди Камолов.

Унинг айтишича, бу киллер Қирғизистон жиноий кодексининг тўртта банди бўйича жазо олган: “Давлат чегарасини ноқонуний тарзда кесиб ўтиш”, “Ноқонуний тарзда қурол-яроқ сақлаш”, “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи вакилларига ҳужум қилиш” ва “Суиқасд қилиш”. У 17 йилга озодликдан маҳрум қилиниб, жазони Бишкекдаги қатъий режимли колонияда ўташи белгиланган.

“Шунга қарамай, яқинда уни тушуниб бўлмайдиган ҳолатда қамоқдан чиқариб юборишган ва у Ўзбекистонга қайтиб кетган. Унинг бўшатилишидан ким манфаатдор эканлиги ҳозирча номаълум. Балки уни сиёсий ёки иқтисодий манфаатларни кўзлаб қўйиб юборишгандир”, - деб қўшимча қилди Камолов.

“Камолов иши” ортида ўзбек махсус хизматлари турган бўлиши мумкинми, деган саволимизга собиқ имом аниқ бир нима дея олмаслигини, чунки унда факт йўқлигини айтди. “Менимча, бу ишни шу тарзда ҳал қилишдан манфаатдор учинчи томон бор, улар диндор ёшлар ва куч ишлатар тизимлар ўртасида тўқнашув юз беришини истайдилар. Кейин “Сурия модели” бўйича тартибсизликлар уюштириш мақсад қилинган”, - деб тахмин қилади Рашод Камолов.

Суд жараёнида маълум бўлишича, Ўзбекистон тергов органлари Қирғизистонга Ўзбекистондаги иккита маҳбуснинг батафсил сўроқ протоколларини юборган. Бу маҳбуслар берган кўрсатмаларига кўра, улар Туркияда Камолов билан учрашганларида, Камолов у ерда мусулмонларни Қирғизистондаги ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллашга чақирганини кўришган эмиш.

Рашод Камолов Ўзбекистондан юборилган ҳужжатларни “Каримов режимининг сиёсий буюртмаси” деб атади.

Бундан ташқари унинг фамилияси “ўлимга ҳукм қилинганлар” рўйхатида борлигини айтди. Бу рўйхат имом Абдуллоҳ Бухорийни отган Мирзағолиб Ҳамидовда топилгани айтилади. Эслатиб ўтамиз, ўзининг мухолиф қарашлари билан таниқли бўлган имом 2014 йил 10 декабр куни эрталаб Истамбулдаги уйи ёнида отиб кетилган эди.

Виталий Пономарев - Камолов иши ҳақида

Россиядаги “Мемориал” ҳуқуқ ҳимоя марказининг Марказий Осиё дастури раҳбари, ислом экстремизмига оид жиноий ишларнинг мониторинги соҳасидаги мутахассис, Рашод Камоловнинг иши бўйича ўз хулосасини берган Виталий Пономарев бўлиб ўтган суд жараёнини “Фарғона”га шарҳлаб берди:

“Бу жараён муҳим аҳамиятга эга, чунки у диндорларнинг фундаментал ҳуқуқларига таъсир қилади. Иккала инстанциядаги суд ҳам инобатга олмаган ва кўриб чиқмаган эксперт хулосасида Камоловнинг ҳукм қилинишига асос бўлган экспертизалар мантиқий таҳлил қилинган. Унда кўрсатилишича, экспертизада очиқ-ойдин номувофиқликлар мавжуд, бир нечта ҳолатда экспертлар ўз ваколати доирасидан ташқарига чиққан, фактларга мос келмайдиган хулоса чиқарган, бундан ташқари, бундай экспертизаларни ўтказиш услубиёти мавжуд эмас, илмий адабиётларга ҳавола берилмаган… Буларнинг ҳаммасидан суд томонидан қабул қилинган экспертиза илмий асосдан мосуво ва холислик талабларига мос келмайди, деган хулоса чиқариш мумкин.

Қуйидаги тахминни айтиш мумкинки, қўшни мамлакатдан қирғиз расмийларига сиёсий буюртма бўлган, Камоловни ўлдиришга ҳаракатлар бўлган, бу суиқасд Қирғизистон ахборот воситаларида ёритилмади. Қирғизистонда таниқли шахс бўлган бу одамни ёлланма қотил ёрдамида йўқотишнинг иложи бўлмаган, бошқа усулни қўллашган.

Суд жараёни тизимдаги иккита муаммони юзага чиқарди. Биринчиси – Қирғизистонда ҳозирга пайтда диний экспертиза ўтказилишининг самарали тизими ҳали яратилмаган. Иккинчи муаммо – Бакиев замонида Жиноят кодексига экстремистик материалларни сақлашга жавобгарликнинг таърифи киритилган эди. Менинг фикримча, бу таъриф бемаъни. Биронта экстремист оқим ёки мафкура билан баҳслашмоқчи бўлган ҳар қандай эксперт, ҳар қандай фаол шахс бу материаллар билан танишиш имкониятига эга бўлиши учун уларни қўлига олиб, китоблари орасида сақлаши керак. Бунақанги таъриф МДҲ бўйича ҳеч қайси давлатда йўқ, бу Бакиевдан қолган мерос бўлиб, афсуски, 2010 йил воқеаларидан кейин Жиноят кодексига бунга тузатиш киритилмаган”.

Қасосми ёки ҳимоя?

Камоловнинг фикрича, бу айбловнинг асосида у 2014 йилнинг 4 июлида жума намози пайтида “халифалик” сўзига аниқлик киритгани ётади. Бундан ташқари, 2014 йилнинг 23 декабрида Ўш шаҳрида бўлиб ўтган диний арбоблар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг учрашуви давомида у органларга қарата танқидий фикрлар айтган, одамлар милиция ва махсус хизмат ходимлари томонидан таъмагирлик ва пўписаларга дуч келаётганлари борасида шикоят қилганини билдирган.

“Ўша куни мен расмийлардан Сурияга чиқиб кетаётган ёшларнинг муаммоларига эътибор қаратишни сўрадим. Ўша нутқим кимгадир ёқмаган, кейин менга нисбатан жиноий иш қўзғатилди”, - деди Камолов.

Айрим кузатувчиларнинг фикрича, Рашод Камоловга нисбатан очилган жиноий иш – уни суиқасддан ҳимоялашнинг бир усулидир.

“Кейинги йилларда Рашод Камоловга босим кучайиб кетди, ҳаттоки суиқасд қилишди – имомни излаб келган киллер воқеаси ҳам буни тасдиқлайди. Рашоднинг ўзи Ўзбекистонга қарши ҳеч нима қилмаган. Балки ўзбек расмийлари ва махсус хизмат ходимлари Рашодни ўзининг душмани деб биладилар: у халифалик ҳақида Қуръонга таянган ҳолда очиқ гапирар эди. Киллер жўнатиш операцияси муваффақиятсиз тугагач, улар Қирғизистон томонига босим ўтказиб, Камолов ислом ғояларини тарқатишини тўхтатиш учун уни панжара ортига жўнатишни таклиф қилишгандир. Иккинчи вариант ҳам бор. Балки қирғиз расмийлари шу тариқа Камоловни ташқи хатардан, жумладан Ўзбекистондан ҳимоя қилмоқчидир. Бизга маълумки, шу йилнинг бошида махсус хизмат ходимлари Рашодга мамлакатни тарк этишни таклиф қилишган, лекин у бунга рози бўлмаганди. Рашоднинг отаси ўлдирилганидан сўнг халқаро ҳамжамиятдан танбеҳ эшитган Қирғизистон расмийлари бу ҳолат қайтарилмаслиги учун имомни қамоққа олиб, унинг хавфсизлигини таъминламоқчидир”, - дея тахминини баён қилди “Фарғона” билан суҳбатда ўз исмини очиқлашни истамаган ҳамсуҳбат.

Шохрух Соипов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама