04:40 msk, 24 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ярим йилга чўзилган “профилактика” ёки Алвидо, Skype?

04.12.2015 10:52 msk

Сид Янышев

2015 йил 29 июлидан бери Ўзбекистон интернет майдонида қандайдир профилактика ишлари олиб борилмоқда, шу туфайли Skype ва бошқа оммалашган мессенжерлар деярли ишламай қўйдилар. “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси (АК) ҳар ой, олтинчи марта пайдар-пай профилактика ишларининг кам деганда бир ойга узайтирилиши ҳақида эълон қилмоқда. 30 ноябрь куни ҳам компания ўз ваъдасига содиқ қолаётганини яна бир бор исботлади.

Икки кун олдин эса АК сайтида ва шундан сўнг Ўзбекистон интернет-провайдерларининг сайтларида “2015 йил 1 декабрдан 2016 йил 5 январга қадар “Ўзбектелеком” шериклари тармоқларида профилактика ишлари чўзилгани боис Интернет хизматларини кўрсатиш сифати ёмонлашуви эҳтимоли бор. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз” деган одатдаги, бироқ тушунарсиз ёзув пайдо бўлди.

Нега тушунарсиз? Чунки ўзбекистонлик интернет-фойдаланувчиларининг мутлақ кўпчилиги ушбу профилактика ишлари нимадан иборатлигини, уларнинг мазмун-моҳиятини, бу шериклар кимлигини, уларнинг исми борми-йўқми, алалоқибат, Skype қачонлардир ишлаб кетадими ёки у билан видолашишга тўғри келадими, билмайдилар.

Кўпчилик фойдаланувчилар Скайпидан бутунлай ажраб қолдик, деган хулосага келдилар. Қайта такрорланаётган эълонлар эса ўзбекистонликларнинг норозилик кайфиятини қандай бўлмасин камайтириш бўйича уринишга ўхшаяпти. Гўё, қирқига чидадингиз, энди бирига ҳам сабр қилиб туринг, “сабр таги сариқ олтин!” демоқчи бўлаётгандек.

Шахсан ўзим тақдирга ишонувчи одамман, шунинг учун бешинчи январь куни шунақа мазмундаги янги эълон чиқишига ишонаман. Албатта, хато ўйлаётган бўлсам, миллионлаб юртдошларим, узоқ ва яқин хориж мамлакатлардаги танишларим ва қариндошларим каби бунга хурсанд бўлардим. Улар билан Скайпи орқали суҳбатлашиш, уларнинг юзини кўриш ва овозларини эшитиш мен учун жуда катта неъмат. Ва миллионлаб юртдошларим учун ҳам деб айтсам асло муболаға қилмаган бўламан!

Ўзбекистонликлар учун Скайпи илк бор 29 июль куни фойдаланиш учун ёпилди (фойдаланувчилар фақат ёзма мулоқот имкониятига эга бўлдилар, овоз ва видео алоқа имконияти йўқолди). Ўзбекистонликлар ҳудди шу муаммога 2014 йилнинг октябрида ҳам дуч келгандилар, ўшанда WhatsApp, Telegram, Viber ва “Агент Mail.Ru” дастурларининг овоз хизматлари ўчириб қўйилди. Бироқ бу дастурлар бир ой ишламадилар, холос.

Шундай қилиб, “Ўзбектелеком” 29 июль куни шериклар тармоқларида 8 августгача профилактика ишлари ўтказилиши тўғрисида эълон қилди. Ўшанда АК менежери “Фарғона” мухбирига “профилактикани Скайпи хизматининг ўзи ўтказмоқда ва бу ишлар айнан ўзбек интернет оқимига қаратилган” деб айтганди.


Тошкент метроси вагонларида шунақанги огоҳликка чақирувчи шиорлар осиб қўйилган Алексей Волосевич фотосурати

"“Фарғона” маълумотига кўра, 2015 йил ёзида Ўзбекистон интернет-провайдерларининг боғловчи серверларида хитойда ишлаб чиқарилган қимматбаҳо жиҳозларнинг ўрнатилиши бошланди. Маълум бўлишича, улар шифр қўллайдиган мессенжерлардаги ёзишмаларни ғалвирдан ўтказиш ва кузатиш имкониятига эга. Скайпи атрофидаги муаммолар тўғрисидаги фаразлардан бири ҳам шу – ўзбек махсус хизматлари шунақанги “СОРМ” ўрнатиб, уни “обкатка” қилишмоқда.
Бу гап мутахассислар томонидан ўта тутуриқсиз, дея баҳоланган: Skype Technologies қанақасига Ўзбекистон учун алоҳида профилактика ишларини амалга ошириши мумкин? Боз устига, ўша пайтда республикада бошқа оммабоп мессенжерлар - Viber, Telegram ва WhatsApp нинг овози ҳам ўчдику.

8 августда профилактика ишлари сентябрь бошигача чўзилди, шундан кейин ҳам аҳвол ўзгармади. Ўшанда телекоммуникациялар билан алоқаси бор манбалардан бири “Фарғона” мухбирига “профилактика ишларидан мурод – мессенжерлар орқали мулоқотларни кузатиш имкониятини берувчи янги дастурларни ўрнатиш”, деб айтганди.

Кейинига профилактика сентябрь охиригача чўзилади, деб эълон қилдилар. Чиндан ҳам 2 октябрь куни Скайпи ва бошқа мессенжерлар ишлаб кетди. Бироқ бу ҳолат узоқ давом этмади. “Ўзбектелком” билан шериклари ўртасида яна қандайдир муаммо чиқди шекилли, икки ҳафта ўтиб профилактика яна қайта тикланди. 1 ноябргача.

Шундан кейин 30 ноябргача чўзилди, ва ниҳоят, охирги эълон чиқиб, Скайпидан фойдаланиш 2016 йилнинг 5 январигача қолдирилгани маълум қилинди...

Тили аччиқ одамларнинг тахмин қилишича, “дунё бўйича террорчилар айнан Скайпи ва бошқа мессенжерлар орқали мулоқотлар давомида ҳаракатларини келишиб, ёвуз ниятларини амалга оширмоқдалар. Демак, Ўзбекистон ўзини эҳтиёт қилиши лозим. Шу сабабдан ҳам “шериклар” профилактика ишларини тўхтатишни истамаяпти.”.

Ўзбекистонда Скайпи қачонлардир ишлаб кетишига умид қилиш керакми? Менимча, йўқ бўлса керак. Ахир, мамлакатдаги энг асосий шиор: “Огоҳлик – давр талаби!” бўлиб қолмоқда.

Сид Янышев

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама