20:45 msk, 23 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячини чегарада яланғоч қилиб ечинтиришди, энди унга қарши иш қўзғатишмоқда

02.12.2015 19:57 msk

Фарғона

“Навоий” чегара пунктида 26 ноябрда бўлиб ўтган бу “детектив” воқеани шунчаки масхарабозлик деб қабул қилишни истардик. Қозоғистондан уйига қайтаётган тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячи Владимир Хусаинов қозоқ чегара пунктидан ўтгач, Ўзбекистонга қарашли чегара ва божхона назорати пунктига яқинлашди.

Бинога кираверишда анча-мунча одам йиғилган бўлиб, уларни № F5-071 рақамли белги таққан ўзбек чегарачиси тартибга солиб турганди. Хусаиновни ҳайрон қолдиргани шу бўлдики, чегарачи одамларни эркак-хотинларга ажратиб, алоҳида навбатга қўярди.

“Эронда ёки Саудияда буни тушунса бўларди, аммо бу ерда-чи!..», - дея ажабланди Хусаинов.

Чегара хизматчиси бинога кўпроқ аёлларни киритар, эркакларни эса танлаб, айримларига киришга рухсат берарди. Хусаинов бунақанги танловнинг сабабини сўраганида, чегарачи уни навбатнинг охирига ўтишни буюрди, у индамасдан навбат охирига қайтди. Аммо “тартиб қўриқчиси”дан смена бошлиғини чақириб беришни сўради.

Бир оздан сўнг лейтенант формасидаги бир ходим чиқиб, Хусаиновга бақир-чақир билан ташланди. Ҳуқуқ ҳимоячи ундан ўзини таништиришни сўраганида, лейтенант: “бу ҳарбий сир! Сенга ўзимни таништирмайман! , дея дағдаға қилди. Кейин эса шикоятчи устидан иш қўзғатиб, уни ички ишлар органларига жўнатишини айтди. Шундан сўнг Хусаиновни судраб, хизмат хонасига олиб кирди, йўл-йўлакай эса “яхшиликча” келишиб олишни, оддий тил билан айтганда, пора билан қутилиб қолишни таклиф қилди. Ҳуқуқ ҳимоячи унинг таклифини рад этиб, пора бермаслигини айтди.

Лейтенант ўзбек тилида бўралаб сўкинишни тўхтатмай, Хусаиновни панжарали хонага олиб кириб қўйди. Хусаиновга кўра, бинода бунақа катаклардан иккита бор экан, оддий халқ тилида уларни “обезянник” (“маймунхона”) деб атайдилар. Шундан сўнг лейтенант яна бир чегара ходими иштирокида Хусаиновга яланғоч бўлиб ечинишни ва ҳамма пул ва қимматбаҳо буюмларини стол устига қўйишни сўради.

Хусаинов асосли равишда тинтувда холисларнинг иштирок этишини талаб қилди, улар бунга жавобан холислар керак эмас, ечинтириш ва текшириш жараёнини бурчакдаги камера ёзиб олаётганини айтишди. Натижада ҳуқуқ ҳимоячи бутунлай ечиниб, пул ва қимматли буюмларини кўрсатишига тўғри келди. Ўзининг қўлга олингани ҳақида қариндошларига хабар бериш ҳамда адвокатини чақиртириш тўғрисидаги талаблари жавобсиз қолди.

Тинтувда иштирок этаётган бошқа чегарачилар унинг буюмларини фотосуратга ола бошладилар. Уларни айниқса ҳужжатлар ҳамда маълумот ташиш воситалари (флешка, диск ва мобил телефон) қизиқтирарди. Ҳуқуқ ҳимоячи тахмин қилишича, улар яширин камера ёки микрофон излашди, лекин ҳеч нима топа олишмади.

Уч соатлардан кейин камерага фуқаро кийимидаги бир кимса кириб, ўзини терговчи деб таништирди, аммо исмини ва фамилиясини айтмади. Уни нималардадир айбланаётган ҳуқуқ ҳимоячининг ҳужжатлари ва мобил телефони қизиқтирарди: терговчи уларни текшириш билан анча вақтгача овора бўлиб қолди. Шундан сўнг бу шахс Хусаинов билан суҳбат чоғида турли саволларни берди, бу саволлар унинг қўлга олиниши билан боғлиқ бўлмай, балки унинг умумий фаолияти билан боғлиқ эди.

Суҳбат якунида Хусаинов ундан пора таъма қилишганини айтди, аммо терговчи бу гапга эътибор бермади. Шунда ҳуқуқ ҳимоячи унинг қоидани бузгани ҳақида чегарачиларда видео ёзуви бўлиши кераклигини айтди, чунки у турган навбатга кузатув камераси қаратилган эди. Терговчи чиқиб кетди ва 20-30 дақиқадан сўнг қайтиб келиб, “унга видеони кўрсатишмаганини” билдирди. Шу билан чиқиб кетди.

Бир оздан сўнг чегарачи келиб, Хусаинов қўйиб юборилишини айтди, бунинг учун у пулларини санаб, нарсаларини текшириши ва журналда ҳеч нима йўқолмагани ҳақида ёзув қолдириши кераклиги айтди. Аммо ҳуқуқ ҳимоячи журналга керакли ёзувларни ёзиб бўлганидан сўнг қўйиб юбормасдан, бошқа хонага олиб ўтишди ва яна бир оз вақт ушлаб туришди. Шундан сўнг соқчилар кузатуви остида чегарчиларнинг машинасига ўтқазишди. Хусаинов чегара ва божхона назоратидан ўтмаганини айтганида, унга “ҳаммасини ўзлари ўтказишини, у индамай жим ўтириши кераклигини” уқтиришди.

Ҳуқуқ ҳимоячини Зангиота тумани ИИБга олиб келишди. Бу ердаги эшиги рақам билан белгиланмаган хонада бир соат ўтиргач, унинг олдига милиция майори келиб (ўзини таништирмади), Хусаинов ишининг материалларини қабул қилиб олганини айтди.

“Мен ундан қанақа иш деб суриштира бошладим, мени бу иш билан таништиришмаганини айтдим, бунга жавобан майор тушунарсиз қилиб “чегарачилар кўп хато билан ёзганини, шунинг учун паспортимни олиб қолишини” айтди. Кейин паспортимни олиб қолиш ҳақидаги баённомага имзо чекдим, унда ёзилган ўзбек тилидаги матнни тахминан қуйидагича тушундим: “Ушбу фуқаро қозоқ-ўзбек чегарасини кесиб ўтиш қоидасини бузган”, - деб бошидан ўтганларини ҳикоя қилади Хусаинов.

- Ва ниҳоят у мени қўйиб юборди, суҳбат якунида менга бир неча кун ичида қўнғироқ қилиб, ишим қандай кетаётганидан хабардор қилишини айтди. Бу қанақа иш, маъмурийми ёки жиноийми, қайси модда бўйича, хуллас, ҳеч нимани била олмадим. Ҳатто паспортимга чегарадан ўтганим ҳақида штамп қўйилган-қўйилмаганини ҳам билмайман, энди мени чегарадан ноқонуний тарзда ўтишда айблашлари ҳам мумкин”.


Тиниб-тинчимас Владимир Хусаинов

Ҳуқуқ ҳимоячининг айтишича, у олдинроқ, октябрда ва ноябрь бошида ҳам Қозоғистонга чиққан эди. Қайтаётганида ҳар сафар уни формасиз шахслар ушлаб қолиб, суҳбатга тортишган ва “ҳамкорлик қилишни” таклиф қилишганди.

Умуман олганда, Хусаинов билан ҳеч қандай ғайриоддий воқеа рўй бергани йўқ, чунки ўзбек чегара пунктларида бунақа ҳодисалар одатий ҳисобланади. Чегара ва божхона текширувидан ўтаётган ҳар бир шахс узундан-узун, сунъий уюштирилган навбатда туриши керак бўлади, “махсус одамлар” шошилганларга пора эвазига ўтишда “ёрдам бериш” таклиф қиладилар. Бирор киши норозилик билдирадиган бўлса, уни панжара ортига ташлайдилар ва бир неча соат ўтганидан сўнг тинчиган “ғаламис”ни қўйиб юборишади.

Аммо бу воқеанинг ўзбек махсус хизматлари томонидан анчадан бери кузатув остига олинган ва етарли даражада таниқли ҳуқуқ ҳимоячи билан юз бергани бошқа масала. Балки, айнан шунинг учун ҳам у “бемаъни” саволлар бермаслиги керак эди: мана, бемаврид саволи туфайли унга қарши иш қўзғатилди.

Владимир Хусаинов 2009 йилдан бери инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан фаол шуғулланиб келади. Сўнгги икки-уч йилда у маҳбуслар ва уларнинг қариндошларига ёрдам беришни бошлади. Шу билан бирга, у ўзбек расмийларидан жабр кўрган бошқа жабрланувчиларга ҳам ёрдам бериш ниятидан воз кечмаган.

“Менинг тамойилим – шовқин кўтармасдан ишни битириш ва расмийларнинг жиғига тегмаслик, - дейди ҳуқуқ ҳимоячи. – Шов-шув кўтаришдан кимга фойда? Ишларни шундоқ ҳам тинч йўл билан ҳал қилиш мумкин. Биз оддий юртда яшаймиз – ими-жимида мозорга жўнатиб юборишлари мумкин”.

Ҳозирча уни мозорга жўнатишгани йўқ. Аммо Ўзбекистон фуқаросининг паспортига қўйиладиган, чет элга чиқиш ҳуқуқини берадиган стикер - “чиқиш визасини” бир неча йилдан бери беришмаяпти …

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама