20:56 msk, 24 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ўктам Пардаев – ҳимояга муҳтож навбатдаги ҳуқуқ ҳимоячи

25.11.2015 08:47 msk

Фарғона

Баъзи содда одамлар Ўзбекистонда йигирма бир йил бери қамоқда ўтирган таниқли сиёсатчи Мурод Жўраев ваниҳоят озод қилинганида, бу воқеани ўзининг доимий танқидчи ва мухолифатчиларини биттама-битта йўқ қилиб келаётган Ислом Каримов режимининг заифлашганига ишора деб тушунган бўлишлари мумкин. Ушбу хушхабардан бир неча кун ўтгач эса қайғули ҳодиса юз берди: ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаев ҳибсга олинди. Бугун уни анъанавий тарзда “товламачилик” ва “фирибгарлик”да айблашмоқда. Хўш, бу одам Ўзбекистон расмийларининг қайси ярасига туз сепиб қўйди экан?

Ўн йил олдин

Ўктам Пардаев 1978 йилда туғилган. 2004 йилда отаси – ҳуқуқ ҳимоячиси Пўлат Пардаев вафотидан сўнг расмийлардан жабр кўрганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни бошлади. Давлат органларига шикоят ёзишда фуқароларга ёрдам берди, қамоқхоналардаги қийноқлар, пахта терими пайтида болаларнинг мажбурий меҳнати ҳақида ёзди.

Ўктам Пардаевнинг исми оммавий ахборот воситаларида илк бор 2005 йилнинг май ойида пайдо бўлди. Ўшанда Жиззах шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари “Андижон воқеалари” бошқа вилоятда ҳам такрорланишидан хавфсираб, уни “суҳбатга” чақиришган эди. “Жиззах ҳокимининг маслаҳатчиси Маматқул Иномов менга таҳдид қилди, агар пикетчиларга қўшилсам, ҳаётим барбод бўлишини айтди. Ўзингни, оилангни ўйла, деди, - деган эди ўшанда Ўктам. – Нақ бир соат бошимни қотиришди, айниқса Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатнинг Ғарбдан ёрдам кутиши бефойдалигини уқтиришди. Жумладан, Маматқул Иномов менга: “Ғарблик дипломатларга ишонма! Улар Ўзбекистонда фуқаролар урушини бошламоқчи” – деб айтганди.

Шуни айтиш жоизки, Ўктам Пардаев ҳеч қанақанги митинг, пикет ёки норозилик акциясини уюштирмаган. Аксинча, бир ҳафтадан сўнг у ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари “халқ оммаси” томонидан жисмоний тажовузга учради. Шаҳар бозорқўми етакчилигида ўнлаб одамлар Пардаевнинг уйига бостириб кириб, “сен ваҳҳобийсан! Сен террористсан! Сенга кўрсатиб қўямиз!” деб бақириб, дўппослай бошладилар ва ҳатто шаҳардан қувғин қиламиз, деб қўрқитишди.

Ўша йилларда Ўктам Пардаев “Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти”нинг вилоят бўлимига раҳбар этиб тайинланди.


Ўктам Пардаев

“Янги давр”

Ўн йил давомида Ўктам Пардаевнинг фаолияти маҳаллий расмийларнинг асабини ўйнатди. Улар ўзбошимча активистга қарши курашда очиқ зўравонликдан воз кечиб, бошқа “қонуний” йўлларини излаб топишда давом этишди.

2011 йилнинг ноябр ойида Пардаев Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддаси (“Ҳақорат қилиш”) бўйича айбдор деб топилиб, бир миллион сўм жаримага тортилганди (ўша пайтдаги расмий курс бўйича $500 атрофида). 2012 йилнинг октябр ойида Пардаев 183 – “Майда безорилик” ва 195 – “Милиция ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш” моддалари бўйича 15 сутка маъмурий қамоққа олинди. 2013 йилнинг январь ойида Жиззах шаҳар суди 52 – “Енгил тан жароҳати етказиш” моддаси бўйича Пардаевга 125.840 сўм жарима солди.

Пардаевнинг айтишича, унга қарши очилган барча маъмурий ишлар сохталаштирилган бўлиб, бунда участка милиционери Ҳусан Хўжақулов билан милиция ва шаҳар маъмуриятининг бир нечта ходими иштирок этган.

2015 йилнинг январида ҳуқуқ ҳимоячига қарши босим кучайди. Пардаев ўзининг ҳаёти жиддий хавф остида қолгани ҳақида мамлакатдаги ва чет элдаги ҳамкасбларига бир неча бор билдириб келган. Пардаевнинг таъкидлашича, орган ходимлари ундан ҳуқуқий ёрдам сўраган фуқароларни ушлаб олиб, ҳуқуқ ҳимоячига қарши кўрсатма беришга мажбур қилишган.

“Вилоят ички ишлар бошқармаси терроризмга қарши кураш бўлимининг Дилшод исмли ходими танишимни чақиртириб, шундай деган: “Ўктам Пардаев билан яқинлигингни биламиз. Уни жиноят устида қўлга олишда ёрдам бер. Унинг олдига бориб, битта иш борлигини айт, пул таклиф қил. Биз сенга ҳар қандай суммани берамиз, шу тарзда уни қўлга туширамиз”, - деб ёзган эди Пардаев. “Жиззах вилояти ҳокими Сайфутдин Исмоилов Жиззах шаҳри ҳокими Асрор Қобиловга қандай қилиб бўлса ҳам менинг овозимни ўчиришни буйруқ берган. Сайфутдин Исмоилов селектор йиғилишида: “Керак бўлса, чўнтагига наркотик ташлаб қўйинглар”, деган. Бунақа гап икки марта бўлган – 2014 йилнинг январида ва октябрида. Менинг ташкилотимиз аъзолари билан пахта далаларида болалар меҳнати бўйича мониторинг ўтказганимиз вилоят ҳокимининг ғазабини қўзғаган”.

Пардаев бир неча бор “Озодлик” радиосида чиқиб, Ўзбекистонда пахта терими пайтида болаларнинг мажбуран ишлатилаётгани ҳақида гапирган. Ҳуқуқ ҳимоячи томонидан пахта қуллигига оид тўпланган фактлар мамлакат ҳукуматининг мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик тўғрисидаги ваъдаларига қарамай, ўзининг амалга ошираётган ҳаракатлари халқаро пактлар доирасида ўз зиммасига олган мажбуриятлардан кескин фарқ қилаётганининг ёрқин далил бўлиб қолди.

Пардаев ўз хатларида: “Шуни аниқ биламанки, Жиззах вилояти раҳбарияти мени қамоққа тиқмоқчи. Шунинг учун Ўзбекистондаги хорижий элчихоналар ва халқаро ташкилотлардан мени ҳимоя қилишини сўрайман!» - деб ўтинган эди.


Ўктам Пардаев

“Дело” қандай сохталаштирилмоқда

16 ноябрда Ўктам Пардаевнинг уйида тинтув ўтказилиб, ҳужжатлар, компьютер, фотоаппарат ва бошқа буюмлар мусодара қилинди, унинг ўзи эса Жиззах вилояти Дўстлик туманининг ички ишлар бошқармасига олиб келинди.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи (ЎМҲҲТГ) раиси Сурат Икромовнинг маълум қилишича, ЎМҲҲТГ томонидан Ўктам Пардаевга адвокат этиб ёлланган Дилмурод Аҳмедов мижози олдига кириб кўришиш учун ҳуқуқбон қўлга олинганидан тўрт кун ўтгандан кейин, яъни 20 ноябрда рухсат олган. ЎМИҲҲТГ раиси тергов нимадан бошлангани, бунга нималар асос бўлгани ва Пардаев нимада айбланаётганини суриштириб билди.

“Тўрт ой олдин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳеч қаерда ишламайдиган Рухия Боитова исмли аёл товламачилик ва фирибгарликда айбланиб қўлга олинган. У Ўктам Пардаев билан таниш бўлган, аммо сўнгги уч йил ичида у билан кўришмаган, - дейди С.Икромов. – Терговда уни Пардаевга қарши кўрсатма беришга мажбур қилишган. Натижада бу аёл Пардаев ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқаролардан тўққизта ҳолат бўйича жами 4 млн сўмдан ($700) ортиқ пул олганини тўғрисида сохта кўрсатма берган. Аммо Пардаев пул олганини тасдиқловчи бирорта далил тақдим этилмаган. Шунда Боитова ўз кўрсатмаларини ўзгартириб, пулларни Пардаевнинг турмуш ўртоғи Замирага берганини айтган. Энди участка милиционери билан терговчилар Замиранинг Пахтакор туманида яшайдиган ота-онасига босим ўтказиб, жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилишмоқда”.

Афтидан, расмийлар танқидчисини қамоққа тиқиш учун учун ҳеч нарсадан қайтмаслик ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига урфга кириб қолганга ўхшаб қолган. Тергов материалларини бузиб кўрсатиш, “жабрланганлар”нинг қалбаки иқрорлари, очиқдан-очиқ сохтакорлик – ўзбек милициясининг анъанавий ишлаш услубига айланган.

“Жиззах вилояти ҳокими Сайфутдин Исмоилов Ўктам Пардаевни “халқ душмани ва Американинг кўппаги” деган, Жиззах шаҳри ҳокими Асрор Қобилов эса ҳуқуқ ҳимоячи “Озодлик” радиосида чиққанидан кейин унинг овозини ўчиришни ёки ёнига наркотик ташлаб қўйиб, қамоққа тиқишни буюрган”, - дейди Сурат Икромов.

Гап фақат пахтада эмас

“Фарғона” маълумотига кўра, Ўктам Пардаевнинг ҳибсга олинишига фақатгина пахта кампаниясининг мониторинги сабаб бўлмаган. Ҳуқуқ ҳимоячи ҳибсга олинишдан олдин, сентябрь бошидан бери Жиззах вилояти Пахтакор туманида истиқомат қилиб келган бир гуруҳ ёшларнинг “сирли” йўқолиб қолиши билан шуғулланган. Йигитларни қирқ кун қидиришган. Кейинроқ топилган гувоҳларнинг айтишича, бу йигитлар ўтирган автомобиль ниқобли одамлар томонидан йўл четига суриб тақалган ҳамда машинадан чиқарилиб, бошларига қоп кийгизилган ҳолда олиб кетилган, машина эса ёқиб юборилган. Пировардида, қариндошлар йигитларни тергов изоляторидан топдилар ва уларнинг даҳшатли қийноққа солингани ва шавқатсиз равишда калтакланганини кўрдилар.

Ўшанда Ўктам Пардаев ҳибсга олинган йигитлар тўғрисида маълумот тўплаш билан шуғулланган. Уларнинг ота-оналари ва қариндошлари билан суҳбатлашган ва ғалати нарсаларни эшитган. Масалан, йигитлар ҳибсга олинганидан кейин уларнинг номидан Қозоғистонга тегишли телефон рақамларидан қуйидагича мазмундаги смс хабарлари келган: “Бизни кечиринглар, жиҳодга кетдик. Биз Қозоғистондамиз”.

Ўзбекистонда ҳар қандай одамни ваҳҳобийликда, жиҳодчиликда, экстремизмда ва ҳатто давлат тузумини ағдаришга уринишда айблаш янгилик эмас. Мамлакатда юзлаб ва минглаб одамлар жазога ҳукм қилинган стандарт айбловларга охирги ойларда янги айблов қўшилди: ҳозирда “урфга кирган” “Исломий давлат”ни (ИШИД, ИД) қўллаб-қувватлаш.

“Бутун Ўзбекистон бўйлаб “жиҳодчи-ИШИДчилар”ни овлаш кампанияси кетмоқда. Фарғона водийсида оммавий ҳибсга олишмоқда, Тошкентда 150 дан ортиқ кишини ҳибсга олишди. Ҳар куни “ИШИД байроғи топилди”, “ИШИДга қўшилишга чақирадиган варақалар топилди” каби хабарлар тарқатилмоқда, - дейди собиқ журналист, ҳозир Канададаги сиёсий муҳожир Улуғбек Ҳайдаров. – Шундай воқеалар бўлиб турган бир пайтда, Жиззахнинг катталари ҳам ҳамкасбларидан қолишмасликка ҳаракат қилишмоқда. Уларга тезлик билан “жиҳодчилар”ни топиб зарарсизлантириш буюрилган бўлиши ҳам мумкин. Мана топишди. Менимча, тез орада Жиззахда ИШИД гуруҳи қўлга олинганини расман эълон қилишса керак”.

Расмийларнинг мантиғи оддий ва тушунарли. “Диний экстремистлар”ни топиш режасини бажариш учун айбсиз одамни топиб, сохта ишни ёпиштириш керак, кейин дарҳол жиноятни фош қилиш керак. Яна битта масала: анави ўралашиб юрган ҳуқуқ ҳимоячининг овозини ўчириш керак, акс ҳолда ноўрин гапларни гапириб юбориши, масалан, девор ортидаги қийноқлар ёки “гувоҳлар”нинг кўрсатмаларидаги ўхшамаган жойларини очиб қўйиши мумкин. Шунақанги кераксиз ва зараркунанда ҳуқуқ ҳимоячи яна Ўктам Пардаев бўлиб чиқди, у азалдан жиззахлик орган ходимларининг жиғига тегиб юрган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячи ҳимояга муҳтож

Бугунги кунда Ўктам Пардаев сохталаштирилган жиноят иши бўйича айбдор деб топилиши ва қамалиб кетиши мумин. Ҳозирча унинг иши бўйича фақат Front Line Defenders жамғармаси ва халқаро Amnesty International ташкилоти ўз муносабатини изҳор этдилар. Amnesty International ҳуқуқ ҳимоячисини қўллаб-қувватлаш учун Тезкор ёрдам акциясини эълон қилди. Халқаро Амнистияга кўра, Пардаевнинг ҳибсга олиниши ўзбек расмийлари томонидан кўп йиллардан бери амалга ошириб келинаётган фуқаролик жамияти фаолларини таъқиб қилиш кампаниясининг бир қисми бўлиб қолмоқда ва Ўзбекистон ҳукуматидан сиёсий характерга эга бу таъқибни тўхтатишни талаб қилишга чақирмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама