22:58 msk, 24 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Жаҳон банки Ўзбекистон расмийлари мажбурий меҳнатдан фойдаланаётганига ишонмаяпти

24.11.2015 18:32 msk

Фарғона

Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан системали фойдаланиш ҳолатлари қайд этилмаган, бироқ бу бунақа ишлар мамлакатда бутунлай мавжуд эмас дея таъкидлашга ўрин йўқ. Жаҳон банки (Tne World Bank) ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Ўзбекистонда 2015 йилда пахта терими давомида болалр ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш мониторинги натижаси бўйирча 20 ноябрь куни эълон қилган маърузасини ўқиб, шунақа хулосага келиш мумкин.

Мониторинг 2015 йил 14 сентябрдан 31 октябрга қадар Ўзбекистоннинг ўнта вилоятида: Қорақалпоғистон Республикасида, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент, Наманган, Андижон ва Фарғонада ўтказилди. Вилоятларнинг ҳар бирида ишлаган гуруҳ таркибига киритилган ХМТдан бир кузатувчи, Меҳнат вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси, савдо-саноат-палатаси, Аёллар қўмитаси ҳамда рўйхатга олинган нодавлат ташкилотларининг биридан жами бешта вакиллари қатнашдилар. Улар жами 1100 та участкани, шу жумладан, 254 та пахта даласини бориб кўрдилар, 9620 та интервью ўтказдилар.

Гуруҳ далаларда фермерлар, бригадирлар, пахта теримчилари ва учраб қолганда болалар билан; таълим муассасаларида – директорлар, ўқитувчлар, техперсонал ва талабалар билан; медицина муассасаларида – раҳбарлар, тиббий ва нотиббий персонал билан, корхоналарда – директорлар ва ходимлар билан суҳбат ўтказиб, анкеталарни тўлдирдилар. Бундан ташқари, кузатувчилар МФЙ раислари, ҳокимлар, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларининг мутасаддилари, Ўзбекистон Фермерлар кенгаши ва “Камолот” ёшлар ташкилотининг вакиллари билан мулоқотда бўлдилар.

Жаҳон банки ва ХМТ суҳбатга жалб этилган респондентлар кузатувчилар гуруҳининг расмий кўринишдан бир оз ҳайиққанларини ва шунинг учун ҳам суҳбат давомида ўйланиб гапирганларини тан олди. “ХМТ тажрибасидан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш жоизки, бунақа интервьюларда одатда ҳеч ким ҳеч қачон меҳнатга мажбурланаётганини тан олмайди, - дейилади маърузада. – Баъзилар айтган гапларидан қайтдилар, бошқалар эса жавобларини асослаб беришда қийналдилар ёки истамадилар. Респондентлар ўзларининг шунақа вазиятга тушиб қолганини, яъни мажбурй меҳнатга жалб этилганини тан олишдан кўра, бошқа одамлар бошидан кечирганлари ҳақида гапиришга кўпроқ истак билдирар эдилар”.

Мониторинг гуруҳлари таълим, медицина соҳасида ёки корхоналарда ишлайдиган айрим суҳбатдошлардан бу одамларни мажбуран пахта теримига жўнатилгани ёки улардан далага чиқмаслик эвазига пул талаб қилингани, шунингдек, ўз ихтиёрларига зид равишда пахта теримига чиқиш таклиф этилган ҳамкасбларини билишлари тўғрисида жавоблар олинди.

Кузатувчилар “баъзи ҳолатларда” мажбурий меҳнат кўрсаткичларини тасдиқлайдиган фактларни, яъни ҳаддан зиёд малол келувчи белгиланган вақтдан ташқари ишлатиш, таҳқиромуз ҳаёт ва меҳнат шароитлари, пахта теримида қатнашмаслик эвазига тўлов ундиришларни қайд этдилар.

“Ушбу кўрсаткичлар ва жавоблар мажбурий меҳнатнинг мавжудлигини ўз-ўзидан белгилаб бермайди, бироқ улар теримчиларнинг чиндан ҳам пахта ҳосилини йиғиштириб олишда иштирок этишга тайёрликлари бўйича саволларни кўтаради. Улар пахта теримига уюштирилган ҳолда одам ёллаш билан боғлиқ мажбурий меҳнат таҳликасини намойиш этади”, - дейилади ЖБ ва ХМТнинг қўшма маърузасида.

Умуман олганда, мониторинг Жаҳон банки лойиҳаларининг бенефициарлари пахта терими кампанияси давомида болалар ёки мажбурий меҳнатдан фойдаланаётгани тўғрисидаги ишончли маълумотларни тақдим эта олмади. Ушбу баёнот кузатувчилар томонидан ишлаб чиқилган маълумотларни таҳлил қилиш предмети бўлиб қолади, бироқ ХМТ фикрича, бу хулоса ўзгармай қолиши мумкин, дейилади маърузада. Шунга қарамай, мажбурий меҳнат таҳликаси ҳақида гапира туриб, ХМТ суҳбатга тортилган одамларнинг самимийлар даражаси, университет ва коллежлар талабалариниг кўнгилли бўлиб пахта теримида иштирок этишлари тўғрисидаги иддаоларининг ҳаққонийлиги ҳамда мактабларда давомат журналларини юритадиган ходимларнинг ростгўйлиги даражаси борасида ташвиш билдирмоқда. ХМТ ва ЖБ Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ХМТ мониторинги давомида қайд этилганига нисбатан анча кенгроқ тарқалгани тўғрисида билдириб келаётган бошқа манбалардан олинган маълумотларни ҳам ўрганиб чиқиш ниятини маълум қилди.

Мисол учун, маърузада қайд этилишича, муқобил манбаларнинг хабарлари ЖБ ва ХМТ мониторинг гуруҳларининг университетлар ва коллежларнинг 18 ёш ва ундан юқори талабаларини оммавий тарзда ёллаш одатий ҳолга айланиб қолгани, мазкур таълим муассасалари пахта терими кампанияси давомида деярли ишламагани тўғрисидаги хулосалари билан мос келади. Мазкур манбаларнинг таъкидлашича, пахта теримига қўшилиш тўғрисидаги илтимослар битилган мактубларга қарамай, талабаларни пахтага сафарбар қилиш аслида кўнгилли бўлмаган. Ўша манбаларнинг таъкидлашича, “Камолот” ёшлар ташкилоти ҳамда олий таълим муассасалари ва коллежлар раҳбарияти тил бириктириб, талабаларни имтиҳон сессиясияларида йиқитиш билан қўрқитиш эвазига пахта ҳосилини териб олишга жалб қилишда шерик бўлганлар.

Жаҳон банки маърузасининг инглиз тилидаги тўлиқ матни билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ушбу маъруза эълон қилинишидан олдин, 19 ноябрь куни 38 та халқаро ташкилот, шу жумладан, касаба уюшмалари, ҳуқуқ ҳимоячилар, бизнес уюшмалари ва инвесторларни ўз таркибида бирлаштирувчи Cotton Campaign ( “Пахта кампанияси”) Жаҳон Банкига мактуб йўллаб, Ўзбекистон расмийлари мажбурий меҳнатдан фойдаланишни тўхтатмагунларига қадар бу мамлакатга кредит ажратишни тўхтатишга чақирдилар. Мактубда, хусусан, Ўзбекистон ҳукумати мажбурий ва болалар меҳнатини тақиқловчи қонунларга риоя қилишни таъминлаш бўйича зиммасига олган мажбуриятларни бажармаётгани; фермерлар пахта етиштириш ва давлатга топшириш бўйича режаларни бажаришга мажбурланаётгани; туман ва вилоят ҳокимлари буйруғи билан ўқитувчилар, ҳамширалар, шифокорлар ҳамда давлат секторининг бошқа ходимларини, шунингдек, талабаларни ўқишдан ҳайдаш билан қўрқитиб, ҳар йили пахта теримига сафарбар қилаётганлари; мажбурий меҳнат ҳолатларини қайд этиб ҳужжатлаштираётган ҳуқуқ ҳимоячилар расмийлар томонидан таъқиб этилиб, қамалаётгани гапирилган.

Жаҳон банки 2014 йил июнида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги секторига 410 млн доллар атрофида инвестиция кирита туриб, лойиҳалар амалга оширилаётган ҳудудларда мажбурий меҳнат ҳолатлари мавжудлиги аниқланса, шартномани бекор қилишга ваъда берган эди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама