11:48 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Мухолифатчи Тожибой-ўғлига сиёсий партия тузишга рухсат берилдими?

24.11.2015 08:46 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистон президентлигига ўз номзодини қўйиш ҳаракатлари билан танилган тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдулло Тожибой-ўғли Адлия вазирлигидан хат олди. Унга кўра, бу хат ўз сиёсий партиясини тузиш учун “яшил чироқ” вазифасини ўтайди. Бундай бахтга ишонқирамай, мухолифатчи ўттизтача ташкилотга хат юбориб, уларнинг ходимлари орасида қонун доирасидаги тарғибот-ташвиқот ишларини бошлашини билдирди. Улардан келган жавоб ҳам эсанкиратиб қўйди: бу ташкилотлар раҳбарлари тўсқинлик қилмасликларини билдирибгина қолмай, бу ташаббусни олқишлашган ҳам. Аммо ҳозирча Тожибой-ўғли янги мухолиф партия ташкил қилиш учун имзо йиғишдек қалтис ишга қўл урмаяпти.

Адлия вазирлигининг хати нимага керак

Тожибой-ўғлига (расмий фамилияси Мирсоатов) Адлия вазирлигидан қандайдир хат керак бўлганига кўпчилик ҳайрон қолиши мумкин. Чунки Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисидаги” қонунига кўра, партия тузиш учун ҳеч қандай махсус рухсат талаб қилинмайди. Биринчи босқичда йиғилиш ўтказиб, ташаббус гуруҳи тузилса бас. Кейин шу гуруҳ ёрдамида керакли тарғибот ишларини юрғизиб, янги партияни қўллаб-қувватлашга имзо йиғиш мумкин. Етарлича имзо йиғилса, партияни рўйхатдан ўтказиш юзасидан Адлия вазирлигига ариза топшириш мумкин.

Аммо ҳаммаси ҳам унчалик осонмас. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ташаббус гуруҳини йиғиш ёки тарғибот юритганлик учун қонун бўйича жазо олиш ҳеч гап эмас. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш” номли 201-моддасида бунинг жазоси анчайин қатъий – энг кам иш ҳақининг 100 бараваригача жарима ёки 15 суткалик қамоқ. Ҳозирга пайтда Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнаётганлиги ҳақидаги расмий образга мос тушмайдиган ишлар қилаётган ҳар қандай фуқаро шу модда бўйича жавобгарликка тортилмоқда. Шу сабабли, мухолиф сиёсий партия тузиш режаси ушалмаган орзулигича қолиб кетиши мумкин.

Элликка яқин якка пикет ўтказгани учун 201-модда бўйича тўлаган жарималари рекорд суммага етган Тожибой-ўғли буни яхши билади. Аммо у сиёсий партия тузишга қатъий қарор қилгани учун (2008 йилнинг декабрида “Ўзбекистон президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар киритилган, унга кўра фақат сиёсий партияларгина президентликка номзод кўрсатиши мумкин) ўз мақсадидан қайтгани йўқ. Ўзини янги жарималардан ҳимоя қилиш мақсадида ўтган йилнинг апрел ойидаёқ партия тузишга рухсат сўраб, давлат раҳбариятига мурожаат қилган.

Олдинроқ “Фарғона” Тожибой ўғлининг бу ишлари ҳақида ёзганди. Давлат раҳбариятидан жавоб келмади, шунда Тожибой-ўғли ўша йилнинг сентябр ойидаёқ Олий судга мурожаат қилди. Олий суд хатни Адлия вазирлигига йўналтирди. Адлия вазирлигидан ҳеч қандай жавоб келмагач, мухолифатчи вазирлик билан судлашмоқчи ҳам бўлди. Лекин судлашиш амалга ошмади, натижада Тожибой-ўғли декабр ойида Олий судга шикоят ёзди, суд эса шикоятни яна Адлия вазирлигига йўналтирди, шундан сўнг бошқа янгилик бўлмади.

Адлия вазирлигидан жавоб келди!

Бундай вазиятда Адлия вазирлигидан келган ҳар қандай жавобни ҳам ғалаба деб қабул қилиш мумкин эди. Ва ниҳоят, шундай жавоб келди ҳам. Бунинг устига жавоб кескин раддия шаклида эмас, балки мулойим тарзда, баъзи жойлари ҳатто хайриҳоҳлик билан ёзилган эди. Адлия вазирлиги бошқармаси бошлиғи Х.Мелиев қисқа тарзда шуни билдирганки, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сонли қарорига кўра, партиялар “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунга кўра рўйхатдан ўтказилади. Рўйхатдан ўтиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорда тўлов тўлаш керак.


Адлия вазирлигидан келган жавобни Абдулло Тожибой-ўғли тақдир инъоми сифатида қабул қилди

Мулоҳаза юритиб кўрилса, бу хатда ҳеч қандай янгилик йўқ, унда қонунларга ҳавола берилган холос. Аммо Тожибой-ўғли учун бу хатни олишнинг ўзи тақдир инъомидек гап. Бу хатни партия ташкил қилишга расмий рухсатнома деса ҳам бўлади, қолаверса тарғибот ишлари бошлаб юборилганида мухолифатчини 201-моддага кўра жавобгарликка тортмоқчи бўлишса, уни оқлайдиган ҳужжат сифатида ишлатиш мумкин.

Аммо бу борада аччиқ тажрибага эга Тожибой-ўғли аввал бу ҳужжатнинг кучини синаб кўрмоқчи бўлди. Энг йирик ўттизтача ташкилот – компания, қўмита ва банкларни танлаб, уларнинг раҳбариятига янги партия ташкил этилганлиги ҳақида билдиришнома юборди.

Бу билдиришномада у Адлия вазирлигининг хатини тилга олиб ўтди ва ўзининг сиёсий дастури билан таништирди. Бу дастурда Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши билан бирга, иқтисодиётнинг юксалиши, чиқиш визасининг бекор қилиниши, маҳаллий иқтисодиётга инвестиция киритадиган фуқароларнинг ҳимоя остида бўлиши ваъда қилинган. Бу хатда "Ўзбекистонда ҳалол ва адолатли сайловлар учун" партияси ташкил этилаётгани ҳақида ходимларни хабардор қилиш, уни қўллаб-қувватлаш учун тегишли бланкаларни тўлдиришга рухсат бериш ва ташкилотнинг раҳбарияти “ходимларга сиёсий майдонда ўз кучларини синаб кўриш ва сиёсий карьера қилиш имконини беришига” умид билдирилган.

Тошкентлик мухолифатчининг “юлдузли онлари”

Тожибой-ўғли Адлия вазирлигининг хатини май ойида олган, билдиришномани эса июнь ойининг бошларида жўнатган. Бутун ёз давомида ташкилотлардан жавоб кутди. Унинг сўзларига кўра, ҳамма ҳам жавоб бермади. Масалан, “Ўзбектелеком” таркибидаги компаниялар, “ЛУКОЙЛ”, бир нечта тижорат банклари, Олимпия қўмитаси ва бошқа ташкилотлар унинг билдиришномасини жавобсиз қолдиришди. Аммо аксарият ташкилотлар жавоб жўнатди, ҳатто республика Солиқ қўмитасидан ҳам жавоб келди. Қолаверса, бу хатларнинг ҳаммаси ижобий мазмунда битилган.

Тожибой-ўғли бизга жавобларниг бир нечтаси кўрсатди. Мана масалан, Тошкент метрополитенининг ижтимоий ривожланиш бўлими бошлиғи З.Турсунбеков имзолаган хат. Унда айтилишича, Тожибой-ўғлининг билдиришномаси метрополитен ходимлари билан муҳокама қилинган, сўраганларга унинг телефон рақами берилган. Хат якунида партия ташкил қилишда омад тиланган.


Тошкент метрополитенининг жавоби: ҳаммага айтилди, муҳокама қилинди, телефон рақами берилди. Омад тилаймиз.

Ёки мана бу хат, “Ипак Йўли” акционерлик инновацион тижорат банкининг раиси вазифасини бажарувчи А.Мирзаевдан келган. Унинг айтишича, янги партия ташкил этилгани ҳақида барча ходимлар хабардор қилинган. Тегишли бланкалар ҳақида ҳам билдирилиб, партия ташкилотчисининг алоқа координатлари берилган.


“Ипак Йўли” банкининг жавоби: ходимларга билдирилди, истаганлар қўнғироқ қилади.

- Бу хатларни ўқиб, ўзимни дунёдаги энг бахтиёр одамдек ҳис қилдим, - дейди Абдулло ака. – Наҳотки тепадагилар менга партия ташкил қилишга рухсат беришди, наҳотки менда Ўзбекистон президенти бўлишнинг росмана имконияти туғилди?

Остонадан қайтаришди

Бу масалага қизиқиш билдириб ҳеч кимнинг қўнғироқ қилмаётгани Тожибой-ўғлини ташвишга солди. Ахир жавобларда айтилишича, ходимларга унинг телефон рақами берилган эди-да! Бир неча ҳафта кутгач, тарғиботни шахсан ўзи юритишга аҳд қилган мухолифатчи метронинг “Бунёдкор” (собиқ “Халқлар дўстлиги”) бекати томон йўл олди. Бу ерда Тошкент метрополитенининг идораси жойлашган.

- Кириш жойидан мен ижтимоий ривожланиш бўлими бошлиғига ички телефондан қўнғироқ қилдим, - дейди Абдулло ака. – У ҳозир директорнинг хонасига кетаётганини билдирди, кейин албатта ёнимга чиқишини айтди. Йигирма дақиқадан кейин қайта қўнғироқ қилсам, бир аёл киши жавоб бериб, бошлиқ чиқиб кетганини айтди. Қирқ дақиқалардан кейин яна қўнғироқ қилдим, аммо гўшакни ҳеч ким кўтармади...

Кириш жойида бир соатдан ортиқ вақтини зое кеткизган Тожибой-ўғли шаҳар марказига, “Ипак Йўли” банкининг офисига йўл олди. Кириш жойидан раис вазифасини бажарувчига қўнғироқ қилди, аммо у жойида йўқ экан. Раис ўринбосари жойида экан, у раис келиши билан мухолифатчининг ходимлар ўртасида тарғибот юритиш истагини унга етказишини, кейин албатта қўнғироқ қилишини билдирди. Аммо шу билан қўнғироқ қилмади.

- Шундан сўнг дарров осмондан ерга тушдим, - дейди Тожибой-ўғли. – Менга ижобий хат ёзган бошлиқлар кейинчалик мен ҳақимда суриштириб кўрган. Тепадагилар эса уларга босим ўтказиб, менга ёрдам бермасликни уқтирган.

Абдулло Тоджибой-угли
Абдулло Тожибой-ўғли
- Абдулла ака, сиз ўша ташкилотларга ёки бошқаларига яна бориб кўрмадингизми – деб сўрайман Абдулло Тожибой-ўғлидан.

- Йўқ, бошқа ҳеч қаерга бормадим, қўнғироқ ҳам қилмадим. Бунинг фойдаси йўқ. Бу ташкилотлар раҳбарларининг айтишича, менинг координатларимни ходимларга беришган. Энди уларда жавоб ҳам тайёр: “Сизнинг ўрнингизга биз тарғибот юритдик. Ходимлар сиз билан боғланмаганини ўзларидан сўрайсиз. Ўзингиз шахсан ташкилотга келиб юрманг, ишга халақит берасиз.” Қисқаси, шарманда бўлиб, бунақа жавобларни эшитиб ўтиргим келмади.

- Хўп, бошқа ташкилотлар-чи? Баъзиларининг жавоб хатида ёзишича, ходимларга рақамингизни беришмаган. Ўша ташкилотларга бориб, партиянгизни тарғиб қилмадингизми?

- Ҳозирги пайтда ҳар қандай ташкилотга кириш учун рухсатнома режими ўрнатилган. Тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, мени ҳеч қаерга киргизишмайди. Ҳаммаси яна такрорланади, бунга шубҳам йўқ.

- Унда балки тарафдорларингиз билан йиғилиш ўтказиш керакдир? Газеталарга эълон бериб, йиғилиш вақти ва жойини кўрсатиш керакдир? Жуда бўлмаса, кўчада тарғибот юритишга нима дейсиз? Ахир Адлия вазирлигининг хати сизга қалқон бўлишини айтдингиз-ку?

- Бу масаланинг юридик томони бор. Ўзбекистонда кўчада ташвиқот юритиш ёки йиғилиш ўтказишни оммавий тадбир ўтказиш деб баҳоланади, бунинг учун шаҳар ҳокимиятидан рухсат олиш керак. Аммо менга шу нарса маълумки, ҳокимият ҳали ҳеч бир ҳуқуқ ҳимоячисига, жумладан менга ҳам, пикет ёки бошқа тадбир ўтказиш ҳақидаги сўровга жавоб бермаган. Бундай рухсатнома бўлмаса, менинг “қалқоним” иш бермайди. Шу сабабли мен шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилишни хаёлимга ҳам келтирмадим. Мен давлат ва хусусий ташкилотларни маъқул кўрдим, чунки уларда йиғилиш ўтказиш учун рухсатнома талаб қилинмайди.

- Демак, ижобий мазмундаги хатлар олганингиз билан, ҳали ҳам сиёсий партия тузиш йўлидаги тўғаноқларни бартараф қила олмадингиз. Балки бунга пулингиз етмаётгандир?

- Ҳақиқатан ҳам пулим йўқ. Қурилишга ихтисослашган фирмам бор эди, уни катталар хонавайрон қилишди. 150 минг сўмлик пенсияга яшайман, шунинг ҳам ярмини давлат жаримани қоплашга олиб қолади. 25 миллион сўмни тўлаб тугатмагунимча олиб қолаверади. Маҳаллий ёки хорижий ташкилотлардан бирон марта ҳам грант олмаганман, олиш ниятим ҳам йўқ. Аммо партия тузишга пул керак эмас. Ҳаммасини ҳисоб-китоб қилганман – минимал харажатлар билан ишни битирса бўлади, буни ёрдамсиз ҳам эплайман. Муаммо бошқа жойда. Ҳозирги сиёсий тизимда демократик ўзгаришлар оғзаки қўллаб-қувватланса ҳам, мавжуд тузум қаттиқ ҳимоя қилинади. Бу тузумда эса мухолиф партияга ўрин йўқ.

- Энди нима қилмоқчисиз?

- Кутаман. Мамлакатдаги вазият яхши томонга ўзгаришини кутаман. Ўзгача фикрлайдиган одамларга эҳтиёж пайдо бўлишини кутаман. Шундай одамларгина мамлакатдаги сиёсий ҳаётга соф ғояларни олиб кира олади ва Ўзбекистонни оғзаки эмас, балки амалда гуллаб-яшнаётган давлатга айлантира олади.

Ўз ахб.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама