21:42 msk, 17 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қовоқ – санъат дурдоналарини яратиш учун хизмат қилганда

22.11.2015 10:36 msk

Виктор Крымзалов

Ўзбекистонлик ўймакорлар ишлаган буюмларнинг донғи бутун дунёга таралган. Улар нақш туширган эшик, шийпонча, хонтахта, парда ва бошқа буюмларни кўплаб мамлакатлардан, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларидан ҳам буюртма қилишади. Аммо яна бир нарсадан кўпчиликнинг хабари йўқ: ёғоч ўймакорлигидан ташқари ўзбек ҳунармандлари қовоқ ўймакорлиги каби нодир технологияни ҳам ўзлаштиришган. Бу технологиянинг муаллифи - икки йил олдин вафот этган тошкентлик ўймакор уста Муҳаррам Иброҳимова. Айни пайтда унинг ишини қизи Муҳайё Ғойипова муваффақиятли давом эттирмоқда. Муҳайё қовоқдан шунақанги чиройли сувенирлар ясайдики, унинг маҳоратига ва асарнинг нафислигига қойил қолмасдан иложи йўқ.

Ва ниҳоят, Муҳайё Ғойипованинг меҳмони бўлиш бизга насиб этди. Биринчи саволимиз, кутилганидек, қовоқдан яратилган бадиий буюмларнинг узоққа чидамаслиги ҳақида бўлди. Бунга Муҳайё кулимсираб жавоб берди.

- Албатта, агар хом қовоққа ишлов берилса, у тезда ёрилиб, бўлиниб кетади, - дейди суҳбатдошимиз, - Лекин биз яхши қуритилган қовоққа махсус технология асосида ишлов берамиз, бу технологияга онам патент ҳам олган эдилар. Натижада, қовоқдан ясалган буюмлар худди ёғоч буюмлар каби сақланади. Агар атайлаб синдирмасангиз, минг йил ҳам тураверади.

Қовоқни камида икки йил қуритиш керак

Муҳайё иш жараёнини бажонидил тушунтириб берди. Уни тинглаб туриб, бу иш осон эмаслигини англадим.

Энг осон босқичи – қовоқни томорқада етиштириш экан. Аммо уни қайси пайтда узиш кераклиги қийинроқ масала – шунақа пайтни танлаш керакки, қовоқ кўм-кўк бўлмаслиги, аммо шу билан бирга ҳали пишиб етилмаган бўлиши керак. Керакли шаклдаги қовоқни танлаб олгач, уни қуритиш учун чердакка чиқариб қўямиз.

Қовоқни муайян ҳароратда камида икки йил давомида қуритиш керак. Бироқ, қоидага қанчалик риоя қилсанг ҳам, қуритилганидан кейин қовоқнинг яроқсиз бўлиб қолиши даражаси юқори: ўртача ҳисобда йигирмата қовоқдан саккизтасигина ишлов беришга яроқли бўлиб чиқади. Қолганлари ёрилиб кетади ёки шакли бузилади.


Муҳаррам Иброҳимова қовоқдан ясалган қутичани кўрсатмоқда

Ёғоч билан солиштирилса, ишлов бериш масаласида қовоқ анча нозик хомашёдир. Муҳайё қуритилган қовоқларни исканжада қотирмайди, чунки улар осонгина синиши мумкин. Уларга ишлов беришда маҳкам ушлаш учун ҳар гал турлича усулларни ўйлаб топади. Аввал қалам билан нақш гулини чизиб олади, кейин ўймакорлик асбобини қўлга олади. Бу асбобларнинг йигирмадан ортиқ тури мавжуд. Қовоққа ишлов бериб, уни вазага, идишга ёки чироққа айлантиргач, сайқал бериб, лак билан бўяш мумкин. Бунинг учун албатта, қовоқ тешилмаслиги керак. Ўймакорлик асбобини болғача билан сал қаттиқроқ уриб юборсангиз бас, қовоқ тешилади-қолади.

Қунт ва сабр-тоқатсиз иш битмайди

Аммо буюмни янада оригинал қилиб ясаш учун Муҳайё баъзида қовоқни атайлаб тешиб қўяди. Бу ҳолда нақшдан ташқари қовоқда жимжимадор туйнук ҳам ҳосил бўлади, шу туйнукдан қовоқ ичига қарасангиз, у фақат юпқа пўстлоқдан иборатлигини кўрасиз. Сувенир нимадан ясалганини билмасангиз, уни иккита паллани елимлаб ясалган деб ўйлайсиз ва беихтиёр чок чизиғини қидира бошлайсиз. Кейин чоки йўқлигини тушуниб етасиз, қовоқнинг ичи қириб тозаланган бўлади.


Оддий қовоқдан нималар ясаш мумкин?

Қовоқнинг ичини тозалаш жараёнини шиша идиш ичида кема ва автомобил нусхаларини йиғиш жараёни билан таққослаш мумкин: уста аввал осон йиғиладиган деталлардан моделни ясайди, бу деталлар шиша идиш бўғзидан ўта олиши керак. Кейин махсус асбоблар ёрдамида деталларни идиш ичида бир-бирига бириктиради. Бу ишни бажариш учун асаблар темирдан бўлиши ва ҳисоб-китоб аниқ бажарилиши керак. Қовоқнинг ичини тешик орқали тозалаш ҳам худди шундай қийин вазифа.

Аммо шиша идиш билан ишлаганда натижа қандай бўлишини аниқ биласиз, қовоқда эса таваккал қилишга тўғри келади. Қовоқлар конвейердан чиқмайди, уларда пўстлоқнинг қалинлиги ҳар хил бўлади, бунинг устига бутун қовоқ бўйлаб бир текис бўлмайди. Шу сабабли, Муҳайё ишлов беришга тайёрлаган олтита қовоқдан фақат биттаси санъат асарига айланади, қолганлари эса яроқсизга чиқади.

Бир сўз билан айтганда, сизда талант бор бўлса-ю, қунт ва сабр-тоқат бўлмаса, бу ишга киришмаганингиз маъқул. Аммо Муҳайё Ғойиповада ҳаммасидан бор. Чунки у усталар наслидан бўлиб, бу наслнинг етти авлоди ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланган.


Саккиз йил олдин “Ташаббус-2007” танловининг шаҳар босқичида Муҳайё Ғойипова “Энг яхши аёл ҳунарманд” унвонини олган

Ўймакорлар орасида аёллар жуда кам

Деярли яқин-яқингача ўймакорлар авлодида фақат эркаклардан усталар чиққан, аёллар ҳеч қачон устачилик қилмаган. Ёғоч ўймакорлари орасида бундай одат бўлмаган: аёллар бошқа ишлар билан шуғулланиши керак бўлган. Аммо Муҳайёнинг онаси Муҳаррам Иброҳимова бу анъанани бузибгина қолмасдан, бу борада муваффақият ҳам қозонди. Аслида эркакларга хос бўлган устачилик ишида эришган ютуқлари учун “Шуҳрат” медали ва “Ўзбекистон халқ устаси” унвони билан тақдирланди, бир неча марта чет элда кўргазмалар ташкил қилди.

Бундан ташқари, турмуш ўртоғи, Муҳайёнинг отаси Тўлаган Ғойиповнинг ўймакор усталик иқтидорини кашф қилди. Бу иқтидор туфайли Тўлаган ака кўплаб мукофот ва дипломлар билан тақдирланди, чет элдаги кўргазмаларда қатнашди. У яратган ўймакор эшиклар, устунлар, ваза, лаган ва қандилларни дунёнинг турли чеккаларидан буюртма қилишади.

Ёғоч ўймакорлиги иқтидори фарзандларга ҳам ўтган. Муҳайёнинг акаси Жамшид бу соҳадаги ютуқлари учун медал билан тақдирланган. Жамшид укаси Хуршид билан бирга устахона очишган, ака-укаларнинг орзуси – ўз онасига бағишланган музей ташкил қилиш бўлиб қолмоқда.


Уста Тўлаган Ғойипов. Фонда турган эшикка ишлов беришда қизи ҳам қатнашган

Муҳайё олти ёшлигидан бошлаб ёғоч ўймакорлиги ишларида иштирок этишни бошлаган. Одатда бундай ёшда усталар авлодидан бўлган ўғил болалар қўлига қумқоғоз олиб, ёғочни силлиқлашда кўмаклашади. Бу қиз ҳам силлиқлашни қойиллатиб бажарган. Шу билан бирга устачиликнинг бошқа сир-асрорларини ҳам ўрганиб борган.

Бадиий академияга аъзо бўлишнинг йўли

Иқтидор борасида Муҳайё ота-онасига тортган эди, бу иш ўзига ҳам ёқарди. У ўн беш ёшида ўзининг илк қутичасини ясаган. Шундай ажойиб ясаганки, бу қутичани ҳозир ҳам кўргазмаларга қўйишдан тортинмайди.


Тўлаган Ғойипов қизининг ишларини кўрсатмоқда. Қўлида – қовоқдан ясалган абажур

Муҳайёнинг гапларига ишонмасангиз, қилган ишларига боқинг. Бошқа усталарнинг ишига қаралса, уларнинг аксарияти бир-бирига ўхшаш нақшли бўлади, муаллифи кимлигини фақат юқори малакали мутахассис аниқлай олиши мумкин. Буни тушунса бўлади, чунки бу усталар битта ҳаводан нафас олади. Аммо Ғойипованинг нақшлари сал бошқача, оригинал тарзда туширилган бўлиб, ўзида қадимий нақшларни ҳам уйғунлаштиради. Бу бетакрорлик Муҳайёнинг барча ишларида – қутичаларда ҳам, сувенирлар ва қовоқларда ҳам кўриниб туради.

Қовоқдан сувенир ясашни ким давом эттиради?

Биз Муҳайёнинг ота-онаси уйида суҳбатлашяпмиз. Унинг отаси Тўлаган Ғойипов қизи ҳали мактабда ўқиб юрган пайтидаёқ ўймакорлик билан безатган хоналарни фахр билан кўрсатади. Суҳбат асносида бизга ёғоч ёки қовоқдан ҳақиқий санъат асари яратишнинг сир-асрорларини ўргатади.

- Ҳозирги пайтда ёғоч ўймакорлари жуда кўп, бироқ афсуски, уларнинг аксарияти бир хил нақшларни ишлатади, - дейди Тўлаган ака. – Бизнинг оилада унақаси кетмайди. Шахсан мен нақш учун мавзуни доим табиатдан оламан – ўсимликлар, гуллар, дарахтлар. Масалан, очилаётган анор гулини олайлик. Бу мавзуда чизилган нақшдан айни пайтдаги табиатнинг нафаси уфуриб туриши керак. Нақш ҳеч қачон узуқ-юлуқ бўлмаслиги, ҳар томонидан ғунча билан тугалланиши керак. Менга ёққан тарафи, Муҳайё ҳам худди шу тарзда ижодий ёндашади.


Муҳайё фарзандлари ҳам машҳур уста бўлиб етишишига умид қилади

Муҳайё Ғойипованинг тўртта фарзанди бор. Катта қизи – ўн тўрт ёшли Мадина – ҳозирча ўймакорлик асбобини қўлига олмаган, у кўпроқ нақш чизишга қизиқади. Мадина наққош бўлмоқчи. Ўн уч ёшли Илҳом эса ўймакор уста бўлишга қатъий қарор қилган. У ўқишдан бўш пайтларида тоғалари Жамшид ва Хуршидларга шогирд тушиб ишламоқда.

Тўрт ёшли Муслима ва уч ойли Абдулазиз ҳали ёшлик қилади. Аммо улардан ҳам иқтидорли уста чиқишига Муҳайё шубҳа қилмайди. Вақти келганида фарзандларидан бири албатта эстафетани қўлга олади, яъни оддий қовоқдан дурдона санъат асарларини яратишни давом эттиради.

Виктор Крымзалов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама