22:54 msk, 24 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Россия: “Мол.Булак.Ру” тўсиқ қўймоқда?

18.11.2015 14:49 msk

Реклама ўрнида

Россияга ишлаш ёки ўқиш мақсадида келиб яшаётган ўзбеклар жамиятнинг бир бўлагига айланиб, россияликлар дуч келаётган муаммоларга тўқнаш келяптилар. Сўнгги бир неча ҳафта давомида “Фарғона” таҳририятига Ўзбекистон фуқароларининг кредит тақдим этувчи компаниялар олдидаги қарзини узмагани боис Россия Федерацияси Федерал Миграция хизматининг “қора рўйхати”га тушиб қолиш билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритиб беришни сўровчи бир неча мурожаатлар келиб тушди. “Мол.Булак.Ру” микромолиявий ташкилоти Россиянинг кўплаб вилоятларида фаолият юритаётган шунақа компаниялардан бири бўлади.

Молия бозорида беш йилдан бери ишлаётган ҳамда фаолият юритиш учун барча зрарурий ҳужжатларга эга “Мол.Булак.Ру” компанияси Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Россия фуқароларига займ (қарз) беришга ихтисослашган.

“Фарғона” агентлиги юзага келган вазиятга ойдинлик киритиш учун Мол Булак (Мўлбулоқ) компаниясига мурожаат қилиб, компаниянинг қидирув ва мажбурий ундирув департаменти раҳбари Яна Скоковадан “қора рўйхат” дея аталувчи ҳолатга шарҳ беришини сўради.

- Яна Вадимовна, Мол Булак қарздор мижозларини РФ ФМХ “қора рўйхати”га киритаётгани ростми?

- Ҳа, ҳақиқатдан ҳам шу ишлар бўляпти. Айни пайтда, “Мол Булак” муддати ўтган қарзларни ундириш учун қарздорларга нисбатан барча мажбурлаш воситаларини қўллаган ҳолда қатъий туриб иш олиб бормоқда. Шунақа чоралардан бири - Россия Фeдeрациясига киришига тақиқ қўйиш бўлиб қолмоқда. Меҳнат муҳожирларининг таъбирича, бу чора “УФМС қора рўйхатига киритиш”, деб аталади.

Бугунги кунга келиб 1996 йил 15 августида қабул қилинган № 214-ФЗ “Россия Фeдeрациясидан чиқиш ва Россия Федерациясига кириш тартиби тўғрисида" ҳамда 2007 йил 2 октябрда қабул қилинган № 229-ФЗ “Ижро иши юритиш тўғрисида” қонунларига асосан “Мол Булак” олдидаги қарзларини узмаган 1200 кишига нисбатан Россия Федерациясига 5 йил муддат давомида киришни тақиқловчи суд актлари қабул қилинган.

- Мол Булак нега бу каби шавқатсиз чораларни кўрмоқда?

- Қарзни қайтариш жараёни ўта жиддий масала. Тураржой ижараси, ўқиш, яшаш ва ишлашга рухсат олиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш, Ота юртидаги яқинларига моддий ёрдам кўрсатиш каби ўта зарур эҳтиёжларни қоплаш учун бирмунча миқдорда пул керак бўлганда, ёрдам беришга тайёр ягона ташкилот биз бўламиз. Чунки Россия банклари чет эллик фуқароларга кредит бермайди.

Шуларнинг барчасига қарамай, мижозларимиз “заёмчи” тоифасида “қарздор” тоифасига ўтиб қоладиган ҳолатлар учраб туради. Бунга турли сабаблар туртки бўлиши мумкин: иш ўрнини йўқотишдан бошлаб жинояткорона фирибгарлик ҳаракатигача.

Бироқ бир нарсани аниқ билиб олиш керак: қарзни тўлаш ва займ маблағларини қайтаришга барибир мажбур қилинади. Қарзни кечиктирган мижоз шартномада кўзда тутилган жарима санкциялари ҳамда суд харажатлари билан кўпайтириб, ўзининг аҳволини оғирлаштиради, холос. Мижозларимиз бу шартлар билан шартномани имзолашларидан олдин танишганлар.

Бугунги кунда биз 1200 нафар қарздоларга нисбатан суд қарорларини олиб бўлдик. Уларнинг қарзлари суд харажатлари эвазига деярли икки баробарига ошди.

- Компания қарздорларнинг оғир молиявий аҳволга тушиб қолганини ҳисобга олиб, уларга қандайдир енгилликлар бериши мумкинми?

- Албатта! Компания юзага келган вазиятни тартибга солиш учун бизга мурожаат қилган барча қарздорларга нисбатан холисона муносабатда бўлишга тайёр. Ҳаммамиз ҳам одаммиз, қарздорнинг қарзни ўз вақтида қайтариб беришига тўсқинлик қилувчи оғир аҳволга тушиб қолиши, муаммоларга дуч келиши мумкинлигини тушунамиз. Одам ишдан бўшатилиши мумкин, зудлик билан Ватанига қайтиши зарурати туғилиши, касаллик ҳамда бошқа мингта сабаблар юзага келиши мумкин, уларнинг ҳаммасини олдиндан билиб бўлмайди. Россияда шунақа гап бор – бировни бахтсиз қилиш эвазига бахтли бўлиш мумкин эмас. Биз ўзгаларни бахтиқаро қилиш эвазига бойлик орттирмоқчи эмасмиз. Шунинг учун ҳам бизга ким мурожаат қилса, ҳаммасига ёрдам беришга тайёрмиз. Қарздорларимиз орасида виждонли одамларимиз бор, уларга айтадиган гапимиз битта – сизда хали имконият бор!

- Яъни, компания истисно тариқасида қарздорга имконият бериши мумкинми?

- Ҳа, биз қарздорларнинг аҳволидан келиб чиққан ҳолда уларнинг шароитини кўриб чиқишга тайёрмиз. Агар улар даромаддан маҳрум бўлиш билан боғлиқ муаммолар ёки қандайдир кўнгилсиз ҳодисани бошидан кечирган бўлсалар, биз икки томонни қониқтира оладиган қарз реструктуризациясини тақдим этишга тайёрмиз. Бунинг учун бизга телефон қилишлари, ўзларига яқин бўлган офисга етиб келишлари, ариза ёзишлари ва қарздорликни бартараф қилиш бўйича янги графикни олишлари керак бўлади.

Бундан ташқари, “Дари добро” (Яхшилик улаш) дея аталувчи акцияси доирасида, оғир аҳволга тушиб қолган ҳамда ўз вақтида қарзларини қайтариб бера олмаган кўпчилик займчиларимиз илтимосига кўра, биз барча жарима санкциялари, пенялар, неустойкалардан воз кечишимиз ҳамда қолган қарзга фоиз ставкасини тушириб беришимиз мумкин. Бироқ акция 2015 йил 31 декабргача амал қилади, холос.

- Демак, сизлар мижозларингизга ёрдам беришга тайёр экансизларда?

- Қарзларини ўз вақтида тўламаган мижозларимизнинг кўпи акциядан фойдаланиб қолмоқчи бўляптилар. Бизнинг илтимосимиз билан “қора рўйхатга” тушиб қолган қарздорларнинг кўпи шикоят қилишмоқда. Улар ҳар қанақанги шартларга рози бўлиб, қарзларни қайтаришга тайёр, бироқ “қора рўйхат”дан чиқиш осон иш эмас. Қарздорлардан вазиятни тартибга солиш бўйича кўплаб таклифлар келиб тушяпти, улар сўнгги имконият беришимизни сўраяптилар. Биз албатта уларга ёрдам қўлини чўзишга тайёрмиз. Бироқ бу ҳолат ҳар доим давом этавермайди.

- Мижозларингиз қандайдир сабабларга кўра тақдим этилаётган имкониятдан фойдаланмай қолсалар, қандай чора кўрилади?

- Қарзларни ундириш бўйича ниятимиз қатъий. Шунинг учун ҳам Россия Федерацияси қонунлари доирасида қарздорларни қидириш ва қарзларни ундириш бўйича барча чора ва тадбирларни кўрамиз.

Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 177 моддасига мувофиқ қасддан кредиторлик қарздорликни тўламаслик ҳамда бошқа турдаги суд актлари қарорини ижро этмаслик (315 модда) учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

Халқаро шартномалар, хусусан, Ҳуқуқий кўмак ҳамда фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатлар бўйича Минск Конвенцияси доирасида биз қарздорларнинг Ватанларида Ички ишлар вазирликлари ва прокуратуралар орқали қарзни тўлашдан бош тортган шахсларни қидириб топамиз, ўша республикалар адлия муассасаларига пулни ундириш ваколатларини топширамиз.

“Яхшилик улаш” акцияси ниҳоясига етганидан сўнг биз барча қарздорларнинг рўйхатини Федерал муҳожирлик хизмати органларига юборамиз. Улар Фуқаролик ва Жиноий қонунчиликни бузганлари учун Россия Федерациясига киритилмайдилар. Бирорта қарздор одам бизнинг эътиборимиздан четда қолмайди.

Таҳририятдан:

“Фарғона” таҳририяти мурожаат қилган адвокатлар Мол Булак компанияси ўзининг ҳаракатларини Россия Федерацияси қонунларига ҳамда халқаро шартномаларга мувофиқ амалга ошираётганини тасдиқладилар. Шунинг учун ҳам таҳририятимизга ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларга тезроқ компанияга мурожаат қилишни ҳамда барча молиявий муаммоларини ҳал қилиб, қарзларини тўлашни тавсия қиламиз.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама