00:41 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонликлар қанақа китобларни ўқишади ёки янги китоб дўконларини очиш кимга керак бўлиб қолди?

18.11.2015 08:10 msk

Сид Янышев

Тошкентда 2015 йилнинг 2 ноябрида “Китоб олами” номли янги китоб дўкони очилди. Бу оддий воқеа ахборот воситаларининг эътиборидан четда қолмади, улар дўконга “Марказий Осиёдаги энг катта” унвонини беришга ҳам улгуришди.

Ташқи кўриниши

Китоб дўконларини ким, қандай мезонлар бўйича ўлчашини билмаймиз, шу сабабли «Китоб олами» қанақалигини ўз кўзимиз билан кўриш учун йўл олдик.

Бу дўкон Ҳамид Олимжон метро бекати яқинидаги Мустақиллик шоҳкўчасида (собиқ Пушкин кўчаси), “манаман” деган бутиклар жойлашган бинода очилган.

Шу атрофда яшайдиганлар яхши эслашади, илгари худди шу жойда яхшигина китоб дўкони бўларди. Бу дўконда консерватория талабалари учун ноталар битилган босмалар ҳам сотилган, консерваториянинг ўзи эса кўчанинг нариги бетида жойлашган эди.


Янги китоб дўконига яқинлашаркансиз, унда китоб эмас, балки янги урфдаги буюмлар сотиладигандек таассурот туғилади. Худди у ерда кийим-кечак, хориждан келтирилган озиқ-овқат ёки Австралия гулқоғозлари сотиладигандек туюлади. Чунки дўконнинг жозибали дизайни ва йирик видеомониторлари узоқдан кишини ўзига жалб қилади, унга бирров киргиси келади одамнинг. Аммо ичкарига киргач, шунча дабдаба-ю асъасали жойда бор-йўғи китоб сотилишини билиб, ҳайрон қоласиз.

Кириш жойидаги биринчи ажойибот бу – гардероб. Тўғри-да, Тошкентдаги қайси дўконга киришда устки кийим билан сумкани топширасиз? Аммо буларни сақлашга шароитнинг ўзи йўқ: буюмлар қўйиладиган қутилар ўта кичкина, бунинг устига қулфланмас экан! Тўғрироғи, биттагина калит бор, уни ҳам сотувчилардан сўраш керак.

Бу дўконни китоб клуби деб аташ мумкин: бу ерда кафе ҳам бор. Шинамгина столда ўтириб, чой ёки қаҳва билан круассандан чимдиб, столлардаги рекламали брошюраларни кўздан кечириш мумкин. Уларда асосан Тошкентнинг маданий муассасалари ва улардаги тадбирлар ҳақида ёзилган. Рекламада айтилишича, китоб бўлимидан истаган китобингизни олиб келиб, шу ерда ўқиш мумкин, аммо бу кафеда мен биронта ҳам китобсеварнинг бадиий адабиёт ўқиётганини кўрмадим. Ҳақиқатан ҳам бу ер қироатхона эмас-да. Китобни токча олдида ҳам варақлаб кўриш мумкин, ёқса сотиб олиб, уйда бемалол ўқийсиз. Кафеда ўқисангиз, устига у-бу нарса тўкилиб кетиши эҳтимоли бор.


Гардеробнинг ўнг томонидаги токчаларда хўжакўрсинга қўйилган бўш қутилар тахланган, улар дунёдаги энг машҳур ёзувчиларнинг расмлари ва номлари ёзилган “муқова” вазифасини ўтайди.

Зиначадан пастга тушиб, асосий сотув залига кирасиз, бу ерда анъанавий тарзда Ўзбекистон қонунлари битилган брошюралар ва президент Ислом Каримовнинг қалин-қалин китобларига кўзингиз тушади.

Президент асарлари сони 23 та жилдга етибди, улар қуйидаги схемада чиқарилади: битта жилд, масалан, 18-жилд кирилл ёзувида чиқса, худди ўша матн лотин ёзувида 19-жилд бўлиб чиқади. Каримовнинг асарлари тўлиқ тўпламдан ташқари бошқа шаклда ҳам сотилади. Президент китоблари 13-15 минг сўм туради (расмий курс бўйича $4,8-5,5). Ўзбекистонда сиёсатшуносликни ҳам ўзига сингдириб юборган «Каримовшунослик» фани мактабларда, ўқув юртлари ва давлат муассасаларида ўрганилиши шарт бўлган фан ҳисобланади. Шу сабабли бу китобларни сотиб олиш ҳам шарт. Шу ўринда юртбошимизнинг гонорарлари миқдорини тасаввур қилиш мумкин …


Президент асарлари терилган жавонлар

Бошқа турдаги ғоявий адабиётларга келсак, дўконда унақалар кўп, номлари ҳам баландпарвоз: “Информацион уруш ва у билан курашиш усуллари”. Ўқигимиз келди-ю, пулни қизғандик: битта шунақа китобчанинг 3500 сўм ($1,3) туриши қимматроқ туюлди.

Улардан кейин ўзбек тилидаги илмий-омма боп ва бадиий адабиётлар терилган жавонлар ва бўлимлар жуда кўп. Нарироқда жойлашган рус тилидаги китоблар бўлими анча кичик бўлиб, нимқоронғи ёритилган. Шу ерда китобхонларга ёрдам бериб юрган маслаҳатчилардан биридан “Нега бу ер қоронғи?” деб сўрадим. “Китоблар кўринса бўлди-да, бу аслида шунақа дизайн қилинган”, деб жавоб берди.

Кейинги бўлимда канцелярия моллари сотилади, бурчакда эса каттагина болалар адабиёти бўлими бор, у ерда ўзбек ва рус тилидаги китоблар тенг миқдорда жойланган. Аммо бу бўлимда китоблар эмас, балки болалар ўйнайдиган хонага ўхшатиб қилинган дизайни кўпроқ эътиборга лойиқ. Ранг-баранг китоблар ёнига улкан момиқ ўйинчоқлар қўйилган бўлиб, китобхонлар юмшоқ гиламга ўтириб, биронта китобни фарзандига ўйин шаклида ўқиб бериши мумкин. Бу дўконнинг энг афзал тарафи шу бўлса керак.


Болалар учун китоблар бўлими

Дўконнинг ички кўриниши ва ассортиментини баҳолаш ниҳоясида иккинчи қаватга кўтариламиз, бу қаватнинг шифти кўзгудан қилинган бўлиб, бўлимда фақатгина совға қилинадиган катта китоблар терилган (“Атлас мира”, “Мифы народов мира”, “Наука побеждать. Суворов” ва ҳоказо). Шуни ҳам айтиш керакки, бу оғирдан-оғир, рангдор, полиэтилен билан қопланган китоблар Россияда чоп этилган бўлиб, уларнинг нархи 600 минг сўмгача боради (расмий курс бўйича $222 ёки қора бозор курси бўйича $100), улар рус тилидаги китоблар бўлимининг асосий қисмини ташкил этади.

Шаклдан мазмун сари

Тан оламиз, мамлакатимизда ўзбек тилидаги китоблар, айниқса, катталар учун бадиий китоблар бунчалик кўп чиқарилишини билмагандик. Классик ёзувчиларгина эмас, балки биз танимайдиган замонавий ёзувчиларнинг ҳам китоблари кўп экан. Фикри ожизимча, фақатгина биз эмас, балки аксарият ўзбек китобхонлари ҳам уларни танимаса керак.

Шу ўринда савол туғилади: хўш, муаллифлари кўпчиликка нотаниш бўлган бу китоблар ким учун чиқарилмоқда? Ахир Ўзбекистонда китобларнинг рекламаси талаб даражасида эмас: бунақанги рекламани радиода ҳам, телевидениеда ҳам, кўчадаги баннерларда ҳам учратмайсиз.

Ўзбекистонда адабиётга ихтисослашган “Шарқ юлдузи” (“Звезда Востока”) журналигина икки тилда чиқарилади, у ҳам жуда кам (икки-уч минг нусхадан кўп бўлмаган) тиражда йилига тўрт марта чиқади холос. Баъзида ўзбек муаллифларининг асарлари безакли журналларда ва аёллар журналларида учраб қолади.

Ҳайратланарлиси, “Китоб олами” дўконида буюк аждодларимизнинг асарлари жуда кам экан. Фаробий, Румий, Бобур, Навоий, Фузулий ва Машраб асарлари, классик шоирларнинг сувенир нашрлари сотилади. Алишер Навоий асарлари чиройли безак берилиб, лотин алифбосида ўнта жилдда чиқарилибди, бу шеърият ишқибозлари ажойиб совға бўлади, албатта.

Аммо, масалан, буюк шифокор Абу Али Ибн Синонинг асарларини топа олмайсиз. Ҳозирги замонда, аптекада дорилар ўта қиммат бўлган бир пайтда унинг доривор рецептлари жуда қўл келган бўлар эди. Ким билади дейсиз, балки фармацевтика саноатига рақобат яратмаслик учун ҳам унинг асарларини чиқаришмаётгандир?


“Уй-рўзғор” бўлими

Беруний, Термизий, Ал-Фарғонийнинг асарларини ҳам топа олмадик… Жадидчилик даври намоёндаларининг асарларидан фақат Абдулла Қодирийнинг уч жилдлиги билан Фитратнинг кичкинагина шеърлар тўплами бор экан. Бор-йўғи шу. Балки ёшларнинг Ҳамза, Чўлпон, Садриддин Айнийни ўқиши ҳозирги Ўзбекистон раҳбариятига маъқул эмасдир. Чунки улар тасвирлаган ХХ аср бошларидаги ҳаёт тарзи ҳозирги ҳаётга ўхшаб кетади, у пайтда ҳам жамият бойлар ва камбағалларга бўлиниб қолган эди.

Садриддин Айний асарларида, масалан, амирнинг Бухоро кўчаларида юриши батафсил баён этилган. У пайтда халойиқ ерга қараб туриши ва ҳеч қачон ҳоқон тарафга қарамаслиги керак бўлган. Истасанг-истамасанг, ҳозирги даврда Каримовнинг мамлакат бўйлаб ташрифларига ўхшатасан. Халқнинг кўчада юра олмаслиги, ойналарини ёпиш кераклиги, бутун-бутун даҳаларни тўсиб қўйишлар...

Диний адабиётлар бўлимида Бухорий ҳам йўқ, Нақшбандий ҳам йўқ, ўрта аср дин мутахассисларининг асарлари ҳам йўқ. Бунинг ўрнига шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг кўплаб китоблари қўйилган.


Тарих китоблари

Шундай бўлса ҳам, ўзбек тилидаги бадиий адабиёт бўлимида бир-иккита китобхонни учратдик холос. Талабаларга ўхшаган бир нечтаси фанларга оид, илмий-оммабоп ва техник адабиётлар орасида айланиб юрибди.

Ташриф буюрувчиларнинг кўпроғини болалар бўлимида, кафеда ёки рус тилидаги китоблар бўлимида учратиш мумкин. Бу бўлимда ўқиладиган китоблар кўп эмас, аксарияти совғабоп катта китоблар бўлиб, асосан Россиядаги нашриётларда чиқарилган.

Умуман олганда, чўнтакбоп нархда (15-25 минг сўм) сотилаётган китобларнинг муаллифлари бармоқ билан санарли даражада оз: Евгений Евтушенко, Белла Ахмадуллина, Анна Ахматова, Андрей Вознесенский, Булат Окуджава, Борис Пастернак, Саша Черный ва Осип Мандельштам. Ўзбекистонлик муаллифлардан фақат Александр Файнбергнинг икки томлик китоби бор экан, у бир неча йиллар олдин чиқарилган бўлиб, илгари кам учрар эди.

Рус адабиёти классикларининг асарлари тиқилиб ётибди: Пушкин, Лермонтов, Гоголь, Достоевский... Бу китоблар аслида ҳеч қачон тақчил бўлмаган, уларни исталган китоб дўкони, букинист дўкони ёки бозорларда “ердан” сотиб олиш мумкин.

Ёрдамчи қизлардан бирининг айтишича, дўконга бошқа муаллифларнинг, жумладан, хорижий муаллифларнинг чекланган тираждаги китоблари келтирилган. Аммо улар тезда тугаб қолган. Масалан, Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина шаҳзода”си бирпасда сотилиб кетган. Шундай бўлса ҳам, тошкентлик китобхонлар қизиқадиган кўплаб муаллифларнинг асарларини янги дўкондан топа олмайсиз. Яъни бу китоблар келтирилмаган.

“Ремарк, Кастанеда, Лондон, Высоцкийни кўп сўрашади. Бу муаллифларнинг китоблари бизга ҳали келмаган”, - дейди ёрдамчи Ксения.

У дўконга келтирилмаган бир қатор ёзувчиларни айтди, аммо уларни ҳали ҳеч ким сўрамабди. Буларга Иосиф Бродский, Хорхе Луис Борхес, Хулио Кортасар, Габриэль Гарсиа Маркес киради. Маркеснинг китоби бор, аммо ўзбек тилидаги таржимасида.


Бадиий адабиёт бўлими

Ксениянинг айтишича, дўконда исталган китоб ёки муаллифни буюртма қилиш мумкин, бунинг учун кассада махсус варақани тўлдирсангиз бас. Аммо бу китобларни “Китоб олами” маъмурияти сотиб олиши аниқ эмас: бу талабнинг кўп ёки камлигига боғлиқ.

Айтайлик, Милорад Павични биттагина одам буюртма қилса, бу китобни Россиядан олиб келтириш ўзини оқламайди.

Аммо Ксениянинг айтишича, келажакда бу дўконда йўналишлар бўйича бўлимлар очилиши режалаштирилган: психология, философия, эзотерика ва бошқалар. Бу бўлимларда энг таниқли ёзувчиларнинг китоблари битта нусхадан бўлса ҳам тақдим этилади, уларга талаб унчалик кўп бўлмаса ҳам.

Китобхонлар учун жаннатмакон жой

“Китоб олами”нинг асосий рақобатчиси – “Книжный мир” дўконига пиёда юриб борамиз, у Тошкент МУМининг ёнида жойлашган бўлиб, улар бир йилча олдин таъмирланган бинога кўчиб ўтган, бу бинода илгари Гулнора Каримовага тегишли “Нирвана” тармоғининг дўкони жойлашган эди. Бу ерда кафе ҳам йўқ, нархи осмонда бўлган совғабоп нашрлар учун ҳам жой ажратилмаган. Аммо сотув майдони 100-150 метргача чўзилган.


“Книжный мир” дўконида

Бу дўконда ҳар доимгидек, ҳамма нарса бор бўлиб, нозик таъбли китобхонларни хурсанд қилишга етади: Коэльо дейсизми, Маркес, Борхес, Кортасар, Кастанеда, Бродский дейсизми, ҳаммасидан бор. Бунинг устига турли вариантларда: қимматроғи ва узоқ чидайдиган қаттиқ муқовалиси керакми? Биттаси 60-70 минг сўм. Оддийроғи керакми? Худди шу асарларнинг юмшоқ муқовада “АСТ” ва “Азбука-Классика” нашриётида чиқарилганлари 20-30 минг сўм туради. Экзюперининг “Кичкина шаҳзода”сининг ўзи учта нашрда бор – 17 мингдан 55 минг сўмгача.

Бу китобларнинг ҳаммаси рус тилида чиқарилган, чунки, тўғрисини айтиш керак, Ўзбекистонда китоб ўқувчиларнинг аксарияти русийзабонлардир. Ўзбек тилидаги китоблар учун биттагина шкаф ажратилган. Токчалардан бирида иккита брошюрага кўзим тушди – Борис Пастернак ва Анна Ахматова шеърларининг таржимаси икки тилли нашрда чиқарилган: ҳар варақда шеърнинг асли ва орқа бетида таржимаси берилган. Бу шкафни биттагина харидор титкилаётган эди.

“Книжный мир” дўконида ҳар қандай йўналишдаги китоблар бор: бўлимларга тақсимланган (“Замонавий проза”, “Детективлар”, “Классика”…) бадиий адабиётдан ташқари бу ерда санъатшунослик, фалсафа, психология, танқидчилик, илмий-оммабоп ва фанларга оид, болалар адабиётига оид китоблар бор. Буларнинг ҳаммаси оддийгина, тартибли жойда жойлашган бўлиб, китоб токчалари яхши ёритилган. Ортиқча нарсанинг ўзи йўқ.

Олти йил аввал Тошкентда яна битта “Олам” бор эди – “Книгомир” дўконлар тармоғи. “Книжный мир”дан кейин ташкил этилган бу тармоқ рақобатга бардош бера олмай, Ўзбекистондан чиқиб кетди. Дўконлари ёпилаётганида китобларни ўз нархида сотиб юборишган, ўшанда тошкентлик китобхонлар сумкалаб китоб сотиб олишган.

“Китоб олами” дўкони ҳам “Книжный мир”га муносиб рақобатчи бўла олмаса керак. Аммо Ўзбекистонда ёқмай қолган рақобатчини “четлатиш” мумкин. Чунки “Китоб олами” орқасида ким тургани маълум. Ички жиҳозларнинг ҳашами-ю, дўконга тикилган маблағ миқдорига қараганда, бу одам ҳар қалай камбағал эмас. Аммо бу бизнинг тахмин холос. Умид қиламизки, янги дўконнинг иши юришади: рақобат ҳамма учун фойдали.

Инқирозми ёки равнақ?

Тошкентдаги китоб бизнеси ҳақида сўз юритилса, уни камайиб кетган деб бўлмайди. Расмий статистикага кўра, Ўзбекистон пойтахтида 300 дан ортиқ китоб дўкони фаолият юритади. Лекин кўринишидан анча кам деб ўйлайсиз. Уларда рус тилидаги китоблар деярли йўқ: ассортимент асосан ўзбек тилидаги фанларга оид, сиёсий, юридик, илмий-оммабоп ҳамда бадиий адабиётдан иборат. Одатда бундай дўконларда канцелярия моллари ҳам сотилади. Мабодо бундай жойда яккам-дуккам харидорга кўзингиз тушса, у кўпинча дафтар ёки ручка олишга келган бўлади.

Пойтахтда букинистик (эски ва нодир китоблар сотадиган) дўконлар деярли қолмаган. 2000-йилларнинг ўртаси ва охиридаги оммавий миграция вақтида Ўзбекистондан чиқиб кетаётган одамлар тонналаб китобларни топшириб кетган, ҳозирда бу ҳолат камайган кўринади.

Аммо МУМ атрофида деярли ўн йилдан бери китоб ёймачилари фаолият юритади, уларнинг савдо расталари универмагдан то “Космонавтлар” метро бекатигача бўлган масофага чўзилиб кетган. Бу ердаги ассортимент ҳар қандай дўконникидан кенгроқ. Бу ерда ҳар балони топиш мумкин – Россия журнал ва газеталаридан тортиб, эзотерик адабиётгача (Елена Блаватская, Даниил Андреев…), Э.М.Ремаркдан тортиб, нодир фалсафий китобларгача бор.

Бу расталарда янги китоблар билан бир қаторда фойдаланилган китоблар ҳам сотилади. Нархидаги фарқи катта эмас, чунки яхши адабиётнинг қадрига етувчилар учун китобнинг янги-эскилигининг аҳамияти йўқ. Бундан ташқари, ҳар қандай бозорда “бабуля-бувижонлар” шундоққина ерда нодир китобларни ҳам сувтекинга сотишади.

“Книжный мир” дўконининг муваффақиятли фаолият юритаётганлиги ва “Китоб олами” дўконининг пайдо бўлганини ҳисобга олсак, яхши адабиётга бўлган қизиқиш сўнмаётганлигига амин бўламиз.

Маълумотларни тайёрлашда Сид Янышев ва бошқа тошкентликлар қатнашди

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги