07:00 msk, 18 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

АҚШ Давлат департаменти вакили “Тошкентдаги инцидент” учун журналистлар олдида ўзини оқламоқда

06.11.2015 22:11 msk

Фарғона

АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Самарқандда 1 ноябрь куни АҚШ давлат котиби Жон Керри билан Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўртасидаги учрашуви давомида америкалик журналист аёл билан боғлиқ инцедент тўғрисидаги саволларга жавобан ўзини оқлашга мажбур бўлди.

Ўша куни Ислом Каримовга Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг бузилишлари тўғрисида савол беришга уринган америкалик репортёр аёлни қўриқчилар залдан итариб чиқариб юбордилар. Ўша пайтда бу залда америка ва ўзбек томони музокаралардан олдинги протоколга оид видео ва фотосуратга олиш жараёни кечаётган эди. Бу ҳодисанинг видеотасвири интернетда кенг тарқалди.

Муҳимми ёки йўқ?

АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Элизабет Трюдо 2 ноябрь куни пресс-брифингда сўзга чиқа туриб, ушбу тадбир Журналистларга қарши жиноятларни жазосиз қолдиришни тугатиш бўйича халқаро кунда ўтаётганини қайд этди.

“Биз бу ерга дунё бўйлаб жуда кўплаб журналистларнинг мисли кўрилмаган таҳдид ва зўравонликларга дуч келаётган бир пайтда тўпландик. Уларни таъқиб остига оляптилар, озодликдан маҳрум этяптилар ва ҳатто ўз ишларини бажараётгани – янгилиликларни етказиб бераётганлари учун ўлдириляптилар. Ёмон жиҳати шундаки, журналистларга қарши жиноят содир этаётганлар камдан-кам ҳолатларда жавобгарликка тортилмоқдалар. ЮНЕСКО маълумотига кўра, бунақа жиноятчиларинг ўнтадан тўққизтаси жазосиз қолмоқда. Биз ушбу имкониятдан фойдаланиб, бутун дунёдаги журналистларни қўллашдан тўхттамаслигимизни таъкидлаб ўтмоқчимиз. Америка Қўшма Штатлари бу кунда ва бошқа ҳар куни журналистларнинг хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратишда давом этамиз”, - дея билдирди нотиқ.

Шундан сўнг вашингтонлик журналистлардан бири Тошкента содир бўлган ҳодиса ўйича АҚШ бирор-бир баёнот берадими, деб сўради. “Сиз у ерда нима содир бўлганини айтиб бера оласизми? Содир бўлган ҳодиса таъқиб этилаётган журналистлар тўғрисидаги сиз билдираётган фикрларга мос келмаяптику”.

Шу ерда биз баъзи жузъий қисқартиришлар билан содир бўлган диалогдан иқтибос келтирамиз (таржимани “Фарғона” бажарган).

Итариб чиқаришдими ёки йўқми?

Элизабет Трюдо: - Саволингиз учун ташаккур, чунки бу вазиятни англаб олиш учун муҳим. Кеча котиб Керри Ўзбекистон прездиенти билан икки томонлама учрашув олдидан протоколга оид суратга олиш жараёни (матбуот ходимлари олдига чиқиш) ўттганди. Кўпчилигингиз биласизлар, бунақа чиқишлар журналистлар савол бериши мумкин бўлган стандарт матбуот анжуманларидан анча фарқ қилади. Охирида, стандарт процедурага кўра, матбуот вакилларини бу хонадан чиқиришни бошлайдилар ва шу пайтда мазкур репортёр қичқириб ўз саволини берди. Бу одатий ҳол. Бунақа ишлар ҳар доим бўлиб туради ва ўйлашимча, кўпчилигингиз котиб Керри ва Ўзбекистон президенти бу саволга жавоб беришни истамаганлари одатий ҳол эканлигини биласизлар.

Савол: Муаммо уларнинг жавоб беришдан бош тортганида эмас деб ўйлайман. Ташвишга солаётган нарса шуки, америка делегациясидан кимдир – миллий хавфсизлик агенти бўлса керак, видеода “уни бу ердан йўқотинглар” деб айтгани. Муаммо – журналистни хонадан итариб, суриб чиқариб ташлаганларида. Ўзбекистонда, хусусан сизнинг ўзингиз кўрсатиб ўтган аҳволни ҳисобга олган ҳолда, бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлигига нисбатан хом ҳаёлда бўлмаслигимиз керак, тўрими?

(Элизабет Трюдо бу саволга жиддий ёндашаман ва вазиятни пухта ўрганиб чиқиб, ўша фурсатда ўша ерда бўлган одамлар билан гаплашиб оламан, деб жавоб берди. Унга кўра, репортер одатий процедура доирасида хонадан “чиқариб юборилган”. Савол бераётган журналист ўз фикрини маъқулашда давом этмоқда).


АҚШ Давлат департаментидаги брифинг видеоёзуви. Ўзбекистондаги инцедент тўғрисидаги савол 3:30 дақиқадан бошлаб муҳокама қилинади

Савол: Аслида нималар содир бўлганини тушуняпсизми? Сиз “кузатиб қўйдилар” деяпсиз, бироқ журналистга, яъни Давлат департаменти қўриқчиларидан бирор киши ёки матбуот ходимлари томонидан жисмоний таъсир кўрсатилганми?

Элизабет Трюдо: - Англашимча, уни хонадан чиқаришди. Уни итариб чиқардиларми ёки йўқми, айнан нима бўлганини ҳозирча айта олмайман. Бироқ биз бу иш билан жиддий шуғулланамиз.

Савол: -Яхши. Мен фақат “илтимос, бу ёққа ўтинг” дейишлари билан журналистга нисбатан куч ишлатиш ўртасида фарқ борлигини назарда тутмоқдаман.

Элизабет Трюдо: - Биз буни тушунамиз ва бунга жиддий муносабатда бўламиз.

Савол: - Умуман олганда, бу бир фикр билдириш. Мен ҳар гал бунақа сафарлар ҳақида ўйлайман: агар сизлар бизнинг савол беришимизни истамасангиз, унда бизни таклиф этмай қўя қолинг. Биз (журналистлар. – “Фарғона” изоҳи) дунё бўйлаб сафар қилиб юрамиз, шунақа хоналарга кириш ва саволлар бериш учун ва бордию, агар бизни бу хоналардан итариб чиқариб юборадиган бўлсангиз, унда бизни олиб юрмаганингзи яхшироқ. Мана шу, айтмоқчи бўлган гапим.

(Элизабет Трюдо журналистлар эгаллаб келаётган муҳим роли, АҚШ ҳукумати матбуотга барча тадбирларга кенг йўл очиб беришга интилаётгани; Самарқанда содир бўлган ҳодисани Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масаласидан ажратиб кўриш зарурлиги, агар уларнинг ҳаракатларида қандайдир камчилик бўлса, ўзларини тўғрилаб олишлари ҳақида гапирмоқда).

Савол: - О’кей! Мен сизни тўлиқ тушунмаётганга ўхшайман. Агар бу сизга қарашли ходимларингизнинг хатоси бўлганини тан олмасангиз, унда Сиз бу ерга чиқиб, репортёрларнинг таъқиб этилиши, бутун дунёда матбуот эркинлигини қўллаётганингиз ҳақида гапиришга қандай ҳаддингиз сиғди? Бу гапларни гапира туриб ва шундан кейин бу ерда ёки Самарқандда содир бўлган нарсаларга йўл қўйиб бўлмаслигини тан олмаётганингизни тушунмаяпман. Агар ўзбеклар одамларни хонадан улоқтириб ташламоқчи бўлса, бу бошқа гап, аммо аммо бу ишни АҚШ Давлат бепартаменти делегациясининг аъзолари қилаётгани учун бунда муаммо йўқ, демоқчимисиз(гапини аниқ тушуниб бўлмаяпти)?..

(Фикр алмашув шу йўсинда бир неча дақиқа давомида тўхтамаяпти. Залда турган одамлар матбуот эркинлиги – бу матбуот эркинлигидир ва уни ҳеч қанақасига чеклаш мумкин эмас, журналист брифинг бошланишида, ўртасида, охирида, истаган пайтда савол бериш ҳуқуқига эгалигини қатъий туриб таъкидлашмоқда. Трюдо хоним “репортёрнинг хонадан ҳайдаб чиқарилишининг масаланинг мазмун-моҳияти билан ҳеч қанақа алоқаси йўқ”, яъни Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ эмас, дея ишонтирмоқчи бўляпти.

Элизабет Трюдо: - Бу логистикага оид масала. Шундан келиб чиққан ҳолда [давлат] котиби [Керри] Марказий Осиё бўйлаб сафари давомида ҳар бир учрашувида инсон ҳуқуқи масалаларини кўтарганини айтиб ўтмоқчиман. У минтақадаги мамлакатлар ҳукуматлари инсон ҳуқуқлари, бошқарувни мустаҳкамлаш, хавфсизликни ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш мақсадида асосий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари зарурлиги тўғрисида қаттиқ туриб гапирди.

Гап ким ҳақида?

Кэрол Морелло

Ушбу жанжалга сабаб бўлган репортёр аёлнинг исми Кэрол Морелло, у “Вашингтон пост” газетасида журналист бўлиб ишлайди. Куни кеча чоп этган ўзининг мақоласида у АҚШ Давлат департаменти раҳбари Жон Керрининг Ўзбекистон раҳбарияти билан ўтказган музокаралари тафсилотлари ҳақида ҳикоя қилади.

Мореллонинг айтишича, ушбу учрашувда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Бироқ очиқ эмас, фақат Каримов ва бошқа мулозимлар билан норасмий суҳбатлари давомида Керри шерикларига сиёсий маҳбуслар, қамалган журналистлар ва ўзгача фикрловчи фуқароларнинг таъқиб этилиши ҳақида эслатиб ўтган.

Бироқ “Вашингтон пост” репортёри Керрининг Каримов билан учрашуви якунида инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги саволини қичқириб берганида, ўзбекистонлик мутасадди ва америка делегацияси аъзоси биргаликда унинг қўлидан ушлаб, қўпол ҳаракатлари билан хонадан итариб чиқарган, дея ҳамкасбларига билдиради Морелло.

Мореллога кўра, америкалик расмийлар кейинроқ Ўзбекистон томони журналист аёлга “С5+1” музокаралари иштирокчиларининг кириш баёнотларини ёритишни тақиқлаганини, бироқ кейинчалик унга тадбирда иштирок этишга ижозат берганларини тушунтириб бердилар. Давлат департаменти вакили эса Кэрол Мореллодан уни хонадан чиқариб юборган дипломатик хавфсизлик хизмати офицерининг ҳаракатлари учун кечирим сўради.

АҚШ ва Ўзбекистон: нима фарқи бор?

Озодлик мухбири Жон Керрининг Самарқандга ташрифи давомидаги аҳволни билиш учун маҳаллий журналистлардан бири билан боғланди. Воқеа жойида бўлган маҳаллий журналист хорижлик ҳамкасблари қувилганидан бехабарлиги, учрашувлар хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган тартибда ўтаётгани, маҳаллий журналистларга эса ўта чекланган мазмунда ахборот берилаётганини айтди:

"Биз ҳозир Самарқанддамиз. Лекин ичкарида нима гаплар бўлаётганидан бехабармиз, ишонинг. Музокара бўлаётган хоналарга бизни яқинлаштиришмайди, биласиз-ку?! Хабарларни учрашувлар тугаганидан кейин ёзамиз", деди маҳаллий журналист Озодлик мухбири билан мулоқотда.

Америкалик журналистлар, делегация аъзолари расмий тадбирларда иштирок этишлар мумкин бўлди, аммо уларнинг ўзбекистонлик ҳамкасблари расмийларнинг мутлақ чекловлари остида қолдилар. Учрашувлар тўғрисидаги хабарлар битта-иккита расмий ахборот агентликлари томонидан қатъий цензура остида берилади.

“Америкалик журналистларнинг Самарқандда содир бўлган ҳодисага муносабати, ҳамкасблари дуч келган қўполликнинг сабабини батафсил текшириш ва айбдорларга нисбатан чора кўриш тўғрисидаги талаблари АҚШ ва Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий тартиб-қоидалар аҳволи тубдан фарқ қилишини кўрсатмоқда. Ҳукумат жабр-ситамлари остида аллақачон йўқ қилинган ўзбек журналистикасида бунақа бўлишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Ўзбек журналистлари мутасаддининг гапини бўлиш мумкинлиги, савол бериш ҳуқуқига эгалигини унутиб қўйганлар, - дейди “Фарғона” бош муҳаррири Даниил Кислов. – Бу ёрқин мисол бўлиб қолмоқда. Давлат департаменти вакилининг гарчи дипломатияга хос мужмаллик берилган бўлса ҳам жавоблари, кейин бўлса узр сўраши АҚШ расмийларининг ўзининг америкалик журналистлари олдидаги масъулиятига далил бўлмоқда”.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама