03:35 msk, 22 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ҳуқуқ ҳимоячи Дмитрий Тихоновнинг уйида ёнғин содир бўлди, компьютер ёниб кетди, баъзи буюмлар йўқолди (фото, видео)

30.10.2015 19:46 msk

Ўз ахб.

20 октябрь куни Ангрендан ўн беш километр масофада жойлашган Янгиобод шаҳарчасида журналист ва ҳуқуқ ҳимоячи Дмитрий Тихоновнинг уйида содир бўлган ёнғин бино ва буюмларининг бир қисмини йўқ қилиб ташлади. Ёнғин сабаблари номаълум. Уй эгаси ёнғин ҳақида 26 октябрь куни билди, негаки у 30 сентябрь куни ортидан кузатув қўйилганини сезиб қолиб, бир мунча муддатга Ангренни тарк этганди.

Ҳуқуқ ҳимоячининг таъкидлашича, уйидан ҳужжатлар архиви сақланаётган иккита ташқи қаттиқ диск ва 100 та болалар ва мажбурий меҳнатга қарши туриш бўйича ҳуқуқий справочниклар йўқолди. Тахмин қилинишича, ёнғин 45-50 миллион сўмлик зарар келтирган (ҳақиқий бозор курси бўйича 9-10 минг доллар).

Тихонов содир бўлган ҳодиса ўзининг ҳуқуқ ҳимоя фаолияти ҳамда Тошкент вилояти Бўка тумани ҳудудида (бу ҳудудда Жаҳон банки лойиҳалари молиялаштирилади) болалар ва мажбурий меҳнат амалиётини мониторинги бўйича иши билан боғлиқлигига ишончи комил.

Ёнғин туфайли ҳуқуқ ҳимоячи Янгиободга келишга мажбур бўлди, чунки шаҳарда унинг ёнғин содир бўлган жойга кела оладиган қариндошлари йўқ. Тихонов “Фарғона” агентлигига қуйидагиларни айтиб берди:

“Қўшниларнинг айтишича, эрталаб соат тўртда улар тутун ҳидини сезиб қолишди. Кўчага чиқиб, қўшни уй, яъни менинг уйим ёнаётганини кўриб қолишди. Деразадан аланга отилиб чиқар, том ёнганидан шифернинг қарсиллаган овози чиқарарди. Бошқача қилиб айтганда, уй эрталаб соат тўртда эмас, анча эртароқ ёна бошлаган”.

Эрталаб соат бешга яқин ўт ўчирувчилар етиб келиб, ўз ишларини бошладилар. Бироқ резервуарларда сув етмагани боис, машина сув тўлдиргани кетишга мажбур бўлди. Шу вақт давомида уй ёнишда давом этаверди. Машина уй ортидан кириб, томнинг бир қисмини бузганидан сўнг ўтни ўчира олдилар.

Ўт ўқирувчилар ёнғин сабабини аниқлай олмадилар. Ёниб кетган материаллардан олинган намуналар экспертизага юборилди, унинг натижалари икки-уч ҳафтадан сўнг маълум бўлади.



Эътиборга сазовор ери шундаки, мен ишлайдиган хонам ва унга туташган йўлакнинг бир қисми ёниб кетган, холос. Хона шунчалик қаттиқ ёнганки, шифт билан том қулаб тушган. Ёниб кетган хонадан туриб осмонни кузатса бўлади. Қолган хоналар ёнғиндан шикастланган бўлсада, очиқ аланга таъсирига тушиб қолгани йўқ.

Компьютерим, фото, видеоаппаратура, навигатор, автовидеорегистратор, уяли телефон ва бошқа нарсалар ёниб кетган. Иккинчи компьютерим, ноутбугим, сканер/притнер/ксерокс (учтаси биттада – три в одном) қаерда қолганини аниқлай олмадим, чунки бу жой ёнғин қолдиқлари остида қолиб кетганди.

Ҳуқуқ ҳимоя бўйича барча ҳужжатлар, барча манзил ва алоқалар йўқ бўлиб кетди. Йиллар давомида тўпланган ҳуқуққа оид китобларим бутунлай ёниб кетди. Шахсий ҳужжатларим ҳам ёниб кетди. Киймларимнинг бир қисми ёниб кетди. Пулларим ёниб кетди.

Архивларим сақланаётган ҳар бири 1 террабайтли иккита ташқи дискларим изсиз йўқолди. Энг қимматли ҳуқуқий маълумотлар ўша дискларда сақланарди. Компьютеримда ва ноутбугимда ҳеч нарса сақламасликка одатланганман. Шунга қарамай, компьютер ва ноутбукдаги дискларимга нима бўлганини ҳам билмайман, улар ёнғин чиқиндилари остида қолиб кетишган.



Ёнғин чиқиндилари остидан металл қутичамни излаб топдим. Унинг ичида битта қаттиқ диск сақлардим. Бироқ, қутичанинг ичидан чиқмади. Ёниб кетган бўлса, қутичани ичида қолдиқлари қолиши керак эди. Иккинчи дискимни ҳам қолдирган еримдан топа олмадим, ҳолбуки унинг ёнида турган бошқа буюмлар чиқиндилар остидан топилди.

Уйдаги хоналарнинг бирида катта картон коробкада болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича ҳуқуқий справочниклардан юз нусхача бор эди, уларни мен тузиб тарқатиб юрардим. Ҳаммаси қонуний, уларда миллий қонунчилик меъёрларидан кўчирмалар ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенцияларидан олинган матнлар қўйилган. Мана шу справочникларнинг ҳаммаси йўқолди. Ёниб кетган бўлиши мумкин эмас, чунки бу хонага ёнғин кирмаган. Боз устига, справочниклар сақланаётган коробка бошқа аппарутараларнинг бўш коробкалари орасида турганди, уларга ҳеч нарса қилмаган ва милиция ходимлари коробкаларни қўшниларга сақлаб туришга беришган.



Қўшниларимнинг айтишича, МФЙ вакиллари ёнғин содир бўлган куни ва эртасига уйда милиция бўлган. Гўё, ёниб кетган хонадаги ёнғин чиқиндилари остида мени жасадимни излашган эмиш, ўлиб қолмадими деган мақсадда. Ўйлашимча, справочникларни улар олиб кетишган.

Уй эшигини муҳрлаб қўйишган экан, қўшниларим ҳузурида очдим. Уларга менинг келганим тўғрисида ўт ўчириш хизматига хабардор қилиш тайинланган экан. Телефон қилиб айтишди.

Ўт ўчирувчилар тезда етиб келиб, протокол туздилар, менинг иштироким зарур бўлган барча керакли расмиятчиликларни бажардилар ва шундан сўнг адвокатим қаердалигини суриштирдилар. Буни эшитиб хушёр тортдим. Демак, уларни маъмурий иш қўзғатилгани ҳамда ангрен милицияси мени излаётгани ҳақида огоҳлантиришган, деган фикрга бордим.

Маълум бўлишича, ангрен милицияси ёнғин содир бўлгани ҳақида биринчи куниёқ билган. Ангрен шаҳар ИИБ жиноят қидир бўлимига қўшниларимни кўрсатма олиш учун олиб боришган экан. 20 октябрдан сўнг адвокатим менга қарши қўзғатилган маъмурий иш бўйича икки марта милицияга борган, бироқ унга ёнғин ҳақида айтишмаган”.

Қайд этамиз, расмийлар учун номақбул ҳуқуқ ҳимоячиларнинг хонадонларида “тасодифан” ёнғин чиқишлари ноёб ҳодиса эмас. Мисол учун, 2008 йилда номаълум кимсалар ҳуқуқ ҳимоячи Фарҳодхон Мухторов истиқомат қилаётган квартирага ўт қўймоқчи бўлган эдилар. Олдинроқ, 2002 йилда Елена Урлаеванинг квартираси эшигини ёндириб кетишганди.

Ўз ахб.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама