14:08 msk, 24 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Дмитрий Тихоновнинг “пахта иши” тафсилотлари

27.10.2015 17:23 msk

Фарғона

Ангрен милицияси 22 октябрь куни ҳуқуқ ҳимоячи Дмитрий Тихоновнинг адвокатига ниҳоят Маҳмурий ҳуқуқбузарлик кодексининг 183 моддаси - “Майда безорилик” бўйича қўзғатилган иш материаллари билан танишишга рухсат бердилар. Унга қарши шикоят аризасини ёзган уч нафар аёл Тихоновни қўполликда ҳақорат қилишда айблаганлар. Ҳуқуқ ҳимоячи бу айбловларни рад этиб, бу иш пахта кампанияси билан боғлиқ ва расмийлар уни болалар ва катталар мажбурий меҳнатини мониторинг қилиш имкониятидан маҳрум этмоқчилар, деб ҳисобламоқда.

Ушбу модда бўйича уни энг кам иш ҳақининг 3-5 баробарида жаримага тортишлари ёки 15 суткагача қамашлари мумкин. Қамоқда уни калтаклаб, ҳуқуқ ҳимоя ва журналистик фаолияти билан қайта шуғулланиш хоҳишини сўндиришлари эҳтимоли бор. Олдинроқ сайтимиз ангрен милицияси 20 сентябрь куни унинг бошига бир пачка қоғоз билан ургани ҳақида хабар берганди.

Иш материалларида Дмитрий Тихоновга яшаш жойидан берилган қисқача характеристика бор. Унда айтилишича, Тихонов ҳеч қанақа жамоат ишлари билан шуғулланмайди. Шу билан бирга, МФЙ шу йилнинг баҳорида участка милицияси талаби билан МФЙ томонидан берилган справкада Тихоновга ичмайдиган, анча ижобий одам сифатида баҳо берилган.

Аризачи аёллар – Маҳбуба Бижонова “Гўзал”, Гулнора Контуганская – “Ёшлик” ва Шаҳринисо Йўлдошева- “Карвон” маҳалла фуқаролар йиғини раисалари бўлиб ишлашади.

Аризаларнинг уччови ҳам қолипдан чиққанидек бир хил ёзилган. Уларда айтилишича, Тихонов теримчиларнинг қаерга кетаётгани, (воқеа навбатдаги автобус колоннасининг Тошкент вилояти Бўка туманига жўнашидан олдин бўлган – “Фарғона” изоҳи.) улар ёлланган мардикорми, мардикорларни неча пулдан ёлласа бўлади, деган маълумотлар билан қизиққан. “Сиз кимсиз ўзи?” деган саволга гўё қўполлик қилиб, ёмон гаплар билан сўкинган экан.

“Жамоатчилик ташкилотлари лидерлари” ўз аризаларида пахтага ўз ихтиёрлари билан кўнгилли равишда кетаётганларини кўрсатиб ўтишни лозим кўрдилар. Аслида эса улар Тихонов билан тортишган куни ўзлари пахтага бормай, маҳалла фуқароларини МФЙ ходимларини, ўзларининг ўрниларига ёлланган мардикорларларни жўнатишаётганди.

Мисол учун, Йўлдошева пахтага кетаётганлар Тихоновга пахта – миллий бойлигимиз, уни теришга ўз ихтиёримиз билан кетяпмиз, деб тушунтирганини ёзган. Буна жавобан Тихонов “Бу сизнинг Ватанингиз, пахтангизни ўзингиз теринг”, деб айтган.

Г.Контуганская “Ўзбекистон – Ватаним менинг!” ва шунинг учун пахта теримига ёрдам бергани кетяпман, деб билдирган. Шундан кейин у (Тихонов – “Фарғона изоҳи”) аёлни уят сўзлар билан ҳақорат қилган ҳамда фотоаппаратини чиқариб суратга ола бошлаган. Тихонов уни шарманда қилиш учун суратларни интернетга чиқараман деб пўписа қилган. Контуганскаянинг таъкидлашича, у ҳақорат қилишда давом этган.

Бижанованинг аризасида айтилишича, улар Тихоновдан сизга нима керак, деб сўрашган ва ўзларини Ватанга пахта теришда ёрдам бергани кетяпмиз, деб айтишгани кўрсатилган.

Ҳуқуқ ҳимоячининг ўзи буни сохталаштирилган маъмурий ишга асос бўлиш учун буюртма характердаги қоллектив туҳмат деб атаяпти.

Халқаро меҳнат ташкилоти учун ҳужжатлар

Эътиборга сазавор ери шундаки, аёллар ўз аризаларида Ангрен шаҳар ҳокимияти томонидан 2015 йил 19 сентябрь куни “пахтага оммавий сафарбарлик эълон қилингани” ҳақида ёзишган. Улар ўзлари англамаган ҳолда аризаларини Ўзбекистонда пахта терими давомида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш атрофидаги вазиятни кузатувчи Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) мониторинг гуруҳлари эътиборини жалб этиши мумкин бўлган далилий ҳужжатларга айлантириб қўйдилар.

Яъни, шикоятчилар Ангрен шаҳар расмийлари пахта терими ташкилотчиси бўлиб чиқаётганини тасдиқловчи сўзлар остига имзо чекдилар. Бошқача қилиб айтганда, давлат жорий йилда фуқароларни ёппасига пахта далаларида ишлашга сафарбар қилди, бунақа меҳнатнинг мажбурий характери ҳаммага маълум.

Тихоновнинг “пахта иши”да шикоятчилар сифатида оддий фуқаролар эмас, балки фақат маҳалла қўмиталари раислари чиқаётгани ҳам рамзий кўринишга эга. Бу сохта жамоат ташкилотларининг бузғунчи ролининг яққол намунасидир.

Халқаро меҳнат ташкилотининг ратификация қилинган Конвенцияларини амалга ошириш бўйича 2008 йилда қабул қилинган биринчи Миллий режага асосан, маҳалла фуқаролари йиғинлари ўз ҳудудларида мажбурий меҳнатнинг қўлланишига йўл қўйилмаслик устидан назорат олиб боришлари лозим.

Бунинг ўрнига улар сохта ватанпарварлик шиорлари остида ташкилотчилар ролини ўз зиммаларига олиб, ижтимоий нафақа бермай қўямиз, дея қўрқитиб одамларни пахта далаларига жўнатиш билан шуғулланмоқда. Маҳалла “фаоллари” эса мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатлари тўғрисида маълумот тўплаётган ҳуқуқ ҳимоячиларни гиж-гижлаш билан оворалар.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий кодексининг 305 моддаси Тихоновга қўйилаётган 183 модда бўйича ишларни бир сутка мобайнида кўриб чиқилишини кўзда тутади. Ўша кодекснинг 282 моддасига кўра, баённома бошқа ҳужжатлар ва иш бўйича ашёвий далиллар билан бирга ҳуқуқбузарлик содир этилган ёки аниқланган пайтдан бошлаб бир суткадан кечиктирмай маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган орган (мансабдор шахс)га юборилади.

Шунга қарамай, ҳуқуқ ҳимоячига қарши 19 ёки 20 сентябрь куни қўзғатилган иш шу чоққача кўриб чиқилгани йўқ. Ваҳоланки, Тихонов 30 сентябргача Ангренда юрган бўлса ҳам. Маълум бўлишича, шу кунлар давомида унинг ортидан кузатув олиб боришган.

Айни пайтда Ангрен милицияси “Маъмурий жавобгарлик” кодексининг 294-моддасига таянмоқдалар, унда айтилишича, “Башарти содир этган ҳуқуқбузарлиги учун ушбу Кодексда маъмурий қамоққа олиш, ашёларини мусодара қилиш ёки ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш чораларини қўлланиш назарда тутилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш вақтида маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг қатнашиши шарт”. Демак, агар Тихонов судга боришдан бўйин товласа, милиция уни мажбуран олиб бориши мумкин.

Ўз ахб.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги