22:25 msk, 17 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентдаги қурилишлар: Аста яқинлашаётган кулфат

26.10.2015 15:56 msk

Фарғона

Ўзбекистонда байрамлар арафасида улкан иншоотларнинг фойдаланишга топширилгани ҳақида эълон қилишни яхши кўришади. Кўп ҳолларда хўжакўрсинга қурилган бу иншоотларни икки оғиз “усти ялтир – ичи қалтир” ибораси билан ифода этса бўлади. Мисол учун, пойтахт цирки биноси ёнидан ўтган автомобиллар учун тезюрар ер ости туннели устига қурилган болалар майдончаси ўта ночор бетон плиталари устида турибди, Шайхонтоҳур туманидаги айланма йўлда ётқизилган газ тармоғи эса эллик йилги қувурлардан иборат бўлиб, қурилиш ҳужжатлари Давлат архитектура қурилиш назоратида (ДАҚН) рўйхатдан ўтказилмаган. Бу каби иллатлар келтириши мумкин бўлган “сюрприз”лар билан ҳеч кимнинг иши йўқ, мазкур объектларни қабул қилиш тўғрисидаги далолатномаларни имзолашдан бош тортган ДАҚН инспектори Баҳром Аҳмедов эса пенсияга чиқишига бир ярим ой қолганида ўзининг принципиал позицияси учун ишдан ҳайдалди.

Баҳром Бозорович биз билан имзоланмаган далолатномалар тўғрисида суҳбат қилишдан қатъий бош тортди. У айни пайтда ўзининг ноқонуний ишдан бўшатилгани тўғрисида судга шикоят берган бўлиб, унга ортиқча муаммолар керак эмас. Сифати шубҳали қурилишлар тўғрисидаги ҳужжатларни таҳририятимизга тошкентлик мутасаддилардан бири исми сир қолиши шарти билан яширин тарзда юборди. Сир очилиб қолса, у лавозимидан маҳрум бўлиши мумкин. Хорижий ОАВ га мурожаатининг сабабини эса у қуйидаги сўзлар билан изоҳлади: “Агар бирор кор-ҳол содир бўлса, индамаганим важидан виждон азобидан қийналишни истамайман”.

Бош мутахассисми ёки стажер?

Келинг, таҳририятимизга келган ҳужжатларни биргаликда синчковлик билан ўрганиб чиқайлик. Аввалига Баҳром Аҳмедовнинг 2015 йил 14 сентябрь куни ёзган шикоят аризасидан бир парчасини ўқиб чиқамиз:

“2013 йил 1 июлдан бошлаб қатъий таклифига бинон Тошкет шаҳар Давлат архитектура қурилиши назоратига автомобиль йўллари, ободонлаштириш ва инженерлик тармоқлари Қурилиш-монтаж ишлари (ҚМИ) бўйича бош мутахассис-стажер бўлиб ишга кирдим. Олдинроқ, 1997-2006 йилгача шу ишда ишлаганман. ДАҚН раҳбарияти томонидан босимга учраганимнинг асосий сабаби – объектлар қурилишида қурилиш меъёрлари ва қоидаларининг қўпол бузилишига йўл қўйилганини аниқлаганим ҳолда мендан ишчи давлат комиссияларининг актларини имзолашни талаб қилишган, ҳолбуки аниқланган норматив талабларидан чекланишлар бартараф этилмаганди.

Бу объектлар: Тошкент шаҳридаги Г-50 кўчасидаги марказий йўли остида газ тармоғи диаметри 530 мм кондиция талабларига жавоб бермайдиган қувурларидан ётқизилган бўлиб, Тошкет вилоятида 25 август куни содир бўлгани каби фавқулодда вазиятнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, Тошкет шаҳар Ҳадра майдонида №1 ва №2 туннелларнинг қурилишида туннель устидаги томга лойиҳада кўзда тутилмаган, аслида турар-жой бинолари учун тайёрланган бетон плиталари қўйилган”.


Эски қувурлардан барпо этилган газ тармоғи мана шу янги қурилган уйлар ёнидан ўтади

Бу ерда бир нарсага изоҳ бериб ўтиш зарур. Ҳужжатлардан аниқ бўлишича, Аҳмедов илгари ДАҚНда бош мутахассис бўлиб ишлаган. 2013 йилда ҳам уни бош мутахассис лавозимига қабул қилишган, лекин мавжуд қоидаларга кўра, у аттестациядан ўтгунига қадар стажер ҳисобида юрган. Баҳром Бозоровичнинг шикоятларидан маълум бўлишича, раҳбарлар аттестация ўтказишга шошилишмаган ва пировардида, аттестация умуман ўтказилмаган.

Монолит ўрнига бўшлиқ

Янги лавозимга тайинланган инспектор Аҳмедов ишга чиққан кунларининг дастлабки кунлариёқ Ҳадра майдонидаги транспорт чорраҳасининг реконструкциясидаги муаммо билан ишга тўқнаш келди. Тошкетликлар 1970-чи йилларда автомобиллан учун қурилган иккита тезюрар туннелни яхши биладилар. Ўшанда туннель томини монолит темир-бетон плиталар билан ёпишган. Аммо реконструкция қилинганида уларни негадир ичи бўш темир-бетон плиталарига алмаштиришди.

Бу ҳолат ДАҚН бош мутахассисини ташвишга солиб қўйди ва у мансаб қўлланмасига мувофиқ зарур чораларни кўришга мажбур бўлди.


Болалар майдончаси ҳудди мана шу тезюрар туннель устида жойлашган

Аҳмедов ва ДАҚН инспектори У.Умаров 2013 йил 31 куни имзолаган мана бу учта кўрсатма – №585, №586 ва №597 шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясига, “Кўприкқурилиш” трестининг МО-№13 кўприк отрядига ҳамда “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонасига юборилди.

Ҳужжатларнинг учтасида ҳам бир хил матн. Унда айтилишича, “ичи бўш темир-бетон бостирма плиталар” иситиладиган бино ва иморатлар учун кўзда тутилган, улардан “очиқ майдонда устига тупроқ ётқизиш ва кўкаламзорлаштириш учун суғориш тизимлари билан жиҳозлаш мумкин эмас”.

Ҳужжат якунида қуйидаги хулоса келтирилади: плиталарнинг асосий қисми йил давомида нам ҳолатда бўлади. Плиталарнинг бўшлиқ қисмига сув кириши, кузги-қишки мавсумда ҳарорат кескин пасайганда сув музлаб бетонни емириши ва плита ўпирилиб тушиши мумкин.


Б.Аҳмедовнинг кўрсатмаларидан бири

Бундан келиб чиққан ҳолда, қурилиш учун масъул ташкилотларга қурилиш ишларини тўхтатиш тўғрисида кўрсатма берилади, лойиҳанинг бош инженери Г. Семеновга эса муаммонинг бошқа ечимини топиш тавсия этилади. Шу билан бирга, кўрсатмада “пролёт қурилмасини енгиллатиш учун ичига кўпикли бетон тўлдирилган пластмасса қувурлари”ни қўллаш бўйича эксперимент борасида шубҳа билдирилади. Шунингдек, лойиҳанинг технологик бўлимига ҳаво ҳарорати ўзгарганида қўлланаётган материаллар таркибида қандай ўзгаришлар содир бўлишига ёзма изоҳ беришлари таклиф этилган.

Яширин “сюрприз” фожиалар келтириши мумкин

Наҳотки лойиҳачилар қаерга қанақа бостирма плита ўрнатиш кераклигини билмайдиган саводсиз бўлишса, ДАҚН “стажёри” бунақанги кўрсатмалар мутахассисларни ноўрин безовта қилмаяптими, деган савол туғилиши мумкин. Бироқ бу ерда ҳам битта нюанс бор: Аҳмедов нуфузли “Ўзоғирсаноатлойиҳа” (“Узтяжпромпроект”) институтига ичи бўш плиталар тўғрисида мактуб йўллади ва у ердан бош инженер Макаров имзолаган жавоб олди. Унда айтилишича, “Ҳадра майдонида транспорт чорраҳаси реконструкцияси” объектида ичи бўш плиталарнинг қўлланиши мақсадга мувофиқ эмас, бунинг қуйидаги сабабларни мавжуд:

“Плиткалар устида очиқ майдонча, тротуарлар ва суғориладиган газонлар жойлаштирилади. Ичи бўш плиталар устига ётқизилган гидроизоляциянинг мустаҳкамлигига доим ишонч йўқ, ёмғир, қор, газонларни суғорадиган сув плиталарнинг бўшлиғига кириб тўлиши мумкин. Қишда сув музлаш эҳтимоли катта, чунки плиталар очиқ майдонда жойлашган. Музлаган сув кенгайиб, плитанинг ичидан емирилишига ва ўпирилишга олиб келиши мумкин. Бундай ҳолатларда монолит конструкциялардан фойдаланиш тавсия этилади”.


Тошкент шаҳар Шайхантоҳур туманининг мана шу ерида газ сизиб чиқиб, фавқулодда ҳодиса содир бўлганди. Декоратив девор ортида турар-жой бинолари жойлашган

“Фарғона” таҳририяти тошкентлик қурувчилардан бирига мурожаат қилиб, пластик қувурларни ва ичи бўш плиталарни Ҳадра майдонида қўллаш бўйича эксперимент нималарга олиб келиши мумкинлигини оддийроқ тушунтириб беришни илтимос қилди. Қурувчи Аҳмедовга ҳамфикр бўлиб чиқди: “Пластик ҳарорат таъсири остида вақти келиб ўзининг эгилувчанлик хусусиятини йўқотади ва мўрт бўлиб қолади, шунинг учун улардан кўтариб турувчи констркукциялар сифатида фойдаланиш катта шубҳа уйғотади.

Болалар майдончаси жойлашган ичи бўш плиталар ҳақида гапирадиган бўлсак, Янги йил арафасида у ерда катта арча ўрнатадилар. Бу жуда оғир юк. Плиталарнинг ичига вақт ўтиб сув тўпланиши, қиш пайтида ернинг 70 сантиметргача музлашини эътиборга олиш зарур. Агар ичи бўш бетон об-ҳаво таъсиридан емирилса, плиталар билан бирга болалар майдончаси ҳам ўпирилиб тушиши мумкин. Ўпирилганида ҳам қанақадир ертўлага эмас, балки тезюрар автомобиль трассасининг устига қулаб тушади. Қанақанги бўтқа бўлишини тасаввур қила оласизми?”

Рўйхатдан ўтмаган ва рухсат олмай бошланган қурилиш

Болалар майдончаси остидаги ич бўш плиталар тўғрисидаги масалани ҳал қилиш қийин бўлмаса керак. Бироқ ДАҚН бош мутахассиси Баҳром Аҳмедов қабул қилиш далолатномаси остида имзо чекишдан бош тортган бошқа объект муаммосининг ечилиши анча мураккаброқ. Бу – Шайхонтоҳур туманидаги Беруний кўчасидан бошлаб Чиғатой, Дарбоза ва Сариқсув кўчалари бўйлаб Анҳор канали ва Хуршид кўчасигача бўйлган айланма йўл қурилиши.

ДАҚН инспекторлари Аҳмедов ва М. Ҳакимов томонидан 2014 йил 28 май куни имзолаган №578 кўрсатмада айтилишича, объект қурилиши ДАҚНда рўйхатдан ўтказилмай ҳамда қурилиш-монташ ишларини амалга ошириш учун рухсат олинмай бошланган.


Б.Аҳмедов кўрсатмаларидан бири

ДАҚН инспекторларини хавотирга солган нарса йўл қурилишининг рухсатсиз бошлаб юборганлари эмас, балки унинг бир қисми остида газ тармоғининг ётқизилиши бўлди. Кўрсатма ҳам айнан “Ўзтрансгаз” акциядорлик компаниясига йўналтирилган.

Газ тармоғининг 2,5 километрлик участкасига янги қувурлар ўрнига Тошкент вилоятининг “Урсатьевская-Фарғона” участкасида 50 йил хизмат қилган қувур ётқизилган. Эллик йилги қувурлардан қайта фойдаланишга қарор қилганлари қўрқинчли эмас – улар изоляция остида турган, ичидан оқиб юрувчи газ эса иссиқ сув каби металл трубаларни емирмайди. Боз устига, “NAQLGAZMAXSUSQURILISH” ОАЖ мутахассислари демонтаж қилинган қувурларни “браковка”дан ўтказиб, тегишли экспертлик хулосасини туздилар. Бироқ бу “браковка” ишлари кўнгилдагидек ўтказилганми?


Тошкент цирки ёнидаги болалар майдончаси мустаҳкамлиги ишончсиз бўлган плиталар устида жойлашган

Металл “чарчаганда”

2014 йил августида газ тармоғи учун қувур ётқизилаётган пайтда, Кох ота маҳалласида ер юзига газ сизиб чиқиши билан боғлиқ фавқулодда ҳодиса содир бўлганди. Йўл бетига темир девор ўрнатаётган ишчилар газ пайванд учқунидан майса ёниб кетганини кўриб ҳайрон қолдилар. Зудлик билан мутахассислар чақиртирилди, уларнинг орасида Баҳром Аҳмедов ҳам бор эди. Улар содир бўлган ҳодиса бўйича далолатнома туздилар: “тупроқ очилганида, газ 1968-1970 йилларда ётқизилган (буни “NAQLGAZMAXSUSQURILISH” ОАЖ бош пайвандчиси Ш.Ибрагимов айтди) Д=350х8,0 мм ерости қувуридан сизиб чиқаётгани аниқланди. Аввал фойдаланилган Д 530х8,0 мм трубаларини браковка қилиш бўйича №7 хулосага асосан. Дастлабки визуал текширув давомида газ металл чарчагани боис пайдо бўлган микроёриқдан сизиб чиқа бошлаган ва кейинчалик тешика айланган. Дастлабки синов пайтида эса сизиб чиқишига олиб келган.

Юқорида баён қилинганидан келиб чиққан ҳолда белгиланган тартибда қатор тадбирларни амалга ошириш талаб қилинади: амалдаги меъёр ва талабларга мувофиқ дастлабки пневматик синовларни ўтказмай газни очилишига йўл қўймаслик; ётқизилган газ тармоғи трассасида бошдан охиригача синов босимини Р=4,5 кг/см2 гача кўтарган ҳолда синов ўтказиш, шу билан бирга, барча хавфсизлик чораларини кўриш ва синов ўтказилиши сифати устидан назоратни кучайтириш”.


Тошкент шаҳар Шайхантоҳур туманида содир бўлган фавқулодда ҳодиса юзасидан тузилган далолатнома

Қайд этиш жоиз, ўшанда газ сизиб чиққанида тармоқ доимий босим остида бўлмаган. Мутахассисларнинг айтишича, агар бу ҳодиса газ тармоғи эксплуатация қилинаётган пайтда содир бўлганида, қаттиқ портлаш ортидан ўша ерда диаметри ўн метрга тенг ўпқон ҳосил бўларди. Шунинг учун мутахассисларнинг тавсияларини ортиқча эҳтиёткорлик деб бўлмайди.

Бошқа ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, бунақа синовлар ўтказилмади, деган хулосага келиш мумкин. Чунки, таҳририятимизга келган ҳужжатлар орасида шаҳар ҳокими Рустам Усманов номидан “Ўзтрансгаз” АК раҳбариятига Аҳмедов тайёрлаган мактуб лойиҳаси бўлмас эди. Ушбу мактубдан бир парчасини эътиборингизга ҳавола қиламиз: “Юзага келган вазиятдан келиб чиққан ҳолда, олдин ишлатилган (б/у) диаметри 530 мм қувурларининг синовлари сифатсиз ўтказилган, деган хулосага келиш мумкин. Юқорида баён этилганидан келиб чиқиб, барча хавфсизлик чораларига риоя қилган ҳолда, ётқизилган газ тармоғининг ҳар бир участкасини қайта текширувдан ўтказиш ва бу ҳақда барча тегишли ташкилотлар билан бирга далолатнома тузиш мажбуриятини юклайман”.


“Ўзтрансгаз” га мактуб лойиҳаси

Хоким бу мактубни имзолаганми-йўқми, номаълум. Эҳтимол у бу хатни кўрмаган бўлса ҳам керак.

Судларда ҳам “сюрприз” бўлиши мумкин

Баҳром Аҳмедов имзолашдан бош тортган ҳужжатлар ортида турган шубҳали объектлар мана шулар бўлади ва улар Тошкент учун ўта нохуш “сюрпризлар”ни тақдим этиши мумкин. Қизиғи шундаки, раҳбарлар Аҳмедовнинг ўз вазифаларига ўта масъулиятли ёндашганини тақдирлаш ўрнига, аксинча уни менсимай, қўпол муносабатга ўтиб олди. Буни Аҳмедовнинг меҳнат таътилига берган аризасига ДАҚН бошлиғи қўйган резолюцияси мисолида (таътил юқоридаги объектлар фойдаланишга топширилганидан кейин берилади) кўрса ҳам бўлади. Баҳром Бозоровчичнинг таътилга чиқиш тўғрисидаг кейинги аризаларида ҳам ҳудди шу маънодаги резолюциялар қўйилганини кўриб, унга босим ўтказиламоқда, деган хулосага келиш мумкин.


Баҳром Аҳмедовнинг меҳнат таътилига чиқиш тўғрисидаги аризасига ДАҚН бошлиғи Тоҳира Файзиев қўйган резолюцияси

Баҳром Аҳмедов шантаждан қўрқиб, таслим бўлгани йўқ, шунинг учун ҳам ДАҚН раҳбарияти уни 2014 йил 26 декабрда сохта баҳоналар билан ишдан бўшатди. Афтидан, транспорт чорраҳаси ва айланма йўлни фойдаланишга топшириш тўғрисидаги актларни янги йилгача ҳар қанақанги йўл билан имзолаш зарур бўлганга ўхшади. Акс ҳолда, инспекция раҳбарияти бир ярим ой сабр қилиб 2015 йил 15 февралида Аҳмедовни пенсия ёшига тўлиши муносабати билан қонун доирасида, ҳеч қанақа жанжалларсиз, ҳурматини жойига қўйган ҳолда дам олишга кузатиб қўйса бўларди. Ана ўшандан кейин унинг ўрнига керакли қоғозларга индамай имзо қўйиб берадиган бошқа одамини ишга олишса бўлаверарди.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши Тошкент шаҳар прокуратураси билан бирга ишдан ноқонуний бўшатилган Баҳром Бозоровичнинг ёнини олиб, судда даъвогар бўлиб чиқди. Шунақанги кучли ҳомийлари борлигига қарамай, Аҳмедов биринчи инстанция судида процессни ютқазиб қўйди. Фуқаролар иши бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди мазкур нуфузли муассасаларнинг “инспекторни ўз лавозимида қайта тиклаш тўғрисидаги” даъво аризасини қондирмади.

Ф. Ахатова раислигидаги Тошкент шаҳар судининг кассация инстанцияси ҳам жорий йилнинг 11 сентябрида ҳудди шунақа қарор чиқарди. Ишнинг бунақанги тус олишидан ғазабланган касаба уюшмалари республика кенгаши мазкур суд ҳайъатининг “кўрилаётган ишга нисбатан нохолис ва янглиш муносабатда” бўлаётганини билдириб, унинг бутун таркибига отвод бериш тўғрисида ариза ёзди. Бу каби очиқ ва равшан иш бўйича суд тортишуви шунчалик чўзилганидан кўп йиллик тажрибага эга бўлган юристлар ҳам ажабланишмоқда.


Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация ҳайатининг таркибига отвод бериш тўғрисидаги аризанинг биринчи бети

Шу билан бирга, суд инстанциялари ва Аҳмедовнинг ёнини олаётган ташкилотлар ўз қарорлари, протестлари, аризалари ва шикоятларида ДАҚН инспекторининг ишдан ҳайдалишининг чинакам сабабларини четлаб ўтмоқдалар. Мунозара фақат ишдан бўшатишни асослаб берувчи қонун бузилишлари атрофида айланмоқда.

Қонун бузилишлари чиндан ҳам қўпол. Бироқ ушбу процессда ишдан бўшатишнинг ҳақиқий сабабларини юзага чиқариш керак эди. Ана ўшанда болалар майдончаси ёки газ тармоғида содир бўлиши мумкин бўлган муҳтамал (эҳтимолий) фожиалар учун судьяларни ҳам виждони қийналган бўларди.

Ўз ахб.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама