10:55 msk, 24 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда табиий газ таъминотида тақчиллик пайдо бўлди. Расмийлар кўмир фабрикларини қуриш билан машғул

22.10.2015 10:15 msk

Фарғона

Сўнгги кунларда Ўзбекистон аҳолиси газ таъминотидаги узилишлардан азият чекмоқда ва бу ҳақда нафақат ижтимоий тармоқлар, балки расмийларга яқин оммавий ахборот воситалари ҳам хабар беришмоқда.



Мисол учун, “12news.uz” Самарқандда табиий газ тақчиллиги ҳақида хабар тарқатмоқда: мана уч кун бўлибдики, шаҳарнинг кўплаб маҳаллаларида газ йўқ, бор жойда эса жуда паст босим билан келяпти. “Самарқанд шаҳар газ филиали одамларга тўлиб кетган. Ҳамма газ етказиб берилишини талаб қилмоқда”, - деб ёзади самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаев. Унга кўра, шаҳар газ идораси раҳбарлари газнинг пасайишини об-ҳаво совиб кетиши билан изоҳлаяптилар, яъни, шаҳарга аввал қанча газ келган бўлса, ҳозир ҳам шунча келяпти, аммо унинг сарфи кўпайиб кетган ва оқибатда босим пасайган. Бироқ тез орада ҳаммаси жойига тушади, чунки “Ўзтрансгаз” компаниясига шаҳарга ва вилоятга етказиб берилаётган газ миқдорини кўпайтириб бериш тўғрисида мактуб жўнатилган.

Шу вақтнинг ўзида “Uz24.uz” хабар беришича, Ўзбекистон пойтахтининг кўплаб туманларида ҳам газ босими пасайган. Бу ҳақда Фейсбук ижтимоий тармоғидаги “Жамоатчилик назорати” (“Общественный контроль”) гуруҳининг иштирокчилари хабар беришмоқда. Фойдаланувчилардан бири “Чилонзорда, аниқроғи Дўмбирободда газ босими паст, кимда қанақа?” деб ёзибди ва постга фотосуратларни қўшиб қўйибди.

Ушбу постга қўйилган шарҳларда гуруҳ иштирокчилари ҳудди шунақа муаммолар пойтахтнинг Учтепа, Юнусобод, Яккасарой, Миробод, Чилонзор туманларида ҳам пайдо бўлганини маълум қилдилар. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилардан кўпининг таъкидлашича, бу каби вазият ҳар йили қайта-қайта такрорланиб келади. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, бу пост “Общественный контроль” саҳифасидан ўчириб ташланган.

Ўзбекистонда табиий газ таъминоти муаммоси ҳақида “Фарғона” олдин ҳам бир неча бор ёзиб келган ва афтидан бу муаммо кўп йиллар давомида долзарблигича қолиб кетадиганга ўхшаяпти. Бироқ бу муаммо республика расмийларини асло ташвишга солмаётганга ўхшайди, чунки улар айни пайтда Марказий Осиё-Хитой газ қувурининг тўртинчи тармоғини қуриш борасида қайғурмоқдалар. Эслатиб ўтамиз, 2010 йилда “Ўзбекнефтегаз” билан Хитойнинг CNPC компанияси ўртасида Хитой Халқ Республикасига йилига 10 млрд куб метр табиий газ етказиб бериш тўғрисида шартнома тузилганди. Ўзбекистонда табиий газ қазиб чиқариш ҳажми йилдан-йилга камайиб бораётганига қарамай республика раҳбарияти табиий газ экспорти ҳажмини кўтариш иштиёқида юрибди. Буюк Британиянинг British Petroleum (BP) нефтегаз компанияси ҳар йили тузадиган рейтинги маълумотига кўра, 2010 йилда республикада 59,1 млрд куб метр, 2011 йилда – 57 млрд (“Ўзнефтегаз” маълумотига кўра – 63,036 млрд), 2012 йилда – 56,9 млрд, 2013 йилда – 55,2 млрд табиий газ қазиб чиқарилган.

Ички бозордаги аҳвол ҳақида сўз юритиладиган бўлса, 2015 йил сентябрда “Ўзбекнефтегаз” мамлакат газ-транспорт тизими кузги-қишки мавсумида ишлашга тайёр, деб билдирди: “Жумладан, узунлиги 61.2 км га тенг газ қувурлари капитал таъмирланди, 82.9 км узунликдаги газ коммуникациялари реконструкция қилинди, узунлиги 6 534.3 км га тенг газ қувурларида синов ишлари ўтказилди, умумий узунлиги 5 185.8 км ни ташкил қиладиган ерости газопроводларнинг техник ҳолати ўрганиб чиқилди. 2015 йил 23 сентябр куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида соҳа мустахассислари ушбу рақамларга алоҳида эътибор қаратдилар. Таъкидланганидек, жорий йили «Ўзтрансгаз» Акциядорлик компанияси томонидан республикамизда 20 та газ тўлдириш шохобчалари (ГТШ) қурилиб, ишга туширилган, аҳолига 527 963 та газ баллонари тарқатилган. Шу билан бирга, жорий йили Акциядорлик компания жамоаси яна 14 та ГТШ қуриш ва фойдаланишга топшириш ҳамда аҳолига қўшимча 306 мингтадан ортиқ газ баллонларини тарқатишни режалаштирган.

Шунингдек, тадбир давомида тармоқ корхоналари кузги-қишки мавсумда барқарор фаолият юритишга шайлигидан далолат берувчи қатор бошқа муҳим рақамлар ҳам келтирилди”, деб ёзади республикадаги газ таъминоти учун масъул бўлган ташкилот. Газ таъминот корхоналари чиндан ҳам кузги-қишги мавсумда узлуксиз ишлашга тайёр дея тахмин қилайлик, аммо Ўзбекистон аҳолиси томонидан газ тақчиллиги тўғрисидаги гапларни эшитиб, уларга кимдир ҳалақит беряптими, деган савол туғилади. Ким экан у, ҳалақит бераётганлар?

“Ўзбекнефтегаз” ўз сайтининг бош саҳифасида фахр ила “МХКнинг ишлаб чиқариш қувватлари йилига 60-70 миллиард куб метр табиий газ ва 8 миллион тонна суюқ углеводородлар қазиб олиш имконини беради. Мазкур кўрсаткичлар туфайли “Ўзбекнефтгаз” МХК табиий газ қазиб чиқариш бўйича жаҳонда 11-ўринни эгаллаб турибди”, деб маълум қилади.

Унда ушбу табиий ресурсларни экспортга чиқараётган мамлакат аҳолиси нега газ таъминотидаги тақчилликлардан азият чекади? Кўп жойларда аҳоли аллақачон кўмир, ўтин, тезак ёқишга ўтган. Расмийлар эса аждодларга хос ёқилғига қайтиш ғоясини қўллаб-қувватламоқдалар. Мисол учун, “Ўзбеккўмир” акцияорлик жамияти бош директорининг ўринбосари Носиржон Умаров куни-кеча Ўзбекистонда кўмир брикетлари ишлаб чиқарувчи 30 та фабрика ишга туширилгани ва уларнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 240 минг тоннада тенглигини маълум қилди. Фабрикалар Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё, Хоразм вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон республикасида жойлаштирилган. Бир тонна кўмир брикетларининг чакана савдо нархи 238 минг сўм белгиланган (МБ курси бўйича $89, “қора бозор” курси бўйича - $47). 2015 йилда Ўзбекистонда аҳолига 183 минг тонна кўмир ва 27,5 минг тонна кўмир брикетлари сотилар эмиш...

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама