07:00 msk, 18 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Қуллар териб берган пахта ҳар доимгидек серҳаридор бўлди

20.10.2015 17:52 msk

Фарғона

Ўзбекстон пахта далаларига мажбуран ҳайдаб чиқарилган бюджет ташкилотлари ходимларининг айтишича, бу йилги ҳосил бошдан охиригача машиналар ёрдамида эмас, балки қўлда териб олинди. Пахта терими мавсуми давомида бирор киши пахта далаларига бирорта машина чиққанини кўрмади. Шунга қарамай, расмий матбуот пахта секторидаги улкан ютуқлар ва териб олинган пахтанинг сифати тўғрисида ҳисобот бермоқда. Аммо бу ишлар деярли текин, қулларнинг қўл меҳнати эвазига амалга оширилди.

Шуҳратпарастлик ярмаркаси

“Ўзбекистон – жаҳон пахта бозорида ишончли ҳамкор”. Шу кунларда Ўзбекистон матбуоти шунга ўхшаш баландпарвоз сарлавҳалар билан тўлган. Сабаби – 16 октябрь куни Тошкентда анъанавий Халқаро ва тўқимачилик ярмаркаси ўз ишини тамомлади ва унинг якунлари бўйича 700 минг тонна ўзбек пахта толаси ҳамда 800 млн доллардан зиёд ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузилди.

Бу йилда расмий маълумотларга кўра, ярмаркада дунёнинг 40 та мамлакатларидаги фирма ва компанияларнинг мингдан зиёд вакиллари қатнашдилар.

Ўзбекистон матбуоти шўролар ўтмишидан мерос анъаналарга содиқ қолган ҳолда ўз ўқувчиларини фавқулодда ютуқ ва улкан муваффақиятлар ҳақидаги ҳикоялар билан озиқлантирмоқда. “Айни пайтда мамлакатимизда пахта заводларини модернизация қилиш жараёни давом эттирилиб, замонавий ускуналар жорий қилинмоқда, янги корхоналар ишга туширилмоқда. Халқаро талабларга мувофиқ, пахтани полиэтилен ленталар ва юмшоқ контейнерларни қўллаган ҳолда тойлашнинг янги тизимига ўтилмоқда...”


Ярмарканинг расмий сайтида тадбирлар дастури ва Ўзбекистон ҳақида умумий маълумотлар берилган, холос. Бу ерда ҳеч қанақа тижорат маълумотлари йўқ. Ярмарка очилган 15 октябрь куни очиқ статистика маълумотига кўра, бу сайтга 104 киши кирган.

Иқтисод ва сиёсатга бағишланган ҳар бир мақола ёки янгилик хабарида албатта Президент фамилиясга ишораларни учратиш мумкин.

“Ярмарка доирасида ўтказилган конференцияда Ўзбекистон дунёда пахта етиштириш бўйича олтинчи, экспорт қилиш бўйича бешинчи ўринда туриши таъкидланди. Жорий йилда ҳам пахтакорларимиз мўл ҳосил етиштирди. Бу Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалиги, пахтачилик, қайта ишлаш саноатида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, селекция, логистика ва бошқа соҳаларни такомиллаштириш борасида олиб борилаётган изчил ишлар самарасидир”, - дея ёзади Ўзбекистоннинг бош ахборот агенлиги "ЎзА”.


Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячи Аделаида Ким пахта савдоси бўйича ўз мониторингини ўтказиш ва маълумот олиш учун Тошкентдаги “Экспоцентр”га борди, дея ёзади Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилар альянси (ЎҲҲА). Бироқ икки кун давомида ярмарка ўтказилаётган бинога кириш бўйича унинг барча уринишлари чиппакка чиқди: ярмаркага зиёратчиларни фақат рўйхат бўйича киритишар, “Экспоцентр” ҳудудини эса Ўзбекистон махсус хизматлари ходимлари огоҳлилик ила қўриқлашар эди.

Фақат қўллар воситасида

“Фарғона” агентлигининг Ўзбекистондаги мухбирларига маълум бўлишича, Тошкент вилояти Бўка туманининг қатор фермер хўжаликларида жорий йилда пахта фақат қўлда терилган, пахта терим машиналари умуман қўлланмаган. Вазият сунъий характерга эга бўлиб, қишлоқ хўжалиги техникаси йўқлигига мутлақо алоқаси йўқ.

Маҳаллий тракторчилардан бирининг айтишича, тумандаги мавжуд бир неча ўнлаб пахта терим комбайнлари шаҳардан мажбурий равишда олиб келинадиган теримчиларни жалб этмай пахтани териб олиш учун етарли эмас.

Шу вақтнинг ўзида, пахта терим техникаси мавжудлигига қарамай, уни атайлаб далага чиқаришмаяпти. Чунки шаҳарлик кўнгилли ҳашарчиларнинг қўл кучи бутун ҳосилни пахта терим машиналарни жалб этмай териб олиш учун етарлидир. Бундан ташқари, машина терими пахта толаси сифатини пасайтириб қўяди ва ўз-ўзидан унинг нархи ҳам тушиб кетади. Машиналарсиз пахтани териб олиш имконияти мавжуд ва бу манфаатлироқ.

Туманнинг бошқа фермерлик хўжаликларидаги пахтакорлар ҳам далаларда пахта терим машиналари оз ёки умуман йўқ, деб маълум қилишмоқда. Уларга тушунтиришларича, бу йилги мавсумда пахтани асосан қўлда териб олишга қарор қилишган, чунки техникага эхтиёт қисмлар ва ёқилғи йўқ экан.

Очиқ Жамият Фонди 2014 йил октябрда масаланинг яширин томонини ошкор этувчи “Ўзбекистонда пахта сектори: Молиявий оқимлар ва ресурслар тақсимоти” дея аталувчи маърузасини эълон қилган эди. Маъруза собиқ давлат мулозимлари кўмаги остида тайёрланган, уларнинг номи хавфсизлик нуқтаи назаридан келтирилмаган. Мазкур маъруза Ўзбекистонда пахта етиштириш сиёсий иқтисодини очиб беради, иқтисоднинг ушбу секторида ўзбек элитасининг мажбурий меҳнат тизимининг сақланиб қолишидан молиявий манфаатларини кўрсатиб беради.

Пахта терим техникаси янгилигини эътиборга олсак, уларнинг ҳаммаси бирданига ишдан чиққан деган хаёлни нари суриб ташлаймиз. Пахта терим машиналари учун ёқилғи йўқ деган гапларга ҳам ишониш қийин. Пахта терим мавсумида мамлакатда доим ёқилғи танқислиги юзага келиши ҳаммага маълум. Пахта терим мавсумида ёқилғи биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги техникасига етказиб берилишининг асосий сабаблари ҳам тушунарли.

“Афтидан, жойларда оммавий қўл теримидан фойдаланишнинг ҳар қанақа имкониятидан фойдаланмоқчи бўляптилар. Бунинг сабаби иқтисодий характерга эга. Ҳатто пахта терим машиналари бор бўлишига қарамай, теримчиларинг қўл меҳнатидан фойдаланиш афзал. Фермерлардан ҳарид қилинадиган пахта учун ва теримчилар учун тўлов нархлари кўтарилмас экан, Ўзбекистонда машина теримининг ривожланишига умид қилиб бўлмайди”, - дейди “Фарғона” суҳбатдоши, исми сир қолишини истаган тошкетлик иқтисодчи.

2013 йилда бўлиб ўтган пахта ярмаркасида Ўзбекистон ҳукуматининг раиси Шавкат Мирзияев икки-уч йил ўтиб Ўзбекистонда ҳосилнинг саксон-тўқсон фоизи машиналарда териб олинади, деб ваъда қилганди. Бироқ 2015 йилнинг баҳорида Ўзбекистон далаларида бор-йўғи икки мингдан сал кўпроқ пахта терим машиналар ишга туширилади ва улар жами ҳосилнинг беш фоизини териб беради деган маълумотлар пайдо бўлди.

Янги кўринишдаги қуллар

Бироқ Ўзбекистондаги энг яхши теримчилар – шифокорлар ёки ўқитувчилар эмас, болалар ҳам эмас, балки манзил колонияларида жазони ўтаётган маҳкумлардир. Пахта плантацияларида қуллар назоратчиларнинг ғазабига дуч келишдан жуда қўрқадилар ва уларнинг инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ барча ҳўрликларга чидайдилар.

Эркидан мосуво контингент эрта тонгдан қаро ҳуфтангача икки букилиб ишлашга мажбур. Жисмоний чарчоқ важидан ишдан бош тортиш, норозилик билдириш ёки белгиланган режани бажармаслик калтаклашлар ҳамда ҳатто қамоқ муддатини узайтириш билан боғлиқ жазо чораларининг қўлланишига олиб келади.


Ўзбекистонда пахта терими

“Укам 2011 йилда валюта “қора бозори”да саррофни бир гуруҳ шахслар билан аввалдан тил бириктириб тўнашда айблов билан 15 йилга қамалганди. Кейин амнистия билан муддати икки баробарига қисқарди. 4 йил ўтириб чиқди, 2 йили манзил колонияда ўтди. Унинг айтишича, пахта терими мавсумида маҳкумларга нисбатан қўлланадиган “пахта жазоси” энг шавқатсиз жазолардан бири саналади – уларни кунига 18-19 соатдан ишлашга мажбур қилишади”, - дейди Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрига яқин манзил колонияда жазони ўтаётган маҳкумнинг қариндоши исми сир қолиши шарти билан.

“Вольниклар” учун бир кунлик пахта териш нормаси 8-9 соат давом этадиган иш кунига 60-70 килограмм бўлса, манзил колониялари маҳкумлари 100-110 килограмм теришлари керак, иш куни эса эрталаб соат 4 дан кечаси соат 10 гача давом этади. Жисмонан бу нормани бажариб бўлмайди, бунақа пахта далада қолмаган, баъзилар ҳушидан кетиб йиқилиб қоляптилар, бироқ лагерь раҳбарларининг бу билан мутлақо иши йўқ. Республикада пахта далаларига биринчи бўлиб манзил колониялар маҳкумлари чиқадилар ва далани энг охирида тарк этадиганлар ҳам шулар. Аксилсанитария шароитларидаги бир неча ой давом этадиган, дам олишларсиз жуда оғир меҳнат ва бемаза овқат ҳатто ёшларни ҳам бевақт қаритиб қўймоқда” , - дейди суҳбатдошимиз.

Маҳкумнинг қариндоши укасининг октябрь бошида бориб кўрганида, жигари оғриб қолганидан, тўйиб овқат емаганидан ва овқатнинг ўта сифатсизлигидан шикоят қилганини эслади.

“Пули борлар маҳаллий дўконга бориб бирорта егулик, сув сотиб олишлари мумкин. Пул йўқ бўлса, баландага қаноат қилишга тўғри келади. Икки ой кўрмадим уни. Шу вақт ичида 13 килога озиб, кўзлари киртайиб кетибди, терим “сўнги чаноққача” давом этадиган бўлса, (одатда октябрьнинг охиригача ёки ноябрнинг ўрталаригача) адо бўламан, деяпти. Укам мандан қаттиқ илтимос қилди, очиқда юрган иложи борича кўпроқ одамлар манзил колониядаги маҳкумларни пахта далаларида ҳақиқий қул сифатида ишлатишларини билишсин! Бундан ташқари, унинг айтишича, қўшни далаларда Ўзбекистон колонияларининг балоғатга етмаган ёш маҳбуслари ҳам пахта теришаётган экан. Унинг ўзи ўз кўзи билан кўрмагаган бўлса ҳам, кўрганлардан эшитган. Аммо ёшларни эрта тонгдан қаро ҳуфтангача ишлашга мажбурламаётгани ҳам рост”, - дея гапини тугатади суҳбатдошимиз.

***

Республика бош вазири Шавкат Мирзиёев куни-кеча ўтган пахта ярмаркасида сўзга чиқа туриб, “бу йил терилган пахтанинг 98 фоизи олий ва биринчи навга қабул қилинганини” фахр ила маълум қилди. Аммо бу “оқ олтин” кимнинг қўли билан териб олингани ва унинг сотилишидан келадиган даромад кимларнинг чўнтагига тушиши ҳақида бош вазир индагани йўқ.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама