07:01 msk, 18 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистон: МДҲ раҳбарлари саммитининг бош мавзуси террорчиликка қарши кураш бўлиб қолди (фото, видео)

17.10.2015 10:47 msk

Фарғона

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлари раҳбарлари кенгашининг мажлиси 16 октябрь куни Қозоғистонда бўлиб ўтди. Қозоғистон президенти матбуот хизматига қарашли - “Akorda.Kz” сайти хабар беришича, саммитда МДҲга аъзо ўн битта давлатдан саккизтасининг раҳбарлари қатнашдилар: Россия президенти Владимир Путин, Белоруссия – Александр Лукашенко, Ўзбекистон - Ислом Каримов, Қозоғистон – Нурсултон Назарбоев, Озарбайжон – Илҳом Алиев, Тожикистон – Имомали Раҳмон, Қирғизистон – Алмазбек Атамбаев, Арманистон – Серж Саргсян. Туркманистон саммитга ўзининг бош вазир ўринбосари Сатлиқ Сатлиқовни, Молдова – ташқи ишлар ва Европа интеграцияси вазирининг ўринбосари Андрей Галбурни юборди. Украинанинг Қозоғистондаги муваққат ишончли вакили Юрий Лезебник саммитда ўз мамлакати номидан қатнашгани ҳақида “Akorda.Kz” негадир индамади, аммо “Tengrinews.kz” хабар берди. Саммитда МДҲ Ижроя қўмитаси номидан унинг раҳбари – МДҲ бошқарувчи котиби Сергей Лебедев қатнашди.


“Akorda.Kz” фотоси

Саммит Боровое (Бурабай) курортидаги Rixos Borovoe Hotel меҳмонхонасида бўлиб ўтди. Эслатиб ўтамиз, бундан олдинроқ Қозоғистонга Украина президенти Петр Порошенконинг расмий (8-9 октябрь кунлари) ва Владимир Путиннинг давлат ташрифлари (15 октябрь) бўлиб ўтганди.

МДҲ давлат раҳбарлари саммити кун тартибига 17 та масала кўтарилиб чиқилди, бироқ асосий масала – халқаро терроризмга қарши кураш бўлиб қолди. Нурсултон Назарбаев билдирганидек, “МДҲ янги воқеликларга мослашиши, глобал ўзгариш ва таҳдидларга самаралироқ жавоб чораларини кўриши керак”.


“Akorda.Kz” фотоси

“Дунёдаги аҳволга таъриф бера туриб, террорчилик гуруҳларининг фаоллашганини қайд этиш лозим, уларнинг фаолияти дунё бўйича юзага келган тартибларни емирмоқда. Ўрни келганда, халқаро терроризм кўплаб давлатлардаги вазиятга салбий таъсир кўрсатаётганини ҳамда бутун-бутун минтақалар манфаатларига даҳл қилаётганини қайд этиш лозим. Зўравонликнинг сезиларли даражада кучайиши тинч аҳоли ўртасида қурбонлар сонини кпайтирмоқда, улар орасида, айниқса аёллар ва болалар кўп. Оқибатда бу Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Шимолий Африка, Яқин Шарқ тинч аҳолисининг Европага энг кўламли миграциясига олиб келди. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун улкан молиявий ресурслар керак бўлади. Боз устига, қочоқлар ниқоби остида террорчилар яшириниши мумкин. <...> Биз, МДҲ давлатлари раҳбарлари ўз вақтида хавфсизлик чораларини қабул қилиниши самарадорлиги борасида бирдаммиз. Кураш олиб бориш учун БМТнинг розилиги билан бутун жаҳон терроризмга қарши кураш тармоғини яратиш зарур”, - дейди Қозоғистон президенти “Tengrinews.kz” келтирган иқтибосда.

“Азаттык” ( “Озодлик”радиоси қозоқ тили хизмати) хабар беришича, саммитда Владимир Путин сўзга чиқа туриб “Ислом давлати” дея аталувчи ташкилот Афғонистон орқали “Марказий Осиё мамлакатларига кириб келишни ўз олдига мақсад қилиб олган”, деб билдирган. Унга кўра, айни пайтда Афғонистондаги “вазият ўта таранг аҳволга келиб қолган”. Россия раҳбарининг таъкидлашича, Ислом давлатининг Марказий Осиёга кириб келиш таҳдидига қарши жавоб ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун МДҲ мамлакатлари ўртасида ҳарбий ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузиш керак.


“Akorda.Kz” фотоси

Путин, шунингдек, Россия Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Иордания ва Исроил билан алоқа ўрнатганини ҳамда улар билан терроризмга қарши кураш олиб бориш имкониятларини муҳокама қилаётганини маълум қилди. У МДҲ мамлакатларини Россия, Сурия, Ироқ ва Эроннинг биргаликда амалга оширган сайъ-ҳаракатлари натижасида тузилган Бағдод ахборот маркази ишида иштирок этишга чақирди.


“Akorda.Kz” фотоси

“Ҳамдўстлигимиз доирасида халқаро терроризмга қарши кураш аҳамияти ўсганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Турли баҳоларга кўра, бугунги кунда келиб чиқиши россиялик ва МДҲнинг бошқа мамлакатларидан бўлган беш мингдан етти минггача киши ИШИД тарафида жанг қилмоқда. Биз уларнинг Сурияда бугунги кунда орттирган тажрибасини кейинроқ уйларимизда қўллашларига йўл қўя олмаймиз. МДҲ Аксилтеррорчилик марказининг самарали фаолиятини таъминлаш, махсус хизматлар ишини мувофиқлаштиришни давом этиш, мунтазам равишда ахборот алмашувини амалга оширириш лозим. Ҳамдўстликнинг ташқи чегараларидаги аҳволни синчковлик билан кузатмоқ зарур. Бу ерда мен Афғонистондаги вазият ҳақида хавотир ила сўз юритган Ўзбекистон президентининг сўзларига тўла-тўкис қўшиламан”, - деди Путин “Kremlin.Ru” келтирган иқтибосда.


“Akorda.Kz” фотоси

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўз навбатида экстремистик гуруҳларининг кучайиб бораётгани, уларнинг сафларига ёшлар жалб этилаётгани, террорчилар ўзларининг ғараз мақсадлари йўлида Исломни ниқоб қилиб олаётганлари, ИД ҳаракатлари, Ҳамдўстлик чегараларидаги барқарорлик издан чиқаётганидан хавотир изҳор этиб, МДҲ давлат раҳбарларини ушбу ҳолатларга қарши қатъий чоралар кўришга чақирди, дея хабар беради Ховар.

Саммит якунлари бўича 16 та ҳужжат имзоланди. Уларнинг орасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилганига 70 йил тўлиши муносабати билан МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг баёноти; МДҲ давлатлари раҳбарларининг халқаро терроризмга қарши кураш тўғрисидаги баёноти; МДҲ давлатлари раҳбарларининг Чернобиль Атом электр станциясидаги ҳалокатнинг 30 йиллиги муносабати билан мурожаатномаси; Фавқулодда ҳодисаларни олдини олиш ва оқибатларини тугатиш бўйича МДҲ давлатларининг ҳамкорлик тўғрисидаги битими; МДҲ давлатларининг 2020 йилгача ҳарбий ҳамкорлик концепцияси; МДҲ давлатларининг ташқи чегараларини мустаҳкамлаш бўйича 2016-2020 йилгача ҳамкорлик дастури ва бошқа ҳужжатлар бор.

Қозоғистон МДҲга раислик ваколатларини тугатиб, эстафетани Қирғизистонга берди. Ҳамдўстлик давлатлари раҳбарларининг кейинг саммити 2016 йилда Бишкекда бўлиб ўтади.

Куннинг иккинчи ярмида Боровоеда Олий Евросиё иқтисодий кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди, унда Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Арманистон президентлари иштирок этдилар.


“Akorda.Kz” фотоси

“Akorda.Kz” хабар беришича, улар Евросиё иқтисодий иттифоқининг доирасида бажарилган ишларга якун ясадилар, ЕОИИ ривожланишининг янги истиқболларини белгилаб олдилар, янги аъзоларни қабул қилиш ҳамда аъзоликни тўхтатишнинг тартибини тасдиқладилар, ЕОИИнинг “Ипак Йўли иқтисодий камари” билан ишлаарини мослашуви бўйича ҳаракатларини мувофиқлаштириш масаласини муҳокама қилиб олдилар, ЕОИИ доирасида ягона хизмат бозорини шакллантиришни либераллаштириш режасига мувофиқ амалга ошириш учун зарур хизмат секторлари рўйхатини маъқулладилар. Томонлар Иттифоқнинг учинчи мамлакатлар ва халқаро ташкилотлари билан ўзаро муносабатлари тартибини кўриб чиқдилар ва Исроил билан эркин савдо зонаси тўғрисидаги битимга оид музокараларни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилдилар. Кенгашнинг режадаги кейинги мажлиси 2015 йил декабрда Москвада бўлиб ўтади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама