22:52 msk, 24 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Россия оммавий ахборот воситалари зўр бериб Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида уруш бошланиши эҳтимоли тўғрисида “хушхабар” тарқатмоқда

15.10.2015 19:18 msk

Фарғона

Шу кунларда Қирғизистонда Марказий Осиёда сув ресурсларининг тақчиллиги туфайли урушлар келиб чиқиши мумкинлиги тўғрисидаги гўё Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 2015 йил сентябрда Қозоғистонга ташрифи давомида билдирган баёноти қизғин муҳокама қилинмоқда.



Хусусан, бу мавзу 15 октябрь куни Бишкекда журналистларнинг Россиянинг Қирғизистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Андрей Крутько билан учрашув давомида кўтарилди. Саволга жавоб бера туриб у қуйидагиларни билдирди: “Сув ва музликлар – Қирғизистоннинг миллий бойлигидир. Ва мамлакат уни истаганича тасарруф қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ халқаро ҳуқуқ нормалари ҳам мавжуд, шунинг учун дарёларнинг қуйи қисмида жойлашган Ўзбекистон ва Қозоғистон каби давлатларнинг манфаатини ҳам ҳурмат қилиш ва ҳисобга олиш лозим”, дейди элчи “Вечерний Бишкек” келтирган иқтибосда.

Элчи ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун барча имкониятлар мавжуд, дея қайд этиб ўтди. “ҚамбаротаГЭС-1 лойиҳаси маъқулланиш босқичида. Уни Тошкентдаги Гидропроект институти 1989 йилда ишлаб чиққан. Қирғизистон ва Ўзбекистон томонлари музокара ўтказишлари, техник ҳисобларни тақдим этишлари, [Қирғизистон президенти] Алмазбек Атамбаев бир неча бор гапирган нарсаларини кўрсатиб ўтишлари лозим. Мен унинг фикрига тўлиқ қўшиламан. Қамбарота ГЭС қурилиши оқибатида икки станциянинг қуйидаги иш тартибини ўрнатиш мумкин: сув Ўзбекистонга вегетатив мавсумда оқизилади. Ҳозирги пайтда Тўқтоғул ГЭС сувни асосан қишда оқизмоқда. Сув Ўзбекистоннинг гидроиншоотларга керак бўлмаган пайтда оқиб келмоқда. Қамбарота ГЭС қурилганидан сўнг сув Ўзбекистонга керак бўлган пайтда оқизилади. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун давлатларнинг сиёсий иродаси, уларнинг зарур маълумотга эгалик қилиш имконияти керак бўляпти”, - деди Крутько.

У сув тақсимоти муаммоси бутун дунёда долзарб, деб айтди. “Иқлим ўзгаришлари содир бўлмоқда, музликлар майдонлари қисқармоқда, уларда тўпланадиган сув захиралари ҳажми камаймоқда. Асосий зиддиятлар, одатда, дарёларнинг қуйи қисмида ва юқори қисмида жойлашган давлатлар ўртасида юзага келмоқда. Бу ерда гап Юқори Норин ГЭС каскадлари ҳақида кетмоқда, улар тўрт ёки олти станциядан иборат бўлади. Улардаги сув омборлари катта бўлмайди, улар Қирғизистондаги дарёлар ва биринчи навбатда Сирдарёнинг сувини шакллантирадиган Норин дарёсининг сув ҳажмига таъсир қилмайди”, - дея изоҳ берди элчи.

Қайд этамиз, сув ресурслари бўйича савол Россия оммавий ахборот воситаларининг куни-кеча “Ўзбекистон Ўрта Осиёдаги энергия ресурслари устидан назорат ўрнатиш учун уруш бошлаши мумкинлиги билан пўписа қилмоқда”, “Россияни сув учун урушга тортишмоқда”, “Урушга етаклаётган сув: Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон vs Тожикистон ва Қирғизистон”, “Ўзбекистон Қирғизистон ва Россияга қарши уруш бошлайдими?” ва шу каби ўта шовқинли сарлавҳалар остида тарқатилган хабарларга асосланиб берилди. Хабарларнинг ҳаммасида Ўзбекистон президенти “келгусида Марказий Осиёда сув-энергетика муаммолари шу даражагача чуқурлашиб кетиши мумкинки, нафақат зиддият ва қарама-қаршиликларни, балки ҳатто урушларни ҳам келтириб чиқариши мумкин”, деган баёноти келтирилган. “Регнум” ахборот агентлиги биринчи бўлиб тарқатишга бошлаган ва “Газета.Ру” томонидан илиб олинган ҳамда бошқа оммавий ахборот воситалари чоп этган хабарларда таъкидлашича, бу баёнот гўё 2015 йил 7 сентябрь куни Ислом Каримовнинг Қозоғистонга ташрифи давомида берилган эмиш. Қизиғи шундаки, Каримов айтилган кунларда Қозоғистонга бормаган ва бу ҳақда на Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати ва на Ташқи ишлар вазирлигининг “Жахон” ахборот агентлиги хабар берди. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбаев эса “Akorda.kz” расмий сайти хабарига кўра, 7 сентябрь куни ишчи сафар билан Ақмола вилоятига чиқиб кетган ва у ерда ғалла терими кампаниясига тайёргарлик ишлари билан танишган ҳамда учта вилоят раҳбарлари билан мажлис ўтказган эди.


“Регнум” АА сайтининг скриншоти. Қизил қалам билан “Фарғона.Ру” белгилаб қўйган

Қизиғи шундаки, Ўзбекистон расмийлари Россия матбуотининг хатоларини инкор этиб ҳам, шарҳлаб ҳам ўтирмади. “Аҳволнинг бу каби тус олишидан расмий Тошкент манфаатдор, - дейди “Фарғона” ахборот агентлигининг бош муҳаррири Даниил Кислов. – Ислом Каримовнинг уч йил олдин гапирган сўзларига ишора қилиниши “сув масаласи” Ўзбекистон учун нечоғли муҳим эканлигига далил бўлади. Бироқ ушбу масалада ҳеч қанақанги жиддий силжиш бўлмади. Ўзаро таъна ва маломатлар янграяпти ҳамда журналистлар хатосидан кўра атайлаб уюштирилганга ўхшаш хабарлар тарқатилмоқда”.
Аслида, юқорида келтирилган президентнинг баёноти бундан уч йил муқаддам - 2012 йил сентябрда Қозоғистонда янграган эди. Яъни, “Регнум” хатога йўл қўйгани очиқ ва равшан бўлиб, бу хатони на мазкур агентликнинг ўзи ва на бу хабарни илиб олиб тарқатган бошқа оммавий ахборот воситалари текшириб кўрдилар (ҳолбуки кейинги “Урушга етаклаётган сув: Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон vs Тожикистон ва Қирғизистон” дея даҳшатлироқ сарлавҳа остида чоп этилган ҳамда бошқа ОАВ, шу жумладан, “Газета.Ру чоп этган “Россияни сув учун урушга тортишмоқда. Ўзбекистон Ўрта Осиёдаги энергия ресурслари устидан назорат ўрнатиш учун уруш бошлаши мумкинлиги билан пўписа қилмоқда” мақоласида ҳам айанан 2015 йил кўрсатилган). Шу билан бирга, мақола муаллифи қатор хатоларга йўл қўйган: мисол учун, Ўзбекистон президентидан келтирилган иқтибосда оддий қарама-қаршилик тўғрисида эмас, балки диний зиддиятлар ҳақида сўз юритилмоқда; муаллифнинг ёзишича, “тоғдан оқиб келаётган аксарият йирик дарёларнинг юқори қисмида Қирғизистон, қуй қисмида эса Ўзбекистон ва Тожикистон жойлашган”, экан. Балки у Тожикистон билан Туркманистонни адаштириб қўйгандир?! Бундан ташқари, мақолада ёзилишича, “ГЭС қурулишига нафақат Ўзбекистон, балки Тожикистон ҳам қарши чиқмоқда (?!); аслида мақола матнида гап Каримовнинг Қирғизистондаги ГЭС қурилишидан норозилиги ҳақида кетаётган эди, бироқ у Тожикистондаги Роғун ГЭСни ҳам назарда тутган; муаллифнинг таъкидлашича, уруш ҳақидаги сўзлар Ўзбекистон президентининг расмий сайтида жойлаштирилган эмиш. Ҳар ҳолда мақолани ўқиган одам айнан шу хулосага келиши муқаррар, чунки матнда қуйидаги абзац келтирилган: “Ўрта Осиё республикаларида сув ресурслари устида назорат кенг кўламли урушга олиб келиши мумкин. Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ҳудудлари орқали оқиб ўтувчи дарёлардаги энергетик лойиҳалар бўйича келишилган позиция бўлиши керак. Бу ҳақдаги хабар Ўзбекистон президенти Ислом Каримов матбуот хизматининг расмий сайтида жойлаштирилган”. Бироқ Каримовнинг матбуот хизмати сайтида бунақа гаплар йўқ.


“Газета.Ру” сайтининг скриншоти


“Газета.Ру” сайтининг скриншоти. Қизил ранг билан “Фарғона.Ру” белгилаган

Қайд этиш жоиз, “Регнум” Каримовнинг баландпарвоз баёнотини Ўзбекиистон президентининг Туркманистон раҳбари Қурбанқули Бердумахаммедов билан учрашуви муносабати билан эслади ҳамда икки давлат раҳбарларининг қўшма баёноти ҳақидаги хабарида келтирилган “Сув-энeргeтика соҳасига оид масалалар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган мeъёр ва тамойиллари асосида, минтақадаги барча давлатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, халқаро ташкилотлар иштирокида кўриб чиқилиши зарурлиги таъкидланди. Трансчeгаравий дарёларда йирик гидроэнeргeтика иншоотлари қуриш масалаларига БМТнинг тeгишли конвeнциялари талабларига тўла риоя қилган ҳолда ёндашиш лозимлиги қайд этилди”, деган гапларни кўчириб чоп этишда қўпол хатога йўл қўйди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон раҳбари сўнгги бир неча йил давомида Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматларининг трансчегаравий дарёларнинг юқори қисмида ГЭС қуриш режаларига мунтазам равишда қарши чиқиб, зилзила туфайли тўғон қўпорилиши ортидан дарёларнинг қуйи қисмида яшайдиган аҳолига офат келтириш мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб келмоқда. Бундан ташқари, сув омборида сув тўплаш зарурати ортидан жиддий сув тақчиллиги келиб чиқиши мумкин. Шу муносабат билан Ўзбекистон “халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган мeъёр ва тамойиллари асосида, минтақадаги барча давлатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, трансчегаравий сув ресурсларидан рационал ва адолатли фойдаланиш” масаласини кўтариб келмоқда. Ҳудди шу масала 2015 йил 12-13 октябрь кунлари Миланда (Италия) ўтган олий даражадаги атроф-муҳит ва сув ресурслари бўйича “Европа иттифоқи – Марказий Осиё” бешинчи конференциясида Ўзбекистон делегацияси томонидан кўтариб чиқилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама