07:08 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қўшни республикадаги куйдирги касаллиги ҳаммани ваҳимага солиб қўйди

01.11.2005 14:25 msk

ўз.ахб.

Оммавий ахборот воситаларида хабар қилинишича, Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида чорва молларининг куйдирги касалига чалиниш ҳоллари аниқланган.

Андижон вилояти ҳокимлиги мутасаддиларининг айтишларича, касаллик кириб келишининг олдини олиш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан қатор чора-тадбирлар кўриляпти. Махсус штаб ташкил қилиниб, 2005 йилнинг 10 ноябригача вилоятнинг Жалолобод билан чегарадош туманларида карантин эълон қилинди.

Вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи Абдусалим Йўлдошевнинг сўзларига кўра, айни кунларда саккиз юздан зиёд шифокор Жалолобод вилояти билан чегарадош ҳудудлардаги аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, куйдирги касаллигидан сақланиш ҳақида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда.

- Зудлик билан 20 дехкон, 27 мол бозори, 30 кушхона, икки юздан зиёд фермада, гўшт комбинати ва 14 терини қайта ишлаш корхонасида таҳлиллар ўтказдик, - дейди Абдусалим Йўлдошев. - Хайриятки, ҳеч қандай касаллик аниқланмади.

Айни пайтда санэпидназорат, божхона ва чегара постлари ходимлари, қассоблар, муайян фуқаролар куйдирги касалига қарши эмланди. Шунингдек, чорва моллари ҳам. Шу билан бир қаторда аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари кучайтирилди.

- Тугриси, гўшт егани, айниқса колбаса егани қўрқиб қолдик, - дейди Андижон шаҳрида яшовчи Бакир Холматов. - Кичик ўғлим сосиска, колбасасиз нонушта қилмасди. Берай десам, буёқда колбасаларга ишонч йўқ. Ким билиб ўтирибди, қайдан келяпти ўзи бу касаллик, ҳайронмиз.

Олтинкўл туманида яшовчи Бахтиёр Хўжақулов яқинда бузоқ олиб боққанини ва бузоғининг танасида қандайдир яра пайдо бўлганини таъкидлайди. Унинг айтишича, бузоқдаги яра унинг ўзига ҳам юққан.

- Қўтирми бу ёки бошқа нарсами, билолмадим. Аммо қўлимдаги мана бу яра ҳалигача тузалмаяпти. Қилмаган дорим қолмади, ҳисоб. Бузоқни бир нарса қилиб юриб, сотиб юбордим. Энди виждоним қийналиб ўтирибди. Тузукроқ мутахассисга кўрсатсам бўларди. Балким куйдиргидир, балким куйдирги бўлмагани билан ҳайвондаги бир касалликда. Бошқаларга ҳам юққан бўлмаса эди.

Мутахассисларнинг айтишларича, жуда кўпчилик ҳайвон боққани билан ундаги касаллик ва касалликка қарши эмлаш ишларини яхши билмайди. Шу сабабли, Андижон вилоятида куйдирги касаллиги билан оғриган ҳайвон аниқланмади, деб айтишга ҳали эрта.

Одамларнинг айтишларича, тарғибот-ташвиқот ишлари маҳалла ва хонадонларда ўтказилса яхшироқ бўларди.