22:22 msk, 17 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: “Қора бозор”да доллар курси беш минг сўмдан ошиб кетди

13.10.2015 09:47 msk

Алексей Волосевич

Ўзбекистонда иқтисодиёт ва молия соҳасидаги навбатдаги психологик довонни ортда қолдирди: “қора бозор”даги доллар курси 5.000 сўмдан ошиб кетди. Валютачилари аҳолидан долларни 4.950 сўмдан сотиб олиб, ҳаридорларга 5.030 сўмдан таклиф этмоқдалар. Шундай қилиб, йил бошидан бери ўзбек валютаси 45,7 фоизга қадрсизланди.

Эслатиб ўтамиз, май ойининг ўрталарида ҳам доллар ушбу 5000 сўмлик чўққини қисқа муддатга забт этганди: ўшанда “яшил қоғоз” бирданига 4100-4200 сўмдан 5100-5200 сўмгача сакраган ва ҳамма ўзбек миллий валютасининг кескин қадрсизланиши ҳақида гапиришга бошлаганди. Шундан сўнг расмийлар зудлик билан бозор иқтисодиётига алоқаси бўлмаган турли чораларни кўрдилар ва доллар пасайиб, бир мунча вақт давомида 4.600.-4.650 сўм поғонасида қалқиб турди ва кейинчалик яна бир оз пасайди.

Шунга қарамай, ёз давомида ва кузнинг биринчи ярмида долларнинг бозор курси аста-аста май ойидаги даражасига етиб келди.

Ўзбекистонда доллар курси кўп йиллар давомида минг сўм даражасида сақланиб келгани кўпчиликка маълум. Ҳар йили америка валютаси озгинадан қимматлашар (мисол учун, 2006-2007 йилларда – 5 ва 4,1 фоизга), 2009 йилдан бошлаб эса анча жадал суратлар билан кўтарила бошлади.




Сўмнинг қадрсизланиши ҳақида батафсил бу ерда ўқишининг мумкинтут)

2009 йил охирида доллар 2000 сўмлик довондан ошди ва орадан беш йил ўтганидан сўнг, 2014 майда 3000 сўмга етди. Ана ўшандан кейин ҳақиқий пойга бошланди: бир йилга етмаган вақт ўтиб, 2015 йил февралида доллар 4000 минг сўмга чиқиб олди. 5000 сўмлик поғонага етиб олиш учун бор-йўғи саккиз ой етди, холос.

Ўзбек валютасининг долларга нисбатан қадрсизланиш кўрсаткичи фоизларда қуйидаги кўринишга эга: 2013 йилда доллар 3,7-4,9 фоизга, 2014 йилда – 21,4-19,7 фоизга, 2015 йил бошидан бери эса 45,7 фоизга ўсди (3400-3450 сўмдан 4950-5030 сўмгача). Шу давр мобайнида Ўзбекистон Марказий банки томонидан сунъий равишда белгиланадиган долларнинг расмий курси йил бошидан бери аттиги 8,8 фоизга кўтарилди, холос.

Сўмнинг “қора бозор”да тезатоп равишда қадрсизланиши натижасида долларнинг расмий курси билан бозор курси ўртасидаги тафовут янада катталашди.

Коррупциявийликнинг ўзига хос кўрсаткичи бўлмиш курслараро тирқиш 2014 йиил бошида 27,14-31 фоизни ташкил этган бўлса, 2015 йил бошланишида 40,35-42,4 фоизга етди ва 2015 йил 12 октябрга келиб эса 87,8-90,9 фоизга етди. Бу сўнгги 13 йил ичида қайд этилган мутлақ рекорд бўлиб қолмоқда (май ойидаги бир кун ҳисобга олинмади).

Курслар ўртасидаги тафовутнинг бу қадар катталашуви мамлакат иқтисодиёти учун хавфли саналади, бироқ бу ҳолатдан МБ курси бўйича валюта сотиб олиш имкониятига эга ҳукуматга яқин доиралардан иборат элита манфаатдор. Ўзбекистонда шу чоққача эркин конвертация йўқлигининг асосий сабабларидан бир ҳам шу.

Шу билан бирга, расмийлар мамлакатда валютанинг “қора бозори” мавжудлигини намойишкорона тан олмай келадилар. Доллар, евро, рубль ва тенгенинг бозор курслари ҳақида матбуотда гап юритилмайди. Ҳолбуки ўзбекистонликларнинг мутлақ аксарияти долларнинг айнан бозор курси билан иш юритишга мажбур: МБ белгилаб берган долларнинг арзон курси улар учун эмас.

Шу билан бирга, мамлакат фуқароларига (жисмоний шахсларга) нақд пул кўринишида чет эл валютасини сотиш тақиқланган, долларни “қора бозор”да сотиш ёки сотиб олиш жиноят саналади (Ўзбекистон Жиноят кодексининг 177 моддасига мувофиқ, қонунбузарларни йирик миқдорда жаримага тортишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум этишлари мумкин).

Президент Ислом Каримов чин воқеликни тан олишдан бош тортиб, анъанага биноан йил якунлари бўйича ўтказилаётган йиғилишларда инфляция даражаси 6-8 фоиздан ошмайди, деб билдириб келади. Унга кўра, 2013 йилда инфляция 6,8%, 2014 йилда эса 6,1 фоизни ташкил этган (ҳолбуки нон ва яна бир нечта ижтимоий товарлардан ташқари барча товар ва хизматлар нархлари долларнинг айнан “қора бозор” курси бўйича нархларига боғланган). 2015 йил якунлари бўйича ўтказилажак Вазирлар маҳкамасининг йиғилишда ҳам давлат раҳбари шунга яқин кўрсаткичларни эълон қилади, деб тахмин қилиш мумкин.

Алексей Волосевич

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама