15:23 msk, 29 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Amnesty International ва 140 мингдан зиёд одамлар ўзебекистонлик сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжоннинг озод этилишини талаб қилишмоқда

03.10.2015 16:21 msk

Фарғона

Бир вақтлар Ўзбекистонда нашр этилган “Эрк” газетасининг собиқ бош муҳаррири Муҳаммад Бекжонов шу йилнинг 1 октябрь куни 61 ёшга тўлди. Шу куни нуфузли Amnesty International ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга мурожаат қилиб, маҳкум журналистнинг зудлик билан озод этилишига кўмак беришини сўради. Дунёнинг 129 та мамлакатидан 140 мингдан зиёд одамлар Amnesty International 2014 йил май ойида бошлаган “Қийноқлар йўқ қилинсин!” кампанияси доирасида ташкил этилган петиция остига ўз имзоларини қўйдилар.

Ҳуқуқ ҳимоячилар петицияда Муҳаммад Бекжоновнинг 16 йилдан бери турмада ўтириб келаётгани эслатмоқдалар, ҳолбуки у 1999 йилда бўлиб ўтган суд мажлисида ўзига қўйилган айбловлар сохталаштирилган, айбига иқрорлик тўғрисидаги кўрсатмалар эса қийноқлар воситасида олинганини билдирганди. Суд тергов давомида уни резина таёқ билан калтаклашгани, бўғишгани ва электрошер билан қийнашгани ҳақидаги кўрсатмаларни эътиборга олмади, унинг қийноқлар тўғрисидаги аризаси текширилмади, айбдорлар аниқланмади ва ҳеч ким жавобгарликка тортилмади.

Муҳаммад Бекжонов иши

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Муҳаммад Бекжанов мухолифатдаги “Эрк” партиясининг матбуот органи саналган “Эрк” газетасига бош муҳаррирлик қилган, 1993 йилда эса расмийлар томонидан таъқиблар, босимлар ва пўпислар туфайли Ўзбекистонни тарк этганди.

1999 йил 16 февралда Тошкентда олти марта порлаш садолари янгради, 13 киши ҳалок бўлиб, юздан зиёд одамлар яраланди. Шундан сўнг Ўзбекистон махсус хизматлари юзлаб одамларни ҳибсга олдилар, уларнинг орасида мустақил исломий бирлашмалари вакиллари, тақиқланган партия ва ҳаракатларнинг аъзолари, тарафдорлари ва қариндошлари бор эди. 1999 йил 18 март куни Муҳаммад Бекжонни Украинадан Ўзбекистонга мажбуран келтирдиларва апрель охиригача ташқи дунёдан алоқасини узиб, қамоқда сақладилар.

1999 йил апрель ойида бўлиб ўтган судда Муҳаммад Бекжон ва ушбу иш бўйича айбланган бошқа судланувчилар сохталаштирилган айбловлар бўйича иқрорлик кўрсатмаларини олиш учун қийноққа солинганлари ҳақида билдирдилар. Раислик қилувчи судья Бекжоновнинг адвокатига иш тафсилотларини баён қилиш учун бор-йўғи 40 дақиқа вақт берди. Суд қийноқлар остида олинган иқрорлик кўрсатмалари тўғрисидаги шикоят аризасини эътиборга олмай, Бекжоновни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 158-3 (Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш), 159-3 (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 216 (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш), 223-2 (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш), 227-2 (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш), 228-2,3 (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш), 242-1 (Жиноий уюшма ташкил этиш) моддалари бўйича айбдор деб топиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этди.

2003 йилда Бекжоновнинг қамоқ муддати амнистия билан 3 йилу 8 ойга камайтирилди. Уни 2012 йил февралида озод қилишлари керак эди. Бироқ 2011 йил декабрда унга қарши 221 модда (Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) билан янги жиноий иш сохталаштирилди ва қамоқ муддатига беш йил қўшиб берилди. Бекжоновнинг қариндошлари айтишича, у судга 13 йил давомида бирор марта ҳам турма тартибларини бузмай келгани, бироқ озодликка чиқишга бир неча ҳафта қолганда уларни бузишга “бошлагани” ажабланарли эмасми, деб айтди. Апелляция суди 2012 йил апрелида бу қарорни ўз кучида қолдирди.

Бекжонов турмада бошидан жароҳат олди, қобирғалари ва оёғи синди, қулоғи анча эшитмай қолди ва тишларининг кўпи тўкилиб кетди. Бундан ташқари, у силнинг оғир формаси билан касалланди, бироқ зарур медицина ёрдамини олмади. Унинг асаблари ишдан чиққан, ориқлаб, тўзиб кетган ва бутунлай тузалиб кетиши тўғрисида гапирмаса ҳам бўлаверади.

Ўзбекистонда Муҳаммад Бекжонга ўхшаган бошқа маҳкумлар ҳам бор. Amnesty International 2015 йил апрелида “Қийноқлар йўқ қилинсин!” кампанияси доирасида “Сирлар ва ёлғонлар: Ўзбекистонда қийноқлар остида олинган иқрорлик кўрсатмалари” дея аталувчи маъруза чоп этилди. Маъруза муаллифлари шавқатсиз муносабат, шунингдек, қийноқлар остида олинган кўрсатмаларнинг суд томонидан эътиборга олиниши – Ўзбекистонда илдиз отган муаммодир, деган хулосага келдилар.

Қийноқлар ва шавқатсз муносабат Ўзбекистондаги жиноий ишлар бўйича суд процесслари тизимининг ўзига хос хусусиятига айланиб бўлган. Бу – Ўзбекистон расмийларининг ўзгача фикрловчиларни овозини ўчириш, хавфсизликка таҳдид солувчи ҳақиқий ёки сохта таҳликаларга қарши кураш ва сиёсий рақибларни енгиш учун қўллаётган асосий услуби бўлиб қолди, дея ёзади Amnesty International. “Бу давлатда мунтазам равишда эркаклар ва аёлларга нисбатан тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада шавқатсиз муносабатлар ва қийноқлар услубларини қўллаш йўли билан иқрорлик кўрсатмаларини имзолашга мажбурлашади. Шу билан бирга, судлар шундай нопок йўллар билан олинган кўрсатмалар асосида айблов ҳукмларини чиқаришда давом этишмоқда. Бундан ташқари, судьялар ҳатто уларга инкор этиб бўлмас далиллар тақдим этилган ҳолатларда ҳам қийноқлар ва шавқатсиз муносабатлар тўғрисидаги шикоятларни асоссиз, дея эътиборга олмай келмоқдалар. Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексида иқрорлик ва бошқа кўрсатмаларини олиш мақсадида қийноқлар қўллашни ҳамда шунақа йўл билан олинган далилларни судда кўриб чиқишни маън қилувчи очиқ-ойдин ва ҳар томонлама самарали тақиқлар йўқ ”, - дейилади ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг мурожаатида. Amnesty International аъзолари ва тарафдорлари Ўзбекистон президентини Жиноий-процессул кодексига иқрорлик ва бошқа кўрсатмаларни олиш мақсадида қийноқларни тўлиқ ва мутлақ тақиқловчи ҳамда судда жиной ва бошқа турдаги ишлар кўриб чиқилаётганда қийноқ остида олинган далиллардан фойдаланишни маън қилувчи ўзгартиришларни киритишга чақиради.

Ўзбекистон халқаро назорат учун ҳамон ёпиқ мамлакат бўлиб қолмоқда. Сўнгги йилларда бирорта мустақил халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти, шу жумладан, Amnesty International мамлакатга кириб, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш соҳасида мустақил мониторинг ўтказиш учун рухсат ололгани йўқ. Айни пайтда, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш махсус процедураларининг, шу жумладан, Қийноқлар бўйича махсус воизнинг мамлакатга кириш бўйича 13 та сўровномаси Ўзбекистон расмийларининг қўлида кўриб чиқилишини кутиб турибди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама