15:19 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ҳой, Жаҳон банки, эътибор бер!

30.09.2015 21:19 msk

Фарғона

“Фарғона” таҳририятига турли манбалардан келиб тушаётган маълумотлардан маълум бўлишича, Тошкент вилояти Бўка туманининг пахта далаларида Ангрен шаҳридан келган минглаб одамлар пахта термоқдалар. Тошкент вилоятида Жаҳон банки томонидан молиялаштирилган лойиҳалар айнан Бўка туманида амалга оширилмоқда. Ҳолбуки, кредит шартларидан бирига мувофиқ, лойиҳа амалга оширилаётган ҳудудда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш тақиқланган бўлиши керак. Бу ерда Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро донор билан тузган битим шартларини бузаётгани яққол кўзга ташланиб турибди. Шу билан бирга, Жаҳон банки раҳбарияти бу ҳолатга панжа орасидан қараяпти, деган тасаввур ҳам юзага келмоқда. Тафсилотлар – мухбирларимиз юборган материаллар асосида тайёрланган таҳририят мақоласида.

Оталиққа олувчилар ва оталиққа олинганлар

Пахта мавсуми бошланиши арафасида Ангрен шаҳар ҳокимиятида муҳим йиғилиш бўлиб ўтди. Унда шаҳардаги ташкилотлар раҳбарлари, шаҳар хизматлари ва МФЙ вакиллари иштирок этдилар. Йиғилишда биринчи навбатда бажарилиши лозим бўлган вазифалардан бири: Бўка тумани далаларида пахта терими бўйича “муҳим давлат дастури”ни амалга ошириш ҳақида гапирилди.

Йиғилишга шаҳар ҳокими И.А. Раҳманов, ҳокимият ходимлари ва номи келтирилмаган “жамоатчилик вакиллари” томонидан тайёрланган пахта кампаниясини ўтказиш бўйича режа тақдим этилди. Ушбу режага мувофиқ одамларнинг пахта терими учун шаҳар ҳокими, прокурор А.Абдунабиев ва шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи В. Ибрагимов масъул этиб тайинландилар.


Бўка тумани далаларига “кўнгилли ҳашарчиларни” олиб боришга жалб этилган йўналишдаги такси. 2015 йил, сентябрь.

Тасдиқланган режага кўра, пахта теримчилари рўйхати тузилди, уларни сув, озиқ-овқат ва транспорт билан таъминлашга пул маблағлари ажратилди. Пахтакорларнинг далага отланишидан олдин штаб ва отряд бошлиқлари теримчилар яшайдиган жойларни тартибга келтирдилар.

Ушбу режага мувофиқ қирқдан зиёд меҳнат отрядлари тузилди, пахта мавсуми ниҳоясига етгунча уларнинг таркибида шаҳар саноати, маданияти ва ижтимоий соҳасининг 12.000 нафар ходими пахта теради. Отрядлар Бўка туманининг тўққизта фермер хўжаликларида жойлаштирилган:

“Бўстон” фермер хўжалигида – 7 та отряд;

“Гулиистон” – 2 та;

“Г.Азаматов” – 5 та;

“Ачамайли” – 4 та;

“Паркент” – 5 та;

“Кўкорол” – 5 та;

“Ю.Хожиметов” – 4 та;

“Мустақил Ўзбекистон” 7 та;

“Равот”да – 5 та.

Пахта теримига Янги Ангрен ИЭС (иссиқлик электр станцияси), Ангрен ИЭС, “Ангрен Логистик маркази” АЖ, ДЭТ “Ангрен-Поп”, “Нефтьтранс”, “Ўзбеккўмир” АЖ, “Ангрен РАСК” АЖ ва бошқа корхоналар ходимлари олиб чиқилди. Бундан ташқари, маҳалла қўмиталари, коллеж ва лицейлар ҳам ўзларининг кўнгилли ҳашарчиларини пахта теримига сафарбар қилди.

МФЙ раисларидан бири бизга маҳаллалардан одатда уй бекалари, кам таъминланган оилалар вакиллари, пенсионерлар ва ишсизлар пул ишлаб олиш илинжида пахта теримига чиқадилар, деб айтди. Пахта кампаниясини ташкил этишга маҳаллачиларга шаҳар ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамғармаси, “Камолот” ёшлар ҳаракати ва “Ҳунарманд” уюшмаси кўмак берди.

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Ангрен шаҳар бўлими 100 нафар курсантларнинг элликтаси Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида пахта термоқда.

Маҳаллий ҳокимият органлари хусусий тадбиркорларни чақиртириб, пахта кампаниясига ёрдам тариқасида 700 минг сўмдан (150$) пул топширишни “таклиф этмоқдалар”.

Ангрендан таълим соҳасида ишлайдиган 2000 киши ҳам пахта тергани жўнатилган.

Ангрен медицинаси вакиллари Бўка туманининг бешта фермер хўжаликларида (“Ю.Хожиметов”, “Паркент” “Мустақил Ўзбекистон”, “Кўкорол”, “Бахмал”) “оқ олтин” териш билан машғул.

Мардкорлар ва кам таъминланган оилалар вакиллари пахтага ўз ихтиёрлари билан чиқаётган бўлишлари мумкин, аммо қолган одамлар ишдан, ўқишдан ҳайдалишидан хавотирда бўлганлари учун мажбуран теримга чиқмоқдалар.


Ангрен шаҳар халқ маориф бўлими ходимларининг пахтага жўнатилиши. 2015 йил, сентябрь.

Одатда, таълим, медицина муассасалари, корхона ва ташкилотлар ходимлари ўзларининг ўринларига мардикорларни ёллаб жўнатадилар. Аксарият ўзларининг ўринларига борадиган мардикорларга беш юз мингдан бир миллион сўмгача пул тўлашга тайёр. Ушбу ҳолат пахта кампаниясининг мажбурий характерга эгалигининг яққол тасдиғи бўлиб қолмоқда.


Жаҳон банки позицияси

Юқорида тасвирланган аҳвол Ўзбекистон учун мутлақо анъанага айланиб қолган дейиш мумкин, аммо битта “лекини” бор. Гап шундаки, Бўка тумани Жаҳон банкининг Тошкент вилоятидаги ягона кредит ҳудуди саналади. Банк молиялаштираётган лойиҳанинг асосий шартларидан бири – мазкур ҳудудда болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга тақиқ киритилишидир.

2015 йилнинг 5-6 август кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон билан Халқаро Меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорлигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. ХМТнинг Ўзбекистондаги етмишга яқин “учтомонлама” шериклари ушбу тадбир иштирокчилари бўлдилар. Булар Меҳнат ва аҳолининг ижтимоий муҳофазаси вазирлиги, Касама уюшмаси федерацияси, Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистоннинг қатор вазирликлари вакиллари, шунингдек, ХМТ, Жаҳон банки, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси, Иш берувчилар халқаро федерацияси БМТ, ЮНИСЕФ ва ЕИ, шунингдек, АҚШ, Германия, Швейцария, Франция, Корея ва Россия элчихоналари вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида яқинлашаётган пахта кампанияси давомида болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатларини мониторингига тайёргарлик кўриш ишлари муҳокама этилди. Қайд этилишича, мониторинг ХМТ ва маҳаллий кузатувчилар томонидан Жаҳон банки молиялаштирилаётган лойиҳалар амалга оширилаётган туманларда ўтказилади.

Гап мева-сабзавотчилик секторини ривожлантириш бўйича лойиҳа ҳақида кетмоқда. Ўзбекистон ҳукумати ва Халқаро банк жорий йилнинг апрелида қиймати 150 млн долларлик Заём тўғрисидаги битимни имзоладилар.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг саккизта вилоятида: Андижон, Жиззах, Фарғона, Наманган, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкентда, шунингдек, Қорақалпоғиситон Республикасида амалга оширилмоқда.

Қайд этиш жоиз, ўтган йилги пахта мавсумида Ўзбекистон баъзи ҳолатларни истисно этган ҳолда болалар меҳнатидан воз кечди. Бироқ бунинг тескари “самараси” ўлароқ 18 ёшдан юқори фуқароларнинг эксплуатацияси кучайди.

Жаҳон банкининг расмий сайтида 2014 йил 12 июнь куни Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича Минтақавий директори Сарож Кумар Жанинг интервьюси чоп этилди. У Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги секторида Жаҳон банки фаолиятининг умумий стратегиясини, Жаҳон банкининг болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга нисбатан позициясини ҳамда Жаҳон банки томонидан Жаҳон банки молиялаштираётган лойиҳаларда болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишни тугатиш ва олдини олиш бўйича кўраётган чоралари ҳақида сўзлаб берди.

Сарож Кумар Жа
С. Кумар Жа ўзининг интервьюсида “Жаҳон банки мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг ҳар қандай шаклини қоралайди ҳамда Ўзбекистон пахта секторида ундан фойдаланиш тўғрисидаги хабарларга жиддий муносабатда бўлади”, деб айтди.

“Ўзбекистон Жаҳон банкига 1992 йилда қўшилган. Жаҳон банкининг мамлакатдаги миссияси иқтисодий ислоҳотларни ўтказишга, инфратузилмалар ва ижтимоий секторлар модернизациясини амалга оширишга, шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматига ва аҳолисига билим ва тажрибалар тақдим этишда кўмак бериш билан аҳоли турмуш даражасининг яхшилашга йўналтирилган. Жаҳон банкининг Ўзбекистонга нисбатан жорий мажбуриятлари 1,6 млрд долларни ташкил этади”, - дейилади Жаҳон банкининг расмий на веб-сайтида.

“2014 йилнинг октябрида Жаҳон банки Халқаро меҳнат ташкилоти билан Ўзаро ҳамфикрлик тўғрисидаги меморандумни имзолади. Ҳужжатга кўра, ХМТ 2015-2016 йилларда пахта терими давомида болалар ва мажбурий меҳнатга нисбатан ХМТнинг стандарт методикаси бўйича мониторинг ўтказади. 2015 йил мартида ХМТ Ўзбекистон ҳукумати билан 2015 ва 2016 йилларда мониторинг ўтказиш бўйича режасини амалга ошириш тўғрисида келишувга эришилди...”

“Ишончлиликни таъминлаш мақсадида кузатувчилар вақти-вақти билан қишлоқ далаларига пахта терим пайтида огоҳлантиришсиз келадилар. Текшириш учун участкалар белгиланган мезонларга асосан танланади”.

Аслида нима ишлар содир бўлаётгани ҳақида

Жаҳон банки гўё Ўзбекистон расмийлари билан ўз лойиҳаларининг Ўзбекистонни мажбурий меҳнатдан кенг кўламда фойдаланиб келаётганини мунтазам равишда айблаб келаётган Халқаро Меҳнат ташкилоти ва ҳуқуқ ҳимоячилар томонидан танқид этилишидан иҳота қилиб олиш тўғрисида келишиб олганга ўхшайди. Аммо Ўзбекистон пахта далаларидаги ҳақиқий аҳвол қайд этилган келишувлардан анча йироқ.

2015 йил кузида вилоят ва шаҳар (туман) ҳокимлари томонидан тарқатилган телефонаграмма

“...Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 28 август кунги қарорини ҳаётга татбиқ эта туриб, пахта теримини тўлақонли ўтказиш учун, об-ҳаво қулай келганидан фойдаланган ҳолда, пахтанинг сифатини бузилишини олдини олган ҳолда, мулк шаклидан қатъий назар, Учтепа тумани корхоналар ходимларини пахта теримига жалб этиш тўғрисида қарор қабул қилинди...”

Жаҳон банкининг камида битта лойиҳаси амалга ошрилаётган Бўка тумани мисолида лойиҳа ҳудудида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатлари мавжуд, деган хулосага келиш мумкин. Бюджет ташкилотларининг ходимлари барча ҳудудларда пахта теримига жалб этилгани муносабати билан келгусида Жаҳон банки билан ҳукумат ўртасидаги келишув шартлари бузилаётган бошқа туманлар борлигини ҳам аниқлаш мумкин.

Бироқ Ўзбекистон ҳукумати томонидан келишув шартларининг бузилиши ҳолатларини ҳужжат билан қайд этиш анча мураккаб иш. Халқаро кузатувчиларга умид кам – уларнинг сони ҳам кам, маҳаллий мутасаддилар ҳам уларни яхши назорат қилиб келишмоқда.

“ХМТ бу йил Ўзбекистон ҳукумати билан келишган тартибда мажбурий меҳнат бўйича мониторинг ўтказади. Бунинг учун ўнта гуруҳ ташкил этилади ва уларнинг таркибига халқаро экспертлар ва иккитадан ўзбекистонлик мутасаддилар, адашмаётган бўлсам, меҳнат вазирлигининг вакиллари киритилади. Улар мамлакат бўйлаб юрадилар ва одамлар билан учрашадилар. Энди тасаввур қилинг, агар улар бирорта одамнинг олдига келиб икки мулозим олдида: “Сизни мажбуран пахтага олиб чиқишдими?” деб сўрашса, “Ҳа” дея оладими? ХМТ шунақа оддий ҳақиқатларни тушунмайди ёки тушунишни истамайди”, - дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форумининг раҳбари Умида Ниязова.

Халқаро Меҳнат ташкилоти кузатувчиларига маҳаллий фуқаролик жамиятининг фаоллари жиддий ёрдам кўрсатиши мумкин. Бироқ мамлакатда кучли ва мустақил нодавлат ташкилотлари йўқ бўлиб кетганига анча бўлди, шунинг учун умид мамлакатда қолган якка-ёлғиз ҳуқуқ ҳимоячилар ва мажбурий меҳнат ҳолатларини қайд этиш учун пахта далаларига чиқадиган жасур журналистларга қолди, холос. Улар калтакланишлари, қамалишлари ва жосусликда айбланишлари мумкин.


Ангрен корхоналари ходимларининг пахта далаларига жўнатилиши. 2015 йил сентябрь.

Ушбу мақола ҳам, шу жумладан, айнан шундай журналистлар - “Фарғона” агентлиги мухбирлари меҳнатининг маҳсулидир. Жаҳон банки раҳбарияти ушбу мақолада баён этилган фактларга эътибор қаратадими? Бунга қаттиқ умид қиламиз.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама