20:52 msk, 23 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон парламентига сайловлар: Жанубда ўзбеклар кимга овоз берадилар?

28.09.2015 11:03 msk

Фарғона

Мақола муаллифи – Маҳмуджон Қозоқбоев, Ўш шаҳридаги “Альянс-пресс” ахборот-таҳлилий агентлиги директори

4 октябрь – Қирғизистон парламентига сайловлар ўтказиладиган санага саноқли кунлар қолди. Этник ўзбеклар гуруҳи умумий Қирғизистон сайловчилари сайловчиларининг 14% ни ташкил этади, лекин унинг ўрни шу сайлов жараёнида ўта муҳимдир. Охирги 2010 йилги парламент ва 2012 йилги Ўш шахар Кенгаши депутатлигига сайловлар натижасига кўра, бу жамоат етарли даражада оммавий ва жуда кўп ҳолатларда яхлит овоз берган. Ўзбек миллатига мансуб Қирғизистон фуқаролари мамлакатдаги уммумжамият ишларида фаол иштирок этишга харакат қиладилар.

Ўзбек этник гуруҳининг овозининг аҳамияти нимада? Айтиш жоизки, бу сафарги парламент сайловларида 14 партия иштирок этиб, улардан фақат йирик деб ҳисобланган 2-3 партиягина (СДПК, Республика-Ата-Журт ва Ата Мекен) шимолда ва жанубда ҳам тенг овоз олиш имкониятига эга бўлгани учун, ўзини умуммиллий деб ҳисоблаши мумкин. Шу билан бирга, яна бир қатор “жанубий” нишобдаги партиялар мавжудки, улар учун жанубдаги мувофаққият парламентга келиш учун ўта муҳим. Негаки, улар жанубий сайловчиларсиз, жуда ҳам паст кўрсаткичли шимолдаги овозлар сони билан 7 фоизли тўсиқдан ўта олишнинг иложи йўқ. Булар сирасига “Онугуу-Прогресс” ва Адахан Мадумаровнинг тарафдорлари бор туманларда овоз олиши мумкин бўлган “Бутун Кыргызстан-Эмгек”, ҳамда “Бир Бол” партиялари киради. Қисман шулар сафига янги тузилган “Кыргызстан” партияси ҳам киради.

Бу жануб сайловчиларининг овозини камида 7 партия талашади дегани. “Аалам” партияси гарчи имконияти етарли бўлмасада, жанубликлардан таниқли бўлган шахсларини ўз рўйхатига киритиб олган. Улар жануб кулчасидан ҳеч бўлмаганда ярим фоиздан уриб қоладилар.

Яна “Замандаш” дегани бор. Бу партия парламент сайловларига ўз ичидан майдаланиб, оқсоқланиб кириб келди. Лекин “Замандаш” ҳам айниқса жанубликлар кўп бўлган меҳнат муҳожирларининг қариндош-уруғларига кўз тикиб ўтирибди. Кўриниб турибдики, бу ҳолатда олдиндан кичик деб саналган этник гуруҳнинг овози тарозининг паллаларини ўйнатадиган тош (доминанта)га айланиб, жанубдаги қайси бир партиянинг “ошиғини олчи” қилиши мумкин.

Лекин кимни денг? Масала шунда. Келинг бу масалага сиёсий таҳлил воситасида назар солайлик. Парламентдаги ўриндиқларга талабгорларининг кучли ва кучсиз томонлари нимада?

“Бутун Кыргызстан-Эмгек ” партияси ўзининг лидерларидан бири Адахан Мадумаровнинг харизмаси ҳисобига овоз кўпайтира олади. Лекин А. Мадумаровнинг иддаолари билан ўз юртида “меҳмон”га айланиб қолган миллий озчилик гуруҳлари унинг партиясини қўллаб юборади, дейишдан анча йироқмиз.

“Ата-Мекен” партияси ўзбек сайловчиларининг анчайин қисмига даъвогар эди. Охирги пайтгача унинг етакчиси Ўмирбек Текабаев ўзбек сайловчилари билан мўлтона-дўстона мақомда эди. Хусусан “Ата-Мекен” партиясининг матбуот органи бўлган “Процесс” газетаси бир неча йиллардан бери гоҳ-гоҳ катта тиражда ўзбек тилида ҳам чоп этилар эди. Бироқ бу партия ўзининг кейинги икки қарори билан ўзининг позициясини бузиб қўйди.

Биринчиси - “Ата-Мекен” партияси Мелис Мирзакматовнинг “Улууттар Биримдиги” партияси билан қўшилиб кетиши. Хали замон Мирзақматовнинг тарафдорлари “революционерлар” ва аксилбакиевчиларни ўзида ифода этган “Ата-Мекен”га овоз беришлари ҳам даргумон. Лекин бир нарса аниқ, кўпчилик ўзбекларнинг Ўш шаҳрининг собиқ хокимига нисбатан фикри яхши эмас. Илгари унинг амалини ҳурмат қилиб келган ўзбеклар ҳам унинг оғир жиноятда айбланиб, 7 йилга сиртдан ҳукм қилинганидан кейин фикрлари ўзгарган.

Иккинчидан, оғизда миллий озчилик гуруҳлар манфаатларининг ҳимоячиси Ўмирбек Текебаев бошқараётган “Ата-Мекен” партиясининг рўйхатида ўзбеклар иккинчи юзликда ўрин олишган. Демак, сайловлар натижасига кўра, парламентнинг Ата Мекен партияси фракциясида бирорта ҳам ўзбек бўлмайди. Чунки, қонунга мувофиқ бир партия бутунлай ғалабага эришган тақдирда ҳам Жўқорғу Кенешда 65 ўринга эга бўлади, холос. Яъни, бу иш ўзбекларни мазаҳ қилишдан бошқа нарса эмас.

“Республика” партияси яхши имкониятларга эга эди. Лекин уни “Ата-Журт” партиясига қўшилиб кетиши оқибатида кўпчилик ўзбек сайловчиларининг кўнглидан қолди. Бундан ташқари, 2012 йилги Ўш шаҳар кенгашига сайловларида “Республика” кўзлаган 15 мандат ўрнига 8 мандатни қўлга киритган эди. Ушбу 8 мандат асосан ўзбек сайловчилари овози ҳисобидан топилганига қарамай, аттиги битта ўзбек депутатлик мандатини қўлга киритган, холос. “Республика” партиясининг раҳбарияти бу масалада ўзбек номзодларига адолат қилмади.

“Бир Бол” ва “Онугуу-прогресс” – сиёсат майдонига чиққан янги партиялардан саналади. Халқимизда “синалмаган отнинг сиртидан ўтма” деган гап бор. Ўзбек сайловчиларига хос консерватизм боис янги партияларга бўлган шубҳаланиш ўз ўрнини топмоқда.

Феликс Қуловнинг “Ар-Намыс” партиясидан умидлар катта эди. У ўзини “қонуннинг темир қалқони” деб атарди, мамлакат яхлитлиги ва миллатидан қатъий назар барча фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқчи эди. Аммо партия ўзининг яхлитлигини сақлай олмади. Эсингизда бўлса, бу партия парламентга келибоқ бўлиниб кетди. Айни пайтда унинг кўзга кўринган вакиллари бошқа партиялар рўйхатларидан жой олдилар(хусусан, ўшлик Анвар Ортиқов СДПК партияси рўйхатининг олдинги сафида). Ундан берган ваъдаларинга вафо қилдингми деб сўралади. Хўш, Феликс Қулов “аввалги сайлов кампанияси давомида берган ваъдаларингни бажардингми?” деган саволларга жавоб бера оладими?

Шулар қаторида сайловларга “ҳукумат партия”сига ҳам саволлар етарли. Бу партиянинг битта катта ижобий натижага эришган: Президент партияси сифатида Қирғизистон Социал-демократлар партияси жанубда ва бутун Қирғизистонда барқарорликни таъминлай олди. Партия тинч йўл билан президентлар алмашувини ўтказишга эриша олди. Жамиятимиз инқилобий тўнтаришларни ҳоҳламай қолди. Алмазбек Атамбаев хотиржамлик билан мамлакатимизни тўғри йўналишда етаклаб кетмоқда. Мамлакатимиз аҳолисининг кўпчилиги ва хусусан, миллий озчилик этник гуруҳларига асосан нима керак? Ҳар бир миллий озчилик гуруҳи вакилидан сўраб кўрингчи: “Сен учун энг қиммат нарса нима?” – деб. У албатта : “Тинчлик!”- дейди. Майли, пайти келганда нон топиш қийин туюлар, нарх-наво ошиб кетар, лекин сени туғилиб ўсган ериндан ҳеч ким ҳайдаб юбормайди. Тўқнашувлар бўлмайди. Зўрлик бўлмайди.

Маҳмуджон Қозоқбаев

Аҳолининг қайсидир қисми СДПКга берган овозини Атамбоевга бердим деб ўйлайди. Бу тоифадаги одамларни тушиниш мумкин. Атамбаевнинг мақтовга арзигулик ишлари кўп. Лекин, уни танқид остига олиш ҳам мумкин. Масалан, Атамбаев ислоҳатларни амалга оширишда етарли даражада изчил бўлмаганини ҳам танқид қилишимиз мумкин. Лекин у президент бўлган пайтда, инқилобдан ларзага келган мамлакат барқарорликка юз бурганини ҳеч ким инкор этмаса ҳам керак...

Бироқ, биз шу ерда тўхтайлик. Бизларнинг юқорида юритган фикрларимизни амалда тўғри ёки нотўғри эканини исботлайдиган кун яқин. Сайлов куни хақиқат очилади. Бу хақиқат билан баҳслашишнинг иложи йўқ.

Маҳмуджон Қозоқбоев, “Альянс-Пресс” ахборот агентлиги директори



 

Реклама