20:49 msk, 23 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Жосусликда айблов қўйилди ҳамда “Елена Урлаева билан алоқа қилиш” тақиқланди

21.09.2015 20:10 msk

Фарғона

Ўзбекистонда кузатувчилар пахта далаларида республика ҳукумати ва Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) томонидан имзоланган шартномалар билан тақиқланган мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатларини қайд этмасликлари учун мисли кўрилмаган чоралар кўрилмоқда. Милиция нарядлари, хуфия айғоқчилар, девордаги “қулоқ”лар мазкур жараённи пахта далаларида, шаҳарликларни теримга жўнатадиган ерларда фото ёки видеокамера ёрдамида бирор кимса тасвирга олиб қолмаслиги устидан қаттиқ назорат қилишга уринмоқдалар.

Сўнгги икки кун давомида Тошкент вилоятида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатларининг энг фаол кузатувчилари – ангренлик Дмитрий Тихонов (милиция участкасида уни калтакладилар) ва тошкетлик Елена Урлаева қўлга олинди. Энди уларнинг бошидан кечирганлари ҳақидаги ҳикояни эшитинг.

Дмитрий Тихонов:

- Кеча Тошкент вилоятининг Бўка туманига жўнатилаётган пахта теримчиларининг навбатдаги автобус колоннаси тузилаётган эди. Бу ишлар Ангрен шаҳар ҳокимлиги ёнида бўлаётган экан. Мен келиб пахта теримига маҳалла фуқаролари йиғинлари ходимларини ҳамда маҳалла фуқароларини олиб кетаётганларини аниқладим.

Одамлар билан суҳбатлашиб бўлганимдан сўнг олдимга МФЙ раиси бўлган аёл келдида: “Нега бу ерда видеога оляпсиз? Нега пахта тўғрисида суриштиряпсиз?” дея сўроққа тута бошлади. Шу пайтда бошқа одамлар келиб, менга таъна қила бошладилар. Улардан бири сакраб туриб: “Ҳужжатларингизни кўрсатинг”, деб талаб қила бошлади. Қайд этиш жоизки, улар билан мен жанжаллашмадим, аммо улар мен билан жанжал қила бошладилар – улар менга ташландилар, мен уларга хотиржамлик билан жавоб қайтардим, кейин ортимга ўгирилиб кетдим.


Ангренлик ҳуқуқ ҳимоячи Дмитрий Тихонов

Бугун бўлса “Ангрен” ресторани олдига келдим, чунки асосий колонна шу ерда тузилаётган экан. Бу ерда йигирматача автобус турган экан. Асосан болалар боғчалари, мактаблар ва таълим муассасалари ходимлари бўлмиш педагогларни жўнатишаётган экан. Улардан ташқари ишлаб чиқариш ходимлари ҳам пахтага кунликка бориб келишаётган экан.

Мен бирпас томоша қилдим, видеосуратга туширдим, одамларни гапга тордим. Улар билан анча туриб гаплашдик.

Шунда одамлар орасида Ангрен шаҳар ИИБ жиноят қидирувининг формасиз юрган ходимларини кўриб қолдим. Улар одамлар ва автобуслар орасида кимнидир излагандек юришган экан.

Одамларга автобусга чиқишга буюрилди. Шу пайтда олдимизга жиноят қидирув бўлими ходимлари келишди ва гувоҳномаларини кўрсатиб машинага ўтиришга буюришди. Менм машиналардан бирига тўртта ходим билан ўтқаздилар, мен билан гаплашаётган йигитни бошқасига. Ва икковимизни ҳам Ангрен шаҳар ИИБга олиб кетдилар.

Маълум бўлишича, кечаги аёллар – МФЙ раиси ва бошқа бир хотин милицияга ариза ёзиб, қандайдир шубҳали шахс одамларни фото ва видеосуратга олаётгани, пахта ҳақида суриштираётгани ҳақида маълум қилган эканлар. Қисқаси, милиция ходимлари шу ариза бўйича мени колонна олдида қидириб юрган экан.

Мен билан ушланган йигитни қўшни хонага олиб кириб сўроққа тута бошладилар.

Жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлимининг №22 хонасида капитан Обидов мени сўроққа тута бошлади. Сўроқ тинч маромда кетаётган эди, аммо жиноят қидирув бўлими бошлиғи хонага кирганидан сўнг вазият ўзгарди. Бошлиқ менга қараб ўшқира бошлади. У стол устида турган тахминан 200 бетлик қоғозлар дастасини олиб бошимга ура кетди ва “Пахта – миллий бойлигимиз! Ватанимизнинг бойлигидир”, дея бақира кетди. Кейин чекинди. “Сен бу ерда видеога оляпсан, фотосуратга оляпсан, сенга ким бунақа ҳуқуқ берди?..” Кейин бўлса хонадан чиқиб кетди.

Аввалига ўзимни ҳимоя қилмоқчи бўлдим, кейин беҳосдан қўлим юзига тегиб, бирор из қолдирса, мени милиция ходимига ҳужум қилишда айблаб жиноий жавобгарликка тортишлари мумкинлиги ҳақида ўйлаб ниятимдан қайтдим. Бошлиқ кетганида опер “мен ҳеч нарсани кўрмадим”, деди.

Ярим соат ўтиб “тез ёрдам” врачлари етиб келдилар. Уларни чақиртирмаган бўлсам ҳам, менинг олдимга келган эканлар. Негалигини биламан. Илгари Чеченистонда Қийноқларга қарши қўмитада ишлаганимда ФСБ, полиция, армия бўлинмалари томонидан амалга оширилган ноқонуний ҳибслар ва одамларни қийноққа солиш ҳолатлари устидан текширув ўтказиб юрардик. Агар милицияга соғ-омон келган одам қайтиб чиққанида, жароҳатланган бўлса ва у милицияда калтаклангани тўғрисида ариза ёзса, аҳвол бунақа эмаслигини исботлаш милиция ходимларининг зиммасига тушади. Улар калтаклашда иштирок этмаганларини исботлашлари зарур бўлади.

Шундай ҳолатга тушиб қолмаслик учун улар врачларни чақиртирдилар. Ўзбек миллатига мансуб икки шифокор аёл келишди. Улардан бири мени гапга сола бошлади: “Бирор ерингиз оғрияптими? Тан жароҳатларингиз борми?”

- Мени ҳозиргина бошимга ва юзимга қоғоз пачкаси билан урдилар, - деб жавоб бердим.

- Ҳеч қанақа жароҳатни кўрмаяпман. Футболкангизни ечинг, орқангизни ўгиринг, ҳеч нарса йўқ.

Мен милиция ходимлари мени калтаклаганларини ҳужжатга киритиб қўйишларини талаб қилдим.

Дўхтур аёл менинг сўзларимни тиббий кўрик далолатномасига ёзиб қўйганини айтди. Менга битта нусхасини беришларини сўрадим. Аммо у менга бера олмаслигини ва милицияга бериб қўйишини айтди. Милиционерлардан дўхтур қоғози ва тинтув баённомаси нусхасини беришларини сўрадим, аммо улар беришмади. Милиционерлар мени тинтув қилаётганида бу икки шифокор аёл холис бўлиб турдилар.

Шундан кейин врачлар кетишди ва кабинетга кечаги менга бақирган икки аёлни олиб кирдилар. Улар хонага кириб, менга қараб яна бақириб, “ватанга муҳаббат” қанақа бўлиши кераклигини уқтира бошладилар. Уларнинг гаплари “фото, видеосуратга олгандан кўра, далага чиқиб пахта терганинг яхши эмасми”, бўлди, холос. Бу икки аёл зора мен билан муштлашишга бошламаса эди, дея ҳадиксираб ўтирдим.

Қисқаси, улар менга ватанни қандай қилиб севиш, пахтани териб, мамлакатга ёрдам кўрсатиш ҳақида сиёсий ахборот ўқидилар. Уларга кўра, мен ватанга душман, ҳар бир ишга ҳалақит берувчи заруркунанда унсур эканман. Сафсата ниҳоясига етганида эса ментлар уларни хонадан олиб чиқиб кетдилар. Шу билан шахсни таниш процесси ўтказилди. Опалар менга қарши кўрсатма бергани чиқиб кетдилар.

Шундан кейин хонага мен билан колонна олдида узоғи бир ёки икки дақиқа давомида суҳбатлашган йигитни олиб кирдилар. Унинг юзини даҳшат пардаси эгаллаган, ранги ўчган эди... Унга нима дейишганини тасаввур қила олмайман. Кейин уни ҳам олиб чиқиб кетдилар.

Мени бошқа хонага олиб чиқишди ва милиция ходимларига қарши эътирозим йўқлиги тўғрисида тилхат ёзиб беришимни сўрашди. Тўрт мартда шу мавзуда менга мурожаат қилдилар. Мен рад этдим. Пировардида, ёнимдаги пулларим ва нарсаларим жойида, ҳеч нарса йўқолгани йўқ, деб ёзиб бердим.

Мени ИИБда жами беш соат ушлаб, кундузи соат учларда қўйиб юбордилар. Шу ерда алоҳида изоҳ бериш лозим бўлган ҳолат мавжуд. Гап шундаки, Бўка – Жаҳон банки томонидан молиялаштирилган қишлоқ хўжалиги лойиҳасини амалга оширадиган ягона туман саналади. Жаҳон банки кредит беришда Ўзбекистон ҳукумати олдига битта принципиал шартни қўйган – банк томонидан молиялаштирилган лойиҳалар амалга оширилаётган ҳудудда мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди. Агар шунақа ҳолатлар аниқланадиган бўлса, Жаҳон банки раҳбариятида Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан жиддий саволлар туғилиши ва ҳатто лойиҳанинг амалга оширилишининг тўхтатилиши мумкин. Бироқ Анрген шаҳридан сафарбар қилинган теримчиларнинг 90 фоизи айнан Бўка туманига мажбуран олиб чиқилмоқда.

Ва яна битта гап. Мен бошимдан кечирган воқеа маҳалла фуқаролари йиғинлари Ўзбекистон жамиятида бузғунчи ролини ўйнаётганини яққол намойиш этмоқда. Маҳалла фуқаролари йиғинлари мажбурий меҳнат амалиётини тугатиш бўйича миллий режасига мувофиқ, жамоат ташкилоти сифатида аҳоли ўртасида мажбурий меҳнатнинг зарарлари ва оқибатлари ҳақида тушунтириш ишларини олиб боришлари керак эди. Амалда эса улар одамларни пахта теримига сафарбар қилиш ҳамда мазкур миллий режанинг ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг тегишли конвенцияси қандай амалга оширилишини кузатиб келаётган менга ўхшаган “шубҳали” одамларга қарши аҳолини гиж-гижлаш билан шуғуланмоқдалар.

Қуйида эса Елена Урлаеванинг ҳикояси келтирилган:

- Кеча 19 сентябрь куни мен, турмуш ўртоғим Мансур Машуров, унинг дўсти Вячеслав ва 11 ёшли ўғлимиз Муҳаммад шаҳардан ташқарига чиқишга, балиқ тутиб дам олишга қарор қилдик. Тошкет вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида фермерлик қилаётган Шерзод Қамчибеков бизни таклиф қилганди, унинг фермер хўжалиги Янгийўлга яқин жойда бўлиб, бу ерда канал ва заканлар кўп экан, шу ерга икки кунга дам олгани чиқиб кетдик.


Ҳуқуқ ҳимоячи Елена Урлаева

Бироқ дам олиш тўғрисидаги режамиз барбод бўлди. Манзилга етиб боришимиз билан йўл ёқалаб кета бошладик. Мен ҳуқуқ ҳимоячи сифатида атрофдаги пахта далаларига эътибор қаратдим. Бир неча бор йўлимизда учраган аёллардан бу ерда кимлар ишлаяпти, деб сўрадим. Мени асосан медицина ходимлари ва ўқитувчилар қизиқтиради, аммо теримчи аёллар маҳалладан чиқишганини маълум қилдилар. Маҳалла бўлса, бу эркин ёлланув, ихтиёрий иш. Шундан кейин мен қўлимга фотоаппаратимни олиб пахта далаларини бир неча бор суратга олдим.

Эрим, Муҳаммад ва унинг дўсти Вячеслав дарё бўйига ўтириб, балиққа қармоқ ташлашни бошладилар. Мен эса фермер Шерзод Қамчибеков билан унинг экин майдонларини кўргани кетдим. У туман ҳокими шунақанги адирли ерларда пахта экишга мажбурлаётгани тўғрисида шикоят қилди. Қамчибеков бу ерларни кимошди савдосида сотиб олган, аммо ҳозир расмийлар бу ерларни ундан тортиб олишмоқчи. Унинг бошига кулфат тушган. Унинг ерларига етиб келганимизда ҳам фотоаппаратимни олиб унга қарашли далалариге ҳам суратга олдим.


/> Елена Урлаева пахта далаларида олган фотосуратлардан бири

Кундузи соат тўртга яқин олдимизга милиция ходимлари етиб келишди. Шерзоднинг айтишича, бу участка инспектори Мурод Номозбаев ва унинг ўринбосари эди. Участка инспектори ҳужжатларимизни тақдим этишимизни талаб қилди ва ҳозир пахта терими кетаётгани учун бизнинг шахсимизни аниқлаш зарурлигини қўшиб қўйди.

Улар бизни ўз машинасига ўтқазмоқчи бўлдилар. Мен “Шерзод, юринг дала орқали кетамиз, улар бизни мажбурлаб ўтқаза олмайдилар”, деб айтдим. Гап шундаки, машина билан бизнинг ўртамизда катта ариқ ўтган бўлиб, ундан ўтадиган кўприк жуда тор эди. Уларнинг ўзлари кўприкдан ўтдилар, аммо биз ўз ихтиёримиз билан бу кўприкдан ўта олмасдик. Шерзоднинг айтишича, бу ерда Қуйи Чирчиқ ТИИБ бошлиғини ҳам кўрибди.

Шундай қилиб биз дала оралаб юра бошладик ва улардан узоқлашдик. Улар эса машиналарига ўтириб, бизни кузатиб кетишди. Тез орада бизнинг олдимизга яна икки киши етиб келди. Бизни гапга тутган одам ўзини Қуйи Чирчиқ тумани фермерлар уюшмасининг раиси деб таништирди, аммо фамилиясини айтмади. Унинг ёнида уюшманинг вакили ва МФЙ вакили бор эди. Улар бизни бу ерга келишдан қандай мақсадимиз борлиги, нега пахта кампанияси пайтида келганимиз ҳақида суриштира бошладилар.

Соат олтида эса дарё бўйида ўтирган эрим Мансурни ва унинг дўстини участка инспектори Мурод Номозбаевнинг машинасига ўтқазиб милицияга олиб кетдилар. Шерзод билан мени олдимизга етиб келган машинага куч билан итариб ўтқаздилар ва милицияга олиб кетдилар. Яъни, бизни ҳибсга олиш аввалдан уюштирилган эди.

Бизни Красин поселкаси Тошоул кўчасидаги милицияга бўлимига етказиб келдилар. Мен 11 ёшли ўғлим далада қолиб кетганини айтдим. Уни икки соатдан кейин олиб келишди.

Участкада бизга фермер Аҳрор Исмоиловнинг аризасини ўқиб беришди. Аризада айтилишича, мен фермернинг рухсатисиз унга қарашли далаларни фотосуратга олган эмишман, ушбу аризага биноан бизни ҳибсга олишибди. Бизни сўроққа тутиб, ёнимизни тинтиб чиқдилар. Бизга, шунингдек, Мансурнинг қўлидаги қармоқлари ўғирланган дея гумонланмоқда ва буни “аниқлаш” учун ҳаммамизни олиб боришларини айтдилар.

Мансурни тинтув қилиб чиқдилар, спинингни ичида фотоаппарат яшириб қўйилган бўлса керак, деб ҳатто қармоғини синчиклаб текшириб кўрдилар ва нималарнидир изладилар. Бизни ҳаммамизни девор олдига турғазиб фотосуратга ола бошладилар, кейин врачларни олиб келдилар, улардан бири оқ халат кийиб олган экан, пробирка олиб келиб ҳаммамизни пуфлашга мажбур қилдилар. Ҳеч кимда алкоголь чиқмади, гарчи мен умуман ичмасам ҳам, фақат менда “топдилар”. Мана шунақанги айбловлар.

Кейин ўғлимни олиб келишди. Бизни ҳар хил хоналарга олиб кириб сўроқ қилдилар, боламни ҳам сўроқ қилдилар. Муҳаммадни девор олдига қўйиб фотосуратга олмоқчи бўлдилар, аммо у қўрқиб кетиб юзини курткаси билан тўсиб олди. Биз уни табиатга олиб чиқмоқчи эдик, лекин ўйлаганимиз бўлмай, сўроққа келиб қолибмиз.

Бу ишларнинг ҳаммаси тўрт соатга чўзилди. Менинг фотоаппаратимни, Мансурнинг телефонини тортиб олдилар. Шерзодни ҳам алкотестда текшириб кўрдилар, хонама-хона судраб юрдилар ва охирида қандайдир хонага қамаб қўйдилар. Пировардида, бизга ҳеч қанақа айблов қўймадилар.

Бизни тунги соат 10 да қўйиб юбордилар, қаёққадир йўлга олиб келиб ташладилар. Фотоаппаримни флешкасини олиб қўйиб қайтариб бердилар. Биз йўловчи машиналарда Тошкентгача етиб келдик.

Шерзод Қамчибековнинг қариндошлари эрталаб менга телефон қилиб, унинг шу чоққача уйга қайтмаганини маълум қилишди. Маълум бўлишича, у тунни Қуйи Чирчиқ туман ИИБ камерасида ўтказган. Кейин эса уни қўйиб юбордилар. Шерзод билан гаплашдим, айтишича, уни жосусликда айбладилар ва “Елена Урлаева билан алоқа қилишни” тақиқладилар.

Алексей Волосевич ёзиб олди

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама