15:41 msk, 26 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Қорасувлик имом Рашод Камолов суди бўйича янги тафсилотлар

15.09.2015 08:54 msk

Сахира Назарова

Ўтган ҳафтанинг 8-9 сентябрь кунлари Ўш вилоятининг Қорасув шаҳрида диний адоват қўзғатиш ва экстремистик материалларни тарқатиш бўйича Қирғзистон Жиноят кодексининг иккита моддалари билан айбланаётган “Ас-Сарахсий” масжидининг имом-хатиби Рашод Камалов иши бўйича набатдаги суд тингловлари бўлиб ўтди.

Дастлаб адвокат Валерьян Вахитов судга илтимоснома билан мурожаат қилди: “Айблов тўғрисидаги қарорда айтилишича, Рашод Камолов маърузаси ёзилган видеодиск фойдаланишга ва тарқатишга тақиқланган деб айтилган. Ҳолбуки жиноят ишида мазкур материалларни эктремистик дея тан оладиган ва уларни тақиқлайдиган бирорта ҳужжат йўқ. Қонунга мувофиқ, бирорта материални экстремистик дея тан олиш учун прокурор уни аввал судга тақдим этиши, бундан кейин эса уларни адлия органларига жўнатилиши лозим. Мамлакатимизда экстремистик дея тан олинган материаллар рўйхати йўқ, деган жавобларни олдик. Америкалик журналист Умар Форуқ иши билан қиёслайдиган бўлсак, унинг ишида ҳам ҳудди шу диск тақдим этилганди, бироқ Ўш шаҳар суди унинг мазмунида Қирғизистон қонунларига қарши фикрлар бор, деган хулоса чиқармаган. Иннакейин, Рашод Камоловнинг 2014 йил 4 июль кунги маърузасини суд экстремистик дея тан олганини билдирувчи бирорта ҳужжат йўқ”.

Прокурорлар бу илтимосномани ўрганиб чиқиш учун вақт сўрадилар. Судья эса бу илтимоснома бўйича қарорни кейинроқ маълум қилишини айтди.

Шундан кейин Жўқўрғу Кенеш (мамлакат парламенти) депутати Турсунбай Бакир уулу судда мутахассис сифатида ўз фикрини билдирди: “Конституцияга мувофиқ ҳар бир фуқаро ўз фикрини эркин изҳор этиш ҳуқуқига эга. Имомнинг маърузасида Қирғизисон қонунчилигини бузадиган бирорта сўз йўқ. У ҳар бир мусулмон интилиши керак бўлган ҳалифаликнинг мазмуни ва моҳиятини тушунтириб берди, холос. Ҳалифалик бугунги куннинг мажбурияти эмас, бу биз мусулмонларнинг ибодати билан етишимиз керак бўлган мақсад. Агар биз унга етиша олмасак, бизнинг фарзандларимиз, набираларимиз етиши керак. Ҳозир биз Конституцияга мувофиқ яшаяпмиз, ҳеч ким уни ўзгартиришга чақираётгани йўқ. У мутахассис сифатида, одамлар қизиқиб сўраганлари учун тушунтириб берди. У имом бўлгани учун ҳам шундай қилишга мажбур, шунга ҳақи бор. Мен унинг ҳалифалик ҳақидаги фикрига қўшиламан, ҳалифалик келишига ишонишлик ҳар бир мусулмон учун фарз. У одамларга Қуръон ҳақиқатини етказмоқда, у ҳалифаликни мазмуни ва моҳиятини билмаган одамларга тушунча бериб яхши иш қилди. Ҳалифат биз истаган пайтда эмас, балки Оллоҳ хоҳлаган пайтда бўлишини айтди. Мен доим айтиб келганман, Қирғизистон – мусулмон давлати, лекин Ислом давлати эмас, деб”, деди депутат.

Шу ерда у судга мурожаат қилиб, “Диний масалалар бўйича халқ орасида ким тушунтириш ишларини олиб бориши керак?” деб сўради. Фақат прокуратура эмас ва милицияҳам эмас. Айнан уламолар тушунтириш ишларини олиб боришлари ва одамларнинг урушга чиқиб кетишининг олдини олишлари зарур.

Бакир уулу 18 дақиқали маърузадан юлиб олинган 3 дақиқали видео ёзув ҳақида тўхталиб, уни ҳар қанақасига талқини қилиш мумкин, деб айтди.

Прокурор Азам Сативалдиевнинг “Камаловнинг маърузаси ғайри исломий эътиқоддаги одамларда салбий фикр уйғотиши мумкинми?” деган саволига у “Йўқ!” деб жавоб берди. Ҳалифатга ишонмаган одам диндан чиқади, деган гаплар ҳам тўғри, деди у. Турсунбай Бакир уулунинг айтишича, ҳозирги куннинг асосий муаммоларидан бири – мактабларда ва олий таълим муассасаларида диншунослик фанлари ўқитилмай қўйилганида. Прокуратура ходимларининг бу соҳадаги билимлари етарли эмас, шунинг учун ҳам улар имомнинг сўзлари Қирғизистон қонунларини бузмаслигини англай олмайдилар. Бунинг учун Қуръон ва Ҳадисларни билиш керак, деб айтди. “Агар давлат мусулмонларга қарши курашда давом этса, уларни таъқиб қилишдан, қамашдан тўхтамаса, тез орада радикал кайфиятдаги мусулмонлар бош кўтарадилар. Бунга йўл қўйиб бўлмайди”.

Турсунбай Бакир уулу агар суд Камоловни даволаниш учун қўйиб юборадиган бўлса, унга кафил бўлишга тайёрлигини билдирди.

Қийноқлар ва шавқатсиз муносабатларга қарши миллий марказ ходимлари судга мактуб йўллаб, Камаловнинг соғлиғига эътибор қаратишни ҳамда адвокатларнинг қамоқда сақлаш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чорасига алмаштириш тўғрисидаги илтимономасини кўриб чиқишни сўради. “Инсонни медицина ёрдамидан маҳрум эта туриб, биз уни қийноққа солиб қўямиз”, - дедилар адвокатлар.

Судья аччиқланиб, бу масала олдин кўриб чиқилган ва узил-кесил қарор чиқариб бўлинган, дея эҳтиёт чорасини ўзгартирмай қолдирди.

Адвокатлар Дин ишлари бўйича давлат комиссияси ходими Қанатбек Абраимовнинг судга чақиртирилишини сўрадилар. Имомнинг маърузаси бўйича айнан у чиқарган хулоса ушбу жиноят ишининг қўзғатилишига асос бўлган. Абдраимов ушбу суд процессида иштирок эта олмаслиги тўғрисида ҳужжат бор экан, бироқ бу ҳужжат ҳақида суд ҳеч кимни хабардор қилгани йўқ. Адвокатлар, шунингдек, судда милицияга имом маърузалари ёзилган дискни келтириб берган Улуғбек Чирақовнинг ҳам мажбурий иштирокини таъминлаб беришларини сўрадилар. Судланувчи ҳам мазкур шахсларнинг судда мажбурий иштирокини таъминлаб беришларини сўради.

Эртаси куни 9 сентябрда судда тўрт нафар қорасувлик фуқаролар сўзга чиқдилар. Уларнинг орасида Мухтор Абдуллаев ва Абдуллоҳ Нурматов бор эди. Гап шундаки, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари имомнинг уйида тинтув ўтказиш жараёнини видеотасвирга олдилар ва кадрларга тушиб қолган баъзи одамлар кейинчалик Жиноят кодекснинг “Экстремистикматериалларни сақлаш ва тарқатиш” моддалари бўйича айблов билан жавобгарликка тортилган эди. Мухтор Абдуллаев “Суҳбат-16” дея номланувчи дискни сақлагани учун 3 йилга шартли жазога ҳукм этилди. Абдуллаевнинг таъкидлашича, бу дискни орган ходимлари унинг уйида ўтказилган тинтув пайтида қасддан нарсалари орасига ташлаб қўйганлар. Нурматовнинг иши бўйича тергов тугагани йўқ, иш материалларига кўра, у “Одноклассники” ижтимоий тармоғида Дилёр Жумабоев ва Рашод Камолов иши бўйича қўйилган фотосуратлар ва постларни қайд этиб борган.

Гувоҳларнинг иккови ҳам ўз жиноят ишлари ҳақида гапириб бердилар ва диний-экстремистик ташкилотлар фаолиятига мансубликлари тўғрисидаги айбловларни инкор этдилар.

Судда прокурорлар билан адвокатлар ўртасида гувоҳлар ва мутахассисларнинг иштироки масаласи бўйича тортишув чиқиб қолди. Адвокатлар Давлат комиссияси ходими Қанатбек Абдраимовнинг иштирикони таъминлашни сўраб судга мурожаат қилдилар. Прокурор Нурлан Абдразақов бунга қарши эмасман, аммо унинг иштироки шарт эмас, чунки ишда унинг ёзма хулосаси бор ва уни ўқиб эшиттирлса бўлди. деб айтди.

Адвокат Вахитов бунга жавобан: “Жиноят-процессуал кодексда айблов фақат судда ўрганиб чиқилган материалларни ўз ичига олиши мумкин, деб айтилган. Суд дастлабки тергов материалларига қарам бўлиб қолмаслиги керак. Прокуратура аниқ жавоб берсин –бу одамнинг судда иштироки қачон таъминланади?”.

Судланувчи Камалов ҳам судга мурожаат қилиб: “Агар Абдраимовнинг иштироки таъминланмаса, мен суддан унинг хулосасини ҳақиқий эмас, дея тан олиб, эътиборга олмасликларини сўрайман. Судда иштирок этган экспертлар ва мутахассисларнинг хулосаларини эътиборга олиш керак, холос”.

Шу билан суд тугади, унинг кейинги мажлиси 15 сентябрь куни соат 14:30 да бошланади.

Сахира Назарова

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама