03:41 msk, 22 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Пахта соҳасидаги қулдорлик: Cotton Campaign илк бор Туркманистонга босим ўтказишни бошлади

09.09.2015 19:17 msk

Фарғона

Халқаро ҳуқуқ ҳимоячилар, касаба уюшмалари ва тадбиркорларни бирлаштирувчи Cotton Campaign коалицияси Туркманистон пахта саноатида мажбурий меҳнатга чек қўйиш мақсадида бу мамлакат расмийларига нисбатан илк бор босим кўрсата бошлади. Ўзбекистонда пахта соҳасидаги мажбурий меҳнат амалиёти ҳақида кўп гаплар ёзилган бир пайтда, либос ишлаб чиқарувчи кўплаб компаниялар Туркманистон ҳукумати ҳам пахта етиштириш ва унинг ҳосилини териб олишда мажбурий меҳнатдан фойдаланиб келаётганини билиб ажабландилар, - дейдилар Cotton Campaign фаоллари. Улар жаҳоннинг энг йирик брендлари бу мамлакатдан пахта сотиб олганларини тан олишлари керак, дея талаб қилмоқдалар. “Жаҳондаги энг йирик либос ишлаб чиқарувчилари биргаликда Туркманистон ҳукуматини мажбурий меҳнатдан воз кечишга чақиришлари керак. Бу Туркманистоннинг пахта қуллигидан қутилиши йўлида қўйилган биринчи қадам бўлади”, - дея билдирмоқдалар фаоллар гуруҳи.

Cotton Campaign Ўзбекистон ва Туркманистон ҳукуматлари ҳамда мазкур мамлакатлар бозорлари билан алоқа қилаётган йирик компанияларга йўналтирилиши лозим бўлган бешта муҳим саволларни дунё жамоатчилиги олдига кўтариб чиқди.

1. Ўзбекистон ва Туркманистон ҳукуматлари пировардида, мажбурий меҳнатни тақиқловчи ўзларининг қонунларига қачон риоя қилишни бошлайдилар?

2. Ўзбекистон ва Туркманистон ҳукуматлари инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил ташкилотларга, фуқаролик жамияти фаолларига ва журналистларга таъқиб ва қатағонлардан қўрқмай пахта етиштириш соҳасида юзага келган вазиятни текширишга ва унинг натижалари ҳақида эркин ахборот беришга имконият берадиларми?


Туркманистонда пахта терими. Фото © Альтернативные новости Туркменистана

3. Агар Ўзбекистон ҳукумати жаҳон молия тизими манфаатлари майдонида мажбурий меҳнатдан фойдаланишда давом этаверса, Жаҳон банки унга кредитлар беришни тўхтатиб қўядими?

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон банки агар мажбурий меҳнат қурбонларидан банкга шикоятлар келиб тушадиган бўлса, Ўзбекистон иқтисодиётининг агросаноат ва таълим секторларидаги лойиҳаларга кредит беришни тўхтатиш мажбуриятини ўз зиммасига олган . Кредит берилиши тўхтатилишининг олдини олиш учун Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказиб, қуйидаги муайан чораларни кўришга ундаши керак: қишлоқ хўжалик маҳсулотларига ва хусусан, пахта хом ашёсига ҳарид нархларини кўтариш; давлат квоталарини бажармаган фермерларни жаримага тортишни бас қилиш; давлат бюджетида “пахта пуллари”нинг улуши ҳақидаги маълумотни чоп этиш.

4. Ўзбекистонда фаолият юритаётган Daewoo International, General Motors (GM), Teliasonera, Telenor ва бошқа трансмиллий компаниялар мажбурий меҳнатни қўллашни ва бундан фойдаланишни тўхтатадиларми?

Ўзбекистонда пахтани қайта ишловчи энг йирик хорижий компания саналмиш Daewoo International ўз фаолиятида мажбурий меҳнатдан фойдаланиб келаётганини бир неча бор тан олган. GM ходимлари уч йил давомида компания уларни пахта тергани чиқаргани ҳақида маълум қилиб келдилар. Teliasonera ва Telenor 2014 йилда пахта терими учун кўмак берганларини тан олган эдилар. Мажбурий меҳнат амалиётини тўхтатиш ҳамда қонунга қарши ҳаракатларга аралашиб қолмаслик учун мамлакатда ишлаётган халқаро компаниялар “Ўзбекистонда мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши мажбуриятлар”ни имзолашлари, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш устидан назорат бўйича мустақил дастурни қабул қилишлари ва бордию, Ўзбекистон ҳукумати компаниянинг мамлакатда фаолият юритиши учун мажбурий маҳнат тизимига риоя қилишни шарт қиладиган бўлса, унда зудлик билан ишлаб чиқаришни тўхтатиб, мамлакатдан чиқиб кетишлари зарур.

5. H&M, Inditex ва бошқа глобал либос ишлаб чиқарувчилар Туркманистон ҳукуматини мажбурий меҳнатдан воз кечиш зарурлигини қатъий туриб талаб қиладиларми?

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама