22:23 msk, 17 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент трактор заводи: Кимга қарзим бўлса, ҳаммасини кечдим

04.09.2015 09:50 msk

Фарғона

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги машинасозлиги гиганти, 73 йилдан бери фаолият юритиб келган Тошкент трактор заводи (ТТЗ) шу йилнинг баҳорида тугатилди: 2015 йил мартида Тошкент шаҳар Хўжалик суди банкротлик процедурасини бошлашга санкция берди. ТТЗни тугатишни анчадан бери режалаштириб келишаётганди: бир йил аввал 2014 йил май ойида мамлкаат президенти Ислом Каримов “Ўзагромашхолдинг” компаниясини тузиш тўғрисида қарорни имзолаган бўлиб, унинг таркибига “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” (ТҚХТЗ) АЖ ва “Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” АЖ киритилди. Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводида тракторлар, прицеплар ва пахта терим машиналари, Чирчиқ заводида эса замонавий осма ва прицепли қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган.

Оммавий ахборот воситаларида хабар берилишича, 2015 йил 2 апрелида ТТЗ АО акциядорларининг навбатдан ташқари йиғилишида “ТТЗ” ОАЖнинг UzClaasAgro МЧЖдаги 5,1 млрд сўмга тенг улуши (51%), KB-Uzagroteh МЧЖдаги 52 млн сўмлик улуши (26%) ҳамда “Трактор” Махсус конструкторлик бюроси унитар корхонасидаги 61,1 млн сўмлик улуши (100%) номинал қиймат бўйича кейинчалик “Ўзагромашхолдинг” компаниясига ўтказиш учун Тошкент шаҳар ҳокимиятига бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.

ТТЗ 1942 йилда эвакуация қилинган корхона базасида барпо этилган. Советлар даврида ТТЗ пахтачилик ва универсал ер ҳайдовчи тракторларни ишлаб чиқаришда ихтисослашган. Заводнинг лойиҳа қуввати – йилига 12 мингта трактор ва 13 мингдан зиёд прицеп, унда ишлаб чиқарилган машиналар нисбатан арзон бўлиб, анчагина талабгор бўлган. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 15 фоизи қўшни республикаларга экспорт қилинган.

Сўнги йилларда корхона қувватининг 20 фоизи ишлаган, холос, дея хабар беради Газета.Уз. Завод янги қишлоқ хўжалиги техникаси – 110 от кучга эга бўлган янги авлод тракторларини ишлаб чиқарилишини ташкил этиш учун режалаштирилган 36 млн доллар маблағни жалб этишга эриша олмади.

Экспертлар маълумтига кўра, ўзбекистон қишлоқ хўжалиги бозорининг ҳажми йилига 10 минг ўлчов бирлигига тенг (шу жумладан, беш мингта трактор ва 500 та комбайн). Сўнгги йилларда ишлаб чиқарилган техника сони эса 2,5 минг тани ташкил этди, холос. Ўзбекистон ҳукуматининг билдиришича, кўрилаётган чоралар (ТТЗ банкротлиги ва янги агроходинг барпо этилиши) “қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналарининг молиявий аҳволини барқарорлаштиришга қаратилган”. Бироқ пировардида нима бўлди?

Штатлар қисқарди ва иш ҳақи бўйича қарзлар пайдо бўлди

“Фарғона” агентлигига маълум бўлишича, қачонлардир 2500 кишини иш билан таъминлаган улкан коллективда банкротлик процедураси бошланганидан бери моддий жавобгар шахслар тоифасига кирувчи 200 киши қолди, холос. Янги “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи”га 651 киши ишга олинди. Қолган одамлар вакансиялар йўқлиги боис корхонани тарк этдилар.

Ишдан бўшатилганларнинг аксарияти 2014 йил ноябрдан бери ойлик маошларини кўрганлари йўқ. Одамлар уйларидаги эски ва керак бўлмай қолган буюмларини сотиб тирикчилик қилишга уринмоқдалар. Уларнинг кўпини “Янгиобод” бит бозорида савдо қилиб ўтирганларини кўриш мумкин.

логотип ТТЗ
Тошкент трактор заводи логотипи

“Заводга ҳам ачинасан, одамларга ҳам ачинасан, - дейди ўзини таништиришни истамаган заводнинг собиқ ходими. Ўтган йилнинг ноябридан бери иш ҳақимизни ололганимиз йўқ. 10-15 млн сўмгача иш ҳақини ололмай юрган одамлар кўп. Бироқ бошлиқлар бу ҳақда асло қайғурмаяптилар”.

Унга кўра, иш ҳақини 69 нафар ҳомиладор аёллардан ишлаб чиқаришда шикастланганлари олишган, холос. Раҳбарият бир неча млрд сўмдан ошиб кетган иш ҳақи бўйича қарздорлик ҳақида берилган саволларга жавоб бермай елка қисади, холос. Мамлакатда пенсионерларга пул етишмай турган пайтда қарздан қутилишларига ақл бовар қилмайди.

Собиқ ТТЗда ҳозиргача ишлаётган бошқа манбанинг айтишича, завод ишчиларга январгача бўлган иш ҳақини бериб бўлган, бироқ бош метролог, типография, баъзи инженер-техник бўлимлари 2014 йилнинг октябри учун ҳам иш ҳақини ололмай юришибди. “Илгари, икки-уч йил олдин ҳам ойлик маошлари уч ойгача кечикарди, - дейди “Фарғона” суҳбатдоши. – Мен ТТЗда тўққиз йилдан бери ишлайман. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга икки-уч ой олдин буюртма беришарди. Ойига 20 тадан 200 тагача трактор чиқарардик. Иш ҳақи ишбай бўлгани учун ишчилар ойлик режаларни ошириб бажаришга интилишарди. Ҳозир ҳамма қуруқ ойликка қараб ўтирибди. Мисол учун, ўта ноёб ва зарур мутахассис саналган станок ва манипуляторларнинг созловчиси бор-йўғи 650-800 минг сўм оляпти, ҳолбуки икки-уч йил олдин иш ҳақи ишбай бўлганида 800 минг, миллион сўмдан ойлик оларди...”


ТТЗ-80 трактори базасида пахта терим машинаси

“Ҳозир ТҚХТЗда ишлаётганларга иш ҳақи вақтида бериляпти, бироқ пулларнинг ҳаммаси карточкага ўтказилмоқда, - дея ҳикоясини давом этади суҳбктдош. – Ишчиларга “кулгили оклад” белгиланган, бироқ мастерлар ва ўрта бўғин раҳбарларига яхши пул тўлашяпти. Илгари ойлик план ошириб бажаргани учун мукофотли бўлгани сабабли ишчилар бошлиқлардан ҳам кўпроқ ойлик олишарди. Умуман олганда, ТТЗда нима бўлаётганини ҳеч ким тўлиқ тушуниб етгани йўқ – ҳудди биз қандайдир маҳфийлаштирилган хизмат ходимларига ўхшаб қолдик. “ТТЗ” ОАЖни тугатиш бўйича иш прокуратурага оширилган, шу йилнинг декабригача барча масалалар ҳал бўлиши керак. Бироқ Тошкент трактор заводида шу чоққача иш ҳақида ва бутловчи қисмлар ва энергия (суюқ ёқилғи, газ, электр энергияси) етказиб берувчилардан қарздорликлар узилмаган”.

Маълум бўлишича, айни пайтда ТТЗда тугатиш бўйича комиссия ишлаяпти. ТТЗнинг собиқ ходими айтишича, комиссия иш ҳақидан қарздорликни қисман бўлса ҳам узиш учун кимошди савдоларини ўтказади. Сотувга станоклар ва бошқа турдаги жиҳоз ва ускуналар, завод инвентари қўйилади.

Олдинроқ корхонанинг расмий сайтида “Завод раҳбарияти ўз ишчи-ходимларини яхшироқ иш ҳақи билан таъминлашга интилмоқда. Шунингдек, корхона техникасини янгилаш, ишлаш учун қулай шароитлар яратиш бўйича иш олиб бориолмоқда”, - деган ёзувни ўқиш мумкин эди. Ҳозир эса сайт очилмаяпти...

Янги корейс тракторлари

Корхонани тугатиш жараёни билан таниш бўлган манбанинг айтишича, эски корхона ўрнига очилаётган янги корхонанинг аҳволи ёмон эмас. Қарздорликни узиш бўйича ва шу билан боғлиқ бошқа муаммолар албатта бор (муаммоси йўқ ким бор ўзи), бироқ янги завод “қанотини ёзишга бошламоқда”.

“Мисол учун, заводимиз Қорақалпоғистон Республикасига янги модификациядаги экспериментал андозали тракторлардан 200 тасини юборди. Улар пахта терим мавсумида ишга солинади. Ҳар бир МТП-МТСлар (машина-трактор парки ва машина-трактор станцияси-таҳр.) ҳам синов мақсадида биттадан янги трактор олади. Машина-трактор паркларининг пул тўлаш қобилияти жуда ҳам яхши эмаслигини ҳисобга олган ҳолда, ушбу машиналар партиясини бепул тарқатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Пахта терим мавсуми ниҳоясига етганидан сўнг улар қайтариб олинади”, - дея вазиятни шарҳлади “Фарғона” суҳбатдоши. Унинг айтишича, ТҚХТЗда янги техника Кореядан келтирилган бутловчи ва эҳтиёт қисмларидан терилмоқда.

“ТТЗнинг вориси ТҚХТЗ Кореяда ишлаб чиқарилган бутловчи қисмларидан “TTZ LC 100 H” русумли тракторларни ишлаб чиқарилишини йўлга қўйишга уринмоқда, - дейди ТТЗда ишловчи манба. - Бироқ тракторлар қиммат, ишончсиз ва сервис хизмати борасидаги муаммолар боис деҳқонлар уларни сотиб олишга шошилмаяптилар. Чиндан ҳам Қорақалпоғистонга шунақа машиналардан 200 тасини юбордик. Билишимча, бу бутун мавсум учун давлат буюртмаси бўлган. Яна 50 та машина Туркманистонга сотилади. Буюртмалар жуда оз, шу йилнинг май ойида ТҚХТЗ ОАЖ ходимларининг 90 фоизини иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқариб юборди (бунинг учун уларни “ўз ихтиёрлари билан” ариза ёзишга мажбур қилишди). Ҳозир корейс тракторлари базасида 250 та МХ-1.8 пахта терим машиналарини теряпмиз, ундан кейин нима бўлишини ҳеч ким билмайди, чунки буюртма йўқ”.

“Завод фақат бутловчи қисмларни териш билан машғулми ҳамда Кореядан бошқа қайси мамлакатлар эҳтиёт қисмлар етказиб бериш билан шуғулланмоқда?” деган саволга суҳбатдошимиз шундай жавоб берди: “Ўтган йили ҳам биз ўзимизнинг тракторларимиз асосида 500 та машина ишлаб чиқардик. Уларга корейс тракторлари аралашмаган. Энди бўлса нуқул корейс тракторлари ишлатиляпти. Тракторлар бизга 90% тайёр ҳолда келяпти, бу ерда майда-чуйда ишлари битказиляпти. Йирик машина узеллари Кореядан келяпти, тахталанган пўлат тунука Россиядан, покришкалар –Қозоғистонда ёки Хитойдан. ТТЗда илгари ишлаб келган дегрезлик цехи гўё алоҳида корхона сифатида ишлаяпти дейишади, аммо унда сўнгги бир-бир ярим йил ичида бирор нарса қилганларини билмадим. Темирчилик цехи янги завод таркибига кирган, бироқ у ерда бирор нарса тайёрланаётгани ҳақида бирор гап эшитмадим. Завод раҳбарияти энергия тежамкорлигига қаттиқ турибди, улар печларни қаттиқ зарурат бўлганидагина ишлатяптилар”.


Корейс тракторлари базасида терилган пахта терим машиналари

***

Ўзбекистон матбуотида жорий йилнинг июнь ойида пайдо бўлган хабарда мамлакат далаларига 2232 та пахта терим машиналари чиқади, деб айтилганди. Маълум бўлишича, Ўзбекистонда етиштирилаётган 3,4 млн тонна “оқ олтин”нинг 5 фоизигина машиналарда териб олинади. Келгуси беш йил ичида бу кўрсаткич 50-60 фоизга етказилиши кутилмоқда. Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев икки йил олдин ўтган пахта ярмаркасида икки-уч йилдан сўнг, яъни 2015-2016 йилларда машиналар ҳосилнинг 80 ва ҳатто 90 фоизини териб берадилар, дея билдирганди. Пахта билан боғлиқ ички ва иқтисодий муаммолардан хабардор фермерларнинг айтишича, “наполеонларга хос бу режалар”нинг амалга ошиши даргумон. Қизиқ, бош вазир бу сўзларни гапира туриб, Ўзбекистон ўттиз йилга орқа қайтиб қолганини тасдиқлаганини англаяптими? Ҳатто мутахассис бўлмаган одамлар ҳам 1980 йилларда республика далаларида 40 мингдан зиёд пахта терим машиналари ишлаганини ва улар етиштирилган 5 млн тоннадан зиёд ҳосилнинг ярмидан кўпини териб берганини яхши биладилар.

Афсуски, ТТЗ банкротлиги авваллари гуркираб яшнаган, кейин эса кераксиз дея эълон қилинаётган корхоналарнинг биринчиси ва охиргиси ҳам эмас. Пойтахт аҳолиси хотирасида бунақа мисоллардан кўпи сақланиб қолган – ТАПОиЧ, “Тошсельмаш”, “Тошхиммаш”, “Фотон”, “Юлдуз”, “Зенит”, Бешёғоч майдонидаги пойафзал фабрикаси...

Ўзбекистон мустақилликка эришиш арафасида мамлакатда 300 дан зиёд саноат корхоналари фаолият юритиб, икки юз мингдан зиёд одамларни иш билан таъминлаган. Ўзбекистонга юқори технологияли корхоналар, юқори малакали мутахассислар керак эмасми? “Катта откатлар” илинжида хориждан тайёр маҳсулотлар ва бутловчи қисмларни сотиб олиш қачонгача давом этади?

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама