20:56 msk, 24 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Нукусда нима гап ёки Девор ортидаги байрам (фото)

03.09.2015 19:09 msk

Ўз ахб.

Фотосуратда: И.А. Савицкий номидаги Нукусдаги Давлат санъат музейи ва унинг атрофидаги қурилиш ишлари. Фото © “Фарғона.Ру», 2015 йил сентябрь.

4 сентябрь куни Нукусда бўлиб ўтадиган Игорь Савицкийнинг юз ёшга тўлиши муносабати билан тантаналарга таклиф этилганларнинг ярми келишади: Ўзбекистонда аккредитация қилинган дипломатик корпуснинг деярли ҳаммаси тадбирда иштирок этишдан бош тортди. Элчихоналар вакиллари дипломатларга хос назокат билан ички вазиятни баҳона қилдилар. Аммо бунинг ҳақиқий сабаби Савицкий номидаги машҳур музейнинг ходимларига маълум – улар шу йўл билан директор Мариника Бабаназарованинг ишдан бўшатилишига норозиликларини билдирмоқдалар.


Музей биноси ҳамон девор билан ўраб қўйилган

Музей ходимларининг айтишича, Савицкийнинг юбилейига юздан зиёд меҳмон таклиф этилган, уларнинг орасида ўзбекистонлик ва чет эллик маданият ходимлари, журналистлар ва дипломатлар бор. Бироқ, сўнгги ҳафта давомида меҳмонларнинг ярмидан кўпи учун меҳмонхоналарда банд қилиб қўйилган хоналар учун броларни бекор қилишга тўғри келди.

Ҳатто Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев ҳам юбилейга келмайдиган бўлди. Ҳолбуки, Россиянинг “Россотрудничество” (Нестле компанияси билан бир қаторда) ташкилоти музейнинг доимий ва асосий ҳомийларидан саналади.

Юбилейга келадиган чет эллик меҳмонлар орасида ЮНЕСКО ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимлари ҳамда Франциянинг “Музей дўстлари клуби” аъзолари бор, холос.

Шу вақтнинг ўзида Нукусда Игорь Витальевич Савицкий юбилейини ўтказиш бўйича тайёргарчилик ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда. Тайёргарчилик ишлари музейда эмас, балки шаҳарнинг ўзида олиб борилаётганини қайд этиш жоиз. Эътиборга лойиқ жойи шундаки, музей ходимларининг ҳаммаси директор ишдан бўшатилганидан сўнг ташкилий ишлардан четлатилдилар, байрам ўтказиш бўйича барча ташкилий ишларни Нукус шаҳар ҳокимлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси расмийлари ўз зиммасига олдилар. Улар Қорақалпоғистон маданият ва спорт ишлари бўйича вазир томонидан тасдиқланган тадбирлар дастурини тубдан ўзгартириб юбордилар.


Музей икки янги биноси ҳовлисини ободонлаштириш ишлари. Бинонинг бири кўргазмалар учун, иккинчиси экспонатларни сақлаш учун

Музей ходимларининг айтишича, олдинги режага кўра, байрам бошдан охиригача музей биносида ўтиши керак эди. Энди бўлса бу ерда Савицкий асарлари кўргазмасининг очилиши ҳамда таниқли ўзбекистонлик режиссёр Али Ҳамроев томонидан куни-кеча суратга олинган ҳужжатли фильм премьераси бўлиб ўтади, холос. “Кино қўйилишини бекор қилишлари ҳам мумкин”, - дейдилар музейчилар. Маълум бўлишича, Али Ҳамроевнинг ўзи ҳам Нукусга келмас экан.

Қолган барча тадбирлар: байрамнинг очилиши, меҳмонлар ҳамда Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон расмийларининг чиқишлари, музей ва Савицкийга бағишланган маърузаларни ўқиш ҳамда концерт Бердах номли Қорақалпоғистон Давлат мусиқали театрида бўлиб ўтади.

Музей ходимлари байрамга таклиф этилишлари борасида ҳам иккиланиб қолдилар, чунки уларнинг қўлларидаги таклифнома бекор қилиниши мумкин, чунки ҳокимият ўзининг янги таклифномаларини чоп этиб бўлди.


Музейга олиб борувчи йўлни кенгайтириш ишлари анчагача чўзилиши мумкин

Шу билан бирга, музейнинг икки биносидан бири - экспозицияларга аталгани (иккинчиси фондлар омбори бўлади) Мустақиллик кунига, яъни 1-сентябрга топширилиши керак эди, бироқ бино топширишга тайёр эмас: унда технологик жиҳозлар, хусусан, металлдетектор ва турникетлар ҳамда залдаги пастдан туриб ёритадиган подсветкалар ўрнатилмаган. Шунингдек, биринчи қаватдаги мамъурият учун хоналар ҳам тайёр эмас.

Музей олдидаги майдонда ҳам ободонлаштириш ҳамда унга олиб борадиган йўлни таъмирлаш ва кенгайтириш ишлари 1 сентябрь куни якунига етиши керак эди. Бунинг учун ҳатто йўл четидаги дарахтлар ҳам кесиб ташланди. Бироқ икки сменада ишлаганларига қарамай, бугунгача чала қолган ишлар етарли. Эртагача бу ишларни тугатишлари осон бўлмаса керак.


Музей атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш доирасида ёш ва соғлом дарахтларни кесиш давом этмоқда


Ўз ахб.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама