21:43 msk, 17 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Рашод Камолов маърузасини диншунос ва имом шарҳлади

02.09.2015 13:57 msk

Сахира Назарова

Ўш вилояти Қорасув шаҳар судида 27 август куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисда икки эксперт: Бишкекдаги “Очиқ позиция” фонди лойиҳасининг ассистенти, диншунос Галина Колодзинская ҳамда Ўш вилояти қозияти раҳбари вазифасини бажарувчи имом Азам Бўронов сўзга чиқдилар. Биринчи мутахассис ҳимоя, иккинчиси – қоралов томонида туриб гапирдилар.

Рашод Камалов

Г.Колодзинская тадқиқ этилаётган масала бўйича юқори савиядаги билимини намойиш этди, саволларга аниқ ва лўнда жавоблари билан кўпчиликнинг ҳурматига сазавор бўлди. Иккинчи мутахассис саволларнинг бирортасига жўяли жавоб бера олмади, берилган саволларнинг кўпига аниқ жавоб беришдан ўзини олиб қочди, “мавзу бўйича тўлиқ маълумотга эга эмасман”, дея кўп маротаба узр сўраб, суд залини тезроқ тарк этишга рухсат сўради.

Диншунос фикри

Галина Колодзинская Камолов иши бўйича ўзбек тилидан рус тилига таржима қилинган барча ҳужжатларни, шунингдек, дин ишлари бўйича давлат комиссияси ходими Қанатбек Абдраимовнинг хулосасини ўрганиб чиқиб, ушбу хулосага ўз рецензиясини ёзиб берди.

Колодзинская имом ўз маърузасида “ҳалифат”нинг диний таърифини Қуръон ва “Ҳадис”га асосланиб берганини қайд этиб ўтди. “Имом Қиёматдан олдин мусулмонлар ҳеч қандай зўравонликсиз ҳалифатга эга бўлишларини, бу ҳалифат атрофида барча мусулмонлар тўпланишини ва унга ўз ихтиёрлари билан байъат беришларини айтди. Имом ИШИД билан чинакам ҳалифат ўртасидаги фарқ ҳақида тушунча берди. Имом ер юзига ҳалифалик келишининг учта йўли ҳақида маълумот берди. Биринчиси: Пайғамбар МУҲАММАД (ﷺ) дунёга келганларида, ул зотни барча мусулмонлар тан олган ва унинг атрофида ҳалифалик тузилган. Иккинчи йўл: бир ҳалифа бошқа ҳалифага ворис бўлиши. Учинчи йўл: ҳалифаликни ноқонуний йўл билан эгаллаган ва ҳалифаликка номуносиб шахсни ҳалифаликка муносиб бўлган одам томонидан ағдарилиши. Имомнинг маърузаси ҳақида гапириладиган бўлса, бу ерда у биринчи йўл ҳақида гапирган. Маърузада иймоннинг олти устунига риоя қилиш зарурлиги ва муҳимлигини таъкидлаган. Иймоннинг бешинчи фарзига кўра, ҳар бир мусулмон Қиёмат кунига ишониши фарз”, - деди Колодзинская.

Камоловнинг маърузасида экстремистик характердаги иборалар бўлганми, бундан ташқари, у адоват қўзғатувчи шиорларни кўтариб чиққанми, деган саволга диншунос рад жавобини берди. “Унинг маърузасида экстремистик иборалар на очиқ ва на яширин ҳолатда мавжуд. У ҳалифатни ибодат, кутиш ва иймон билан барпо этиш ҳақида гапирган, бу нарса зўравонликка чақирмайди”, - дея жавоб берди Колодзинская.


Галина Колодзинская (ўнгдан иккинчи)

Имомнинг Суриядаги урушга одамларни ёллаётгани ҳамда унинг “Ҳизбут-Таҳрир” партиясига аъзолиги тўғрисидаги айбловларга тўхталган диншунос: “бу гапларнинг бари тутуриқсиз. Биринчидан, ИШИД ўз ҳудудида “Ҳизбут-Таҳрир” фаолиятини тақиқлаб қўйган, иккинчидан, ҳизбутчиларнинг аксарияти ИШИД ҳаракатларини қораламоқда. Яъни, бу икки гуруҳ бири-бирига дўст эмас ва уларнинг ўз олдига қўйган мақсадлари бошқа”, деб билдирди.

“Агар бирор кимса ҳалифат тўғрисида гапирса, уни ҳизбутчи деса бўладими?” деган саволга ҳам диншунос аёл рад жавобини берди. “Қуръонда ва ҳадисларда ҳалифат ҳақида сўз юритилади ва бу умумисломий тушунчалар саналади. Пайғамбарнинг (ﷺ) ўзлари охирзамонда яна бир ҳалифалик келиши ҳақида айтиб ўтганлар. Имом ҳадисдан иқтибос келтирган”, - дея жавоб берди Колодзинская. Шунингдек, у имомнинг маърузаси огоҳлантирувчи бўлган, у одамларни Сурияга боришдан эҳтиёт бўлишликка чақирган, ИШИД чинакам ҳалифалик эмас, чуни у юқорида зикр этилган учта йўлнинг бирортаси билан келмаган, деб қўшиб қўйди.

Имомни Қирғизистон қонунчилигини бузишда айблаш ҳам ноўрин, чунки унинг маърузасида бирорта жуғрофий ном келтирилмаган, бирорта муайан ҳудудни мисол қилмаган, Қирғизистон қонунларини, амалдаги ҳукуматни, сиёсий арбобларни танқид қилмаган. “Терроризм ва экстремизм – бу биринчи навбатда сиёсий жиноят саналади. Имом ҳеч қайси режимни танқид қилмаган. У фақат ҳадислардан иқтибос келтирган”, - дея жавоб берди мутахассис.

“Давлат Камалов мисолида дин ишига аралашмоқда, деб ҳисобласа бўладими?” – дея сўради судланувчининг адвокатларидан бири. “Бу ерда эътиқод эркинлиги ва сўз эркинлигига таъсир ўтказилмоқда, демак, давлат ўзининг халқаро мажбуриятларини бузган бўлиб чиқяпти. Имомнинг сўзлари на жамоат ва на миллий хавфсизликка, на ахлоқий тартиб ва на ўзгаларнинг эркинлигига таҳдид туғдиради. Имом ҳеч кимни танқид қилмаган, у огоҳлантирган, холос”, - дея жавоб берди мутахассис.

“Ҳалифат билан Қирғизистондаги мавжуд тузум ўртасида ўхшашлик борми?” – дея сўради туман прокурори Азам Сатибалдиев. “Сизчи, имомнинг бирор жойда ҳалифатни Қирғизистон билан солиштарганини кўрдингизми? У ушбу икки категорияларни қиёслаган ҳам эмас, бир-бирига қарши қўйган ҳам эмас. У ўз маърузаларида Қирғизистон давлати борасида умуман гапирмаган. Ҳалифат – шариат қоидаларига мувофиқ тузилган адолатли давлатни англатишини тушуниб олиш керак. У агар иймонинг бирорта фарзи бузилса, одам кофир бўлиб қолишини айтган. Иймоннинг бешинчи фарзи – Қиёмат кунига ишониш. Имом Қиёматдан олдин ҳалифалик барпо этилиши, мусулмонлар ибодат қилиб, ҳалифаликни кутишлари, ҳалол ҳаёт кечириб умид билан яшаш шартлигини кўзда тутган”, - деб жавоб берди Колодзинская.

Колодзинская Дин ишлари бўйича давлат комиссияси ходими Қанатбек Абдраимов бажарган экспертиза хулосаси ҳақида гапира туриб, ушбу ҳужжатда илмий асос йўқлигини қайд этиб ўтди. Ҳужжатда на тадқиқ қилинаётган объект ва на методологияси кўрсатилган, маърузадаги фикрларни таҳлил қилиш учун зарур бўлган ақидавий исломий адабиётларга ишоралар келтирилмаган, Камоловнинг гаплари билан бузилаётган қонун моддалари йўқ. “Экспертиза хулосаси бошдан оёқ қуруқ гапдан иборат, унда фақат шахсий эътиқод ва шахсий диний қарашлар баён қилинган”, - дея хулоса қилди Колодзинская. У Абдраимов ўқиб ўзлаштирган “шарқшунослик” мутахассислиги дин ҳақида чуқур маълумот бермаслигини маълум қилди. “Шарқшунослар халқ ва элатларнинг маданиятини, одатларини, феъл-атворини ва қисман эътиқод қилаётган динини ўрганадилар. Бироқ улар олган билимлар бу каби экспертизани ўтказиш учун етарли эмас”, деди диншунос.

Бу каби экспертиза университет дипломига эга бўлган диншунос, исломшунос томонидан ўтказилиши мумкин. Бунақа экспертиза маърузага ҳар томонлама таъриф бера оладиган диншунослар, исломшунослар, сиёсатшунослар ва ҳуқуқшуносларни жалб этган ҳолда ўтказилиши мумкин. Бироқ, дея қайд этди Колодзинская, Камолов ишида тақдим этилган “комплекс диншунослик экспертизаси” аслида тутуриқсиз бир ҳужжат бўлиб қолди. Нима қилганда ҳам, диншунослик алоҳида фан саналадива буни эътиборга олиш керак”.


Камалов иши бўйича суд мажлиси маҳаллий аҳолида катта қизиқиш уйғотмоқда

Қонунга мувофиқ, экстремистикликка мансублиги борасида гумонланаётган материаллар экспертизасини фақат Мувофиқлаштирувчи эксперт кенгаши ўтказиши мумкин, Дин ишлари бўйича давлат комиссиясида бунақа ваколат йўқ. Мувофиқлаштирувчи кенгаш Қирғизистон ҳукуматининг қарори билан тасдиқланади. Айни пайтда бунақа кенгаш йўқ. Давлат комиссияси эксперт ташкилоти саналмайди ва Камалов ишида бу ташкилот “ўз ваколатини ошириб юборган”.

Қораловчи томонда турган имомнинг фикри

Прокурорлар таклиф қилган имом Бўронов Камолов ишига аниқлик киритадиган бирорта гап айта олгани йўқ. Прокурор Сатибалдиевнинг “Сиз ҳалифатни қандай тушунасиз?” – деган саволга у бундай ҳолатларда жавобини муфтиятдан сўраш лозим, муфтият бу ҳақда фатво беради, деб айтди. У ҳалифат тушунчаси Қуръонда ва “Ҳадислар”да учрашини тасдиқлади, бироқ ҳалифатга ишонмаган одам кофир бўлиши тўғрисидаги гапни ҳеч қаерда учратмаганини қўшиб қўйди.

Имомнинг адвокати Ҳусанбой Салиев Бороновга Қирғизистон муфтиятидан олинган ҳалифат тушунчасига таъриф берувчи жавобини кўрсатиб, “бу фатво тўғрими?” деб сўради. Бўронов ҳужжатда муфтиятнинг телефони кўрсатилган, ўша ерга телефон қилиб, улардан жавоб олиш керак, деди.

“Пайғамбарнинг сўзларига иймон келтирмаган одам кофир бўладими?” деган саволга Бўронов мижғовланиб, “буни ўзларингиз ҳам жуда яхши биласиз”, деб билдирди ҳамда суд залини тезроқ тарк этишга рухсат сўради.

Бўронов саволларга қисқа жавоб бергани учун узр сўраб, бу сафар жавоб беришга тайёр эмаслиги ҳақида гапини такрор қайтарарди.

Шунда судья ундан Камаловнинг “Ас-Сарахсий” масжидига имом этиб тайинланиши борасида буйруқ борми, деб сўради. Бўронов бунақа буйруқ йўқ, деб жавоб берди. Камалов Ниязали ажи Арипов қозилик қилиб турган даврда имом вазифасини бажаришга киришганини билдирди. Бўронов Ариповни судга чақириб, уни ўзидан сўрашни таклиф қилди, бироқ прокурор ҳозирча бунинг имконияти йўқ, деб айтди.

Бўронов имом халқ иродаси билан эмас, балки туман қозилари таклиф этган номзодлар бўйича комиссия аъзоларининг фикрига қараб тайинланади, деб тушунтирди. “Мана мени ҳам халқ сайлаган эмас”, дея мисол келтирди Бўронов.


Рашод Камалов

Бўронов ўзини ношудлигини кўрсатганидан ташқари, суд процесси қоидаларига ҳурматсизлик қилиб, пайтини пойлаб зудлик билан суд залини тарк этди. Қайд этиш жоиз, Рашод Камаловнинг иши бўйича ҳар бир суд мажлиси туман аҳолиси орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Унчалик катта бўлмаган зал ҳар сафар одам билан лиқ тўлмоқда, кўпчилик процессни тик туриб кузатишяпти. Залда ҳаво оғир, нафас олиш қийин бўляпти, бундан ташқари хона ёмон ёритилган, бурчаклар чанг босган, шифтда ислар осилиб турибди.

Суд мажлиси давомида залдаги одамлар ҳиссиётларини жиловлай олмай қолган ҳолатлар ҳам юзага келмоқда, уларнинг луқма ташлашлари судьяни аччиғини чиқармоқда. Бир ярим соат давомида судья залда ўтирганларга кўп маротаба танбеҳ бериб келди ва ҳатто бир эркакни залдан ҳайдаб чиқарди ҳам.

Адвокатлар Рашод Камаловга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириб, қамоқдан чиқаришни сўрадилар. Улар февраль ойидан бери қамоқда сақланаётган имомнинг соғлиғи анча йўқолгани, ҳафақаон билан оғриётгани, турли дардлардан азият чекаётганини маълум қилдилар. Шифокорлар ҳам унинг касалхонага ётқизиб даволашни тавсия қилмоқдалар. Бундан ташқари, имомнинг уйи, оиласи, беш нафар балоғатга етмаган фарзандлари бор. Еттита маҳалла оқсоқоллари ва икки юздан зиёд фуқаролар унга ижобий характеристика беришмоқда.

Бироқ прокурорлар Нурлан Абдразақов ва Азам Сатибалдиев адвокатларнинг бу илтимосига қарши чиқдилар. Уларнинг айтишича, Камалов оғир жиноят учун судланмоқда, иш бўйича мамлакатда шов-шув кўтарилган, шунинг учун ҳам адвокатларнинг илтимосини қондирмаслик керак. Судья прокурорларнинг позициясини маъқуллади.

Суднинг кейинги мажлиси 2 сентябрга белгиланган.

Сахира Назарова, “Бир дуйно Қирғизисан” ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг Ўш шаҳар бюроси ходими

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама