03:49 msk, 21 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон россиялик антрополог олимни мамлакатга киритмади

01.09.2015 10:33 msk

Фарғона

Номи дунёга танилган россиялик олим, антрополог, Санкт-Петербургдаги Европа университети профессори Сергей Абашин Ўзбекистондан депортация қилинди. Сергей Николаевич бу ҳақда Фейсбукдаги ўзининг шахсий саҳифасида маълум қилди.

Ҳодиса 29 август куни содир бўлди. Москвадан Тошкент аэропортига саёҳатчи сифатида учиб келган Сергей Абашин чегара назоратидан ўтаётганда унга “Киришга рухсат берилмаслик тўғрисида далолатнома” тақдим этилди. Ҳужжатга кўра, “унинг кириши тақиқлангани боис мамлакатга киришга рухсат берилмагани” маълум бўлди.

Тошкетлик чегарачилар москвалик меҳмонга жуда яхши муносабатда бўлдилар. Бир неча соат ўтганидан сўнг Сергей Абашин Тошкентни тарк этиб Москвага учиб кетди.

Тарих фанлари доктори Сергей Абашин Ўзбекистонда ҳамда Ўрта Осиёнинг бошқа постсовет республикаларида кўп маротаба бўлган, у ерларда чуқур дала тадқиқотларини ўтказган, архивларни титкилаб кўп вақтини сарфлаган. У Ўрта Осиё минтақасига бағишланган кўплаб илмий асарларнинг муаллифи. Сергей Абашин олиб борган тадқиқотларнинг аксарияти муҳожирлик, миллатнинг тикланиши, этник ўзига хослик, Исломга, империялар тақдири, мустамлакаликдан сўнг кечаётган жараёнлар ва кўплаб бошқа соҳаларга оид.

Сергей Абашин – “Ўрта Осиёда миллатчиликлар: ўхшашликлар излаб” (“Национализмы в Средней Азии: в поисках идентичности” 2007) , “Совет қишлоғи: Мустамлакачилик ва замонавийлашув оралиғида” (“Советский кишлак: Между колониализмом и модернизацией» (2015 г.)”) асарларининг муаллифи.


Айни пайтда Сергей Николаевич ушбу масала бўйича шарҳ бермаяпти. “Ҳозирча содир бўлган ишларга баҳо беришдан тийилиб турибман, мамлакатга қўйишмагани айта оламан, холос. Менга сабабини тушунтириб беришмади ва бу ишларнинг сабаблари менга номаълум”, - деди у “Фарғона” агентлигига.

Сергей Абашин странице в Фейсбукдаги ўзининг саҳифасида қуйидагиларни ёзган:

“Антропологнинг академик позицияси жуда заиф, хусусан, мен билан содир бўлган ушбу ҳодиса ва бошқа ҳодисалар шуни тасдиқламоқда.

Биринчидан, антрополог ёлғизлиги боис заиф. Этнографлар катта экспедицияларни амалга оширганлари билан, антрополог ёлғиз ишлайдиган олим, бу ҳолат антропологиянинг тарихи, фанни ўзлаштириш хусусиятлари ҳамда гуманитар фанлар орасида тутган маргинал институционал ҳолати билан боғлиқ. Антрополог одатда бошқа ҳудудларга ва бошқа мамлакатларга ёлғиз ўзи сафар қилади, кўп ҳолларда у ўз кучига таяниши керак ва бу ҳолат кўплаб таҳдид ва таҳликаларни ўз таркибига олади.

Иккинчидан, антропология ўз майдонига оид специфика боис ҳам заиф. Кўп ҳолларда уларни “жосус” (“шпион”) деб атайдилар ва бу бежиз эмас. Чунки антрополог ўзининг касбий хусусиятига кўра жамиятнинг ёпиқ ҳамда тадқиқот учун жуда ноқулай саналган соҳалари ва табақаларига кириб боришга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам антропологларга қизиқиш билан қарайдилар, уларни қандайдир маҳфий сирларни билиб олишга уринаётган “алоҳида хусусиятли билим” эгалари сифатида кўрадилар.

Учинчидан, антроплог ўзининг расмийларга нисбатан дудмол муносабати боис ҳам заиф саналади. Одатда, антропологлар расмийлар билан ҳамкорлик қиладилар, дея ҳисоблашади, бунга мисолларни келтириш қийин эмас. Бироқ менинг тасавуримча, антропологларнинг аксарияти ўзларини расмийлардан узоқроқ олиб юришга ҳаракат қиладилар. Бунинг сабабларидан бири - юқорида сўзга олинган ҳолатлар боис, яъни ёлғизлик, маргиналлик ва тадқиқот майдонининг ўзига хос спецификаси билан изоҳланади. Бундан ташқари, антропологнинг расмийларга таклиф этадиган ҳеч вақоси йўқ – унинг тадқиқотлари, тафаккур маҳсули, одатда жуда субъектив бўлиб, локал маълумотларга таянади ва уларни сиёсатда қандайдир восита сифатида қўллашнинг иложи йўқ (ҳолбуки бундай уринишлар вақти-вақти билан амалга оширилиб турилади). Шунингдек, антропологияга оид иборалар кўп ҳолларда мавжуд стереотипларни ва юзага келган аҳволнинг танқиди билан тўлиб кетгани боис, расмийлар билан оралиқ масофа кенгайиб бораверади.

Мазкур камчилик ва заифликларнинг бари қўшилиб-қўшилиб, кўп ҳолларда умумий самарага олиб келади”.

Иқтибос тугади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон россиялик ҳуқуқ ҳимоячи Николай Митрохин (2003 йил), халқаро журналист Игорь Ротарь (2005 йил), ВВС мухбири Наталья Антелава (2012 йил), россиялик журналист Виктория Ивлева(2012 йил) ва москвалик фотосуратчи Константин Саломатинни (2014 йил) депортация қилганди.

Уларнинг бирортаси ҳам Ўзбекистон расмийларидан депортация сабаблари борасида бирор-бир жўяли изоҳ ололмадилар. Митрохиннинг 2003 йилда депортация қилинишини шарҳлаган Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигидаги манба: “Ўзбекистон бошқа ҳар қандай давлат каби ўзига номақбул шахсларни мамлакатга киритмасликка ҳақли. Шу чоққача бирорта давлат одамнинг нега киритилмаётгани сабабини борасида изоҳ бермагани ҳам ҳаммага маълум”, - дея таъкидлаб ўтганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама