04:40 msk, 24 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда иш ҳақини кечиктиришда айбдор банклар жазога тортилади. Фейсбук фойдаланувчилари нақд пул муаммосини ҳал қилишни ўргатишмоқда

26.08.2015 08:36 msk

Фарғона

Ўзбекистон қонунчилигига тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ва ноқонуний аралашув билан боғлиқ жиноятлар учун учун жиноий жавобгарлик киритилди. Хусусан, Жиноят кодекснинг 192-7 моддасига мувофиқ мансабдор шахс ёки банк ходими томонидан хўжалик субъектларига ҳамда бошқа ташкилотларга ойлик иш ҳақини, нафақа, стипендиялар ва бошқа тўловларни тўлаш учун кўзда тутилган пул маблағларини беришни асоссиз кечиктириш, агар шу ҳудди шундай иш учун олдин маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, энг кам иш ҳақининг эллик баробари миқдорида жаримага тортиш, белгиланган ҳуқуқдан уч йилгача маҳрум этиш, бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазога тортилади, дея хабар беради “Норма.Uz”.

Жиноят кодексининг “Рақобатчини обрўсизлантириш” дея аталувчи 192-моддаси жами 11 қисмга бўлинган, уларда хусусий мулк ҳуқуқини бузиш; тадбиркорлик субъектларини текшируви ва молия-ревизия ўтказилиши тартибини бузиш; тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ёки уларнинг банк ҳисоб рақамлари бўйича операцияларини ноқонуний равишда тўхтатиш; тадбиркорлик субъектларини хайрия ёки бошқа тадбирларга мажбуран жалб қилиш; лицензиялаш тўғрисидаги қонунчиликни ҳамда рухсат берувчи процедуралар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш; имтиёз ва преференциялар қўллашни ноқонуний равишда рад этиш, қўлламаслик ёки тўсқинлик қилиш; тадбиркорлик субъектлари ҳисоб рақамларида сақланаётган пул маблағлари миқдори тўғрисида ноқонуний маълумот берилишини талаб қилиш; тижорат мақсадида пора бериб ўзига оғдириш; нодавлат тижорат ёки бошқа турдаги нодавлат ташкилоти ходимини пора эвазига ўзига оғдириш, нодавлат тижорат ёки бошқа турдаги нодавлат ташкилоти мансабдор шахслар томонидан юқорида айтиб ўтилган нақд пул беришни кечиктириш каби жиноятларга жавобгарлик кўзда тутилган.

Шундай қилиб, ҳукумат бизнес учун жиддий саналган муаммолар эътибордан четда қолмаётганини кўрсатмоқда. Уларнинг энг долзарби – Ўзбекистоннинг миллионлаб аҳолисини ғазаблантираётган нақд пул муаммосидир.

Нақд пул тақчиллиги боис Ўзбекистон расмийлари аҳолини пластик карточкаларидан фойдаланишга мажбур қилмоқдалар, аммо карталардаги пулни нақд қилиш деярли имкониятсиз, дўконларда товар мол сотиб олмоқчи бўлсангиз, нақд пулга қараганда кўпроқ пул тўлайсиз, автобус ва йўналишдаги таксиларда юрганингиз учун йўл кирага ишлатиб бўлмайди. Бу муаммо шунчалик долзарб бўлганидан, банкларга боравериб, тажриба ортирган интернет фойдаланувчилари Фейсбук ижтимоий тармоғи саҳифасига қуйидаги йўриқномани жойлаштирдилар (муаллифи – Александр Войнов):

“1. Банкга борамиз. Пластик картани берган банкинг ўзига борган афзал.

2. Операторнинг олдига келамизда, мисол учун, картадан 400 минг сўм ечиб беришни сўраймиз.

3. Операторнинг ҳозир нақд пул беришнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги баҳонасини (кўзларимизни катта-ката очиб) ҳайрон бўлган ҳолда тинглаймиз.

4. Бошлиғингизни чақириб беринг, деб сўраймиз.

5. Каттанинг энди анчагина асослироқ, мисол учун, айни пайтда пенсионерларга, нафақа олувчиларга пул бериш зарурлиги, шу муносабат билан банкда нақд пул етишмаеётгани тўғрисидаги баҳонасини тинглаймиз. Эҳтимол у ҳатто таънасимон бошини ҳам чайқаб қўйиши мумкин.

6. Бошлиқнинг фамилиясини ва эгаллаб турган мансабини ҳамда биринчи операторнинг фамилиясини сўраймиз. “Фамилияни нима қиласиз?” деган саволига банк бошқарувчисига ёзиладиган аризада ким пул беришдан бош тортганини кўрсатиш учун, деб жавоб берамиз. Мен шикоят ёзмоқчи эмасан, агар чиндан ҳам банкда пул йўқ бўлса, бунинг сабабини билмоқчиман, дейсиз.

7. Банк ходимининг “шикоят ёзманг, пулларингизни бўлиб-бўлиб берамиз, аввал шунчасини олинг, кейин қолгани олиб кетасиз”, деган илтимосини эшитасиз. Рад этасиз.

8. Банк бошқарувчисининг қабулхонасига кирасиз. Пластик картадан керакли миқдорда нақд пул ечиб берилишини сўраб ариза ёзасизда, бу ишни белгиланган тартибда амалга ошириб бўлмаганини кўрсатиб ўтасиз (фамилиялар келтирилади ва вазият тасвирланади, аммо ҳозрча ҳеч қанақа шикоят ёки ариза нусхаси назорат органларига юборилиши тўғрисида сўз очилмайди).

9. Котибдан ариза нусхасини кўчириб беришни ва қабул қилингани тўғрисида тамға уриб беришини сўрайсиз (бу одатдаги иш, ташвишланадиган ери йўқ).

10. Танаффус олишга тўғри келади. Одатда 10 кун атрофида. Аризада кўрсатган манзилга конверт келади. Унда бошқарувчининг жавоб хати бўлади.

11. Мактубни ўқиймиз. Бу ерда турли вариантлар бўлиши мумкин. Мисол учун, унда кўплаб норматив актлар рўйхати келтирилган бўлиб, пулларни ҳеч қандай тўсиқсиз олишингиз мумкинлиги, буни давлатнинг ўзи кафолатлагани, бу ишни тегишли бўлимга мурожаат қилган ҳолда, стандарт схема бўйича амалга ошириш мумкин, дейилган бўлиши эҳтимоли катта.

Нақд пул йўқ, деган вариант бўлиши мумкин эмас, чунки бу ҳолатни тан олган бошқарувчи лавозимидан айрилиши муқаррар, шунинг учун бунақа вариант бўлиши фаразан мумкин эмас, деган хулосага келамиз.

12. Хатни кўтариб операторни олдига борамиз. Кўрсатамиз.

13. “Бошлиқдан сўраб келай”, дейди.

14. Бошлиқ билан яна саломлашамиз, хатни кўрсатамиз. Қаёқадир чиқиб кетади (ёки телефон қилади). Кутамиз.

15. Пулни қачон олиб кетиш мумкинлиги тўғрисидаги гапини эшитамиз (одатда 400 минг сўмни дарҳол беришади. Агар пул миқдори кўпроқ бўлса, унда пулни олиб кетиш вақти тўғрисида келишиб олинади).”

16. Келамиз ва пулни олиб кетамиз.

Лекин энг қизиғи кейинги сафар бошланади.

17. Йўриқноманинг 1-7 бандларини бажарамиз. Катта сизга таъна қилиши ва ҳатто пўписага ўтиши мумкин. Ахир одамлар карточкадаги пулни нақд қилиш бериш учун улар маълум миқдорда шикринкома, (одатда 8-10 фоиз) олишга одатланиб қолишган. Сиз эса ҳар ойда “бекорга” карточкани “обналичка” қилишга ўрганиб олдингиз.

18. Яна бошқарувчининг қабулхонасига кирамиз. Аммо бу сафар ғазабнок оҳангда ариза ёзамиз, чунки нақд пул сизга ҳар ойда керак (яъни, қонунга мувофиқ, нақд пул миқдорини кўрсатамиз ва бизга миллион-миллион пул керак эмас, дея тинчлантириб қўямиз), банк ходимлари эса бунга тўсқинлик қилмоқдалар. Шу билан бирга, аҳвол қайтарилгани учун Марказий банкга шикоят қилишингизни кўрсатиб ўтасиз.

19. Марказий банкнинг ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, учрашув тўғрисида келишиб оламиз. У ерга бориб, ёмон ходимлар ва олдинги ариза бўйича ёрдам берган яхши бошқарувчи ҳақида шикоят ёзамиз, фактларни маълум қиламиз, биринчи хатимизнинг нусхасини ва бошқарувчининг жавоби нусхасини илова қиламиз. (Банк бошқарувчи алмашиши бизга керак эмас.

20. Аризада кўрсатилган манзил бўйича жавоб кутамиз.

21. Телефонимизга қўнғироқ қилиб, бир пиёла чой ичиб кетишга таклиф қилишади. Мамнунлик билан таклифни қабул қиламиз, чунки чойхонадаги чойлар ҳам ҳозир қиммат бўлиб кетган.

22. Банкга суҳбатга келамиз. Бу ерда бизни қуйидаги эҳтимолий вариантлар кутади:

А) Молиявий муаммоларингизни самимий равишда ҳал этишга тайёр банк ходими сизга имконият даражасида ёрдам беришини маълум қилади, аммо бунинг учун шикоятни қайтаришингизни сўрайди. Бу ерда ихтиёр сизда. Ҳар ойда белгиланган кунларда белгиланган миқдордаги пулни карточкадан ечиб олишни келишиб олинг. Ушбу келишувлар қонун бузилиши саналмайди. Келишув орқали сиз молиявий логистика масаласини ҳал қиляпсиз – яъни, пул борлигида карточкангиздан ечиб оляпсиз. Энди, вазиятга қараб, тўғри ечимга келасиз, деб умид қиламиз.

Б) Сиз мамлакатда нақд пул атрофида юзага келган вазиятни яхши биласиз, дейишади. Бироқ хатларга қарамай, бунақа айёрлик қилиш яхши эмас, нақд пул йўқ, тамом вассалом, дейишади. Бу ҳолатда ҳар ойда ҳурматли банк ходимларининг ҳаётига “қувонч” олиб киришдан тўхтамаймиз. Марказий банкга кетма-кет юборилган учта мактуб (шу билан бирга, прокуратурага сизнинг маблағларингизни беришни пайсалга солишлари ҳам жиноят саналади) банк бошқарувчисини лавозимдан бўшатилишига олиб келади. Пировардида, улар сиз билан келишиб олишга мажбур бўладилар.

Ўз пулларингизни олишингизда омад тилаймиз.

Ўзбекистон Марказий банки “Ишонч телефони” рақами - (+998 71) 200-00-44. Бундан ташқари, республикамизда ЯИДХП “Ягона интерактив давлат хизматлари портали” фаолият юритмоқда. Бу сайт орқали берилган ҳужжатлар оддий мурожаат сифатида қабул қилинади. Шунинг учун бу каналдан ҳам самарали фойдаланиш лозим.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама