15:21 msk, 29 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкентда кутилмаганда “Буюк Ипак Йўли” метроси ёнидаги бекатлар, дўконлар ва дорихоналар бузиб ташланди

28.07.2015 17:14 msk

Ўз ахб.

“Буюк Ипак Йўли” метроси ёнидаги савдо дўконларнинг бузииши. Газета.Uz фотоси

Тошкентда 26 июлга ўтар кечаси кутилмаганда “Буюк Ипак Йўли” (олдин Максим Горький деб аталарди) метроси ёнидаги дўконлар, дорихоналар, банк шохобчалари ва автобус бекатлари бузиб ташланди.

Гап советлар даврида “Светлана” номи билан танилган, беш қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган ва икки йил олдин капитал таъмирдан чиқарилган дўкон ҳақида кетмоқда. “Светлана”га ўндан зиёд майда дўконлар, дорихоналар, “Капитал-Банк” шохобчаси ва интернет-кафе ёндашганди. Шунингдек, Ислом Каримов ўз қароргоҳига қатнайдиган “президент трассаси” дея аталмиш йўл бетида жойлашган бошқа барча тижорат дўконлари бузиб ташланди.

Метро станцияси ёнидаги автобус бекати ҳам йўқ қилинди: энди “Дипломатия Университети” ёки “Рассомлар” бекатида чиқишга тўғри келади. “Светлана”нинг рўпарасида, тўққиз қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган йирик заргарлик дўкони ва маиший техника дўкони ҳам бузиб ташланди. Ушбу тўққиз қаватли уйнинг рўпарасидаги майдонда 1990-йилларнинг охирида бузиб ташланган Максим Горький ҳайкали турарди, энди бўлса ёзнинг жазирама иссиқ кунлари ҳавони салқин қилиб турган фаввора бузилиб, шу даҳада яшайдиган одамларни истироҳат “оролча”сидан маҳрум қилинди.


“Буюк Ипак Йўли” метроси ёнидаги савдо дўконларнинг бузииши. Муаллиф фотосурати

Бузиш ишлари шошилинч тартибда амалга оширилди. Дўкон эгаларини эса бу ҳақда “Буюк Ипак Йўли” метроси олдига бульдозер ва милиционерларни олиб келишдан бир неча соат олдин огоҳлантирдилар. Турган гап, нега бунчалик шошилинч равишда дўконларни бузиш керак бўлиб қолгани ҳақида ҳеч ким одамларга тушунтириб ўтирмади. Газета.Uz фотоси хабар беришича, ҳокимликдан дўконларни бўшатиш тўғрисида тунги кўрсатма олган тижорат дўконлари эгалари бир неча соат давомида товар ва жиҳозларни олиб чиқиш билан шуғулланганлар.


“Буюк Ипак Йўли” метроси ёнидаги савдо дўконларнинг бузииши. Подробно.Uz фотоси

“Кайфиятингиз қандай?” деган саволга шу ердаги дўконларнинг бирида ўн йилдан зиёд ишлаган тижоратчи “Ман шокдаман, шокдаман...”, дея олди, холос. Бундан кейин нима қилиш ҳақида у хали ўйлаб кўрмаган. Товон пули ундириш тўғрисидаги саволга эса у истеҳзо ила кулиб қўяди, холос.

Тижорат дўконларнинг бири бузилаётган пайтда электр симлари туташиб кетиб, том конструкциясига ўт кетди. Ўт ўқирувчи машиналар тезда етиб келдилар, аммо ёнғин уларнинг ёрдамисиз бартараф этилди.


Автобус бекатидаги эълон. Газета.Uz фотоси

Бузилиш ишлар олиб борилаётган жойда вакил бўлиб турган шаҳар ёки туман ҳокимлиги мулозимларидан бири берилган саволга қисқагина қилиб: “Ободоничилик ишлари билан шуғулланяпмиз, ҳудудни тартибга соляпмиз”, деб жавоб берди.

Қайд этамиз, мазкур тижорат дўконларининг фаолияти қонун доирасида амалга ошириб келинган, дўкон эгалари ижара пулини тўлашган, лицензияларни сотиб олишган, ҳар куни тушум пулини инкассация қилиб банкларга ўтказишган, барча солиқларни тўлаб келишган. Энди бўлса давлат ғазнаси ушбу пуллардан маҳрум бўлиб қолди. Бироқ бир неча йиллар давомида бино ва гаражларни шошилинч равишда бузишга ҳамда уларнинг эгаларига қонунда кўзда тутилган компенсация пулларини бермасликка ва ўзлари чиқариб қўйган қонунларни бузишга ўрганиб қолган расмийлар бу ҳақда асло қайғурмаётганга ўхшаяпти. Мамлакат аҳолиси эса “осмон мусаффо”, юрт тинчлигига қувониб, президентга юз йиллик умр тилаб дуо қилишмоқда. Ҳукумат ўз халқини назар-писанд қилмай, жабр-ситам ўтказаётганига жавобан халқ ҳукуматига севги изҳор қилаётган бу каби мамлакат дунёда бошқа бўлмаса керак.


“Буюк Ипак Йўли” метроси ёнидаги савдо дўконларнинг бузииши. Подробно.Uz фотоси

Бузилиш ишлари муносабати билан Сайрам кўчасидан Пушкин кўчасига (ҳозир Мустақиллик) чиқадиган йўл тўсиб қўйилди. Шунингдек, шу даҳа ичкарисида жойлашган турар-жой бинолари, корхона ва ташкилотлар, хусусан, Давлат статистика қўмитаси, Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди, АТС, Уяли алоқа оператори ва интернет провайдерлар офислари жойлашган биноларга ҳам кириб бўлмаяпти. Уларга етиб бориш учун анча йўлдан айланиб келишга тўғри келяпти. Шундай қилиб, уч километрга чўзилган масофа – Академиклар шаҳарчасидан Дорхонгача “президент трассаси”га чиқиб бўлмаяпти.

Ўз ахб.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама