15:40 msk, 26 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

АҚШ прокурорлари: Терроризмда айбланаётган Ф. Қурбонов “Ўзбекистон Ислом ҳаракати” билан Skype орқали мулоқотда бўлган

22.07.2015 08:20 msk

Фарғона

Фазлиддин Қурбанов (ўнгда)
Терроризмда айбланаётган ўзбекистонлик қочоқ Фазлиддин Қурбанов “ Ўзбекистонда Ислом ҳаракати” (ЎИҲ) билан Skype орқали мулоқотда бўлиб келган. Бу ҳақда 20 июль куни қораловчи томон маълум қилди, дея хабар беради Айдаҳо штатининг 7KTVB.com ахборот веб-сайти. Шу штатдаги Бойсе шаҳрида ўзбекистонлик одамнинг суд процесси ўтмоқда.

ЎИҲ аъзоси билан бўлиб ўтган Skype-ёзишмалари тарихига мувофиқ, Қурбонов бир неча ой давомида ҳаракатнинг расмий сайти - furqon.com ресурсининг администратори бўлмиш ahmadi97777 фойдаланувчи билан гаплашиб юрган. Мазкур сайт ёрдамида ЎИҲга янги тарафдорлар ёлланиши ҳақида айтилмоқда. Тақдим этилган ёзишмаларга кўра, Қурбонов АҚШга қарши ўзи тузган режалари билан мақтанган ҳамда толибларнинг сафдоши бўлган ушбу ташкилотга пул ва дастурий таъминот билан ёрдам беришга ваъда қилган экан.

Мулоқотда бўлган шахс (қоралов томони версиясига кўра, улар ЎИҲ раҳбарлари таркибидан бир неча киши бўлгани эҳтимоли бор) Қурбоовдан furqon.com сайтини ҳимоя қилиш учун Касперский антивирусини юборишни ҳамда баҳоли қудрат, ҳатто бир доллар бўлса ҳам пул билан ёрдам беришни сўрган. “Бугунги кунда бу энг муҳим нарса бўлиб қолмоқда, - дея ёзади ahmadi97777, - бусиз бирор нарса тузук ишламаяпти”.

Қурбонов 2013 йил 19 февраль куни берган жавобида бу илтимосни қондириш муаммо эмас, бироқ “бир оз кутишга тўғри келади”, деб жавоб ёзади. Пул борасида Қурбонов “ҳозирча озроқ жўнатишга тўғри келади, негаки жўнатувчилар назорат остига олинган”, дейди. “Бироқ биз, - дея ёзади у, - бу ерда ҳаммамиз учун ширкат очмоқчимиз”.

Келгуси ойда Қурбонов чиндан ҳам Fasliddin Kurbanov Inc компаниясини очади. Бу ишга унинг иш берувчиси, Bright Logistics компанияси эгадошларидан бири Лауринас Мисьюкевичус ёрдам беради. Бу одам ўз кўрсатмаларида таъкидлашича, бизнеснинг бунақанги компаниялар очиш амалиёти кенг тарқалган бўлиб, ҳайдовчи-хўжайинларга кўпроқ пул ишлаб олиш имкониятини беради. Айбланувчининг адвокати Чарльз Петерсон билдиришича, Қурбанов ўз компанияси орқали ЎИҲга бирор марта пул жўнатмаган ва боз устига, уларга ўз бизнесини очганини ҳақида маълум қилмаган ҳам. Далил сифатида у Fasliddin Kurbanov Inc компаниясига қарашли бухгалтерлик ҳисоботларни тақдим этган. Ҳужжатлардан пул маблағлари фақат юк машинаси лизинги учун ўтказилгани кўриниб турибди. Адвокатнинг айтишича, компания Қурбанов томонидан фақат ўз тирикчилиги учун тузилган, холос.

Шунингдек, дея қайд этади адвокат, Қурбанов сўралган дастурий таъминотни ҳеч кимга ва ҳеч қачон юбормаган. Фазлиддиннинг иниси дея аталган бошқа Skype фойдаланувчиси 2012 йл 12 декабрь куни Қурбановга Касперский антивирусини юбормоқчи бўлган, бироқ ЎИҲ билан биринчи мулоқотдан саккиз кун ўтиб файл қисмларини юборишга эриша олишмаган. Бу маъллумотни гувоҳ сифатида сўроқ қилинган Федерал текширув бюросининг компьютер мутахассиси ҳам тасдиқлади.

Қурбанов шунингдек, Skype орқали бомбани портлатиш режасини ҳам муҳокама қилган. Ёзишмада у нишонларни танлаб, батафсил текшириб чиққанини қайд этиб ўтган. 2012 йил октябрда у ahmadi97777 билан мулоқот давомида бомба ясашда муаммолар чиқаётгани ҳақида шикоят қилган. “Биз бир-иккита бомба ясадик, аммо улар хом чиқди – уларни портлатиш учун ёнида туриш керак экан”. Қурбанов АҚШда бомба тайёрлаш учун барча зарурий унсурларни топиш муаммо эмаслигини, аммо уни қандай қилиб ясаш кераклиги учун билим кераклигини қайд этиб ўтган.

У шунингдек, Америкада тарафдорлари борлигини ва ҳар бири 8-10 тадан нишонни ўз зиммасига олиши мумкинлиги билан мақтанган. Бироқ адвокатлар жамоаси Қурбоновнинг бу гаплари ёлғон, иш материалларида бирор кишининг ЎИҲ тарафдори сифатида қайд этилгани ёки Қурбанов билан бирга ҳужум уюштиришга урингани ҳақида маълумотлар йўқлигини билдирган.

Қурбонов тез орада расмийларнинг назарига тушиб қолганини сезган шекилли, ЎИҲ аъзоларига АҚШдаги барча мусулмонлар “назорат рўйхатига” киритилган деб ёзади. “Биз бошқа йўлни топишимиз керак, - дея ёзади у 2012 йил 24 ноябрда. – Бизнинг ортимиздан хуфия одамлар кузатиб юришибди, улар уйимиз атрофида айланиб, қачон ҳаракатга тушишимизни пойлаб ўтиришибди. Ўйлашимча, улар бизнинг кўп нарсалар ҳақида гаплашаётганимизни биладилар”. “Эҳтиёт бўлишингиз керак, ака”, дея жавоб ёзади ahmadi97777.

Бу вақтгача хавфсизлик хизмати ходимлари Қурбановнинг Кёртис-стритдаги хонадонида оила аъзолари йўқлигидан фойдаланиб тинтув ўтказдилар. У ерда кимёвий моддалар ва бомба тайёрлаш учун компонентлар топилади, бундан ташқари, Бюро ходимлари Қурбанов компьютерининг асосий маълумотлар дискидан маълумотларини кўчириб оладилар. Бироқ шу чоққача Қурбоновнинг чинакам ниятлари қандай бўлгани ноаниқ бўлиб қолмоқда.

“Бир киши бор эди, у флоридалик бу чўчқаларни байрамга атаб сўйиб ташламоқчи бўлди, - дея ёзади у. – Бироқ мен ундан кўра улардан каттароқ тўйда фойдаланимиз деб тўхтатиб турибман. Олдин айтганимдек, кўпгина меҳмонларни чақирган ҳолатда катта томоша уюштириш нияти бор”.

ЎИҲ вакили бунақа ишнинг пайтини пойлаш зарурлиги тўғрисида огоҳлантирди. Ўзининг жавоб хатида ahmadi97777 шундай деб ёзади: “Агар ҳужум қилинадиган бўлса, бу ҳақда кейинги авлодлар ҳам эслаб гапирадиган бўлишсин. Бунинг учун пухта тайёргарлик кўриш лозим”.

Қурбонов иши бўйича процесс 21 июль куни давом этади.

Қайд этиш жоизки, кўпчилик Skype дастурини ишончли, ҳимояланган алоқа воситаси ва мобил телефонлардан афзал деб биладилар. Шунинг учун ҳам алоқанинг бу усулидан нафақат террорчилар, балки мухолифатчилар, “нотинч ҳудудларда” иш олиб бораётган журналистлар, бизнесменлар ва бошқа тоифадаги одамлар фойдаланиб келишади. Бироқ 2013 йилда The Guardian нашри Эдвард Сноуден тақдим этган ҳужжатларга таяниб берган хабарига кўра, Skype дастурига эгалик қилаётган Microsoft корпорацияси АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги билан ўта маҳфий Prism дастури доирасида ҳамкорлик қилган ҳамда агентликка Outlook.com, Hotmail, SkyDrive ва Skype мижозларининг персонал маълумотларига йўл очиб берган. The Guardian маълумотига кўра, Skype 2010 йилда Prism билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган ва 2011 йил февралидан бошлаб дастурга қўшилган. Саккиз ой ўтиб уни Microsoft сотиб олган., Peak Systems бошқарувчи директори Максим Эмм “Ведомости” нашрига айтишича, Microsoft корпорацияси Скайпини сотиб олганидани сўнг уни қонуний тинглаш технологияси билан таъминлаган ва эндиликда ҳар қандай абонентни маҳсус режимга ўтказиб, унинг барча гапларини бемалол тингласа бўлаверади. Microsoft ушбу технологиядан бутун дунё бўйлаб махсус хизматларига, шу жумладан, россия махсус хизматларига ҳам фойдаланишга имконият яратиб берган.

Эслатиб ўтамиз, Фазлиддин Қурбонов Бойсега 2009 йилда сиёсий қочқин мақомини олиб келган, 2013 йилда шу шаҳарда ҳибсга олинган ва ўшандан бери қамоқда ўтирибди. Ўша йилнинг ёзида бошланган суд тингловлари 2014 йилнинг декабрида қайта бошланган. Қурбановни одамларни ёллашда, “Ўзбекистон Исломий ҳаракати”га дастурий таъминотларни етказишда ва пул ёрдамини кўрсатишда айблашмоқда. Олдинроқ полиция Қурбановнинг хонадонида ўқ-дори ва портловчи моддалар топгани, қаттиқ дисклар, компьютерлар ва телефонлар мусодара қилинани ҳақида хабар берилганди. Қурбанов бомбани қандай тайёрлаш кераклигини кўрсатган одамлар орасида Федерал текширув бюросининг агенти ҳам бўлган. Агар Фазлиддинни айбдор деб топсалар, суиқасд учун 20 йил, портловчи моддаларни сақлагани учун 10 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Солт-Лейк-Сити Федерал тергов кенгаши бундан ташқари Қурбановни портловчи моддалар, вайрон қилувчи мосламалар ва оммавий қирғин қуроллари тўғрисидаги маълумотларни тарқатишда айбламоқда, аммо ҳозирча бу кейс эътиборга олинмаяпти.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама