00:29 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон муаммолари системали кўриниш касб этмоқда

15.07.2015 15:43 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йиллари мамлакат Туркия, Япония, Чили каби тезкорлик билан ривожланмоқда, дея гапиришни ёқтиришарди. Кейин эса президент Каримовнинг ташаббуси билан ривожланишнинг алоҳида, “ўзбекча” йўлини мадҳ эта бошладилар. Бироқ мустақилликнинг деярли 24 йили ўтган сари ўзбек йўли кўпроқ Шимолий Корея ва Зимбабве каби мамлакатларига менгзаётгани тобора яққол кўрина бошлади. Ўзбекистон раҳбари узоқ вақт давомида мамлакат ривожланишининг мисли кўрилмаган суратлари, бошқа мамлакатларга мутлақо қарам эмаслиги тўғрисида берилиб ҳикоя қилиб келди. Бироқ Украина масаласи бўйича Россиянинг АҚШ билан тўқнаш келиши ва унинг ортидан юзага келган “санкциялар” уруши Ўзбекистон мустақиллиги аслида нимага таянаётганини кўрсатиб қўйди.

Валюта коллапси

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари томонидан юборилаётган пул жўнатмалари миқдори қисқаргани боис ўзбек сўмининг қадри деярли бир ярим баробарига пасайиб кетди (1 доллар нархи 2900сўмдан 4500-4900 сўмгача кўтарилди), инфляция даражаси кескин кўтарилди. Миллий валюта қадрсизланиши ўз кўлами бўйича меҳнат муҳожирлари юбораётган пул жўнатмалари миқдори камайишидан ҳам ўзиб кетди бу эса ўз навбатида Ўзбекистон иқтисодиётининг Россияга нақадар қарамлигини яққол кўрсатиб қўйди.

Қайд этиш жоизки, долларнинг 4500 сўмлик курсини ушлаб туриш расмийларга осон кечмаяпти: жорий йилнинг май ойида мамлакатда, шу жумладан, стратегик лойиҳалар бўйича барча корхона ва ташкилотлари учун конвертация тўхтатиб ўйилди. Ўзбекистон вазирлар маҳкамасининг иқтисодий блок бўйича мутахассиси исмини ошкор этмаслик шарти билан “Фарғона” агентлигига миллий валютанинг реал курси аслида 5200-5400 сўмни ташкил этишини маълум қилди. У, шунингдек, конвертациянинг бутунлай тўхтатилиши бўйича кўрилган чоралар мамлакат иқтисодиётига жуда улкан зарар етказаётганини қайд этиб ўтди. Унинг айтишича, амалда бу ишбилармонлик фаоллигини фалаж ҳолатга келтириб қўйганини, мамлакатдаги аксарият корхоналарга инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга ва янги хорижий шартномаларни тузишга ҳалақит бермоқда, чунки чет эл валютаси етишмовчилиги иқтисодиётни жуда оғир аҳволга солиб қўйди, “қора бозор” эса эҳтиёжларнинг чорак қисмини ҳам қоплай олмаяпти.

Пуллар ҳатто ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига ва автобуслар учун бензинга ҳам етмаяпти

Иш ҳақи бўйича қарздорликлар бутун мамлакат миқёсида тобора таҳдидли кўламларга эга бўлмоқда. Юқорида зикр этилган вазирлар маҳкамасининг ходими муаммонинг кўламлари ҳақида сўзлаб берди: 2015 йилнинг дастлабки олти ойи давомида Ўзбекистон банк тизими уч триллион сўм камомад кўрди, бу эса бир триллион сўмга яқин иш ҳақи ва пенсиларнинг тўланмай қолишига олиб келди.

Давлат тизими учун энг хавотирлиси эса (айниқса Ўзбекистоннинг “полиция давлати” эканлигини ҳисобга олганда) “алоҳида контингент” – Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ), ИИВ ва Мудофаа вазирлиги ходимлари учун ойлик иш ҳақи бўйича қарздорлик миқдорининг ўсиб бораётгани бўлиб қолмоқда. Мазкур соҳа ходимлари олдидаги ойлик иш ҳақи бўйича қарздорлик биринчи ярим йиллик давомида 100 млрд сўмдан ошиб кетди. Тошкентда ишлайдиган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бирининг айтишига қараганда, май ойидан бошлаб ойлик иш ҳақи 10-15 кунга кечиктирилмоқда, ҳолбуки бунақаси олдинлари ҳеч бўлмаган. Вилоятдаги таниш ҳамкасблари эса пулни бир ой кечиктириб олишмоқда.

“Ўзбекэнерго”, “Ўзхимпром”, “Ўзбекнефтегаз”, “Ўзагромашсервис”, “Ўзпахтасанаот” каби стратегик компанияларда ойлик иш ҳақи бўйича қарздорлик 200 млрд сўмдан ошиб кетганини қайд этиб ўтиш жоиз. “GM-Ўзбекистон” каби ўта муҳим автомобилсозлик корхонаси ва унинг бўлинмаларида ҳам иш ҳақининг анча кечиктириб берилгани қайд этилган. Ушбу соҳада ишлайдиган бир неча минг ишчи-ходимлар июнь ойидан бошлаб иш ҳақи сақланмай қолган таътилларга чиқариб юборилди.

Ноҳарбий соҳа корхоналари ва ижтимоий ташкилотлар ходимлари атрофида юзага келган вазият бундан ҳам ачинарлироқ. Тошкетда ўқитувчи ва шифокорларга ойлик иш ҳақи 25 кундан 45 кунгача, вилоятларда эса бир ойдан уч ойгача кечиктириб берилмоқда (боз устига, пул маблағларининг 50 дан 100 фоизгача пластик карточкаларга ўтказиб берилмоқда, ваҳоланки ўртача ойлик 700 минг сўмдан 1 млн 100 минг сўмгача, бу реал курс бўйича 150-240 долларга тенг).

Шу вақтнинг ўзида бензин муаммоси ҳам кучайиб кетди. Ўзбекистон вилоятлари ва туманларида одамлар заправкалардаги бир километргача чўзилиб кетган навбатларга, бир неча кунлар давомида бензин йўқлигига, ёқилғи сифатининг ўта пастлигига, унинг “чайқов” бозор қилиб сотилишига кўникиб қолдилар. Бироқ пойтахт транспорти бу муаммога илк бор тўқнаш келяпти.

“Ўзйўловчитранс” компанияси май ойида дизель ёқилғиси етишмовчилиги боис шаҳар йўловчи транспорти ҳаракатидаги интервал вақтини анчага чўзиб қўйди. Оқибатда Тошкентда автобусларга одам сиғмай кетди. Илгари пойтах автобуслари 10-15 минутлик интервал билан қатнаган бўлсалар, ҳозир кейинги автобус 25-50 минут давомида кутилмоқда. Кўпчилик автобуслар кечки соат 19-20 да ишини тугатиб, линиядан чиқиб кетишмоқда. Одамларнинг маълум қилишича, дам олиш кунлари автобусларни бир соатдан кўпроқ кутишга тўғри келмоқда ва улар фақат қоронғи тушгунича ишлаяптилар.

Шимолдаги қўшни билан муаммолар

Ўзбекистон атрофидаги барча қўшни мамлакатлар билан муносабатини яхши деб бўлмаслигини ҳамма билади. Бироқ ўтган йили президент Ислом Каримов минтақадаги энг ривожланган мамлакат – Қозоғистон билан муносабатларни яхши йўлга қўйишга ҳаракат қилиб кўрди (эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 220 млрд доллардан ошиб кетган, ҳолбуки Ўзбекистоннинг ушбу энг асосий иқтисодий кўрсаткичи бозор курси бўйича 35 млрд доллардан ошмайди). 2014 йил ноябрда Каримов Остонага ташриф давомида Қозоғистон президентининг нақадар донолиги ва узоқни кўра билишини мақтаб чарчамади ҳамда икки мамлакат барча йўналишлар бўйича муносабатларини иложи борича яқинлаштириши лозим, дея таъкидлади.

“Ҳозирги замон шароитида ҳар бир мамлакат ўзига таянч излайди, режаларига аниқлик киритади ҳамда яқин қўшниларига таянади. Биз учун Қозоғистон энг яқин мамлакат, энг яқин халқ, яхши кунларимизда ҳам, оғир кунларимизда ҳам доим биз билан бирга бўлган. Биз доим бир-биримизнинг ёрдамимизга таяниб келганмиз”, - деганди ўшанда Ўзбекистон президенти.

. Ўзбекистон эса ҳозирча ЕАЭС билан интеграциялашув имкониятлари бўйича маслаҳатларга қўшилмай турибди, кўпчилик таҳлилчиларга кўра, бу унинг иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

1 июль куни “Хабар” телеканалида “Назарбаев билан муҳим нарсалар ҳақида” (“С Назарбаевым о главном”) кинофильми намойиш этилди. Қозоғистон президенти ҳеч қайси мамлакатларнинг номларини айтмай (баъзилари бундай дейди, бошқалари - ундай), баъзи давлатларнинг иқтисодий иттифоқларга қўшилишга истамаслиги ҳақида тўхталиб ўтди: “Ҳеч кимга қўшилмайман, мен шунақа мустақилман. Хўп майли, мустақил бўлсанг нима бўпти? Бугунги кунда ёпиқ иқтисодиёт билан ҳеч қайси давлат яшай олмайди. Балки қандайдир муддат давомида яшаши мумкин, аммо бу муддат узоққа чўзилмайди”, дея билдирди Нурсултан Назарбаев.

28 июнь куни эса Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида фожиавий ҳодиса содир бўлди: ўзбек чегарачилар наряди Сирдарёда балиқ овлаётган икки балиқчига қарата ўт очдилар ва натижада Қозоғистон фуқароси ўлдирилди.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги эртаси куниёқ мазкур қотиллик муносабати билан норозилик нотасини тарқатди. Қозоғистон ТИВ марҳум Уалихан Ахметов етти боланинг отаси эканлигини кўрсата туриб, Ўзбекистон чегара хизмати томонидан ноқонуний равишда қурол қўлланиши ва натижада тинчлик даврда Қозоғистон Республикаси фуқароларининг ҳалок бўлиши Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномага зид келаётганини ҳамда чегарачи вакилларнинг фаолияти тўғрисидаги Ҳукуматалараро келишувга ҳам тўғри келмаслигини билдирди.

“Чегарабузувчи дея гумонланаётган шахсларга нисбатан ўлдириш мақсадида қурол қўлланишини йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат деб ҳисоблаймиз ҳамда Ўзбекистон томонидан Қозоғистон фуқаросининг ҳалок бўлиши борасида тўлиқ маълумот тақдим этишларини талаб қиламиз”, - дейилади расмий Астананинг норозилик нотасида.

3 июль куни Алматида “Болашак” расмий ёшлар ҳаракатининг фаоллари Ўзбекистон консуллиги биноси олдида пикет уюштирдилар. Тўпланганлар Ўзбекистон элчиси шахсан ўзи Ахметовнинг уйига бориб, марҳумнинг бевасига ва етим қолган болаларига таъзия изҳор этиши керак, деб туриб олдилар. Фаоллар, шунингдек, Алматида ишлаётган ҳар бир ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ўз иш ҳақининг 10 фоизини марҳумнинг оиласига ўтказиб беришга мажбур, деб билдирдилар. Пикет ташкилотчиларининг олдига консулхона ходимларидан ҳеч ким чиққани йўқ.

Ўзбекистон томони 10 кун ўтиб Қозоғистон ТИВ норозилик нотасига жавоб берди ва ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Рапил Жўшибаевнинг ваъда қилишича, ҳужжат тез орада эълон қилинади: “У ерда (Ўзбекистонда) тергов олиб борилмоқда. Ҳар хил гаплар айтилмоқда. Гўё улар (қозоғистонлик балиқчилар) контрабанда билан шуғулланган эмишлар. Баҳона кўрсатмоқдалар. Бизда ҳам ўз далилларимиз бор, биз ўзбек томонига норозилик нотасини юбордик. Жавоб келиб бўлди, ҳозир уни ўрганишмоқда. Қандайдир вақт ўтади ва биз ўша заҳоти хабар берамиз”.

Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатидаги муаммолар борган сари кўпайиб бормоқда ва агар расмийлар уларга ёндашувини ўзгартирмасалар, яқин йиллар ичида уларни ҳал эта олмай қоладилар. Бу муаммоларни ҳал этиш раҳбарларнинг, бошқарувчиларнинг ва иқтисодчиларнинг янги авлодига тўғри келади, аммо бунақалар топиладими ва бу иш уларнинг қўлидан келармикан? Ҳар ҳолда, чорак аср давомида Ўзбекистоннинг ягона президенти мамлакатда ўз фикрига эга бўлган, оғир дамларда масъулиятни ўз зиммасига олишга лаёқатли бўлган ўзидан бошқа бирорта юқори малакали профессионал мутахасснинг қолмаслиги учун қўлидан келган барча ишларни қилди.

Ўз ахб.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги