21:43 msk, 17 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Ўшда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги кутубхона-дўкон очилди (фото)

06.07.2015 21:50 msk

Шоҳруҳ Соипов

Кутубхона-дўконда
Қирғизистоннинг Ўш вилояти Ўш шаҳрида 3 июль куни Ислом оламининг таниқли ва нуфузли уламоларидан бири, мутафаккир шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги кутубхона-дўкони очилиши маросими бўлиб ўтди.

Дўконда дунёга танилган қирғизистонлик ёзувчилар Чингиз Айтматов, Алиқул Ўсмонов, Аали Тўқомбаева ва бошқаларнинг китобалари тақдим этилган. Бу ерда, шунингдек, халқ оғзаки ижодиётининг дурдонаси – “Манас” достони, Қирғизитон халқ қаҳрамонларига бағишланган китоблар дастаси ҳамда Қирғизистонда истиқомат қилаётган халқлар тилида битилган нашрларни ҳам топса бўлади.

Дўкон эгалари турли тилларда нашр этилган жаҳон адабиёти дурдоналарини, дунёвий ва қисман диний характердаги илмий-оммабоп китобларни сотишга ваъда қилмоқдалар. Ҳанафий мазҳабига мансуб марказий осиёлик ва қирғизистонлик уламоларнинг асарлари шулар жумласидандир.


Кутубхона-дўконда

Дўкон раҳбари Азамат Насировнинг маълум қилишича, сони кундан-кунга кўпайиб бораётган диндорларнининг онгини Исломни радикал, экстремистик ва жиҳодчилик шаклда талқин қилувчи оқимлардан ҳимоя қилиш учун ҳаридорларга етарли миқдорда диний адабиётлар тақдим этиш зарур. “Диний адабиётларнинг тақчиллиги ёшларнинг Исломни саҳиҳ манбалардан эмас, балки номаълум муаллифларнинг қаламига мансуб турли рисолаларидан ҳамда радикал интернет сайтларида чоп этилган материаллардан ўрганишга олиб келади”, - дея изоҳ беради Насиров.


Кутубхона-дўконда

Ёқтирган китобларини сотиб олишга маблағи етмаган ҳаридорлар, яъни асосан талабалар ва мактаб ўқувчилари учун дўкон эгалари кичкина ўқиш залида барча шароитларни яратиб қўйдилар


Кутубхона-дўконда

Кутубхона-дўкон маъмурияти бундан кейин Россия ва Европа мамлкаатларида чоп этилган китоблар эвазига ассортиментни кенгайтиришни режалаштирмоқдалар.


Кутубхона-дўконда

Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатларида китоб дўконларининг очилиши оламшумул воқеаларга тенг бўлиб қолди: сўнгги йилларда бунинг аксини кузатиш мумкин – ўнлаб ва юзлаб китоб дўконлари ёпилмоқда, холос. 2010 йилда “Фарғона” Қирғизистонда китоб дўконлари фақат Бишкекда қолганини ва вилоятларда умуман қолмагани, аҳолининг 80 фоизи китоб сотиб олиш имкониятидан маҳрумлиги ҳақида ёзганди.

/2015/07/dukon7.jpg width=100% hspace=0 border=0 alt="">
Кутубхона-дўконда

Эслатиб ўтамиз, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1952 йилда Андижон вилоятида туғилган. 1975 йилда Тошкентдаги имом Бухорий номидаги Ислом маъҳадини тамомлаган, “Совет Шарқи мусулмонлари” журналида ишлаганидан сўнг Триполидаги (Ливия) “Даъва Исломия” университетига ўқишга кириб 1980 йилда аъло баҳоларга тамомлаган. Ватанга қайтиб келганидан сўнг Ўрта Осиё ва Қозоғистон Мусулмонлари Диний бошқармаси ташқи алоқалар бўлимида ишлай бошлаган, Ислом институтида дарс берган ва 1986 йилда шу олий таълим муассасига ректорлик лавозимига тайинланган. 1989 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон Мусулмонлари Диний бошқармасига раис ва муфтий этиб сайланган. Ўша йилнинг ўзида СССР Олий Советига депутат бўлиб сайланди. Маккадаги Робитатул-Олам-ал-Исломия муассислар кенгашининг ҳамда Мусулмон уламоларининг бутунжаҳон котиблари кенгашининг аъзоси.


Кутубхона-дўконда

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ислом ақидаси ва тарихига оид 120 дан зиёд китобларнинг муаллифи. Унинг “Тафсири Ҳилол”, “Ҳадис ва ҳаёт” китоблари кенг тарқалган. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 2015 йил 10 март куни Тошкентда, 63 ёшида вафот этди.

Шоҳруҳ Соипов, фотосуратлар муаллифники

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама