21:43 msk, 17 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

АҚШ Ўзбекистонда коррупция ишлари бўйича боис Vimpelcom ва MTS компанияларининг банк ҳисоб рақамларидаги $300 млн пулларни музлатиб қўяди

01.07.2015 10:39 msk

Фарғона

АҚШ Адлия вазирлиги 29 июнь куни Нью-Йоркдаги Манҳэттен федерал судига ариза бериб, Россиянинг Vimpelcom ва MTS компаниялари иштирокида Ўзбекистон телекоммуникация бозоридаги шубҳали битимларини текшириш ишлари доирасида 300 млн доллар пулларини музлатиб қўйишни сўради, дея хабар беради Bloomberg.

АҚШ расмийлари мазкур компаниялар Ўзбекистон телекоммункация бозорига кириш эвазига мамлакат президенти Ислом Каримовнинг яқин қариндошига пора пулларини ўтказиш учун сохта фирмалар тармоғини тузиб, консалтинг хизматлари кўрсатиш бўйича қатор қалбаки шартномаларни тузганлар деб ҳисобламоқда. Ушбу операциялардан олинган даромадлар миқдори 300 млн долларга тенг бўлиб, Bank of New York Mellon Corp. банкининг Ирландия, Люксембург ва Бельгия ҳисоб рақамларида сақланмоқда.

Аризада Каримовнинг қариндоши “ҳукумат мулозими А.” номи остида кўрсатилган, у Takilant, Swisdorn ва Expoline каби сохта фирмаларнинг ҳақиқий ҳўжайини ҳисобланади. Ушбу тавсиф ортида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг сиймосини кўриш мумкин, у офшордаги компанияларнинг амалдаги ҳўжайини бўлиб, Швейцария, Голландия, АҚШ ва Швеция ҳукуматлари ушбу компанияларга нисбатан коррупция ишлари бўйича текширув олиб бормоқдалар. Мисол учун, Гибралтардаги Takilant фирмаси Каримованинг яқин ёрдамчиси Гаянэ Авакян номига рўйхатга олинган, бу хоним айни пайтда қамоқ жазосини ўтамоқда. Фирма “МТС-Ўзбекистон” бош директори Беҳзод Аҳмедов иштирокида очилган. Илк бор Takilant номи 2012 йилда, Швеция-Финляндия ҳукуматларига қарашли TeliaSonera компанияси атрофида пайдо бўлган коррупцияга оид жанжал муносабати билан юзага қалқиб чиққанди. Ўшанда швециялик журналистлар TeliaSonera Ўзбекистонда иш бошлашга имконият берувчи 3G-лицензия, частоталар ва рақамлар серияси учун “ўзбекистонлик шеригига” 320 млн доллар тўлагани тўғрисидаги маълумотни кўтариб чиқдилар. Олдинроқ эса Vimpelcom Ltd. 2007 йилда Ўзбекистонда коммуникация соҳасида фаолият юритишга рухсат берувчи лицензияни олиш учун Виргиния оролларидаги номаълум компания ҳисоб рақамига 25 млн доллар ўтказиб бергани ҳақида хабар берилганди. Норасмий маълумотларга кўра, Vimpelcom 2006-2012 йилларда Takilant фирмасининг ҳисоб рақамларига умумий қиймати 219,5 млн долларга тенг ўн иккита тўлов ўтказган.

MTS ҳам ҳудди шундай схемадан фойдаланиб Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлаган. 2008 йилда компания гўё Каримова назорати остидаги Tammaron оффшор фирмаси ҳисоб рақамига Ўзбекистонда 4G-частоталарини олиш имконияти туғилгани мунасабати билан 20 млн долларлик депозит киритган. Бир йил ўтиб частоталар олинда, депозит эса MTS томонидан молиявий зарар сифатида ҳисобдан чиқариб юборилди. Ўзбекистон расмийлари 2012 йилда компаниянинг олий раҳбарияти ва шу жумладан, Беҳзод Аҳмедовни ўғирлик ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда айблади. 2013 йилда “Ўздунробита” банкрот қилинди, декабрда унинг активлари “Ўзбектелеком” балансига ўтказилди. 2014 йил июлида МТС Ўзбекистон ҳукумати билан ярашув битимини тузиб, давлат иштирокида Universal Mobile Systems (UMS) қўшма корхона доирасида уяли алоқа хизматини кўрсатишни қайта бошлади.

Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқот қилиш бўйича марказ (Organized Crime and Corruption Reporting Project, OCCRP) 2015 йил март ойида Гулнора Каримова Ўзбекистондаги телекоммуникация соҳасини қандай назорат қилиб келгани ва бир вақтнинг ўзида унёдаги етакчи саналган бир неча телекоммуникация компанияларидан пора олиб юргани устидан ўтказилган катта текширувлар натижасини чоп этди. OCCRP қўлга киритган молиявий ҳужжатларга кўра, TeliaSonera Каримовага $381 млн тўлаган ва яна қўшимча $75 млн беришга ваъда қилган. Vimpelcom ва Alfa Telecom компанияларидан у 176 млн доллар олган, MTS $350 млн ўтказиб берган. Бу каби шубҳали битимлар ёрдамида Каримова жами $980 млндан зиёд пул “ишлаб олган”.

АҚШ Қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича қўмитаси 2014 йил мартида Vimpelcom ва MTS компанияларининг Ўзбекистондаги фаолияти масаласида текширув бошлаганди. 2015 йил апрелида АҚШ Адлия вазирлиги ва Нью-Йорк суди Швеция ҳукуматидан Takilant компанияси ҳисоб рақамидаги 30 млн доллар пулни мусодара қилишга асос борлиги боис музлатиб қўйишни сўраганди.

Эслатиб ўтамиз, Vimpelcom ва MTS акциялари Нью-Йорк фонд биржасида муомалага қўйилган, компаниялар у ерда сармоя жалб этиш билан шуғулланадилар ва шунинг учун АҚШнинг коррупцияга қарши қонунчилиги доирасига кириб қолган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама