20:43 msk, 23 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Жанубий Қирғизистон: “Инқилоб шабодаси” ҳамда чет элликларга қарши ёппасига облавалар

13.05.2015 11:07 msk

Фарғона

Сўнгги икки ҳафта давомида Қирғизистоннинг жанубий пойтахти ҳисобланмиш Ўшда навбатдаги “инқилоб”га ёки қандайдир “миллатлараро можаро”га кўрилаётган тайёргарликлар ҳақидаги миш-мишларнинг тарқалиши тўхтамаяпти. Бу миш-мишларни ким тарқатяпти, мазкур кампания ташаббусчилари ўз олдига қанақа мақсадларни қўйгани номаълум бўлиб қолмоқда.

Эсэмаесларни ким тарқатяпти?

Қирғизистон ҳукуматининг Ахборот таъминоти бўлими республика ички ишлари вазирлигига таянган ҳолда 8 май куни журналистларга хабарнома юбориб, “ижтимоий тармоқларда, шу жумладан, WhatsApp орқали экстремистларнинг бошбошдоқлик акцияларини тайёрлаётгани ҳамда қонунга хилоф ҳаракатлари тўғрисидаги ахборот ҳақиқатга тўғри келмайди”, деб маълум қилди.

“Номаълум шахслар байрам арафасида мутлақо асоссиз бўлган турли миш-мишларни тарқатмоқдалар. ИИВ тезкор қидирув ишларини олиб бормоқда. Яқинда Ўш бозорларида миш-мишларни тарқатаётган аёллар қўлга олинди. Ўш, Жалолобод ва Баткен вилоятлари аҳолиси ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, қонунга хилоф акцияларнинг тайёрланаётгани тўғрисидаги миш-мишлар ҳам ҳақиқатдан йироқ. Бугун Қирғиз Республикаси ИИВ 10-Бош бошқармаси ходимлари WhatsApp ва ижтимоий тармоқлар орқали турли миш-мишларни тарқатаётган 17-25 ёшлардаги икки йигит ва бир қизни қўлга олдилар. Милиция ходимлари улар билан профилактик суҳбат ўтказмоқдалар, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда ва материалларга юридик баҳо бериш учун тергов органларига оширилади. Фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қонунга хилоф турли акцияларнинг олдини олиш мақсадида Қирғиз Республикаси ички ишлар органлари 30 апрелдан бошлаб май байрамлари ўтгунча кучайтирилган хизмат ўтиш тартибида иш олиб борадилар”, - дейилган эди хабарномада.

Қайд этамиз, халифат тузиш тарафдорлари фаолияти кучайиб бораётгани тўғрисидаги “огоҳлантирувчи” ҳамда маҳаллий аҳоли “хавфсизлик нуқтаи назаридан жамоатчилик жойларига боришдан ўзларини тийиб туриш”ни тавсия қилувчи эсэмесларнинг ёппасига тарқатилгани ҳақиқат. Шу билан бирга, уларда ислом экстремистлари тарафидан таҳдидлар ҳақидаги огоҳлантирувлар АҚШга қарши ҳамлали жумлалар билан ёнма-ён турарди.


“Ҳурматли дўстларим. Менда шошилинч хабар бор. 7-8-9 май кунлари уруш бошланиб кетиши эҳтимоли бор. Америка яширин тарзда “Ҳизбут-Таҳрир” партияси аъзоларига қурол тарқатмоқда. Ҳар қанақа ҳодисаларга тайёр туринглар. Илтимос, бу хабарни дўстларингизга ҳам етказинг, улар ғафлатда қолишмасин. Ҳозирча жамоат жойларига бормай туринглар”, - дейлади эсэмес хабарларидан бирида.

Бу каби миш-мишларнинг тарқалиши Ўш аҳолиси ўртасида саросималик қўзғатиб юборай деди. Ўшлик автомобилсоз уста Илҳом Розиқовнинг айтишича, кўпчилик тадбиркорлар бозорлардаги, шу жумладан, машина бозоридаги молларини уй-уйларига олиб кетишган. “Кўпчилик ўз машиналарини уйларига олиб келишганини эшитдим. Эҳтиёт шарт деб. Шаҳарда миллатлараро низолар қайта бошланиши мумкинлиги тўғрисида миш-мишлар кўпайиб кетди. Шунинг учун одамлар қўрқиб қолдилар”, - дейди Илҳом Розиқов “Фарғона” агентлиги билан суҳбат давомида.

Автоматларни ким тарқатмоқда?..

Маҳаллий аҳолига кўра, шу билан бир вақтда Ўш милицияси чет эллик фуқароларни ҳамда хорижий рақамли автотранспортни ёппасига текширувдан ўтказган. Қизиғи шундаки, саёҳатчиларга қарши облавалар ёзги туристик мавсумнинг энг бошида амалга оширилди.

Май байрамларини ўтказиш учун россиялик ва украиналик дўстлари билан Ўшга келган москвалик Мария “Фарғона” таҳририятига айтиб беришича, бир кун олдин уччови Сулаймон тоғда сайр қилиб юриб, ўзларига қирғизларнинг миллий қалпоқларини сотиб олдилар. Тоғдан тушишлари биланоқ уларнинг олдина бепўрим (формасиз) кимса келиб ўзини қандайдир террорчиликка қарши бўлим ходими деб таништирган ҳамда ҳужжатларини кўрсатишини талаб қилган.

“Шундан сўнг бизни жуда қўполлик билан машинага ўтқаздилар, ҳужжатларимизни қайтариб бермадилар. Кейин бизни милиция участкасига олиб келиб сўроққа тута бошладилар. Тўрт соатдан зиёд вақт давомида – кечки соат 6 дан тунги 12 гача бизга ғалати саволлар беришдан тўхтамадилар: қаердансизлар? нега бу ерга келдингизлар? маблағни ким берди? нега бунақанги нотинч пайтда келдингизлар? бу ерда нима қилмоқчисизлар? Биз оддий саёҳатчилармиз, Осиёга май байрамларини ўтказиш учун келдик, бу ерда “вақт нотинч” эканлигини қаердан билайлик, деб жавоб қилдик. Сўроқ жуда қўпол тарзда ўтди. Дўстларимнинг хорижий паспортларидан ташқари ички паспортларини ҳам олиб қўйидалар. Кейин бизни қўрқита бошладилар: мана, ҳозир сизларни шу ерда қамаб қўямиз, рўйхатдан ўтмаган экансизлар. Бунга жавобан мен биз рўйхатдан ўтиши шарт бўлмаган мамлакатлар фуқароларимиз, деб айтдим. Аммо улар бизни қўрқитишдан тўхтамадилар. Бизни тинтув қилдилар, камера ва ноутбукларимизни ичини текшира бошладилар. Участкада биздан ташқари икки нафар британиялик ҳам бор эди, улар нима ишлар бўлаётганига умуман тушунмас эдилар. Тун ярмига етай деб қолганда бошлиқларнинг шаҳди пасайиб, мулойим бўлиб қолдилар, туроператоримизнинг вакили етиб келганида эса бизни ҳеч қанақа изоҳларсиз қўйиб юбордилар”, - дейди Мария.

Жанубий пойтахт меҳмонларини “асирликдан” қутқариш учун Ўшдаги туристик фирмаларидан бирининг хўжайини бўлмиш Андрей келди (исми ўзгартирилган). У милиция дўстлари телефон қилиб унинг олдига ўзлари боришганини, меҳмонларнинг барча ҳужжатларини текшириб бўлганларидан сўнг эса уни ўзлари участкага олиб кетишганини ва у бу ерда ўз меҳмонларидан ташқари бошқа чет элликларни ҳам кўрганини айтиб берди. Жами ўн киши атрофида: кимдир МДҲ мамлакатларидан келган бўлса, бошқалари Европадан.

“Уларнинг ўзлари айтишича, саёҳатчиларни меҳмонхоналардан ва ҳатто ошхона ва ресторанлардан ушлаб кетишган экан. Апрель ойининг охиридан бери янги инқилобга тайёргарликлар тўғрисида миш-мишлар тарқалмоқда, бу ҳақда ҳамма ерда дув-дув гап юрибди. Гўё 9 май куни оммавий тартибсизликлар бошланар эмиш. Аммо мана парад ҳам ўтди, ҳозирча ҳаммаёқ тинч. Балки шунинг учун ҳам Ўшда милиционерлар кўпайиб кетгандир, улар маҳаллий аҳоли вакилларига ўхшамган ҳаммани текшириб юришибди”, - дейди Андрей.

“Бугун (2015 йил 8 май. – таҳр.изоҳи) россиялик турист аёлни учратдим, у Ўзбекистон орқали келган экан. У чегарадан ўтаётганида ўзбекистонлик чегарачилар рўйхат муддати бузилганини аниқлаб, республика ҳудудига қайтариб юборганларини ва бир сутка давомида милиция участкасида олиб ўтирганларини айтиб берди. Шундан кейин уни депорт қилдилар, бироқ негадир Россияга эмас, Қирғизистонга. Саёҳатчи аёлнинг айтишича, ўзбекистонлик чегарачилар уни текшираётганида ҳатто ич кийимларини ҳам ечишни талаб қилганлар. Сўнгги беш йил давомида бунақаси биринчи марта кўриб туришим”, - дейди Андрей.

Ўш махсус хизматлари вазиятнинг издан чиқиши тўғрисидаги миш-мишларга раддия бердилар, аммо чет эллик меҳмонларни оммавий тарзда қўлга олишлари тўғрисида ҳеч қанақа изоҳ бермадилар.

Қайд этиш жоиз, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан саёҳатчиларга нисбатан бу каби муносабат туристик мавсумга катта зиён етказиши мумкин. Чунки Ўш шаҳри ва Қирғизистон жануби альпинистлар ва тоғ саёҳатчилар учун ёқимли ўлка саналади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама