13:52 msk, 24 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ҳарбий учувчи Отажон Ибрагимов ва Жорж Буш (ота) ғалабадан сўнг қандай қилиб учрашганлари ҳақида

27.04.2015 17:40 msk

Тошпўлат Раҳматуллаев

Ўзбекистон авиаторлари Отажон Ибрагимовни ўзбек авиациясининг отаси деб атайдилар. Бу йил у 98 ёшга киради. Ярим аср давомида Отажон Ибрагимов Самарқанд авиаотрядига раҳбарлик қилди, хизмат кўрсатган транспорт ходими ва Ўзбекистон Республикасиёшларининг хизмат кўрсатган устози. Биринчи гуруҳ ногирони.

Отажон Ибрагимов 17 ёшида Ростов-Дондаги авиация билим юртига ўқишга кирди. Битирганидан сўнг Самарқанд аэропортига бошлиқ этиб тайинланди. Ўшанда аэропорт Оғалиқда жойлашган эди. Отажон Ибрагимовнинг айтишича, бу аэропортга қўшни республикаларнинг кўплаб самолётлари - ПО-2, ПР-5, “Юнкерс”лар келиб қўнган. Ва ўз навбатида бу ердан самолётлар Қобулга учган, яъни аэропорт халқаро мақомга эга бўлган.

Отажон Ибрагимов 1942-1945 йилларда ҳарбий учувчи бўлган ҳамда 506 та парвозларни амалга оширган, улардан 244 таси жангавор бўлган. Иккинчи, Учинчи ва Сталинград фронтлари таркибида жанг қилган. “Небесний тихоход” дея аталувчи ПО-2 русумли самолётдан туриб нафақат немис объектларини бомбардимон қилган, балки душман ортига анча ичкарига ўтиб, партизанларга ўқ-дори, озиқ-овқат ҳамда барча керакли нарсаларни етказган. Шундай парвозлардан бирида унинг самолёти немисларнинг қирувчиси зарбасига дуч келиб қулаган. Отажон Ибрагимов қаттиқ яраланган, бироқ госпиталда даволаниб бўлганидан сўнг яна фронтга қайтган.

Унинг ҳарбий умрбаёнидан бир лавҳани келтирмоқчимиз. 1944 йилда Ясско-Кишинёв ҳарбий операцияси давомида қўмондонликнинг махсус вазифасини бажара туриб, ер бағирлаган парвоз воситасида мамлакат ҳукуматининг ҳамда Бешинчи Ҳаво Армияси қўмондонининг вакилларини Яссадан Бухарестга етказган. Уларни Руминиянинг қироли Михай кутиб олиб, румин қўшинларини Иккинчи Жаҳон уруши фронтларидан чақиртириб олиш тўғрисида сўз юритилган мактубини топширди.

Эсдалик учун фотосурат

1945 йил октябрда совет ва америка ҳарбий учувчилари СССР Фуқаролик авиацияси министрлигида учрашдилар. “Меҳмонлар орасида мен хали анча ёш бўлган бир учувчига эътибор бердим ва у билан танишмоқчи бўлдим, - дея эслайди Отажон Ибрагимов. – Биз таржимон ёрдамида суҳбатлашдик. Мен ўзимни таништирдим, кейин у ҳам ўзининг исмини айтди. Оти Жорж Буш экан”.

Ўша пайтда 21 ёшли Буш 28 ёшли Ибрагимовга кителининг тугмасини эсдалик учун бершини сўради. Бунга жавобан Ибрагимов бирга фотосуратга тушишни таклиф қилди: шу ерда юрган фотограф учрашувнинг ҳар бир фурсатини суратга олишга ҳаракат қилаётганди.

Фотосуратда улар уч киши: Отажон Ибрагимов, унинг бортмеханиги (Отажон ота ҳозир унинг исмини эслай олмаётганидан афсусда) ҳамда АҚШнинг бўлажак президенти Жорж Буш.


Отажон Ибрагимов (чапда) ва Жорж Буш (пастда) фотосурат илк бор чоп этилмоқда.

Кейинроқ Отажон Ибрагимов Жорж Буш АҚШ ҳарбий-денгизчи авиациянинг энг ёш учувчиси бўлганини билиб қолади. Буш жами 58 та жангавор парвозларни амалга оширган, топширилган вазифалардан бирини бажараётганида унинг самолёти уриб туширилган, бироқ Буш парашютдан сакраб омон қолганди...

Аэропорт қурмоқ, дарахт ўтқазмоқ...

Урушдан сўнг О. Ибрагимов Самарқанддаги қадрдон аэропортига қайтиб келди. Аэропорт унга кичкина ва тор кўринди, бундан ташқари унинг ёнида тоғлар жойлашган бўлиб, самолётлар учун хавфли бўлиш мумкин эди. Ибрагимов аэропортни янги жойда қуришга маслаҳат берди. “Янги жой Зарафшон дарёсидан унча узоқ бўлмаган ерда жойлашган бўлиб, турган-битгани тўқайзор эди. Дарахтларни танкалар ёрдамида илдизи билан суғуришга тўғри келди”, - дея эслайди Отажон Ибрагимович.

Унинг хизматлари 1949 йил 1 октябрь куни министр имзолаган буйруқда қайд этилган: “Самарқанд аэропортининг бошлиғи О. Ибрагимовни янги аэропорт қурилишида ташаббус кўрсатгани ҳамда моҳирона раҳбарлик қилгани учун “Аэрофлот аълочиси” белгиси ва бир ойлик иш ҳақи билан мукофотлансин”.

Ўттизинчи йилларнинг иккинчи ярмида Отажон Ибрагимов безгак каби бедаво дардни тугатиш, эллигинчи йилларда эса зарарли ҳашаротлар, шу жумладан , чигирткага қарши кураш ишларида иштирок этган.

Отажон Ирагимов қаерда ишламасин, ўзининг ташкилотчилик қобилиятини намоён этар, ҳам қўл остидаги ходимларининг, ҳам раҳбарларининг ишончини қозонар эди. 1952 йилда у Самарқанда авиаотрядига командир этиб тайинланди, 1954 йилда Тожикистоннинг Сталинобод (ҳодирги Душанбе) аэропортига бошлиқ, ўша йилнинг ўзида Ленинобод (ҳозирги Хўжанд) алоҳида бирлашган авиаэскадрильянинг командири этиб тайинланди. Шундан кейин 1984 йилгача Самарқанд бирлашган авиаотряди бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлади. Саксон уч ёшгача, яъни 2001 йилгача у фаол меҳнатни тарк этмади.


Отажон Ибрагимов бугун

Отажон Ибрагимов бугунги кунда ҳам қадрдон шаҳрининг ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этмоқда, шаҳарни ободонлаштириш ва ривожлантириш бўйича муайан таклифлар билан чиқиб келмоқда. Яқин кунларгача ҳам у куч-қувватдан қолмаган пайтларда кўча ва майдонларни ободонлаштириш ишларида шахсан қатнашиб келди. Мисол учун, у 2000 йилда Самарқандда 250 та дарахт кўчатларини ўтқазди. “Инсон ўзидан кейин нима қолдириши ҳақида ўйлаши мен учун жуда муҳим”, - дейди у.

“Фарғона” агентлиги таҳририяти Жорж Буш (ота) музейининг архивига мактуб юбориб, юқоридаги фотосурат бўйича шарҳ беришини сўради.

Тошпўлат Раҳматуллаев

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги