23:58 msk, 24 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Пўлат Охунов: Фронтовик отам ҳақидаги хотиралар

20.04.2015 22:38 msk

Пўлат Охунов

Улуғ Ватан урушида қозонилган Ғалабанинг 70 йиллиги арафасида биз анъанага кўра муштарийларимиз ва мухбирларимиздан 1941-1945 йиллар урушида қатнашган оталари, боболари, оналари ва бувилари ҳақида ҳикоя қилишларини сўраймиз. Ўзбекистонлик, қирғизистонлик, қозоғистонлик, туркманистонлик ва тожикистонлик юртдошларимизнинг совет халқи билан биргаликда фашзмга қарши қандай кураш олиб борганлари ҳақида бирга эслайлик. Хотирамизнинг сақланиб қолишига кўмак бериб, қаҳрамонлар тақдирлари ҳақидаги оилавий хотираларни келгуси авлодларга етказайлик.

Бугунги ҳикоямиз – мухолифатдаги сиёсатчи, Швецияда рўйхатга олинган Марказий Осиё жамиятининг (Association Central Asia) раиси, Ўзбекистонда Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси Пўлат Охуновнинг отаси Олим Охунов ҳақида.

***

1941 йилнинг кузида уришга кетган отам Олим Охунов, уруш тугаганини ва ғалаба хабарини Венгрия пойтахти Будапештда кутиб олган экан. Будапештни ишғол қилиш учун бўлган қақшатғич жангларда, оғир яраланиб, шу ердаги госпиталда бир муддат қолдирилган, балким айнан шу ярадорлик сабаб бўлиб, у бу урушдан тирик қайтган. Уруш тафсилотлари ҳақида дадамдан батафсил сўраб ўрганишга улгурмадим. Ёш болалигим туфайли дадам уруш ҳақидаги саволларимга ҳазил жавоблар бериб қутиларди, балким бу каби жиддий мавзуда суҳбат учун мени жуда ёш деб ҳисоблаган бўлсалар керак. Бироз улғайиб, ҳаётнинг оқ-қорасини таний бошлаганимда эса дадам оламдан ўтиб қолдилар.

Балким, уруш етказган жароҳатлар сабаб бўлиб, улар жуда эрта, 62 ёшида ҳаётдан кўз юмдилар (Оллоҳ дадамни ўз раҳматига олган бўлсин), у вақтда мен 15 ёшлик ўспирин эдим...

СССР Халқ депутати сифатида ваколатлардан фойдаланиб, барча архивларга бориб, дадамнинг уруш даврида босиб ўтган йўлларини ўрганиб суриштирмаганимга ўзимни-ўзим бугунги кунгача койийман. Дадам Будапештни ишғол қилиш операцияси қатнашчиси бўлганини ҳисобга олинса, у Иккинчи ёки Учинчи Украина фронти сафларида жанг қилган, чунки Венгрияни фашистлардан озод қилиш жангларини айнан шу фронтлар олиб борган.

Дадам урушдан 1945 йилнинг охирларида қайтиб келдилар. Бунчалик кеч қайтишининг сабабини эса уларнинг кўксидаги медалларидан ҳам билса бўлар эди: медаллардан бирида “За победу над Японией” (“Япония устидан Ғалаба учун”) деган сўзлар ёзилган эди. Ёшлигимда дадамнинг орден ва медалларни олдимга териб олиб томоша қилар эдим. Айниқса иккита медалдаги тафовут мени жуда қизиқтирар эди. “Германия устидан Ғалаба учун” ва “Япония устидан Ғалаба учун” деб номланган медалларда тасвирлаган Сталиннинг юзи қарама-қарши томонларга қараган эди. Мен “нимага бундай?” деб савол берганимда, дадам ҳазиллашиб “Бу ерда Сталин Германияга қараб турибди, бу ерда эса Японияга”, деб жавоб берар эдилар.

Лекин дадам негадир, унга берилган мукофотлар ичида “Жанговар хизматлар учун” деб номланган медални кўпроқ қадрлар эдилар... Бу медалнинг аҳамияти ва қадри ҳақида дадамни фикрини эшитиш менга насиб этмади.


Олим Охунов 1943 йилда, биринчи марта яраланганидан сўнг

Бутун уруш йилларини ёлғиз ўғлини кутиш, унинг соғ-омон қайтиши учун туну-кун дуоларда ўтказган дадамнинг онаси, бувим Баҳринисонинг ўғлидан олган охирги хати 1945 йилнинг феврал ойида Будапештдан жўнатилган эди. Лекин мана Германия устидан ғалаба қозонилди ва уруш тугади, кейин Япония билан бўлган уруш ҳам тугади, аммо унинг ёлғиз фарзандидан ҳамон хабар йўқ, ҳамон келмаяпти. Ўғлига нима бўлди? Ахир ҳамма урушлар тугаб бўлдику. Худога шукур “қора хат” келмаган. “Нега ахир менинг ёлғиз ўғлим келмайди?” деган фикрлар бувимни қийнаб юборганди. Суриштирувлар ҳам ҳеч қандай натижа бермади. Ва ниҳоят, фарзандининг ташвишида жигар-бағри эзилиб, айрилиққа чидай олмаган бувим, қўшни қишлоқдаги машҳур фолбиннинг олдига бориб, ўғлининг тақдирини аниқлашга қарор қилди. Бувим ҳеч кимга билдирмай, ўзи билан кичик қизи Мунаварни олиб йўлга тушади...

Тақдирни тақозосини қаранг-ки, айнан ўша куни дадам уйга кириб келади! Хонадон бирданига шодликка тўлди, бақир-чақир, хурсандчилик кўзларда ёшлари... Тўрт йиллик даҳшатли урушдан тирик қайтган дадам ўз яқинларини бағрига босди, лекин “... лекин нега уларнинг орасида Онам йўқ?! Онам қани? Наҳотки онам қазо қилган бўлсалар? Наҳотки яқинларим менга билдиришмаган бўлса?” Дадам охири чидамай: “Онам қани? Онамга нима бўлди? Нега мендан буни яширдиларинг?!” - деб сўради. Дадам нима демоқчи эканлигини ҳамма тушуниб, уни тинчлантира бошладилар: “Вой, безовта бўлма, Худога шукур, онанг соппа-соғ. У шу ерда, мана ҳозир чақирамиз”, дея ҳамма бувимни исташга қиришди, лекин бувим ҳеч қаерда йўқ эди...


Олим Охунов 1945 йилда, Венгрия

Узоқ йўлга пиёда чиққан бувим чарчаб ва чанқаб, йўл бўйидаги кичик бир ариқнинг олдида сув ичиб олиш учун тўхтади. Шу пайт йўлдан от миниб ўтиб кетаётган ҳамқишлоқлардан бири уни кўриб: “Ие, Баҳринисо буви, бу ерда нима қилиб ўтирибсиз?

Ахир ўғлингиз қайтиб келди-ку!”, – деса борми? Бу хабарни эшитган бувам ўтирган ўрнидан сакраб уйга қараб югура бошладилар. Бир неча чақирим йўлни бувижоним: “Болам, болажоним келди!”, деган сўзлар билан босиб ўтдилар. Менга бу воқеани айтиб берган Мунавар аммам, “мен бувингга ета олмай, орқада қолиб кетдим”, - деган эди.

Дадам яшаган Бувайда қишлоғидан ўша урушга икки юздан зиёд йигитлар кетган бўлиб, улардан фақат уч киши тирик қайган экан. Дадам ўша урушга бағишланган “Где же вы теперь, друзья-однополчане” ва “Журавли” деган қўшиқларни жуда ёқтирар эдилар.


Олим Охунов, 1967 йил

Дадамиз бизга тарбия берганларида, бефарқ, лоқайд бўлмасликни ўргатар ва уқтирар эдилар. Ўзи аслида ўша уруш қатнашчиларида қандайдир ўзгача масъулият борлиги сезилиб турарди, кўпинча улар жамиятнинг фаол ва мустақил фикр эгалари сифатида ажралиб, кўзга ташланиб туришарди.

“Лоқайд бўлманглар, ёнингизда адолатсизлик содир бўлган вақтда жим турманглар”, - дер эди дадам. Улар “фарзандларим одамларга фойдаси тегадиган касб эгаси бўлишини истайман”, дер эди. Балким айнан шунинг учун ҳам, оиламиздаги саккиз фарзанддан тўрт нафари шифокор ва тўрт нафари ўқитувчи бўлдик.

“Дадаларингни хотирасига муносиб инсон бўлинглар”, деб кўп қайтарар эди онам Саёхон Мирза Юсуфқори қизи. Дадам онам билан бирга тушган расмлардан бирида онамнинг уруш давридаги фаолияти ҳақида, ўз қўли билан шундай деб ёзиб қўйган экан: “1941–1946 йилларда, фронт ортида хизмат қилган қизлар бригадасини тузиб, пахта даласида ишлаган, фронт учун матолар тикишган”. Демак уриш вақтида онам ҳам жанг қилган, меҳнат фронтида жанг қилган. Ҳозир онам 92 ёшдалар (Оллоҳ онамга тани-сиҳат хотиржамлигини бериб, улар билан ватанда соғ-саломат кўришишлигимни насиб қилсин). Эрта оламдан ўтган дадамдан кейин саккиз нафар фарзандни катта қилиш, ўқитиб оёққа турғизишни муштипар онаизорим ўз зиммасига олиб, ҳаммамизни ҳаётда ўз йўлимизни топишимизга сабабчи бўлдилар.


Олим Охунов рафиқаси билан Москвадаги Кремлда

Бугунги ўзгаришлар ва қарама-қарши фикрларга тўла замонда, инсон учун тўғри йўлни топиб кетиш жуда ҳам қийин бўлиб қолди.

Менимча, бундай вазиятда янги қадриятларни ўйлаб топишга ҳожат йўқ. Бизда ота-боболаримиздан қолган ва фарзандларимизга мерос бўлиб қолдирилаётган ҳаёт учун керакли умумий қадриятлар мавжуд.

Бу қадриятлар: эзгулик, адолат, ҳалоллик ва атрофимизда яшайдиган одамларга лоқайд бўлмасликдан иборат деб биламан. Бу ҳақиқатни эсдан чиқармасак, биз яхши ва меҳрибон инсон бўлиб қоламиз. Бу бугунги кунда энг муҳим фазилат деб ҳисоблайман.

Отамни дийдорига тўймаганим учунми билмадим, ҳар йили ғалаба байрами нишонланганда, қалбимда маъюслик пайдо бўлади.

Отам ва отам каби фашистларга қарши урушда қатнашган барча инсонлар хотирамизда абадий қолсин. Уларнинг кўплари оламдан ўтиб кетдилар, жойлари жаннатда бўлсин!

Ўтганларга Оллоҳнинг мағфирати, қолганларнинг барчасига эса марҳамати бўлсин...

Пўлат Охунов

***

Ўзбекистонлик, тожикистонлик, туркманистонлик, қозоғистонлик ва қирғизистонлик барча дўстларимиз! Сайтимиз ўқувчиларига Улуғ Ватан уруши йилларида фронтларда жанг қилган ёки фронт ортида меҳнат қилган ёки ўз оталарингиз, боболарингиз, оналарингиз ва бувиларингиз ва бошқа қариндошларингиз ҳақида ҳикоя қвилиб беришларингизни сўраймиз. Биз сиз ҳикоя қилган барча қизиқарли хотираларингизни, фотосуратларни, совет халқининг фашистларга қарши кураш тўғрисидаги барча воқеаларни чоп этамиз.

“Фарғона” ахборот агентлиги бош муҳаррири Даниил Кисловнинг манзили - dan@kislov.ru. Илтимос, хатларингизга “9 май” белгисини қўйиб жўнатинг.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама