15:20 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Афғонистон: Жанггарилар Туркманистонга чегарадош ҳудудларда ўз таъсирини кучайтирмоқда

18.04.2015 11:29 msk

Фарғона

АНТ (Альтернативные новости Туркменистана) нашри хабар беришича, Туркманистонга чегарадош Фарёб вилоятидан сайланган депутат Фатҳулла Қайсарий Афғонистон миллий парламенти мажлисида сўзга чиқиб, вилоятнинг катта қисми жанггарилар назорати остига ўтган ёки уларнинг таъсири остида, бу эса Ўрта Осиёнинг постсовет республикаларига жиддий хавф солмоқда, деб билдирди.

“Азатлык” радиосига ( Озодлик радиоси туркман тили хизмати) 14 апрель куни берган интервьюда депутат Ф. Қайсарий айитиб беришича, Фарёб вилоятидаги аҳволни тушунтириб бериш учун Афғонистон ички ишлар вазири, миллий армия бош штаби раҳбари ва хавфсизлик хизмати раиси таклиф этилди.

Улар билан суҳбат давомида Фарёб вилоятининг 80% ҳудуди “Толибон” жанггариларининг назорати остига ўтгани, қишлоқдаги барча аҳоли пунктлари улар томонидан ишғол этилгани маълум бўлди. Толибларнинг маҳаллий аҳолига таъсири катта, улар ўзига тўқ фуқаролардан, тадбиркорлар ва савдо дўконлари эгаларидан пул талаб қиляптилар, деди Қайсарий.

Шу билан бирга, дейди депутат, толиблар қўрқитиш тактикасини қўллаяптилар. Улар аввалига муайан шахсларга телефон қилиб, белгиланган миқдордаги пулни олиб келишларини талаб қиляптилар. “Агар бош тортсангиз, жонингиз ва молингиз талонга қолади”, дея пўписа қилмоқдалар. Шунинг учун аҳолининг ҳаммаси толибларга хирож тўлаб келмоқда.

Депутат Қайсарий Фарёб провинциясида хизмат қилаётган давлат амалдорларининг ака-укалари ёки бошқа қариндошлари толиблар билан ҳамкорлик қилаётганларидан хавотир билдирди. Шу билан бирга, “Толибон” ҳаракати вакиллари вилоятнинг давлат органларига ишга жойлашяптилар. Жиҳодчиларнинг тарафдорлари ҳатто маҳаллий оқсоқоллар кенгашлари таркибида ҳам бор. Вилоят давлат утзилмалари ҳамда руман марказларидаги ҳамма идораларнинг ходимлари толиблар билан алоқада. Улар ҳам жанггариларга хирож тўлайдилар, акс ҳолда бу лавозимларда ишлай олмайдилар.

Ф. Қайсарийга кўра, бу ва бошқа маълумотлар Фарёб вилояти “Толибон” ҳаракати жанггарилар томонидан бутунлай босиб олинган дея хулоса қилишга асос бўлади. Бу вилоятда давлатнинг роли 5 фоиздан ошмайди. Бироқ ҳукумат мутасаддилар аҳволни гўё ҳеч нарса бўлмаётгандек кўрсатишмоқда, деди депутат.

Қайсарийга кўра, вилоятда “Ислом давлати” ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати (ЎИҲ) гуруҳларининг жанггарилари ўрнашиб олдилар. Қизиғи шундаки, ЎИҲ аъзолари бу ерга оилалари билан кўчиб келишган. Хавфсизлик хизматлари ЎИҲ аъзолари бўлмиш уч нафар жиҳодчи аёлларни ҳибсга олганлари ҳақида хабар берилган ва бу ҳақда вилоятнинг барча аҳолиси эшитганди. Бироқ кейинчалик жанггариларнинг босими остида ҳукумат кучларимаҳбуса аёлларни қўйиб юборишга мажбур бўлди.

“Фарёб вилоятида келиб чиқиши Марказий Осиё мамлкаатларидан бўлган жанггари экстремистлар тўпланди. Улар бугунги кунда катта кучга эга”, - деди депутат.

Ф. Қайсарий уларнинг Шох, Чарашемми, Чилгези ва Чечекли аҳоли пунктларида таянч пунтклари борлигини маълум қилди. Унга кўра, марказий осиёлик жанггариларнинг пуллари кўп, қуроллари ва экипировкалари бекаму-кўст экан.

“Ислом давлати” террорчилик ташкилоти радикаллари ҳақида сўз юритиладиган бўлса, исломчиларнинг қора байроғи ва толибларнинг оқ туғи ўртасида сезиларлик фарқ кўрмаяпман, дейди депутат.

“Бу бир-бирига ўхшаш мафкурадир. Бугун улар қора байроқ кўтарсалар, эртасига оқ туғ остида тўпланишлари мумкин. Бироқ ҳукумат жанггариларни байроғига қараб ажратмоқда, боз устига, расмийлар, мисол учун, Афғонистон президенти жанггарилардан кечирим сўради. Менимча, бу катта хато, чунки “Ислом давлати” радикаллари билан толибларнинг ўртасида жиддий бир фарқ йўқ”, - деди Қайсарий.

“Азатлык” радиосига интервьюда афғон депутати Фарёбда “толиблар таъсирининг кучайиши Туркманистон ва Ўзбекиситонга нисбатан 100 фоиз хатарларни келтириб чиқариши мумкин. Экстремистлар аввали бошдан Марказий Осиёдаги бу мамлакатни ўзларига нишон қилиб олганлар”, деган фикрларни билдирди.

“Шунинг учун минтақа мамлакатлари ушбу таҳдидга эътибор қаратишлари ҳамда Афғонистон ҳукумати билан хавфсизликни таъминлаш масаласи бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишлари лозим”, - деди депутат.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама