23:30 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилар альянси: Милиционерлар Тошкент вилоятилик йигитни қийнаб ўлдирдилар

16.04.2015 16:49 msk

Фарғона

Камолиддин Қўзиев
Ўзбекистоннинг Тошкет вилоятида милиция бўлимида маҳаллий йигитлардан бири қийноқлардан ҳалок бўлди.

Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилар альянси (ЎҲҲА) маълум қилишича, шу йилнинг 7 апрелида Бекобод шаҳар “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Камолиддин Қўзиевни Бахтиёр исмли участка нозири телефон орқали шаҳар ички ишлар бўлимига чақирган. Чақирув сабаби шу кунгача унинг оиласи учун номаълум бўлиб қолмоқда. Ўша куни кеч тунда милиционерлар Камолиддиннинг яқинларидан унинг паспортини олиб келиб беришларини сўрадилар. Улар Камолиддинни қўйиб юборишга ваъда қилдилар, аммо бу иш содир бўлмади.

Камолиддиннинг қариндошлари икки кун давомида шаҳар ИИБга бир неча бор келиб кетганларига қарамай, унинг тақдири ҳақида ҳеч нарса била олмадилар.

Тўққизинчи апрель куни соат 15.30 да Қўзиевлар хонадонининг эшигини тақиллатдилар. Эшикни очган Камолиддиннинг онаси Зайнабхон маҳалла посбонини, шаҳар ҳокимлиги ва ИИБ ходимларини, Бекобод имоми Иброҳимни, МФЙ раиси А.Йўлдошевни, қўшниларни ва “Тез ёрдам” шифокорларини кўрди. Зайнабга ўғли милиция бўлимининг ертўласида ўзини чойшабнинг йиртиғига осиб қўйди, деб айтдилар. Унга ўлим сабаби “бўйин механик асфиксияси” деб ёзилган ўлим гувоҳномасини кўрсатдилар.


Камолиддин Қўзиевнинг ўлими тўғрисида гувоҳнома

Камолиддиннинг кафанга ўралган жасадини хонадонга олиб кирдилар. Маҳалла раиси ва милиционерлар уни тезда дафн қилиш керак деб туриб олдилар ва ҳатто қабрни ковлатиб қўйдилар. Камолиддинни кечқурун соат 20 да, фонар ёқиб дафн этдилар.

Камолиддиннинг жасадини ювишда қатнашган унинг отаси ва укаси марҳумнинг бошида ва орқа пешобида яралар борлигини, кўкрак қафаси калтаклардан кўкариб кетганини, бўйнида куйганнинг излари, бўйнидан то жинсий олатига қадар қўпол тарзда тикилганини кўрдилар. Қўзиевнинг қариндошлари ва ЎҲҲА аъзолари милиция ходимлари Камолиддинга нисбатан қийноқлар қўллаган ва у шу қийноқлар оқибатида жон берган, деб ҳисоблаяптилар.


Камолиддин Қўзиевнинг онаси

Марҳумнинг дафн маросимида кимдир Камолиддиннинг акасига милиционерлар олдинроқ марҳумнинг номига Сурияга авиачипта сотиб олган ва афтидан уни ўша ерга ёлланма аскар сифатида юбормоқчи бўлишган, деб айтди.

Қўзиевлар оиласи ва ҳуқуқ ҳимоячилар Камолиддиннинг ўлимига дахлдор бўлган кимсаларни жазога тортишни талаб қилмоқчилар ҳамда бу борада халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўраяптилар. Уларнинг маълумотига кўра, Бекобод шаҳар ИИБ ходимлари қўлга олинганларга нисбатан қийноқлар қўллашнинг кўп ҳоллари учун масъулдирлар.


Камолиддин Қўзиевнинг отаси

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон милиция бўлинмаларида, тергов изоляторларида ва жазони ўташ колонияларида қийноқлар қўллаш одатий ҳолга айланган бўлиб, айбга иқрор бўлиш асосий далил саналади. Қўлга олинган шахслар зиммасига қўйилган айбига иқрорлик кўрсатмаларини беришлари учун қийноқлар қўлланиши айбланувчига нисбатан жазо ҳукмини таъминлаш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хизмат кўрсаткичлари юқори бўлиши учун самарали восита бўлиб қолмоқда. Қийноқларга қарши БМТ қўмитаси, Human Rights Watch ва бошқа халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари Ўзбекистон расмийларидан қийноқлар қўллаш амалиётидан воз кечишларини кўп маротаба талаб қилганлар, аммо талабларнинг бари зое бўлиб қолмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги