00:30 msk, 23 Июль 2019

Марказий Осиё янгиликлари

Пўлат Охунов. Ўзбекистонда мустабидликнинг ибтидоси (II қисм)

25.03.2015 20:56 msk

Пўлат Охунов.

“Гарчи душманим бўлсанг ҳам...”

1991 йил августида, ГКЧП (Фавқулодда вазият бўйича давлат қўмитаси) воқеаларидан сўнг СССР халқ депутатларининг V Фавқулодда Съезди чақиртирилди. Уч кун давом этган съезд (2-5 сентябрь) СССР ҳаётига нуқта қўйишга қаратилган йирик қадам бўлди. Унда тарих учун муҳим бўлган қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинди:

1. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари декларацияси

2. СССР таркибига кирувчи иттифоқдош давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг янги тизимини шакллантириш ҳамда янги Иттифоқ шартномасини имзолашга тайёргарлик кўриш учун ўтиш даврини эълон қилиш.

3. Ўтиш даврида ҳокимият органлари тўғрисида.

Сўнги қарорнинг мазмун-моҳияти Халқ депутатлари съезди тугатилишини англатарди.

СССР Халқ депутатлари съездини тарқатилганидан сўнг янги қонунчилик органи – СССР Олий совети иттифоқдош республикаларида сайланган мухтор вакилларидан иборат бўлиши керак эди.

Бу қарорнинг мазмуни - Ўзбекистон Олий Совети СССР Олий Советига депутатларни сайлаши ҳамда республика манфаатларини ҳимоя қилиш ва янги Иттифоқ шартномасини тузишда иштирок этиш учун уларни Москвага вакил қилиб жўнатиши керак эди.

1991 йилда Тошкентда Ўзбекистон Олий Советининг сессияси бўлиб ўтди, унда СССР Олий Советига мухтор депутатларни сайлаш масаласи кўрилди. Республика аҳолиси сессияда нима ишлар содир бўлганини кўра олишлари учун унинг иши ТВ орқали намойиш этилди. Сессия ишида эҳтимол республика Олий Советининг депутатлари муҳтарам Насрулло Сайид ва Жаҳонгир Муҳаммад ҳам қатнашган бўлишлари мумкин, ёзаётган нарсаларимда қандайдир ноаниқликлар ёки англашилмовчиликлар бўлса, тўғрилаб қўйишларига умид қиламан.

Ушбу сессия жиддий кураш, шавқатсиз тортишув ва мунозараларда ўтди дейиш қийин, чунки барча номзодлар аввалдан президент аппаратида муҳокамадан ўтиб тасдиқланган эди.

Таниқли ёзувчи Пиримқул Қодиров мухтор вакилларни сайлаш ва тасдиқлаш бўйича маъруза қилиб, номзодлар рўйхати тузилиб маъқулланганини маълум қилди ҳамда бу рўйхатдаги номларни ўқиб бериб, уни муҳокама қилмай тасдиқлашни таклиф этди. Шу пайтда депутат Тойиба Тўлаганова чиқиб, “Мен бу рўйхатга Пўлат Охуновни киритилишини талаб қиламан ва унинг номзодини овозга қўйилишини сўрайман!” деб билдирди.

Пиримқул аканинг ранги девор бўлиб ғулдурай бошлади: “Ие, нима деяпсиз? Ахир Пўлат Охунов президентимизнинг душманику! Уни қанақа қилиб бу рўйхатга қўшамиз? Йўқ. Бу мумкин эмас! Менимча, бу масалани муҳокама қилишга ҳожат йўқ. Президентимизни доим танқид қиладиган, уни тинч қўймайдиган одамнинг номзодини қўйиш мутлақо ярамайди, бу таклифни ҳеч ким қабул қилмайди. Мана, бу ерда ҳурматли президентимиз ўтирибдилар, сизнинг таклифингиз эса бизнинг муҳтарам президентимизга нисбатан ҳурматсизлик бўлади”, - дея бу масалага нуқта қўймоқчи бўлди. Фарғона вилояти “Коммуна” газетаси муҳаррирининг муовини, СССР халқ депутати Абдужаббор Ҳусанов ҳам Қодировга ёрдамга етиб келди. У ҳовлиқиб минбарга чиқиб олдида, бақира кетди: “Ўртоқлар, бунақаси кетмайди! Пўлат Охуновнинг сайланишига умуман йўл қўймаслик керак! Депутатларнинг йиғилишларида мен доим у билан ёнма-ён ўтираман, нималар гаприаётганини, нималарни ёзаётганини кузатиб бораман. У демократларга қўшилиб олган, президентимизга қарши терс гапларга қўшилиб юради, доим танқид қилгани-қилган. Ҳатто бизнинг ички йиғилишларимизда ҳам турли саволлар билан президентимизни тинч қўймайди, гапларини бўлади. Бу одам жонимизга тегиб кетди! Бу Охуновнинг президентимизни сўроқ қилишга нима ҳақи бор? Бу одам – бизга душман, уни давлат ишларига яқинлаштириб бўлмайди!”

Примқул Қодиров мамнун бўлиб, Хўжайиннинг маъқуллашини кўриш учун орқага ўгирилди. Бироқ Каримов ҳаммани лол қолдириб: “Ўртоқлар, менимча, Пўлат Охунов тўғрисидаги масалани кўриб чиқишимиз керак. Агар уни мухтор вакилларииз рўйхатига киритсак, яхши бўлади деб ўйлайман. Бу одам давлатимиз учун керакли одам”. Пиримқул Қодиров бу сўзларни эшитиб, бир зумда ўз фикрини ўзгартириб чинқира бошлади: “Қаранглар! Қаранглар! Президентимиз тантилик қиляптилар! Президентимиз Ислом Каримов жуда тўғри гапирдилар! Албатта президентимиз тўғри ўйлайдилар, душманимиз ташқарида қолганидан кўра, ичимизда бўлгани яхшида”. Шундан кейин менинг номим рўйхатга киритилди ва бир овоздан тасдиқланди.

Шундай қилиб, Ислом Каримовниг таклифи билан мен Ўзбекистон Республикасидан СССР Олий Советига мухтор вакил этиб сайландим.

Бир неча кун ўтиб қандайдир йиғилишда иштирок этиш учун президент девонхонасига етиб келганимда йўлакда тасодифан Ислом Абдуғаниевичга дуч келиб қолдим. Биз саломлашдик, бироқ Каримов қўлимни қўйиб юбормай четга тортди. “Москвада республикамизнинг вакили қилиб номзодингни кўрсатдим, сен эса ҳатто раҳмат ҳам демадинг-а?” – дея ҳазиломуз оҳангда мени уялтирди.

- Ислом Абдуғаниевич, ишонч билдирганингиз учун миннатдорман. Бироқ ростини айтсам, мени қўллаганингиздан ҳайрон бўлдим.

- Гарчи менга душман бўлсанг ҳам... - дея гапини давом этаётганди, бу масалада ўз фикримни тушунтириш мақсадида унинг сўзини бўлдим:

- Ислом Абдуғаниевич, Сизга олдин ҳам айтганман, мен Сизнинг душманингиз эмасман, фақат сиёсий позициям сизникидан фарқ қилади, холос. Шахсан ўзингизга нисбатан ҳеч қандай эътирозим йўқ, Сизни давлат раҳбари сифатида ҳурмат қиламан ва Сизни ўзимга душман деб ҳисобламайман. Сиз ўтказаётган сиёсатга нисбатан мухолифатдаги фикрларни билдириб келганим учун менга адоват қилишингизни нотўғри деб ўйлайман. Менимча, бу нарса ўртамиздаги муносабатларга таъсир кўрсатмаслиги керак.

Бошланган мавзудан аччиқланган Каримов: “Майли, бу гапларингни қўятур. Гарчи менга душман бўлсанг ёки ўзинг айтаётгандек, мухолифатчи бўлсанг ҳам сени номзодингни нега кўрсатганимни яхши биласан. Бизнинг одамларимиз Москвада мум тишлагандек жим ўтирадилар, сен бўлсанг ўз фикрингни эркин изҳор эта оласан, деб ўйладим. Керакли пайтда сен Республикамизнинг манфаатларини ҳимоя қила олишинга ишонаман”.

Шундан кейин у ўзи билан бирга ишлашни таклиф қиилгандек бўлди: “Нима қиласан бу мухолифат билан ўралашиб, мен билан ишлаганинг яхши эмасми? Уларнинг кўпини ичида нима борлигини жуда яхши биламан, нуқул шанғилар, долзарб муаммолар бўйича бирорта тузук таклиф кўтариб чиқишни билишмайди, нуқул фитна қўзғаб юришади...”

Президент бунақа гапларни менга биринчи бор гапираётган эмасди, шунинг учун нима деб жавоб беришни билардим:

- Ислом Абдуғаниевич, Сиз билан ҳамкорлик қилишга доим тайёрман, аммо бугун кайфиятингиз яхшилигида менга бирорта қизиқарли ишни бериб қўясизу, эртага аччиғингиз чиқса, ҳайдаб соласиз. Майли, мени ўз жамоангизга мухолифатнинг расмий вакили сифатида қабул қилинг, ҳамкорлик рамзи сифатида, мен рози бўламан.

Мажлис бошланишига оз вақт қолди, Каримов президиумга шошаётгани учун, “Майли, бу масалага кейинроқ қайтамиз...” деди. Аммо кейин биз бу масалага ҳеч қачон қайтганимиз йўқ...

“Тила тилагингни”

Ачинарлиси, қуйи табақа саналувчи одамлар манманлик ва шуҳратпарастликка шунчалик муккасидан кетганларини намоён қилардиларки, бу нарса Каримовнинг ҳозирги кунда мустабидга айланишига фақат кўмак, берди, холос. Мисол учун, 1990 йилда биз бирликчилар ўзбек аскарларининг ҳарбий хизматни ўз республикамимзда ўташ тўғрисидаги талабни кўтариб чиққанмиз. Ўша нотинч йилларда Совет Армияси ҳарбий қисмларида ўзбек, тожик, қозоқ, қирғиз ва турман аскарларини уриб-калтаклаш ҳолатлари кўпайиб кетди. Республикамизда норозилик тўлқини кўтарилди. Кунлардан бир куни ҳалок бўлган солдатнинг аэропортдан олиб келинган тобутини кўтарган норозилик акцияси иштирокчиларининг олдига Каримов шахсан ўзи чиқишга қарор қилди. Вазият ўта таранг эди...

Каримов нобуд бўлган аскарнинг ғамнок отаси олдига келиб, “Отахон, истаганингизни сўранг, айтганларингизни ҳаммасини бажо келтираман”, деди. Боласидан айрилган отанинг жавоби нақадар чучмаллигидан ақлим лол қотаёзди: “Ўғлимнинг номини у ўқиган мактабга қўйишсин”. Каримов унга ажабланиб қаради: “Албатта шундай қиламиз, энди машинага ўтирингда, ўғлингизни дафн маросимини муносиб равишда бажаринг...”

Шу гаплардан кейин ҳаётнинг аччиқ мактабини кўрган Каримовнинг хаёлига оддий фуқаро, фақат ўз ҳузур-ҳаловати ҳақида фикр юртадиган одамлар ҳақида нималар келди деб тасаввур қилиш қийин эмас. У одамларнинг яхши-ёмонини ажратишга уста, уларнинг ички ҳиссиётларини сезар ва уларни бошқаришни қойил қилиб қўярди...

Наманган ва диндорлар

Шўролар ҳокимияти қулаши билан мафкуравий бўшлиқни диний эътиқод тўлдира бошлади. Ўзбекистонда ҳам одамлар аждодларининг динига чекловларсиз эътиқод қилиш, масжидлар қуриш, мусулмон ўлкаларига сафар қилиш, хаж зиёратларини бажариш ва кўплаб мамлакатларнинг диний уламолари билан учрашиш имкониятига эга бўлдилар. Каримов ижтимоий ҳаётнинг шу омилидан ҳам фаол фойдаланишга ва гўё мамлакатда Ислом қадриятларининг тикланиши фақат унинг номи билан боғлиқдек тақдим этишга уриниб кўрди. У бу жараённи назорат остида ушлаб тура олишига ишонар ва бунда давлат хавфсизлигига таҳдид йўқ деб ҳисобларди. Эътиқод эркинлиги тақдим этилганидан хурсанд бўлган республика аҳолсининг чин дилдан билдирган миннатдорчиликлари уни алданиб қолишига сабаб бўлди.

Бироқ 1991-92 йилларда Наманганда содир бўлган воқеалар унинг бу борадаги иллюзияларини парчалаб ташлади, ислом радикализми нақадар хавфли куч эканлигини кўрсатиб қўйди. Ўша пайтда Наманган исломчиларнинг таянч масканига айланиб қолган, кўплаб диний ташкилотлар томонидан назорат остига олинган эди. Уларнинг энг машҳури – таркибига радикал уламолар вакиллари, собиқ десантчилар, Афғонистондаги уруш ветаранлари кирган “Адолат” бўлиб қолди. Ўшанда, 1991 йил декабрда маҳаллий фаолларнинг Каримов билан учрашувни таъминлаш тўғрисидаги талабини эътиборга олмаган маҳаллий ҳокимиятнинг нўноқ ҳаракатларига жавобан улар номи дунёга танилган Тоҳир Йўлдошев раҳбарлиги остида обком биносини эгаллаб олдилар. Каримов бир кун олдин сайловолди дастури доирасида Наманганда бўлган маҳаллий ҳокимлик томонидан танланган фуқаролар билан учрашув ўтказиб бўлиб, Тошкентга кетиб қолган эди. Эслатиб ўтаман, ўшанда республикада биринчи бор умумхалқ овоз бериш йўли билан президент сайловлари ўтиши кутилаётган ва амалдаги президент шу сайловда номзодлардан бир эди.

Каримов зудлик билан Наманганга қайтишга мажбур бўлди. У қатъиятлик билан бу вазиятда тансоқчилардан фойда йўқ, дея уларнинг кузатувида юришдан воз кечди. Тан олиш керак, Наманганда у ва унинг ҳамроҳи Исмоил Жўрабеков ғазабдан жунбушга келган оламон билан учрашишдан қўрқмади, ҳолбуки бу оламон битта нотўғри сўз туфайли уларни тилка-пора қилиб юборишлари мумкин эди. Амалда улар гаровда қолдилар ва қаҳрамонимиз бу вазиятдан соғ ва омон чиқиш учун олий даражадаги музокарачилик қобилиятларини намоён этди. Шу билан бирга, экстремистларнинг шариат қонунларини жорий этиш талабларига қарамай, Каримов Ўзбекистонда исломий жамият атрибутларини киритиш тўғрисидаги ваъдаларни беришга мажбур бўлди.

Афтидан Каримов ўшанда жамиятда диндорлик ривожланишининг назоратсиз қолиши, ислом билан ҳазил-хузуллар фалокатли оқибатларга олиб келишини тушуниб етган бўлса керак. Ўшанда, чаласавод мулла Тоҳир Йўлдошнинг олдида чўккалаб ўтирган ҳолда у ислом экстремизмининг “судралиб юрувчи экспансиясига” қарши кураш учун қатъий чоралар зарурлигини, акс ҳолда, радикал кайфиятдаги гуруҳлар ўз таъсирини бутун республикага ёйишларини тушуниб етган бўлиши керак. Агар шундай бўлиб қолганда, у ҳукмдорлик жиловини қўлдан бой бериши аниқ эди.

Ушбу таҳдидларни бартараф этиш мақсадида Ислом Каримов диний гуруҳлар ва фаолларга қарши шавқатсиз таъқиб механизмларини ишга солди ва бу таъқиблар ҳамон давом этмоқда. Натижада кўплаб диний етакчилар жисмонан йўқ қилинди, минглаб диндорлар турмаларга ташланди. Тахмин қилиш мумкинки, ушбу репрессиялар учун жавобгарликдан қўрқув ҳисси уни ҳукмдорлик тахтидан ажралмасликка ундовчи асосий омил бўлиб қолди. Унинг бу қарори 2005 йил 13 май кунги андижон қатлиомидан сўнг янада мустаҳкамаланди: энди у агар тахтдан кетса на ўзи ва на оиласининг соғ-омон қолишига ишонмай қўйди. Айнан ўша муқаррар фожиа президентлик курсисида сўнгги нафасгача қолиш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга ундаганининг эҳтимоли жуда катта.

Ушбу видео YouTube порталидаги “Фарғона” канали орқали 38 минг бор кўрилган

Ҳамма душман бўлиб кўринса...

Янги давлатда барча нарса Ислом Каримовнинг режаси билан барпо этилган. Ҳар ҳолда унинг ўзи шундай деб ўйлайди. Давлат рамзи, янги бошқарув аппарати, армия, хавфсизлик органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, судлар, қонун чиқаришлик ва ҳоказолар ортидан “Ота”нинг хушёр нигоҳи кузатиб туради. Турган гап, ўзини “янги уй қурувчиси” ва “давлат яратувчиси” сифатида ҳис этиш ўзига юқори баҳо беришга ҳамда мамлакатнинг “эгаси” ва “мислсиз тарихий шахс” дея ҳисоблашга асос беради. Бироқ камдан-кам одамлар биладики, мазкур “ислоҳотлар” шўролар андозаси бўйича бичилиб, “Бирлик” ва “Эрк”дан ўғирланган шиорлар билан безанган.

Ҳужжатларда, тарих бўйича дарсликларда гап фақат битта одам – ҳамма нарсани яратиб, барпо этган Ислом Каримов ҳақида кетади. Бошқа ҳеч ким ёдга олинмайди. У ўзига душман, қулай фурсат туғилиши билан амал курсисидан ағдариш пайтини пойлаётган дея гумон қилган номенклатура ва сиёсий рақиблари қуршовида шу ишларнинг устида ишлагани рост. У айниқса москвалик “комиссар”ларнинг оёқ тагида ўралашиб юришини ёқтирмасди, хусусан, МК иккинчи секретари Ефимовни кўргани кўзи йўқ эди ва имконияти туғилиши билан уни назар-писанд қилмаслигини намойиш қиларди. Кейинроқ у “москва десантини” Ўзбекистондан қувиб солади ва ғурур билан “уларни чиққан жойига киритиб юбордим” дея гапириб юради. У, шунингдек, ўзига қарши очиқ қаршилик кўрсатувчи, демократик ўзгаришларни талаб қилувчи“Бирлик” ва “Эрк” мухолифат ташкилотларини душман деб ҳисобларди. Бутун умри давомида у ҳаммани ўзига душман ҳисоблаб, уларга қарши курашиб ва йўқ қилиб келган. Каримов аввали бошдан мамлакатни репрессив усуллар билан бошқаришни, мамлакат Ўзбекистон фуқароларини ўлдиришни ёки мамлакатдан қувишни режалаштирган деб ҳисобламайман. Бироқ хато ва камчиликлар кўпайиб, танқидлар кучайиши билан, унинг назарида қўйилган мақсадларга эришишга тўсқинлик қилувчи кучларни кўра бошлаган ва уларни ҳар қандай йўл билан йўқ қилишга ўзини ҳақли дея ҳисоблай бошлаган.

Олий Мажлиснинг 1992 йил июнида ўтган сессиясида Каримов “Мамлакатимиз халқининг фаравонлигини таъминлаш учун мен бир неча одамларнинг бошини ёриб ташлашга тайёрман”, деб билдирганди. Бу гаплардан бир неча кун олдин эса номаълум кишилар “Бирлик” халқ ҳаракатининг лидери Абдураҳим Пўлатовни арматура билан уриб бошини ёришган ва бу одам энди ўлди, деган ўй билан кўчада ташлаб кетишганди. Шунигдек, мухолифатнинг бошқа фаоллари ҳам номаълум одамларнинг ҳужумига тўқнаш келдилар. Мен ҳам шундай суиқасднинг “лаззатини” таътиб кўрдим: номаълум кишилар Тошкент аэропорти ҳудудида арматуранинг мустаҳкамлигини баданимда синаб кўрдилар. Мен буни биринчи огоҳлантирувчи сигнал сифатида қабул қилдим. Иккинчи сигнал бир неча ой ўтиб янгради – мени милиционерга бўйсунмасликда айблаб 15 суткага қамаб қўйдилар. Шундан кейин сохта айбловлар дўлдек ёғила бошлади. Жамоат тартибини бузиш, Андижон турмасидан қочишга уриниш ва қўриқчига ҳужум, қамоқ режимини мунтазам тарзда бузишлар. Андижонда суд, андижон турмасида бир ярим йил, кейин Тоштурма ва пировардида, Қизилтепага келиб қолдим. Қатағаон машинасининг тезлиги ортганидан ортиб борарди...

***

...Йўлимиз поёнига етиб қолди, биз Тошкентга кириб келдик. Хотиралар оғушидан ўша фурсат воқелигага қайта бошладим. Мен бундан кейин қандай ҳаёт кечираман, дея хаёл сура бошладим...

Биз ўзбекистонликлар “адолатли подшоҳ” ҳақидаги хом хаёлларимиздан қутилсак, жуда соз иш бўларди, деган хулосага келганман. Бу – халқимизнинг ҳамда аксарият зиёлиларимизнинг энг катта хатоси бўлиб, бу фикрни маддоҳ ёзувчиларимиз сингдирган, деб ўйлайман. Адолатли ҳукмдорга ишонмаслик керак, уларни жиловда ушлаб турадиган тийиш ва мувозанатда ушлаш тизимини яратмоқ лозим. Раҳбарнинг яхшими-ёмонми бўлишидан қатъий назар битта қоида бўйича ҳаракат қилишга мажбур қилувчи тизимнинг қурилиши ва фаолияти адолатли бўлиш керак. Ўшанда ҳукмдор ҳаддидан ошмайди, дея кафолат бериш мумкин бўлади.

Ҳар биримизда диктаторликка мойиллик бор бўлиб, ҳозирги президентимизникидан кам бўлмаса керак. Агар жиловловчи тизим бўлмаса, тахтни эгаллаган ҳар қандай одам навбатдаги “каримов”га айланиши муқаррар. У эндигина оёққа тураётган пайтда диктаторга қарши курашмоқчи бўлганларни қўлламаганмиз. Расмийларнинг бошбошдоқлигига қарши курашчиларни турмаларга ташлашаётганда, биз индамай қараб тураверганмиз. Унинг яхши лавозим кўринишидаги хайр-садақаларни шодлик ила қабул қилган ҳам биз. Биз турли кўринишдаги коррупциявий схемаларда берилиб қатнашамиз ва буни деярли яширмаймиз. Боз устига, элимиз орасида пора бериш/олиш эвазига муаммоларни ҳал қила олиш тадбиркорлик ва “фахр” рамзига айланган. Бу каби руҳий муҳит ҳокимият устига келган одамни бузғунчига айлантириши муқаррар. Ҳатто бу одамнинг кўз қарашлари демократик ва либерал бўлса ҳам...

Пўлат Охунов, 2015 йил, март. “Фарғона” учун махсус

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги