08:40 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Америкада ҳалифаликни қўллашда гумонланган икки ўзбекистонлик ва бир қозоғистонлик йигит қўлга олинди

02.03.2015 16:47 msk

Фарғона

Америка Қўшма Штатларида 25 февраль куни Ўзбекистоннинг икки ва Қозоғистоннинг бир фуқароси қўлга олиндилар, ҳуфия хизмат жосусларининг маълумотига кўра, улар Сурияга бориб “Ироқ ва Шом Ислом давлати” (ИШИД, ИД, ISIS ёки IS ингл., Daesh араб.) сафида жанг қилиш истагини билдган эдилар, дея хабар беради Associated Press. Улар 2014 йил августида АҚШ расмийларининг назарига тушиб қолдилар. Грин-кард бўйича АҚШга Ўзбекистондан келган 24 ёшли Абдурасул Жўрабоев Нью-Йоркнинг Бруклин даҳасида истиқомат қиларди. У ИШИДга тқарашли ўзбек тилидаги сайтлардан бирида бу ташкилотга қўшилишни исташини ҳамда ўз жонини гаровга қўйган ҳолда “кофирларнинг қалбига қўрқув солиш учун”АҚШ президенти Барак Обамани отиб ўлдиришга тайёрлигини маълум қилди. Шунингдек, у Кони-Айлендда (Бруклиннинг бир қисми) бомба портлатишни таклиф этди.

Жўрабоев 19 ёшли Аҳрор Сайдахметов билан танишди, у ҳам ИШИДга қўшилиш иштиёқини изҳор этиб келаётганди. Улар қандай қилиб Сурияга етиб боришни муҳокама қилишар, “Ислом давлати”нинг машғулотлар лагерларида суратга олинган видеоёзувларни томоша қилишарди. Сайдахметов сентябрда Сурияга боришни ва жиҳодда иштирок этиш истагида ёнаётгани, аммо онаси бунга қарши чиқиб, паспортини яшириб қўйгани ҳақида ёзди. Сайдахматов онасига телефон қилиб, Ўзбекистонга қариндошларини кўриб келмоқчи бўлаётганини айтди, аммо онасининг аччиғи келиб телефон гўшагини ташлаб юборди.

ТАСС ахборот агентлиги АҚШ расмийларига таяниб билдиришича, 2014 йил августида махсус хизмат ходимлари Жўрабоевнинг ниятини аниқроқ билиш мақсадида ўзларини ошкор этмаган ҳолда билан учрашиб суҳбатлашдилар. У ёзилган нарсаларнинг ҳаммаси, шу жумладан, Барак Обамани ўлдиришга тайёрлиги рост гап эканлигини тасдиқлади. Шу суҳбат давомида у Сайдахметов билан дўстлашгани ва у билан ҳамфикр эканлиги ҳақида айтиб берди. Унинг ушбу сўзларининг барчаси аудиоаппаратурага ёзиб олинди. Шунингдек, Жўрабоев билан Сайдахметов ўртасидаги кейин ўтган барча суҳбатлари, шу жумладан, Сурияга сафра режаларининг муҳокамалари ва АҚШда амалга оширилажак ҳужумлар тўғрисидаги гаплари ёзиб олинди. “Мен АК-47 (Калашников) автоматини сотиб оламанда, кўчага чиқиб ҳамма полициячиларни отиб ташлайман”, - деганди Сайдахметов.

Бунгача у АҚШга Ўзбекистондан келган ҳамда Флорида, Жоржия ва Филаделфия штатлардаги савдо марказларида жойлашган телефон таъмирлайдиган ва ошхона буюмларини сотиш бўйича бир нечта дўконларга эгалик қилаётган 30 ёшли Аброр Ҳабибовнинг қўл остида ишлаб юрарди. Прокурорлар тақдим этган маълумотларга кўра, Ҳабибов Сайдахметовга Сурия йўл харажатларини қоплашни ваъда қилган ва сўзини устидан чиқиб Туркияга авиачипта сотиб олиб берган эди. Бу ердан қозоғистонлик Сайдахметов кўзланган жойга етиб бориши керак эди.

Сайдахметовни Кеннеди аэропортида қўлга олдилар, бу ердан у Истанбулга жўнаши керак эди. Унинг ортида кузатув олиб бораётган махсус хизмат ходимларига кўра, ташқи кўринишда Сайдахметов мутлақо хотиржам ҳаракат қилиб, ҳеч кимнинг эътиборини ўзига жалб қилмаган – оддийгина америкалик ўспиринга ўхшаб тураррди. У кредит карточка орқали 571 доллар тўлаб, Туркиягача бориш ва қайтиш учун энг арзон авиачипта сотиб олди.

Жўрабоев Истанбулга март ойида борадиган самолётга чипта сотиб олди, аммо Бруклинда ҳибсга олинди. Ҳабибов Флорида штатида ҳибсда сақланмоқда. Уларнинг уччови ИШИД террорчилик ташкилотига моддий кўмак кўрсатиш мақсадида тил бириктиришда айбланмоқдалар, уларни 15 йилгача озодликдан маҳрум этишлари мумкин.

АҚШ Адлия вазирлиги ўтган йили Сурия ва Ироқнинг бир қисмини назорат қилаётган “Ислом давлати” каби террорчилик ҳаракатлари сафида жанг қилиш учун Яқин Шарққа боришни режалаштириб юрган йигирмага яқин одамни аниқлади. Федерал мутасаддилар баъзи америкаликларнинг машғулот лагерларида тайёргарчилик кўриб, террорчилик ҳаракатларини ўтказиш учун Америкага қайтишни режалаштираётганидан хавотирда. “Сурияга кириб келаётган чет эллик жанггариларнинг оқими мамлакатимиз ва иттифоқчиларимиз учун тобора ўсиб бораётган таҳдид бўлиб қолмоқда”, - дея огоҳлантиради Барак Обама томонидан мамлакат бош прокурори лавозимига номзод қилиб кўрсатилган давлат прокурори Лоретта Линч..

Шу вақтнинг ўзида АҚШда Ўзбекистон фуқаролари, 2012 йил январида Чикаго аэропортида қўлга олинган Жамшид Мухторовга, 2013 йил май ойида Айдахо штатининиг Бойсе шаҳрида қўлга олинган Фазлиддин Қурбоновга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари бўйича суд процесслари давом этмоқда. Улар хорижий террорчилик ташкилотларини қўллашда ҳамда терактларни амалга оширишни режалаштиришда айбланишмоқда.

Шу вақтнинг ўзида, ИШИД учун жанг қилаётган ўзбекларнинг ҳалок бўлаётгани ҳақидаги хабарлар тўхтамамяпти. Куни-кеча Сурияда кам деганда беш нафар ўзбекистонликларнинг ҳалок бўлгани маълум бўлди. Озодлик радиоси хабар беришича, февраль ойида Фарғона вилояти Бешариқ туманидан уч нафар ҳамда Тошкент вилояти Бекобод туманидан икки нафар ўзбек фуқароларининг Суриядаги жиҳодда шаҳид бўлгани ҳақида маълумотлар келиб тушди.

Озодлик радиосининг “Ислом давлати”га яқин манбаси айтишича, шу чоққача кам деганда 900 нафар Ўзбекистон фуқаролари ИШИД ташвиқотига берилиб, Сурия ҳудудида ҳалок бўлган. Ўзбек мужоҳидларининг таъкидлашича, Сурияда 3000-4000 ўзбеклар жанг қиляптилар, уларнинг аксарияти ҳарбий тайёргарлик кўрмаганлари боис, қисқа вақт ичида нобуд бўляптилар. Шунингдек, халқаро кучларнинг ИШИД лагерларига ҳужумлари оқибатида ҳам жуда кўп ўзбеклар ҳалок бўлмоқда.

“Ислом давлати” яқинда Коба шаҳрини тарк этишга мажбур бўлди. Америкаликаларнинг ҳисоб-китобига кўра, Коба шаҳри учун жангларда бир ҳафта ичида кам деганда 100 нафар жанггари ҳалок бўлган. Айни пайтда жангавор ҳаракатлар асосан Ироқ –Сурия чегарасидаги Анбар вилоятида, Ал-Бағдодий шаҳри атрофида олиб борилмоқда. Бунақа жангларда биринчи бўлиб ўзбек мужоҳидллари ҳалок бўлишяпти, чунки улар пиёда жанг қиляптилар. Араб қўмондонлиги уларга шаҳидликни ваъда қилиб, ўзлари бехавотир жойларда жон сақлаяптилар, болаларни эса тегирмонга ташлаяптилар”, - дейди “Озодлик” радиосининг Ироқ хизмати эксперти Петр Кобалекка.

Унинг айтишича, ИШИД қўмондонлиги асосан Саддам Ҳусайн даврида кучишлатар тузилмаларида ишлаб келган Баас партиясининг собиқ аъзоларидан иборат бўлиб, улар на жиҳодга ва на шаҳидликка ишонадилар. Жанггариларга уқтирилаётган “шаҳид мақомига эришиш – энг катта ютуқ” деган тамойилларга ўзлари мутлақо амал қилмайдилар.

Ўзбекистонликлардан бирининг Озодлик радиосига айтишича, унинг қариндошларидан бири ҳам шундай ташвиқотга учраган: “Менинг опам эри ва болалари билан Сурияга кетиб қолди. Улар “Ислом давлати” тарафдорлари. Беш ой муқаддам улар 15 ёшли қизини жанггарилардан бирига турмушга бердилар – у ерда аёллар эрсиз бўлиши мумкин эмас экан. Икки ой олдин куёви урушда ҳалок бўлди. Опам буни шунақа қувонч билан маълум қилганидан ҳайрон қолдик. Куёвимиз Аллоҳ йўлида шаҳид бўлди! Кошки эди, биз ҳам шу мақомга эришсак, - деди опам. Улар бир-бирларини шаҳидлик мақоми билан қутлар эканлар. Жияним эрининг ўлганидан қўрққанидан боласи тушиб қолди. Энди уни яна бирортасига эрга беришса керак”.

“Ислом давлати” 2006 йилда Ироқда ўн битта радикал гуруҳларнинг қўшилиши натижасида пайдо бўлиб, дунё ҳамжамияти учун энг асосий жаҳон муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Аксарият қисми ироқлик ва суриялик сунний мазҳабига мансуб жанггарилардан иборат. ИШИДга қарши кураш олиб борадиган ягона фронт ҳозирча йўқ.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги