11:34 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Доктор Номоз Нормўмин: “Мусулмонлар диктатурага қарши курашишлари лозим” (давоми)

02.03.2015 16:43 msk

Фарғона

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Намоз Нормўминнинг сайловолди ДАСТУРИ (давоми)

8 ҲУҚУҚИЙ ИСЛОҲОТЛАР: ЭРКИНЛИК ВА АДОЛАТНИ БИР БИРИГА БОҒЛАШ

Ҳуқуқий соҳада асос инсонларнинг жони, ақли, мол мулки, насли ва обрў эътиборининг дахлсизлигини таъминлайдиган адолатли қонунларни жорий қилишдир. Бу қонунлар доирасида фуқароларга сўз ва матбуот эркинлиги, ижтимоий ва маданий ташкилотлар тузиш эркинлиги, намойиш ва мажлислар ўтказиш эркинлиги каби эркинликлар берилади.

Шу билан бирга ҳуқуқ ва қонунларнинг устунлигини таъминлаш учун Давлат Маҳкамаси, вилоят ва туман маҳкамаларининг ижро ҳокимиятидан мустақиллигининг таъминланиши шартдир. Бундай қилинганда давлатнинг раҳбарлари ҳам, оддий фйқаролар ҳам ҳуқуқ ва қонунлар олдида тенг ҳисобланадилар ва жиноят содир қилганларида адолатли қонунлар олдида жавоб берадилар.

9 ИҚТИСОДИЙ ИСЛОҲОТЛАР: ҲАЛОЛ МЕҲНАТ, ХУСУСИЙ МУЛКЧИЛИК, ЭРКИН ТИЖОРАТ ВА ТАДБИРКОРЛИК. ДАВЛАТ ХАЛҚНИ БОҚМАЙДИ, ХАЛҚ ЎЗИНИ ҲАМ, ДАВЛАТНИ ҲАМ БОҚАДИ.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотлардан бири иқтисодий соҳадаги ислоҳотлардир. Ислом Каримов ўзининг сиёсатчи эмас (сиёсатчи бўлмаса 26 йилдир сиёсий мансабни нега эгаллаб ўтирибди!?) иқтисодчи эканлиги билан мақтансада, мустақилликдан кейинги ўтган даврда Ўзбекистон иқтисодий тамоман вайрон ҳолга келди ва ватанимиз дунёнинг энг камбағал давлатларидан бирига айланди. Халқаро манбаларга кўра иқтисодий тараққиётнинг асосий кўрсаткичи бўлган Ялпи Ички Маҳсулотнинг (ЯИМ) киши бошига тушадиган нисбати бугун 1900 доллардир. Бу кўрсаткич Қозоғизстон ва Туркияда 12 000 доллар, Норвегияда эса 50000 долларга яқиндир. Бундай иқтисодий бўҳрон натижасида Ўзбекистондан меҳнатга лаёқатли энг камида 6 миллион киши иш ва нон излаб чет мамлакатларда дарбадар бўлиб юрибдилар.

Иқтисодий соҳани ислоҳ қилиш учун уни 3 га бўлиш мақсадга мувофиқдир:

1. Давлат назорат қиладиган стратегик соҳа. Бу олтин, нефть, табиий газ, ҳарбий саноат ва ҳ.к. иқтисодий соҳалардир.

2. Давлат халққа ижарага берадиган стратегик аҳамиятга эга бўлмаган корхоналар. Шу жумладан ер ҳам ҳақиқий маънода фермерларга ижрага берилиши керак, ҳозиргидек хўжакўрсинга эмас.

3. Аҳоли тўлиқ мулк эгаси бўладиган ўрта ва кичик корхоналар ва бошқа иқтисодий соҳалар.

Бундай иқтисодий ислоҳотлар натижасида фуқароларимиз ҳақиқий маънода эркин меҳнат, тадбиркорлик ва тижорат билан шуғулланиш ҳуқуқини қўлга киритадилар ва бу қисқа муддатда инсонларнинг моддий аҳволининг яхши томонга ўзгаришига олиб келади.

Иқтисодий соҳани бундай 3 бўлимга бўлиш ва бу асосда ислоҳотлар ўтказиш билан бирга уни издан чиқараётган судхўрлик, порахўрлик, ўғрилик, давлат ва халқ мулкини талон тарож қилишга қарши адолатли қонунлар асосида ҳақиқий кураш бошланади. Шу билан солиқ ва божхона қонунлари янги шароитда мослаштирилиб, халқимизнинг эркин меҳнат билан ўзини ва давлатини таъминлаши учун имкониятлар яратилади.

Ўзбекистонга қўшни бўлган Ўрта Осиё давлатлари билан умумий иқтисодий бозор соҳаси ташкил қилиниб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва товарларни бу умумий бозорда ва дунёнинг бошқа мамлакатларига сотиш (экспорт қилиш) қулайлаштирилади.

Ўзбекистонда Каримов диктатурасининг тугатилиш билан мамлакатмизга чет давлатлардан сармоя келиши ҳам ҳеч шубҳасиз жиддий миқдорда ортади.

Бундай иқтисодий ислоҳотлар натижасида яқин 5 йиллик муддатда Ялпи Ички Маҳсулотнинг кишига бошига тушадиган нисбатини 10 000 доллар ёки ундан ҳам кўпроққа етказиш имкони пайдо бўлади.

10 БЎЛИМ

ДИН СОҲАСИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР: ИСЛОМ ДИНИ ИМОНСИЗЛИК, ЁЛҒОН, ЗУЛМ, ПОРАХЎРЛИК ВА АХЛОҚИЙ ТУБАНЛИКЛАРНИ ЙЎҚ ҚИЛАДИГАН ЯГОНА ЧОРАДИР.

Маълум бўлгани каби Ислом дини Аллоҳ таоло инсонларга нозил қилган сўнг илоҳий Китоб Қуръони Каримга ва пайғамбарларнинг охиргиси Муҳаммад (сав)нинг саҳиҳ Суннатларига асосланади.

Ислом динининг асосий қоидалари шулардан иборатдир:

Яккахудоликка имон келтириш ва бунинг зидди бўлган кўпхудоликни, яъни Аллоҳ таолога ширк келтиришни рад қилиш ва Муҳаммад (сав)нинг Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбари эканлигига имон келтиришдир.

Ислом динининг ғарб дунёсидаги ва бошқа мамлакатлардаги дин тушунчасидан фарқ қилади. Ғарб дунёсида “дин” дейилганда инсонларнинг шахсий эътиқоди ва таркидунёчилик, яъни инсон ҳаётидаги моддий қадриятларга эътибор бермаслик тушунилади. Шунинг учун ҳам ғарб дунёсида бундай динни дунё ишларига, яъни ижтимоий ҳаётга аралаштирмаслик учун дунёвийлик (секуларизм) қоидасига амал қилинади.Ислом динида эса ҳам моддий ва маънавий қадриятларга бир хил даражада ўрин берилади, улар бир бирини инкор қилмайди, аксинча бир бирига маъно беради. Бу билан инсонларнинг бу дунёда ҳаётида ҳам, охират ҳаётида ҳам саодатли бўлиши назарда тутилади. Демак, Ислом динининг ўз дунёвийлик қоидалари бор ва шу сабабдан мусулмонлар кўпчиликни ташкил қиладиган жамиятларда ғарбликларни ижтимоий ҳаётида ўрин олган дунёвийлик (секуларизм) қоидасига эҳтиёж бўлмайди.

Ислом динининг намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, ҳажга бориш каби ибодатларини адо этиш жуда қулай ва мусулмонлардан жуда оз вақт ажратишни талаб қилади.

Шу билан бирга Ислом дини ҳалол бўлган нарса ва амалларни ҳаром бўлган нарса ва амаллардан ажратади, инсонда яхши алоқий хислатларни тарбиялайди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги ижтимоий ҳаётнинг инқирозига сабаб бўлган ИМОНСИЗЛИК, ЁЛҒОН, ЗУЛМ, ПОРАХЎРЛИК ВА АХЛОҚИЙ ТУБАНЛИКЛАРНИ ЙЎҚ ҚИЛАДИГАН ЯГОНА ЧОРА ИСЛОМ ДИНИДИР.

Ислом Каримов диктатурасида энг ашаддий қатағонлар Ислом дини ва унинг вакилларига қарши ўтказилиб келаётгани Ўзбекистонда ҳам, чет давлатларда ҳам жуда яхши маълумдир. Бу диктутура мингларча бегуноҳ мусулмонларни радикализм ва бошқа сохта айблар билан ўлдирди, ўн мингларчаси “Жаслиқ” концлагери каби қамоқхоналарда ваҳшийларча қийнади ва қийнамоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда сони 10 мингга яқинлашган масжид ва жомеълар сони бугунги кунга келиб 2 мингдан ҳам оз бўлиб қолди.

Ислом дини билан алоқали жамиятда қилиниши керак бўлган ўзгаришлар қуйидагича бўлиши зарур, деб ҳасоблайман:

Биринчидан: Ислом динининг асоси бўлган тавҳидий имон, унинг ибодатлари, ижтимоий, илмий, ахлоқий ва оилавий қоидалари содда шаклда инсонларга тушунтирилиши керак. Бу шаклда асосий қисми мусулмонлардан иборат бўлган халқимиз ўз динини қулай ва нисбатан тез муддатда яхши ўрганиш имконига эга бўлади.

Иккинчидан: Хозирги кунда мусулмон мамлакатларда Ислом динини жуда яхши ўрганган ва илми билан амал қиладиган жуда кўп аҳли илмларимиз бор. Уларнинг иштирокида Мустақил Уламолар Кенгашини тузиш ўта муҳимдир. Бу Кенгашнинг вазифаси халқимизга Ислом динини ўргатиш дастурини ҳозирлаш, мусулмонлар орасидаги турли гуруҳларни ўртасида ўзаро бирлик ва ҳамкорликни таъминлаш ва диниимизнинг ибодат, ахлоқ, ҳалол ва ҳаромга оид ва ижтимоий қоидаларини шахс ва жамият ҳаётига жорий қилишнинг усуллларини ишлаб чиқиш ва буларни амалга оширишда давлат ва ҳукумат органлари билан ҳамкорлик қилишдир.

Мана шундай Исломий ўзгаришлар натижасида жамиятда аста секинлик имонийлик, яхши ахлоқ, тоат ибодатлилик, инсонлар орасида ўзаро меҳр шафқат ортиб боради, мусулмонларнинг турли гуруҳларга бўлиниб ўзаро низо қилишларига йўқ қўйилмайди, мусулмонларнинг бу дунё ва охират ҳаётида саодатли бўлишлари учун имконлар пайдо бўлади, инша Аллоҳ!

11 ТАЪЛИМ ТАРБИЯ ТИЗИМИ ИСЛОҲОТИ ВА ЖАМИЯТДА ОИЛАНИНГ РОЛИ. ИЖТИМОИЙ АДОЛАТ ВА ТИББИЁТ СОҲАСИНИ ТАРАҚҚИЙ ҚИЛДИРИШ

Маориф, таълим тарбия соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш халқимизнинг янги авлодларининг жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол бўлиб етишишининг, шу билан бирга ватанимиз ва давлатмизнинг келажакда инқирозга юз тутмай, бутун ижтимоий соҳаларга тараққиёт қилишининг асосидир.

Бунинг учун аввало шахсларнинг имонли, яхши ахлоқли, тоат ибодатли, дунёвий ишларда моҳир мутахассислар бўлиб кетишини таъминланиши керак. Мана шундай мусулмон эркаклар ва аёллардан ташкил топадиган оилаларда болаларни чақалоқлик давридан тўғри тарбия қилиш имкони яратилади.

Таълим тарбиянинг кейинги босқичи эса, бошланғич, ўрта, ўрта махсус ва олий таълим даргоҳларидир. Бу таълим ва тарбия даргоҳларида дунёвий илмларнинг исломий илмлар билан биргаликда ўргатилиши ёш авлодларнинг имонли ва яхши ахлоқли бўлиб ўсиши билан бирга, диний таълимни давлат назоратидан чиқариш, бунинг натижасида турли ўзаро рақобат ва ҳатто хусумат қилиши мумкин бўлган турли диний оқимларнинг ўртага чиқишига тўсиқлик ҳам қилади.

Таълим тарбиянинг бутун босқичлари ва соҳаларининг давлатнинг назоратида бўлиши, турли ижтимоий табақаларга бир хил, бепул таълим тарбия бериш имконини яратиш ҳам давлатнинг асосий вазифаларидан биридир.

Давлат шунингдек, етимлар, кимсасизлар, қариялар, ҳомиладор ва ёш болали оналарни нафақалар билан таъминлаш мажбуриятидадир. Бу билан жамиятда ижтимоий адолат ўрнатилади.

Тиббий соҳанинг тараққий қилиши мамлакат ва давлатнинг аввало иқтисодий жиҳатдан кучли бўлишига, инсонлар истеъмол қиладиган сув, озиқ овқатларнинг табиийлигига ва атроф муҳитнинг тозалигига боғлиқдир. Давлат ўз фуқароларининг сиҳатини қўриш учун тўғри сиёсат олиб бориши ва касалхонларда бепул даволанишни йўлга қўйиши зарур.

12 ПОРАХЎРЛИК ВА ДАВЛАТ МУЛКИНИ ТАЛОН ТАРОЖ ҚИЛИШГА ҚАРШИ КУРАШ

Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги диктатуранинг энг жирканч натижаларидан бири жамият ва давлат ҳаётининг бутун соҳаларида порахўрлик, таъмагирлик, халқ ва давлат мулкини ўғирлашнинг беқиёс даражада тарқалганлиги, яъни оммавий тус олганлигидир. Давлат идоралари учун оддий ҳолга айланган бу иллатнинг, таълим тарбия ва ҳатто диний идора фаолиятида (масалан, умра ва ҳажга боришдаги порахўрликлар) ўрин олишини бир миллий фожеа сифатида баҳолаш мумкиндир.

Порахўрлик, таъмагирлик, халқ ва давлат мулкини ўғирлашга қарши қуйидаги чора ва тадбирлар ишлатиши лозим:

Аввало Ўзбекистонда Каримов диктатурси тугатилиб, ушбу дастурда баён қилинган мафкуравий, сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий ва таълим тарбиявий ислоҳотлар амалга оширилиши шарт. Шунда жамиятда қонун ва ҳуқуқларнинг устунлиги таъминланади, фуқароларда имон ва тақво хусусиятлари пайдо бўлади, иқтисодий исдлоҳотлар натижасида умумий камбағаллик ўртадан кўтарилиб, ҳар бир шахс ва корхоналар учун ҳалол меҳнат, қонунларга кўра фаолият ва ҳалол фойдага эга бўлиш имкони яратилади. Бу эса ўз ўзидан инсонлар қалбида ва жамиятда тўғрилик ва адолатнинг устун бўлишига олиб келади.

Шу билан бирга порахўрлик, таъмагирлик, халқ ва давлат мулкини ўғирлашга, давлат идораларида бундай иллатлар билан шуғулланадиганларга қарши қатъий қонуний чоралар кўрилиши керак бўлади. Баъзи давлатларда бундай жиноятларга қарши ўлим жазоси ишлатилиши ҳам маълум. Ўзбекистонда эса ўтиш даврида бундай жиноят қилганларга энг камида 10 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси берилиб, порахўрлик ва ўғрилик билан ортирган мол мулки мусодара қилиниши керак, деб ҳислоблайман.

13 ИСЛОМ КАРИМОВ ОИЛАСИНИ ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИШ ВА УЛАР ЎҒИРЛАГАН ПУЛЛАРНИ ЎЗБЕКИСТОНГА ҚАЙТАРИШ

Ислом Каримов нафақат диктатор сифатида Ўзбекистон халқи ва давлатига қарши мислсиз жиноятлар содир қилди, балки унинг оиласи, яъни хотини ва қизлари Гулнора ва Лола Каримовалар ҳам оталарнинг қўллаб қувватлаши натижасида жуда катта ҳуқуқий, иқтисодий ва маънавий жиноятларга қўл урдилар. Бу ерда Татъяна Каримованинг жияни Акбарали Абдуллаевнинг кўра бир неча корхонадан «нақд кўринишда 800 миллион АҚШ долларидан ошиқроқ» маблағни ноқонуний ўзлаштиришда айблангани (бу ҳақда“Озодлик” радиоси хабар ҳам берганди), Гулнора Каримованинг Ўзбекистонда ва Швецария, Швеция ва Норвегия каби давлатларда иқтисодий жиноятларга шерик бўлгани, Гулнора ва Лола Каримоваларнинг Ўзбекистондан ўғирланган 1 Миллиард долларга яқин пулни ғарб давлатларидаги банкларида сақлаётганини айтишнинг ўзи бу оиланинг халқимиз ва давлатимизга қарши қандай қабиҳ жиноятлар қилганини тушуниб етиш учун етарлидир.

Ислом Каримов умрининг охиригача ўз мансабини тарк қилмасликка қарор берганинг асосий сабаби ҳам ўзининг бу жиноятлари учун жавоб беришдан қаттиқ қўрқишидир. Каримов умрбод тахтида ўтирадими йўқми, буни фақат келажак кўрсатади. Бу амалга ошганда ҳам унинг хотини, қизлари ва уларнинг яқинлари албатта яқин келажакда қилган жиноятлари учун адолатли қонунлар олдида жавоб беришлари керак бўлади.

Гулнора ва Лола Каримоваларнинг Ўзбекистондан ўғирланган ва ғарб давлатларидаги банкларида сақланаётган 1 миллиард долларга яқин пулларни қайтариш учун халқаро қонунлар доирасида бу ҳукуматларга Каримов оиласининг жиноятларига далил бўладиган бутун ҳужжатлар билан мурожаат қилинади. Бу пуллар қайтарилиши учун бу давлатлар билан яхши иқтисодий алоқалар ва шартномалар тузиш ҳам шарт сифатида қўйилиши мумкин.

14 ТАШҚИ СИЁСАТ: ДЎСТЛАР БИЛАН ДЎСТОНА, ДЎСТ БЎЛМАГАНЛАР БИЛАН ШАРТНОМА АСОСИДА ХАЛҚАРО МУНОСАБАТЛАР ЎРНАТИШ

Ташқи сиёсатда зудлик билан Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Турманистон ўртасида Оврупо Иттифоқига ўхшаш, фақат мусулмон халқларимизнинг эътиқодий ва яхши ахлоқий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда Ўрта Осиё давлатлари Иттифоқини тузиш ва бу давлатда умумий иқтисодий ва маданий ҳудудни ташкил қилиш. Ўрта Осиё давлатлари орасида бундай Иттифоқнинг тузилиши халқларимизнинг маънавий, маданий, иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшгани каби, инсонларимиз орасида қариндош-уруғчилик, қуда-андачиликнинг ривожланишига, миллий ва бошқа низоларнинг олдини олишга ҳам замин яратади.

Шу билан бирга Ўзбекистон Туркия ва аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат бошқа давлатлар билан дўстона муносабатлар ўрнатиши, қолган давлатлар билан эса ўзаро мнафаатларни ҳисобга оладиган шартномалар асосида муносабатлар ўрнатиши мақсадга мувофиқдир.

15 БЎЛИМ

ДИҚҚАТ: БУ ДАСТУР ЎТИШ ДАВРИГА МЎЛЖАЛЛАНГАНДИР

Мана шундай содда айни пайтда жамият ва давлат ҳаётида ижтимоий ва сиёсий ларзаларга сабаб бўлмайдиган дастур асосида аста секинлик билан ва босқичма-босқич Каримов диктатураси келтириб чиқарган ижтимоий, сиёсий, маънавий ва иқтисодий бўҳрондан қутулиш мумкин, деб ҳисоблайман.

Яъни, бу дастур Ислом Каримов диктатурасидан қутулиш ва янги жамият ва давлат қуришда мутлақо зарур бўлган ЎТИШ ДАВРИГА мўлжаллангандир.

Бундай Ўтиш Даврининг муваффақиятли ўтаётганига мамлакатимизда эркинликлар шароитида ижтимоий ва сиёсий барқарорликнинг (тинчлик) ўрнатилгани, иқтисодий тараққиётнинг, маданият ва маънавиятнинг, ҳуқуқ ва қонунлар устунлигининг шахслар ва жамият ҳаётида ўрин олаётгани, инсонларимизнинг, айниқса янги авлодларнинг фойдали илмлар, яхши ахлоқ ва яхши мутахассислар бўлиб етишаётгани, Ўзбекистон давлатининг Ўрта Осиёда ва дунёда обрў эътиборининг ошиб бораётгани далил бўла олади. Ўтиш даври тугагандан кейин эса халқимиз учун унинг эътиқодига, маънавиятига ва тарихига мос келадиган янада тараққийпарвар бир жамият ва давлат қуриш имкони пайдо бўлади.

ҚИСҚА ХУЛОСАЛАРИМ

Биринчи қисқа хулосам: Ушбу дастур эълон қилингандан кейин Ўзбекистондаги диктатура режими бу дастурни Ўзбекистон Конституциясига зид, мени эса Конституцияга тажовуз қилувчи шахс, дея эълон қилиши мумкин. Аввало Ўзбекистоннинг ҳозирги Конституциясига тажовуз қилаётган Ислом Каримовнинг шахсан ўзидир. У тўрт марта Президентликка номзод бўлиш ва икки марта Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш билан ўзининг Президентлик муддатини яна икки марта ноқонуний узайтириши бу Конституциясини оёқ ости қилганига далилдир. Қолаверса, менинг ушбу дастурим унда айтилгани каби халқимизнинг эътиқодий ва маънавий қадриятлари ҳамда умуминсоният тараққиётининг ижобий тажрибаларига асосланади. Демак, бу дастурга амал қилиш ҳеч шак шубҳасиз халқимизнинг ва давлатимизнинг манфаати учун фойдали бўлади.

Иккинчи қисқа хулосам: Мен Ўзбекистон президентлигига виртуал сайловларнинг ташкил қилинишини халқимиз ва айниқса Ислом Каримов диктатурасига қарши курашаётган мухолифат фаолиятида жуда муҳим бир қадам ва жараён, деб биламан. Чунки мухолифатнинг бу қадами ва бу жараён диктатура зулмига қарши бўлганларга адолат учун овозларини баралла чиқаришга, ўз дастурларини эркин майдонда ўртага қўйишларига, бу орқали халқимизнинг бутун тараққийпарвар фарзандларининг бир-бирларини танишларига ва келажакда ватанимиз ва давлатимиз равнақи учун ўзаро ҳамкорлик қилишларига имконият ҳам яратди.

Мен ушбу ташаббус билан чиққан бутун мухолифатчиларга ўз ташаккуримни билдираман. Виртуал сайловлардаги рақибларимга яхши тилаклар изҳор қиламан.

Виртуал сайловларда қайси номзод ғолиб келишидан қатъий назар, сайловлар тугаганган кейин уни ташкил қилган ва унда иштирок этган мухолифатчилар, шунингдек Ислом Каримов режимнинг сохта сайловларида эмас, виртуал бўлса ҳам ҳақиқий сайловлар бўлган бу сайловларда овоз берган бутун ҳамюртларимизни ўзаро ҳамкорликка даъват қиламан.

Ҳурмат билан

Намоз НОРМЎМИН, 10.02 2015

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама