23:08 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Доктор Номоз Нормўмин: “Мусулмонлар диктатурага қарши курашишлари лозим”

26.02.2015 20:34 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Намоз Нормўминнинг аризаси ва таржимаи ҳоли

А Р И З А

Ўзбекистон Республикасида Ислом Каримов диктатура режимининг тугатилиб, унинг ўрнига халқимизнинг эътиқоди, маънавияти ва тарихига ҳамда умуминсоний тараққиётининг ижобий жиҳатларига мос келадиган тараққийпарвар тузумнинг ўрнатилишига ҳисса қўшиш мақсадида виртуал сайловларда мени мухолифатчи мустақил номзод сифатида рўйхатга олишингизни сўрайман.

Ҳурмат билан Намоз НОРМЎМИН, 08. 02. 2015 й.

***

Т а р ж и м а и ҳ о л

Намоз Нормўмин ўғли Муҳаммад (Совет даврида Намоз Нормўминович Маматқулов)

Туғилган куни ва жойи: 1 Май 1957 йил. Сурхондарё вилоятининг Денов тумани.

Маълумоти: Олий. 1980 йилда Тошкент Тиббиёт Институтининг (ТошМИ) даъволаш факультетини битирган.

Оиласи: Оилали, 3 фарзанди ва 3 невараси бор.

Иш тажрибаси: 1980 ва 1993 йиллар орасида Сурхондарё вилояти, Тошкент ва Киев шаҳри касалхоналарида жарроҳ бўлиб ишлаган. Биринчи даражали жарроҳ даражасига эришган.

Сиёсий ва ижтимоий фаолият тажрибаси: 1990 “Эрк” партиясининг аъзоси ва Сурхондарё вилоятининг котиби сифатида сиёсий фаолиятга бошлади. Ўзбекистон мустақиллиги учун курашда фаол иштирок этди. Термиз шаҳрида мухолфатнинг “Адолат” номли газетасининг нашр қилинишига раҳбарлик қилди. 1993 йилда ЭРК қурултойида унинг Раиси ўрнидан маъруза қилгандан кейин сиёсий тазйиқлар натижасида хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлди. 1995 йилда ЭРК партиясидан истеъфо қилиб, мустақил мухолифатчи сифатида фаолият олиб борди.

2011 йилдан 2013 йилгача Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Муассислар Мажлиси ва Мувофиқлаштирувчиси сифатида фаолият кўрсатди.

2013 йилдан 2015 йилгача Туркияда “Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти”нинг муассиси ва Раис ўринбосари сифатида фаолият кўрсатди.

2015 йил 8 февралда Ўзбекистон Президенти лавозимига виртуал сайловларда мустақил мухолифатчи сифатида номзод бўлиш учун бу лавозимидан истеъфо этди.

Китоблари, мақолалари, видео ва радио суҳбатлари: Намоз Нормўмин Ўзбекистондаги ижтимоий ва сиёсий ҳаёт ва дунё сиёсати мавзуларида Ўзбек, Турк, Рус ва Норвег тилларида ёзилган 300 га мақоланинг муаллифидир. Унинг “Зиндон атрофидаги гаплар”, “Эркинлик бизга нима беради”, “Араб баҳоридан Ўзбек баҳорига”, “Ўрта Йўлни қандай топамиз?”, “Ҳақ ва ботил чегарасида”, “Özbek halkı özgürlük istiyor” (Туркча) китоблари анаънавий ва интренет нашрлари шаклида босилган. YOUTUBE даги YOUTUBE .com/user/NN957 шахсий саҳифаси 300000 яқин марта томоша қилинган.

Биладиган тиллари: Ўзбек, Турк, Рус, Норвег, Араб (ўрта даражада) ва Инглиз (ўрта даражада) тилларини билади.

Шахсий Блоги: www.namoznormumin.blogspot.com

YOUTUBE : www.youtube.com/user/NN957

Facebook: www.facebook.com/namoz.normumin

Twitter: @NamozN

MAIL : ortayol2010@gmail.com, namoz.mumin@gmail.com

08. 02. 2015 йил

***

Д А С Т У Р

1 САЙЛОВОЛДИ ШИОРИМ: “БУ ДУНЁДА ВА ОХИРАТДА САОДАТЛИ БЎЛИШ УЧУН ШАХС ВА ЖАМИЯТ ҲАЁТИДА МОДДИЙ ВА МАЪНАВИЙ ҚАДРИЯТЛАРГА БИР ХИЛ ЎРИН БЕРАЙЛИК”.

2 ИСЛОМ КАРИМОВ ДИКТАТУРАСИ НАТИЖАСИДА ЎЗБЕКИСТОНДА ЮЗАГА ЧИҚҚАН ИЖТИМОИЙ СИЁСИЙ БЎҲРОННИНГ УМУМИЙ ТАЪРИФИ

Ўзбекистон бугун боши берк кўчага кириб қолган бир “автобусга” ўхшайди. Бу “автобус”нинг ҳайдовчиси ақли паст ва маст аласт, йўловчилари йўлдан ҳам, ҳайдовчидан ҳам безган ҳолдадир. Бугун бу “автобус”ни олдинга ҳайдашнинг ҳам орқага буриб олишнинг ҳам имкони йўқ. Бунинг устига автобусга сиғмай қолган ғазабнок йўлчилар ҳайдовчини лаънатлаб, қўлларида тошу таёқлар билан автобуснинг орқасидан қувиб юришибди…

Бундай вазиятда ягона чора ҳорғин ва асаблари чарчаган йўлчиларнинг охирги кучларини йиғиб, ўзларининг ораларидан ақли бошида янги бир ҳайдовчи танлашлари ва бу ҳайдовчининг раҳбарлигида автобуснинг рулига ёпишиб олган ақли паст ва маст аласт ҳайдовчини ўрнидан улоқтиришларидир. Янги ҳайдовчининг вазифаси эса аввал йўловчиларни сокинлаштириб, хароб бўлган автобусни орқа “скорост”да, йўловчилар орасида ур-тўполон чиқармай ва автобуснинг ағдарилишига йўл қўймай, аста секинлик билан орқага ҳайдаб, 25 йил олдин нотўғри йўлга кирган бу “автобус”ни тўғри ва катта йўлга олиб чиқишидир…

Ўзбекистонда Ислом Каримов диктатураси мустақилликдан кейинги йилларида:

Халқимизнинг эътиқодини ва маънавиятини оёқ ости қилди.

Сиёсий соҳани тамоман диктатурага айлантириб, Ўзбекистон халқини ўз режимининг қулига айлантирди ва уни ўз раҳбарларини сайлаш ҳуқуқидан маҳрум қилди.

Ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг бутун ҳақ ва ҳуқуқларини йўқ қилиб, унинг ўрнига МХХ, Ички Ишлар Вазирлиги, Судларни қонунга хилоф равишда диктатура режими манфаатлари учун ишлатди. Натижада жамият ва давлат ҳаётининг бутун соҳаларида қонунсизлик ва ҳуқуқсизлик устун бўлди

Иқтисодни вайрон қилиб, халқимизни ўз юртида камбағалларга, бошқа юртларда меҳнат қулларига айлантирди.

Ижтимоий адолатни йўқ қилиб, жамиятда ҳуқуқсизлик, порахўрлик ва зулм тузумини ўрнатди.

Диний соҳада мусулмонларга ўз динларини ўрганиш ва яшаш ҳуқуқи берилмади, ва жамият тараққиётида Ислом динининг илмий, ижтимоий ва ахлоқий қадриятларидан фойдаланишга тўсиқ қўйди. Ўз ҳуқуқларини истаган мусулмонлар бошқа тараққийпарвар инсонлар каби қатағон қилиниб, “Жаслиқ” зиндони каби замонавий концлагерларга ташланди ва уларга мисли кўрилмаган қийноқ усуллари қўлланилди.

Таълим тарбия тизимини издан чиқариб, умумий, махсус ва олий таълим даргоҳларини порахўрлик марказларига айлантирди.

Ўз диктатурасига қарши бўлган сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, маданий ва диний соҳа вакилларини қатағон қилди, улардан мингларчасини қатл қилди, қамоқларда ваҳшийларча қийнади. Бу зулм режимидан жонларини қутқарганлар эса чет давлатларга муҳожир бўлишга мажбур бўлди.

Шу ҳақиқатни унутмаслик керакки, Ислом Каримов диктатураси тугагани билан унинг жамият ва давлат ҳаётидаги салбий натижаларини бартараф қилиш учун маълум Ўтиш Даври ва зарур бўлган ислоҳотларни эса босқичма босчиқ ўтказиш керак бўлади.

3 ИСЛОМ КАРИМОВ ДИКТАТУРАСИ ЎРНИГА ЎРНАТИЛАДИГАН ЯНГИ ЖАМИЯТНИНГ АСОСИЙ ХУСУСИЯТЛАРИ

Янги жамиятнинг умумий моҳияти ва тараққиёт йўли аввало халқимизнинг эътиқодига, маънавиятига, тарихининг ва умуминсоният тараққиётининг ижобий қирраларига мос бўлиши керак.

Янги жамият моддий ва маънавий қадриятларнинг бир бирини инкор қилиши қоидасига эмас, аксинча уларнинг бир бирига мутаносиблиги (мос келиши) қоидаси устига қурилиши керак.

Янги жамият шахсларнинг ва ҳар қандай тоифаларнинг диктатурасини рад қилиши ва халқимизнинг эътиқоди, маданияти ва умуминсоният тараққиётининг ижобий тажрибасига таянган ҳолда, эркин сайловлар билан ўз ўзини бошқариш қонунига асосланиши керак.

Янги жамиятда ҳуқуқ, қонун ва адолатнинг устунлигини сўзсиз ва шартсиз таъминланиши лозим.

Никоҳ асосида қуриладиган оилавий ҳаёт ва ёш авлодларнинг маънавий ва моддий жиҳатлардан тарбияси жамиятнинг негизи сифатида кўрилиши керак.

4 ЎЗБЕКИСТОНДА ЎТКАЗИЛИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН ИСЛОҲОТЛАРНИНГ АСОСИЙ ҚОИДАЛАРИ (ПРИНЦИПЛАРИ)

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда Ислом Каримов диктатураси шахслар, жамият ва давлатимиз ҳаётининг бутун соҳаларида чуқур инқироз ва ниҳоятда мураккаб ижтимоий сиёсий вазиятни юзага келтирди. Бундай қийин вазиятда ислоҳотларни шошма шошарлик ва аниқ режаларсиз амалга оширишга уриниш жуда фожеали оқибатларга, яъни миллий ва диний низоларга, давлат ҳокимиятнинг йиқилишига, турли шаклдаги ва даражадаги фуқаровий низоларнинг ўртага чиқишига олиб келиши мумкин.

Янги жамият қуриш ва янги давлат бошқарувини шаклантиришда энг асосий эътибор жамиятда сиёсий барқарорликни, яъни ТИНЧЛИКНИ қўришга, давлат ҳокимиятининг ИНҚИРОЗИГА йўл қўймасликка ва мана шундай шароитда ислоҳотларни босчиқма босқич ва ниҳоятда эҳтиёткорлик билан амалга оширишга қаратилиши зарур.

Ўтиш даврида ижтимоий ва сиёсий барқарорликни, яъни ТИНЧЛИКНИ ушлаб туришни асосий мезон, деб билиш ва бу мезонга қаратилган сиёсат олиб боришимиз лозим. Бунинг учун марказий ва маҳаллий бошқарувни аста секинлик билан ислоҳот қилиш ва Ислом Каримов режимининг жиноятларига бевосита шерик бўлмаган кадрларни ўз ўрнида тутиб, улардан ислоҳотларнинг амалга ошишида фойдаланиш зарур.

Ислоҳотларни босқичма босқич амалга ошириш ва ҳар босқичнинг моҳиятини Ўзбекистон халқига эълон қилиб боришимиз керак.

Янги Президент ва у бошқарадиган ҳукумат ўз вазифасини бошлаши билан жамият ҳаётида ва давлат органлари фаолиятида ҳуқуқ, қонунлар ва адолатнинг устунлиги амалда таъминланиши керак.

Ислоҳотларни ошкоралик муҳитида ўтказиш шарт. Бунинг учун оммавий ахборот воситларининг эркинлиги қонунлар асосида таъминлашини шарт.

Кадрларни танлашда таниш билишликка эмас, уларнинг илми, лаёқати, эътиқодли, ўз ишининг мутахассислиги эканлигига эътибор бериш лозим.

Фуқароларга эркинликларнинг чегарасиз эмаслигини, инсон ҳақ ва ҳуқуқларининг, сўз, фикр, эътиқод ва оммавий ахборот воситаларининг эркнлигининг таъминланиши қонун ва адолат қоидалари чегарасида бўлиши эълон қилиниши керак.

Аввал Ҳуқуқ тартибот, яъни Ички Ишлар Вазирлиги ва бошқармалари ходимларининг, яъни милиция ва турли даражадаги милиция раҳбарларининг адолатли қонунларга итоат қилишларини таъминлаш лозим. Худди шундай мамлакат марказий ва маҳаллий идоралари раҳбарлари ва оддий фуқаролар ҳам адолатли қонунларга итоат қилишлари лозим бўлади. Чунки ислом Каримов режимининг энг катта фожеаси УМУМИЙ ҚОНУНСИЗЛИКдир.

5 ИСЛОМ КАРИМОВ ЎРНИГА КЕЛАДИГАН ЯНГИ ПРЕЗИДЕНТ ТЕЗ АМАЛГА ОШИРИШИ КЕРАК БЎЛГАН ЭНГ МУҲИМ 10 ЧОРА ВА ТАДБИРЛАР:

Давлат ҳокимиятининг издан чиқмаслиги ва жамиятда тўс тўполонлар бошланиб кетмаслиги учун янги Президент фақат Ислом Каримовнинг бош маслаҳатчиларини, Бош Вазирни ва Вазирларини, Ўзбекистон Бош Прокурори, МХХ Раиси ва вилоят ҳокимларинигина лавозимидан четлаштириши лозим. Уларнинг ўринбосарлари, Тошкент шаҳри ва вилоят ҳокимларининг ўринбосарлари, вилоят ва туманлар Ички Ишлар бошқармасининг раҳбарлари маълум муддат ўз вазифаларини давом эттиришлари керак.

Бутун маҳаллаларда ҳуқуқ тартибни сақлаш органларига ёрдам берадиган, маҳалла аҳолиси ичида яхши ахлоқи ва адолати билан ажралиб турадиган кишилардан ташкил топган кўнгилли осойиш қўриқчилари тузилиши мақсадга мувофиқ.

Зудлик билан Ўрта Осиёдаги қардош ва қондош давлатлар, яъни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан бу давлатларда умумий ижтимоий сиёсий барқарорликни (оддий тилда тинчликни) таъминлайдиган ҳамкорлик шартномаси имзоланиши лозим. Агар бу давлатлардан бирортаси у ёки бу сабаб билан бу шартномага қўшилмаса шартнома унга қўшилишни истаган давлатлар билан имзоланиши керак. Шартномага кўра, уни имзолаган Ўрта Осиёдаги давлатлари фуқароларининг чегаралардан визасиз ва муаммосиз ўтиши бир икки ойлик энг қисқа муддатда таъминланиши керак.

Яна Ўрта Осиё давлатлари ижтимоий, маданий, илмий ва диний соҳанинг энг илғор вакиллари иштирокида Ўрта Осиё давлатларида миллий ва диний ҳамкорлик ва тинчликни қўришга ўз ҳиссасини қўшадиган бир ГУРУҲ ташкил қилиниши ва у дарҳол бутун давлатларда ўз фаолиятини бошлаши керак.

Ўзбекистонда эркинликлар таъминлашининг шарти адолат чегарасида эканлиги ҳар куни оммавий ахборот воситалари орқали халққа эълон қилиб борилиши керак. Яъни, сўз ва фикр эркинлиги, фуқаровий жамиятлар ва ташкилотлар тузиш эркинлиги, оммавий ахборот воситалари эркинлиги, тинч намойишлар ўтказиш эркинлиги, эркин меҳнат, тижорат ва тадбиркорлик эркинлиги ФУҚАРОЛАРНИНГ жони, ақли, мол мулки, насли ва обрў эътиборининг ДАХЛСИЗЛИГИ доирасида амалга ошишини ҳар бир инсон жуда яхши тушуниб кетиши ва юқорида айтилган эркинликларни бу дахлсизликларни бузиш эвазига фойдаланадиганлар адолатли қонунлар билан жазолантирилишини ҳар бир инсон яхши тушуниб етиши керак.

Каримов режими ўрнига келган янги ҳукумат дарҳол фуқароларга эркин меҳнат, тижорат ва тадбиркорлик билан шуғулланиш учун янги қонун ва қоидаларни, шунга мос бўладиган солиқ ва божхона қоидаларини эълон қилиши керак. Чунки бундай эркинликлар ҳозирги иқтисодий бўҳронни тузатишда энг муҳим қадам ҳисобланади.

Шунингдек янги ҳукумат дарҳол хорижий мамлакатларда муҳожир сифатида яшаётган ва ишлаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг қонуний меҳнат қилишларини таъминлаш ва ватанлари Ўзбекистонга муаммосиз келиб кетишлари учун Русия ва бошқа давлат ҳукуматлари билан шартномалар тузиши керак.

Порахўрликка қарши, шунингдек халқ ва давлат мулкини талон тарож қилишга қарши қонуний чоралар кўришни кучайтириш ва бу иллатларга қарши оммавий сафарбарлик эълон қилингани ҳақида Ўзбекистон халқини оммавий ахборот воситаларидан узлуксиз хабардор қилиб бориш зарур. (Порахўрликка қарши курашнинг тафсилотлари учун дастурнинг иқтисодий ислоҳотлар бўлимига қаранг).

Ислом Каримов диктатураси томонидан сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижодий ва диний фаолиятлари туфайли қатағон қилинган, қамоққа ташланган, сургун қилинган ёки бошқа шаклда тазйиқ ва таъқибларга учраганларни дарҳол қамоқхоналардан озод қилиш, улардан давлат номидан узр сўраб, номларини оқлаш, кўрган зарарлари учун моддий таъминот тўлаш, соғлиғи зарар кўрганларни давлат ҳисобидан бепул даволатиш лозим.

Олти ойдан бир йиллик муддат ичида аввало умумхалқ сайлов йўли билан Маҳаллалар Халқ Мажлисларини (МХМ) сайлаш лозим. Шундан кейин босқичма босқич маҳаллалар мажлисларида сайланган вакиллардан Туман Мажлислари, уларда сайланган вакиллардан Вилоят Мажлислари, уларда сайланган вакиллардан Ўзбекистон Халқ Мажлиси ЎХМ, яъни Ўзбекистон Парламенти ташкил қилиниши керак. ЎХМ (парламент) ташкил қилингандан кейин уч ой муддат ичида унинг аъзоларидан ёки ЎХМ аъзоси бўлмаса халқ тарафидан танилган ижтимоий сиёсий фаоллардан 2 ёки 3 кишини Ўзбекистон Президенти лавозимига умумхалқ сайлови ўтказилади. (Тафсилотлар учун дастурнинг “Сиёсий ислоҳотлар” бўлимига қаранг).

6 ЯНГИ ЖАМИЯТ ВА ДАВЛАТНИНГ МАФКУРАСИ

Бугунги кунда мустақил Ўзбекистон давлати ўзининг қисқа тарихида жуда муҳим, айни пайтда ўта мураккаб босқични бошдан кечирмоқда. Халқимиз ва давлатимиз учун вазиятнинг муҳимлиги Ўзбекистонни 25 йилдир диктаторлик усули билан бошқариб келаётган Президент Ислом Каримовнинг бошқарув даврининг охирига етиб бораётганидир. Вазиятнинг мураккаблиги эса диктутура тузумининг давлатмизни ва жамиятимизни ижтимоий сиёсий жиҳатдан боши берк кўчага киргизиб қўйганидир.

Ўзбекистон халқи бундан кейин Ислом Каримовни ўз Президенти сифатида кўришни истамайди. Демак, ватанимизда зудлик билан Каримовнинг режимига барҳам бериш, жамият ва давлат ҳаётининг бутун соҳаларида туб ислоҳотлар ўтказилиши зарурийдир.

Бунинг учун эса аввало давлат ва жамият мафкурасида маъноси бўлмаган «Ўзбекистон келажаги буюк давлат» шиори ўрнига “БУ ДУНЁДА ВА ОХИРАТДА САОДАТЛИ БЎЛИШ УЧУН ШАХС ВА ЖАМИЯТ ҲАЁТИДА МОДДИЙ ВА МАЪНАВИЙ ҚАДРИЯТЛАРГА БИР ХИЛ ЎРИН БЕРАЙЛИК” мафкураси ўрин олиши керак.

Бу мафкуранинг аввало инсонлар қалбида, қолаверса жамият ва давлат ҳаётида жорий қилиниши динийлик ва дунёвийликнинг бир бирини рад қилиш муаммосини ҳал қилади, яъни давлат диний бўлсинми, дунёвий (секуляр) бўлсинми деган муаммо ҳал қилинган бўлади. Чунки Ислом дини ғарбда бўлгани каби таркидунёчилик дини эмас ва динимиз ўз қоидалари доирасида инсонларга энг мукаммал дунёвий қадриятларни таъминлайди. Бу билан айни пайтда жамият ва давлат тараққиётининг ўрта, мўътадил, ҳар қандай радикалликдан узоқ тараққиёт йўли танланган бўлади. Бу эса ўз ўрнида ватанимизда ҳозирги жуда мураккаб ижтимоий сиёсий вазиятда ислоҳотларни амалга оширишнинг асосий шарти бўлган ижтимоий сиёсий барқарорликни, яъни тинчликни сақлаб туришнинг кафолати ҳам ҳисобланади.

Албатта, жамиятда ТИНЧЛИК устун бўлиши учун сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказилиб, фуқароларга турли эркинликлар берилиши ва уларнинг моддий аҳволи яхшиланиши лозим. Аммо ҳаммамизга маълум бўлгани каби ТИНЧЛИК жараёни аввало инсонларнинг қалбларида ва шуурларида бошланиши, яъни ҳикматли ва сермаъно МАФКУРАГА таяниши керак. Мен юқорида таклиф қилган мафкура мусулмон халқимизнинг эътиқодига ҳам мосдир.

7 СИЁСИЙ ИСЛОҲОТЛАР: БОСҚИЧМА БОСҚИЧ САЙЛОВ ҚОИДАСИ

Сиёсий соҳанинг ислоҳоти Ислом Каримов режимини ўртадан кўтариб ташлашдаги энг муҳим ислоҳотлардан биридир. Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин мамлакатимиздаги диктатура режими ёлғонга асосланган ва хўжакўрсинга ўтказилган “сайловлар” йўли билан ўз ҳокимиятини асраб келди. 25 йил давомида бирон марта ҳам Ўзбекистон Президентлиги, Парламент ва маҳаллий идораларни ташкил қилишда эркин ва адолатли сайловлар ўтказилмади.

Шу билан бирга ҳозирги вазиятда, яъни мамлакатда чуқур ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий бўҳрон ҳукмрон бўлган шартларда парламент ва президентлик сайловларини ғарб давлатларидаги каби кўппартиявийлик асосланган демократик қоидалар билан ўтказиб бўлмайди. Бу жуда катта сиёсий бўҳронлар, миллий ва диний низоларга олиб келиши мумкин. Фақат бу ҳақиқат, Ислом Каримов диктутурасининг қатағонларини оқламайди. Шу билан бирга бу ҳақиқат диктатурани тугатиш учун лозим бўлган ўтиш даврида инсон ҳуқуқларининг, эркинликларнинг, фуқароларнинг эркин меҳнат, тадбиркорлик қилиш ва эркин тижорат билан шуғулланиш ҳақларини бекор қилишни, халқимизнинг ўз эътиқодига мос келадиган фуқаровий жамият қуриш ҳуқуқи, яъни ўзининг раҳбарини ўзи сайлаш каби ҳуқуқларини ҳам бекор қилмайди.

Шунинг учун ҳам бундай вазиятда ҳокимиятнинг марказий ва маҳаллий идораларини ташкил қилиш учун қуйидаги босқичма босқич сайлов қоидасига амал қилиш зарур:

Бундай сайловларда ушбу қоидаларга амал қилинади: А) Сайловлар ошкоралик руҳида ва адолатли шартларда ўтказилади. Б) Сайловларда номзод бўладиганларнинг фойдали илмли, эътиқодли, яхши ахлоқли, адолатли ва бирор соҳада мутахассис, халқ ичида эътиборли ва обрўли бўлишига эътибор қаратилади. В) Сайловларда ҳаммага ўз дастурини танитиш учун тенг имкониятлар берилади. Г) Сайлов натижаларига ҳамма рози бўлиши керак бўлади.

Биринчи босқичда: Ўзбекистондаги бутун маҳаллаларда (5000дан 20000 минггача аҳоли яшайдиган ҳудудларда) Маҳаллалар Мажлисларини (ММ) ташкил қилиш учун умумхалқ сайловлари ўтказилади. Ушбу усул билан ҳар маҳалланинг 50 вакилдан (100 ҳам бўлиши мумкин) иборат ММ сайланади. ММ ўз Оқсоқолини ва унинг ёрамчиларини сайлайди. ММ ўз ҳудудида таълим тарбия, ҳуқуқ тартибот ишларининг сақланишига ва бошқа ижтимоий ва ташкилий масалалар учун масъул ҳисобланади. Ҳар бир Маҳалла бошқарувининг Туман бошқарувидан келган давлатнинг умумий сиёсатига оид таълимотларга итоат қилиши шарт бўлади.

Иккинчи босқичда: Маҳаллалар Мажлисларида Туман Мажлислари вакилларини сайлаш учун сайлов ўтказилади. Бу босқич сайловларда ҳам сайловларни ўтказишнинг ва номзодларни танлашнинг юқорида айтилган умумий қоидаларига амал қилинади. Шу шаклда бутун Туманларда 100 (150 ҳам бўлиши мумкин) вакилдан иборат Туман Мажлислари (ТМ) ташкил қилинади. ТМ туман ҳокимини, унинг ўринбосларларини ва бошқа раҳбарларни сайлайди ва ўз тумани ҳудудида ижтимоий, иқтисодий, таълим, ҳуқуқ тартибот ва бошқа соҳлардаги ишларни ташкил қилиш ва бошқаришдан масъул ҳисобланади. Ҳар бир Туман бошқарувининг Вилоят бошқарувидан келган давлатнинг умумий сиёсатига оид таълимотларга итоат қилиши шарт бўлади.

Учинчи босқичда: Туман Мажлисларида Вилоят Мажлислари вакилларини сайлаш учун сайлов ўтказилади. Бу босқич сайловларда ҳам сайловларни ўтказишнинг ва номзодларни танлашнинг юқорида айтилган умумий қоидаларига амал қилинади. Шу шаклда бутун Вилоятларда 150 (200 ҳам бўлиши мумкин) вакилдан иборат Вилоят Мажлислари (ВМ) ташкил қилинади. ВМ вилоят ҳокимини, унинг ўринбосларларини ва бошқа раҳбарларни сайлайди ва ўз вилояти ҳудудида ижтимоий, иқтисодий, таълим, ҳуқуқ тартибот ва бошқа соҳалардаги ишларни ташкил қилиш ва бошқаришдан масъул ҳисобланади. Ҳар бир Вилоят бошқарувининг Ўзбекистон Халқ Мажлиси (Парламенти), Президенти ва бошқа марказий идораларидан келган давлатнинг умумий сиёсатига оид таълимотларга итоат қилиши шарт бўлади.

Тўртинчи босқичда: Бутун Вилоят Мажлисларида Ўзбекистон Халқ Мажлиси (ЎХМ, яъни Парламенти) вакилларини сайлаш учун сайловлар ўтказилади. Бу босқич сайловларда ҳам сайловларни ўтказишнинг ва номзодларни танлашнинг юқорида айтилган умумий қоидаларига амал қилинади. Шу шаклда 250 (350 ҳам бўлиши мумкин) вакилдан иборат Ўзбекистон Халқ Мажлиси (ЎХМ, яъни Парламенти) ташкил қилинади. ЎХМ вазифалари қисқача қўйидагича бўлади: ЎХМ Раиси, Раис ўринбосарлари, қўмиталар ва қўмиталар раҳбарларини сайлаш. Ўзбекистон давлатида бутун ижтимоий соҳалар ташкил қилиш ва бошқариш учун қонунлар қабул қилиш. Бу қонунларнинг ижросини назорат қилиш. Ўзбекистон Президентлиги 2 ёки 3 номзодни танлаб олиб, бу лавозимга умумхалқ сайлови ўтказиш. Президент тарафидан номзоди кўрсаталадиган вазирлар ва давлатнинг бошқа марказий идораларининг раҳбарларини бу лазозимларга тасдиқлаш. Ўзбекистон Бош Прокурори ва Давлат Маҳкамалари, Асосий Қонун Маҳкамаси (Конституцион Суд), вилоят ва туман маҳкамаларининг аъзоларини сайлаш. ЎХМ бошқа вазифалари ҳам бўлиши мумкин. ЎХМ фаолияти алоҳида қонун билан тартибга солинади.

Бешинчи босқич: Сайловлар, яъни Ўзбекистон Президентлигига сайловларини ўтказиш. Ўзбекистон Халқ Мажлиси ташкил қилиниб, ўз фаолиятини бошлагандан кейин 3 ой муддат ичида ўтказилади. Бу босқич сайловларда ҳам сайловларни ўтказишнинг ва номзодларни танлашнинг юқорида айтилган умумий қоидаларига амал қилинади. Ўзбекистон Президентлигига 2 ёки 3 номзод Ўзбекистон Халқ Мажлисида танланади ва Президент умумхалқ сайлови йўли билан сайланади.

Ўзбекистон Президенти Давлатнинг раҳбари ва қуролли кучларнинг Бош қўмондони ҳисобланади. Унинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади: Давлат Ижро ҳокимиятини бошқариш ва бунинг учун Вазирлар Маҳкамасини ташкил қилиш. Вазирлар ва марказий давлат идораларига раҳбарлари номзодлари ЎХМ тасдиқ учун таклиф қилиш. Президент ЎХМ Раиси билан ҳамкорлик қилган ҳолда ИИВ, МХХ раҳбарлари ҳам аъзо бўладиган Давлат Хавфсизлик Кенгашини тузади ва унинг фаолиятини бошқаради. Ўзбекистон Президентининг вазифалари алоҳида қонун билан белгиланади.

(Давоми бор)